Версия для печати

Мақолалар

Осмонлару ердаги нарсалар қандай тасбеҳ айтадилар?

Тасбеҳ луғатда “улуғлаш” маъносини англатади. Истилоҳда эса “Аллоҳ таолони барча нуқсонлардан холи деб эътироф этиш” маъносига тўғри келади.

Тасбеҳ айтиш фақатгина инсонларга хос эмаслиги, балки инсонлар яратилмаган вақтда ҳам атроф оламдаги барча нарсалар Аллоҳга тасбеҳ айтиб турганлари Қуръони каримда шундай баён қилинган: 

   سَبَّحَ للَّهِ مَا فِي السَّمَاوَاتِ وَالأَرْضِ

“Осмонлардаги ва ердаги нарсалар Аллоҳга тасбеҳ айтди”[1].

Уламолар: “Ушбу оятда “Аллоҳга тасбеҳ айтди”, дея ўтган замон шаклида хабар берилиши инсонлардан олдин яратилган осмонлар ерлар ва улардаги барча нарсалар тасбеҳ айтиб туришганига далолат қилади”, – деганлар.

Бошқа бир оятда эса осмонлардаги ва ердаги нарсаларнинг Аллоҳга тасбеҳ айтишлари ўтган замонга хос эмаслиги, балки доимо тўхтовсиз бардавом бўлиб туриши шундай баён қилинган:

تُسَبِّحُ لَهُ السَّمَاوَاتُ السَّبْعُ وَالْأَرْضُ وَمَنْ فِيهِنَّ وَإِنْ مِنْ شَيْءٍ إِلَّا يُسَبِّحُ بِحَمْدِهِ وَلَكِنْ لَا تَفْقَهُونَ تَسْبِيحَهُمْ

“Унга етти осмону ер ва ундаги кимсалар тасбеҳ айтадилар. Унинг ҳамди билан тасбеҳ айтмаган бирор нарса йўқ. Лекин уларнинг тасбеҳларини англамайсизлар”[2].

Ушбу оятда “тасбеҳ айтадилар”, – дея ҳозирги ва келаси замон шаклида хабар берилиши осмонлару ердаги фаришталар, инсонлар, ҳайвонлар, набототлар барча-барчаси Аллоҳ таолога доимо тўхтовсиз тасбеҳ айтиб туришларига далолат қилади.

Мазкур нарсалар ичидан наботот ва ҳайвонот каби ақлсиз мавжудотларнинг тасбеҳ айтишлари қандай бўлишини уламолар икки хил тафсир қилганлар:

  1. Сўз билан тасбеҳ айтадилар. Яъни, барча махлуқотлар ўзларининг тилларида Аллоҳ таолога тасбеҳ айтиб турадилар. Уларнинг тасбеҳларидан хос бандалар хабардор бўлишлари мумкин. Бу қараш аксар уламоларнинг қавли ҳисобланади;
  2. Уларнинг ҳолатлари тасбеҳ ҳисобланади. Яъни, ақлсиз мавжудотларнинг ақллар ҳайратда қоладиган таркибий тузилишларию ташқи кўринишлари уларни шундай яратган Зотнинг барча нуқсонлардан холи эканига далолат қилиб туради. Уларнинг ана шу далолатлари тасбеҳ ҳисобланади.

Ақлсиз мавжудотлар ҳам сўз билан тасбеҳ айтадилар деган уламолар уларнинг тасбеҳ айтишларини икки хил маънода тушунтирганлар:

  1. Аллоҳ таоло осмонлару ердаги жонли-жонсиз барча нарсаларда тасбеҳ бўлиб зикр қилинадиган нарсани яратган. Аммо биз ҳам, уларнинг ўзлари ҳам тасбеҳ айтаётганларини англамайдилар.

Қатода раҳматуллоҳи алайҳ: “Дарахтми ёки ундан бошқасими барча руҳи бор нарсалар тасбеҳ айтиб туради”, – деган.

Калбий раҳматуллоҳи алайҳ: “Дарахтлар ва униб чиққан барча нарсалар тасбеҳ айтадилар. Улардан кесиб ташлангани эса тасбеҳ айтмайдиган ўликка айланади”, – деган.

Имом Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳдан: “Мана бу хонтахта ҳам тасбеҳ айтадими?”,  – деб сўрашганида: “Дарахтида турган пайтида тасбеҳ айтган, ҳозир эса айтмайди”,  – деб жавоб берган.

  Баъзи уламолар: “Ҳар бир нарса асл ҳолида турганда тасбеҳ айтади, асл ҳолатидан ўзгартирилса тасбеҳ айтишдан тўхтайди. Масалан, дарахт шохлари дарахтда ўсиб турганда тасбеҳ айтади, кесиб олиниб бирор буюм ясалгач тасбеҳ айтишдан тўхтайди”, – дейишган”.

  Баъзи уламолар: “Дарахт новдаси синдириб олинганда ҳам то қуриб қолгунича тасбеҳ айтиб туради”, – дейишган. Бу сўзларига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дарахт новдасини бўлиб икки қабрга қадаб қўйганларини далил қилишган.

Демак ушбу қарашларни айтган уламоларнинг наздларида барча нарсалар ўзларининг тилларида сўз билан тасбеҳ айтиб турадилар.

 

  1. Осмонлару ердаги жонли-жонсиз барча нарсалардан чиқадиган овозлар уларни биладиганлар учун ҳақиқатан тасбеҳдир. Уларнинг бу тасбеҳларини фақат пайғамбаргина биладилар.

Ақлсиз мавжудотларнинг ҳолатлари тасбеҳ ҳисобланади деган уламолар ўзларининг қарашларини қуйидагича тушунтирганлар:

 “Осмонлару ердаги жонли-жонсиз барча нарсалар Аллоҳ таолога тасбеҳ айтадилар. Яъни мўмин инсонлар “субҳаналлоҳи ва биҳмдиҳи” дейдилар. Аммо ақлсиз ҳайвонлар ва жонсиз нарсалар сўз билан тасбеҳ айтмайдилар. Балки уларнинг борликлари ва ақллар ҳайратда қоладиган даражадаги хусусиятлари Буюк Яратувчининг ягоналигига ва мислсиз улуғлигига гувоҳлик беради. Ана   шу далолат уларнинг тасбеҳлари ҳисобланди. Зеро ҳикматли сўзда: لِسَانُ الْحَال أَفْسَحُ مِنْ لِسَانِ الْقَال “Ҳол тили (ҳолат далолати) қол тилидан (тил билан айтишдан) кўпроқ маъно англатади”, – дейилган.

 Мазкур мавжудотларнинг тасбеҳ айтишлари икки хил тафсир қилингани сабабли оят давомида келган Лекин уларнинг тасбеҳларини англамайсизлар” деган сўзнинг маъноси ҳам табий равишда икки хил тафсир қилинган:

  1. Уларнинг тилларини тушунмаганларингиз сабабли айтаётган тасбеҳларини англамайсизлар, ёки уларнинг айтаётган тасбеҳларини идрок қилиш сизларга оғир бўлгани сабабли англамайсизлар;
  2. “Яхшиликка далолат қилувчи уни адо этувчи каби бўлади”, дейилгани сингари уларга ақл юритиб назар солувчиларнинг ҳайратдан тасбеҳ айтиб юборишларига сабаб бўлганларинг ўзи уларнинг тасбеҳларидир. Шунинг учун сизлар уларнинг тасбеҳларини эмас, уларни кўриб тасбеҳ айтаётганларнинг сўзларини англайсизлар.

Барча махлуқотларни Ўзига тасбеҳ айттириб қўйган Зотга ҳамду санолар, У зотнинг элчиси бўлган саййидул башарга салавот ва саломлар бўлсин.

Абдулқодир Абдур Раҳим

 

 

[1] Ҳадид сураси, 1-оят.

[2] Исро сураси, 44-оят.

13911 марта ўқилди
Мавзулар