Ақида

Мансур Ҳалложнинг "Анал ҳақ"и

Анал ҳақ" луғатда: "Ҳақ менман" маъносини англатади. Ҳақ Аллоҳ таолонинг исмларидан бири бўлгани эътиборидан бу сўз " Аллоҳ менман" деган маънога далолат қилади. Мансур Ҳаллож исмли шахс мазкур гапни айтгани ва ундан қайтмасдан туриб олгани учун муртад сифатида қатл этилган.

 

Аммо у замондошлари орасида илми ва амали билан танилган сўфий киши бўлган. У қатл этилганидан сўнг баъзи тасаввуф аҳллари уни қатл этганларни унинг сўзидан кўзланган маънони тушунмаганликда айблаганлар ва унинг сўзини ислом эътиқодига зид бўлмаган маъноларга таъвийл қилиб тушунтирганлар. Ана шундан сўнг Мансур Ҳалложни диндан қайтган муртад деб эътиқод қилинадими, ёки гапини бошқа маънога таъвийл қилиш мумкин бўлгани сабабли кофирга чиқарилмайдими? ушбу масала атрофида узундан узоқ баҳслар қилинган.

 Ушбу баҳсларни таҳлил қилишдан олдин шунча баҳсларга сабаб бўлган кишининг таржимаи ҳоли билан яқиндан танишиб чиқиш мақсадга мувофиқ бўлади.

 Мансур Ҳаллож номи билан машҳур бўлган бу зотнинг асл исми Ҳусайн ибн Мансур бўлиб куняси Абул Муғийс ёки Абу Абдуллоҳ бўлган. Мансур Ҳаллож ҳижрий 244-санада форсларнинг шаҳарларидан бири бўлган "Байзо" шаҳрида туғилган. Ироқнинг "Восит" номли жойида ўсиб улғайган. Маккага, Хуросон ва Ҳинд ўлкаларидаги кўплаб шаҳарларга сафар қилган. Саҳл ибн Абдуллоҳ Тустарийдан тасаввуф илмини ўрганган. Жунайд ибн Муҳаммад, Амр ибн Усмон Маккий ва Абулҳусайн Нурий каби тасаввуф олимлари билан дўст бўлган. Ҳаллож деб номланиш сабаби ҳақида шундай ривоят қилинган: "Бир куни у бир пахта тозаловчининг дўконида ўтирган. Пахта тозаловчидан бир ишни бажариб келишини сўраган. Пахта тозаловчи: мен пахта иши билан бандман, деган. Шунда у: сен мен айтган ишга боравер, мен пахта тозалаб тураман деган. Пахта тозаловчи унинг ишига кетган. Қайтиб келганида барча пахталари тозаланган бўлган. Тозаланган пахталар эса ўн киши бир неча кунда бажариши мумкин бўладиган даражада кўп бўлган. Шундан сўнг у "Ҳаллож" яъни пахта тозаловчи деб ном олган".

 Баъзилар унинг отаси пахта тозаловчи бўлган, шунинг учун у шу лақаб билан аталган дейишган.

 Асарлари:

 Масур Ҳалложга иккита китоб нисбат берилган:

  1. Китабу товвасийн;
  2. Китабу Ҳаллож.

 Мансур Ҳаллож ҳижрий 309-санада қози Абу Умар Муҳаммад ибн Юсуф Моликийнинг фатвосига кўра Аббосий халифалардан Муқтадир биллаҳнинг қарори билан муртад сифатида қатл этилган.

 "Анал ҳақ" атрофидаги баҳслар:

 Мансур Ҳалложни айтган гапи учун кофирликда айблаганлардан бири  Ибн Таймия бўлиб бу ҳақида у қуйидагиларни ёзган: "Кимки Ҳалложнинг эътиқод қилиб гапирган сўзига эътиқод қилса мусулмонлар иттифоқи билан кофир ва муртад бўлади. Чунки мусулмонлар Мансур Ҳалложни куфр лафзларни гапиргани учун қатл қилганлар".

 Қози Иёзнинг бу ҳақида шундай дегани ривоят қилинган: Муқтадирнинг раҳбарлиги даврида Моликийлардан бўлган Бағдод фуқаҳолари Ҳалложнинг илоҳиётни даъво қилиб "анал ҳақ" дегани ва бошқа бузуқ гапларни айтгани учун шариатнинг зоҳирига амал қилганига қарамасдан уни қатл этилишига ва осилишига ижмоъ қилганлар".

 Баъзи тасаввуф аҳллари эса Мансур Ҳалложнинг "Анал ҳақ"ини мадҳ этганлар. Бу ҳақида Аҳмад Яссавийнинг  "девони ҳикмат" асарида қуйидагича баён қилинган:

 Аё ошиқ, дарду ҳолат пайдо қилғил,

 Мансур сифат "Анал-Ҳақ" деб ғавғо қилғил,

 Дунё қўюб, охиратни савдо қилғил,

 Савдо қилған Ҳақ дийдорин кўрар бўлғай.    

 Муҳаққиқ уламолар эса бу сўзнинг турли таъвийлларини баён қилганлар. Ибн Ҳажар Ҳайтамий"Фатавал ҳадисия" китобида қуйидагиларни ёзган: " Мансур Ҳалложнинг "Анал ҳақ" деган сўзининг маъноси шуки ориф зотларда шундай  вақтлар бўладики, бу вақтларда уларда илм ва басийрат (қалбдаги нур) кўзи билан Ҳақ таолога шоҳид бўлиш ғолиб бўлади. Агар уларда шоҳидлик ҳолати комил даражага етса, барча нарсаларни ҳатто ўзларини ҳам унутадилар, қалблари тамомила Ҳақ таолога боғланганидан бошқа бирор нарсани ҳис қила олмай қоладилар. Ана шу вақтда гапирган сўзлари ўша улуғвор ҳолатнинг тилига кўра сўзланган бўлади. Бу ҳолатга қуйидаги ҳадиси қудсийда ишора бор:

     فإذا أحببته صرت سمعه وعينه ويده ورجله

 (Аллоҳ таоло айтади:) Агар уни (яъни бирор бандани) яхши кўрсам, унинг қулоғи, кўзи, қўли ва оёғи бўламан.

 Улар Ҳақ таолога хос нарсани ҳақиқатан эмас балки хаёлан ўзларига исбот қиладилар. Шунинг учун бу гаплари асло Аллоҳ билан бирлашиш маъносида эмасдир. Чунки бу маъно айни куфрдир. Аллоҳ уларни бу нарсадан сақлагандир. Шунга кўра "Анал ҳақ" нинг маъносини айтувчисининг ҳолатига кўра икки хил тушуниш мумкин:

  1. Агар "Анал ҳақ"ни ҳушёр ҳолатда айтган бўлса "Ҳақнинг ёди қалбимни батамом эгаллади гўё мен Ҳақ ёдидан иборат бўлиб қолдим" маъносида бўлади.
  2. Агар "Анал ҳақ"ни ўзини билмай қолган ҳолатда айтган бўлса, бу шатаҳотлардан бўлиб, ихтиёр билан айтилмагани сабабли бунга бирор ҳукм берилмайди.

 Ҳужжатул ислом имом Ғаззолий "Анал ҳақ"ни шундай тушунтирган: "Анал ҳақ" деган киши нотўғри гапирган бўлади. Аммо бу сўзнинг икки таъвийли бўлиб уларнинг бири билан бу сўзни тўғри дейиш мумкин:

  1. Узоқ таъвийл;
  2. Яқин таъвийл.

  Узоқ таъвийлда "Анал ҳақ" (мен ҳақман)ни "Ана билҳақ" (Мен Ҳақ сабабидан борман) маъносига таъвийл қилинади. Ушбу таъвийлнинг узоқлиги шундаки бу лафздан хабар тушунилмайди. Чунки бу фақат айтувчининг ўзига хос хабар эмас, балки   Ҳақ таолодан бошқа барча нарсалар Унинг сабабидан бор бўлади. 

 Яқин таъвийлда "Анал ҳақ" (мен ҳақман)ни "Ана мустағриқун билҳақ" (Мен батамом Ҳақ билан банд бўлдим) маъносига таъвийл қилинади. Яъни бундан менда Ҳақдан ўзгага мутлақо ўрин қолмади, маъноси тушунилади".

 Имом Қушайрийдан Мансур Ҳалложнинг "анал ҳақ" деган сўзи ҳақида шундай дегани нақл қилинган: " Агар у "ана Аллоҳ" (Аллоҳ менман) демаган бўлса, уни кечириш мумкин. Чунки Аллоҳ исми (банданинг қалби унга) боғланадиган исмдир, хулқланадиган исм эмас. Аллоҳ таолонинг ушбу исмидан бошқа барча исмлари билан банда хулқланиши мумкин".

 Жалолиддин Румийнинг "Анал ҳақ" ҳақида шундай дегани ривоят қилинган: " агар сен ўз борлиғингдан фано бўлсанг, доимо Аллоҳ таоло билан бирга бўласан. Бу сен Унинг зотига айланасан дегани эмас, балки олов билан қип-қизил чўғга айлантирилган темир сингари бўласан, деганидир. (Фаразан) қип-қизил чўғга айланган темирнинг: "мен оловман" дейиши жоиз бўладику. Худди шунингдек Ҳақ йўлида фоний бўлган киши ҳам "Анал ҳақ" деган ҳақ сўзни айтиши мумкин бўлади".

 Устоз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф "Тасаввуф ҳақида тасаввур" номли асарларида бу ҳақида қуйидагиларни ёзганлар:"Тасаввуф ҳақида бироз бўлса ҳам хабардор бўлган киши шатаҳот сўзини фақат тасаввуфда ишлатилишини ва у суфийларнинг ўзларини йўқотиб қўйганда айтадиган, тушуниб бўлмайдиган, сиртдан қараганда айб, таъвийл қилганда маъно касб этадиган сўзлари эканини билади. Шатаҳот суфийнинг оғзидан оддий ҳолатда эмас, балки жазб ва қаттиқ таъсирланиш оқибатида чиқади. Зикр ила Аллоҳ таолога етишиб қолган суфий ўзини йўқотиб қўйиб нима деяётганини билмай қолади.

 Суфийларнинг шатаҳотга йўл қўйганларини икки хил бўлганини таъкидлашимиз лозим:

  1. Зикр ҳолига ғарқ бўлиб ўзини билмай қолганда шатаҳотга қўйиб, ҳушёр ҳолга қайтганда ўзини оқлов сўзларини айтганлар;
  2. Ҳушёр ҳолатда ҳам шатаҳотда давом этаверганлар.

Биринчи тоифа маъзур топилган. Бунга ал-Ҳасрийдаан нақл қилинган қуйидаги иқтибос далил бўла олади: "Жунайд тамаккунли (ўзига мустаҳкам) одам эди. Унинг ўзидан кетиши йўқ эди. Амр ва наҳийни улуғлар эди. У йўлни аслидан олган эди. Шунинг учун ҳам у барча тоифаларга мақбул бўлгани ажабланарли эмас".

 Иккинчи тоифа номақбул топилган Бу тоифанинг энг машҳур арбобларидан бири Мансур Ҳаллождир. У ўзининг машҳур шатаҳотини айтганда ҳушёр ҳолида ундан қайтиш талаб қилинган. Аммо Ҳаллож ҳушёр ҳолида ҳам гапидан қайтмаган. Шу тарзда тўққиз йил ўтган. Ўшанда ҳам айтганидан қайтмаганидан кейингина Ҳаллож қатл қилинган".

 Ибн Шурайҳдан Мансур Ҳаллож ҳақида сўраганларга шундай деб жавоб берган: "у ҳолати махфий бўлган кишидир. Мен у ҳақида бирор нарса демайман".

 Ушбу хабарлардан келиб чиқиб Мансур Ҳалложнинг "Анал ҳақ"и ҳақида баҳс юритувчиларни уч гуруҳга ажратиш мумкин:

  1. Зоҳирига кўра ҳукм чиқарадиганлар;
  2. Таъвийл қиладиганлар;
  3. Сукут қиладиганлар.

 Зоҳирига кўра ҳукм чиқарадиганларнинг хулосалари қуйидагича: "Мансур Ҳалложнинг "Анал ҳақ" деган сўзи "Аллоҳ менинг қалбимга тушди ёки мен Аллоҳ билан бирлашиб кетдим" деган маънони ифодалагани учун куфр ҳисобланади. Бу гапни айтган мусулмон муртадга айланади. Шунга кўра Мансур Ҳалложнинг муртадлигига фатво берган уламолар шариатнинг зоҳирига кўра тўғри ҳукм чиқарган ҳисобланадилар". 

Таъвийл қиладиганларнинг хулосалари қуйидагича:"Мансур Ҳалложнинг "Анал ҳақ" деган сўзини "Аллоҳ менинг қалбимга тушди ёки мен Аллоҳ билан бирлашиб кетдим" маъносида тушуниш асло мумкин эмас. Чунки бундай бузуқ эътиқодни замондошлари орасида илми ва амали билан танилган зотлар у ёқда турсин ақл ҳуши жойида бўлган оддий мусулмонга нисбат бериш ҳам тасаввурга сиғмайди. Фақат жоҳил сўфийларгина унинг гапини нотўғри талқин қилган бўлишлари мумкин холос. Мансур Ҳалложни кофирга чиқараётганлар олдин унинг ким бўлганига назар солсинлар: Ибн Бакувайҳдан ривоят қилинади: Ҳусайн ибн Муҳаммад Мазорийнинг шундай деганини эшитганман: Абу Яъқуб Наҳрожурий шундай дерди: Ҳусайн ибн Мансур Ҳаллож Маккага бориб масжид саҳнида ўтирди. Ўтирган жойидан фақат таҳорат ёки тавоф учунгина қўзғаларди. Қуёшга ҳам, ёмғирга ҳам парво қилмасдан қимирламай ўтирарди. Ҳар куни кечки пайтда унга сув ва нон келтирилар эди. Тўрт тишлам нон еб сув ичарди.

 Мансур Ҳалложнинг қўшниси ва энг яқин кишиларидан бўлган Ибн Феруз Байзовий шундай деган: Ҳаллож Рамазоннинг аввалида ният қиларди ва ийд кунида оғиз очарди. Ҳар кечаси Қуръонни икки ракаатда кундузи икки юз ракаатда ҳар куни хатм қиларди. Ийд кунида қора кийим кийиб чиқарди ва "бу амали рад қилинган кимсанинг кийими, дерди". 

 Мана шундай мақомга эришган кишининг гапини бу мақомга етмаганларнинг ўзларига яраша даражада тушунишлари табий ҳол эмасми? Ушбу ривоятларнинг санадини заиф ёки асли йўқ дейдиганлар, у зотнинг бундай сифатда бўлмаганини саҳиҳ санадли ривоят билан исботлаб бера оладиларми? агар у зот илм ва амалда собитқадамлик билан танилмаганида "Анал ҳақ" дегани учун муртадлигига билиттифоқ ҳукм қилинмасмиди? Ушбу мулоҳазаларга кўра Мансур Ҳалложнинг мазкур гапини "менда Ҳақдан ўзгага мутлақо ўрин қолмади, маъносида тушуниш энг тўғри йўл ҳисобланади.

 Сукут қиладиганларнинг хулосалари қуйидагича:"Мансур Ҳалложнинг "Анал ҳақ" деган сўзи зоҳиран куфрга ҳам, таъвийл қилинса тўғри маънога ҳам далолат қилади. Аҳли қибладан бирор кишини ҳам ундан содир бўлган калом туфайли модомики гапини ҳаққа ҳам, ботилга ҳам таъвийл қилиш имкони бўлса кофирга чиқаришга ошиқмаслик керак. Ана шу эътибордан Мансур Ҳаллож ҳолати махфий кишидир. Ҳолати махфий бўлган киши ҳақида бирор тарафга ҳукм чиқармаслик, балки оқибатини Аллоҳга ҳавола қилиб сукут қилиш энг афзал йўл ҳисобланади.

 Ушбу учинчи йўл аҳли сунна вал жамоа мазҳабидаги мўътабар уламоларнинг йўллари ҳисобланади. Хулоса сифатида Мансур Ҳалложни  муртаду кофирга чиқарувчиларга Умар ибн Абдулазиз роҳматуллоҳи алайҳнинг сўзларини тафаккур қилиб кўришни тавсия қиламиз:

 Умар ибн Абдулазиз роҳматуллоҳи алайҳдан Али ва Муовия розияллоҳу анҳумоларнинг ўрталарида бўлиб ўтган ишлар ҳақида сўрашдилар. У зотнинг жавоблари шундай бўлди: "Аллоҳ ўша қонлардан бизларнинг қиличларимизни пок қилиб қўйган. Энди улар ҳақидаги (турли гапларга) шўнғиб тилларимизни булғамайлик".

 Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога салавот ва саломлар бўлсин.

 

Абдулқодир Абдур Раҳим

400 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: Калом илми атрофидаги баҳслар »
Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…