Фиқҳ

Касб фазилати ва турлари

Аллоҳ таоло Қуръони каримда барча мўминларга ўз тоқатиларига яраша касб қилишни фарз қилди:

فَإِذَا قُضِيَتِ الصَّلَاةُ فَانْتَشِرُوا فِي الْأَرْضِ وَابْتَغُوا مِنْ فَضْلِ اللَّهِ وَاذْكُرُوا اللَّهَ كَثِيرًا لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ

«Бас, қачонки, намоз адо қилингач, ерда тарқалиб, Аллоҳнинг фазли (ризқи)дан истайверинглар! Аллоҳни кўп ёд этингизлар, шояд (шунда) нажот топурсизлар» (Жумъа сураси 10-оят).

         Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва саллам ўзи соғлом бўла туриб, ишламайдиган киши Аллоҳ таоло ёмон кўришини қуйидагича баён қилдилар:

 إنّ الله يُبغِضُ الصحيح الفارغ   «Албатта Аллоҳ таоло соғлом бўла туриб, ишламайдиган кишини ёмон кўради».

         Ҳалол касб қилишга нафақат оддий инсонлар ҳатто пайғамбарлар ҳам буюрилган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуоъони каримда барча пайғамбар ва мурсалинларга шундай хитоб қилади:

 هُوَ الَّذِي جَعَلَ لَكُمُ الْأَرْضَ ذَلُولًا فَامْشُوا فِي مَنَاكِبِهَا وَكُلُوا مِنْ رِزْقِهِ وَإِلَيْهِ النُّشُور

         «У (Аллоҳ) сизларга ерни хоксор (бўйсунувчи) қилиб қўйган зотдир. Бас, у (ер)нинг ҳар томонида (саёҳат, тижорат ёки деҳқончилик қилиб) юраверинглар ва Аллоҳнинг берган ризқидан енглар. Тирилиб чиқиш Унинг ҳузуригадир» (Мулк сураси 15-оят).

         Аллоҳ таоло мўминларга ҳалол касбдан ўзларига нафақа қилишга буюриб, қуйидагича марҳамат қилади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا أَنْفِقُوا مِنْ طَيِّبَاتِ مَا كَسَبْتُمْ وَمِمَّا أَخْرَجْنَا لَكُمْ مِنَ الْأَرْض

«Эй иймон келтирганлар, ўзингиз касб этган ва Биз сизлар учун ердан чиқарган нарсаларнинг яхшиларидан эҳсон қилингиз...» (Бақара сураси 268-оят).

Ҳадиси қуддусийда  يا عبدي يدَكَ أنزل عليك الرزق«(Аллоҳ таоло) Эй бандам, қўлингни қимирлатгил, сенга ризқ нозил қилурман», деб марҳамат қилинган.

Юқоридаги оят ва ҳадисларнинг далолатига кўра барча пайғамбар ва мурсалинлар ҳам маълум касб билан машғул бўлганлар. Жумладан, Одам алайҳиссалом ерга буғдой экиб, суғориб ва ўриб олиб, ун қилиб, нон қилганлар. Нуҳ алайҳиссалом савдогарлик қилганлар. Иборҳим алайҳиссалом баззоз (газмол сотувчи) бўлганлар.    Довуд алайҳиссалом совут ясар эдилар. Сулаймон алайҳиссалом занбил тўқир эдилар. Идрис алайҳиссалом кийим тикар эдилар. Закариё алайҳиссалом дурадгор эдилар. Бундан ташқари барча пайғамбарлар қўй боққанлар.

Саҳобаи киромлар ҳам маълум бир касбларга машғул бўлганлар. Жумладан, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу таоло анҳу баззоз (газмол сотувчи) эдилар. Умар розяллоҳу таоло анҳу терини ошлар эдилар. Усмон розияллоҳу анҳу савдогар эдилар. Али розияллоҳу анҳу котиблик ва мардикорлик қилар эдилар.               

Ўз даврида Шом диёрининг фақиҳи бўлган Авзоий раҳматуллоҳи алайҳ Иброҳим ибн Адҳам раҳматуллоҳи алайҳни кўрдиларки, орқаларида бир кўтарим ўтинни кўтариб келиб, уни сотиб тиричилик қилур эдилар.  Авзоий раҳматуллоҳи алайҳ дедилар: «Қачонгача бундай касбни қилурсиз?» Иброҳим ибн Адҳам дедилар: «Жим тургил, батаҳқиқ, ҳадисда келибдир, кимики ҳалол таом талаб қилиш учун ҳар хил залил (хор) бўладиган жойда турса, ул кишига жаннат вожиб бўлгай».

Аммо илмга машғул бўлгани жиҳатидан касб қилмоққа қодир бўлса ҳам, касб қилмай, илм таҳсил қилса, ул толиби илмга садақа бериш жоиздир. Агар нафл намоз ўқимоққа ва ортиқча махсус ибодатлардан ўзига лозим бўлмаган нарсаларни қилишга машғул бўлгани жиҳатидан касб қилмаса, ул кишига нафл садақа  бериш  макруҳдир.

 

الكسب فرضٌ بقدرِ الكفاية لنفسِه وعَياَلِه وقضاءِ ديونِه

         «Мўмин киши ўзи, аҳли аёли учун ва қарзларини адо қилмоқ учун кифоя қиладиган миқдорча  касб қилмоқ фарздир». «Ал-Ихтиёр» китобида нақл қилинишича, агар касб қилмоққа қудрати етса, касб қилиши фарздир.  Агар касб қилмоққа қудрати етмаса, гадойлик қилгай. Зероки, гадойлик касбларнинг охиргисидир. Ҳатто касбга қодир бўлмаган бирор кишидан таом сўрамасдан, очдан ўлса, гуноҳкор бўлгай.

         Касб қилмоқнинг савоби бениҳоятдир. Зероки, «ал-Муғнийя» китобида айтибдир:

من طلب الدنيا حلالا واستعفافا عن المسألة وسيعا على عياله وتعطُّفا على جاره جاء يوم القيامة ووجهه كالقمر ليلة البدر

“Кимики гадойлик қилмоқдин ва кишидан бир нарса сўрашдан ўзини тортиб ва аҳли аёлига нафақа бериш учун ҳаракат қилиб ва қўшнисига меҳрибонлик қилмоқни ният қилиб, ҳалол дунёни талаб қилса, қиёмат кунида маҳшаргоҳга юзи ўн тўрт кунлик ойдек бўлган ҳолда келгай”.

 

الكسب سنّة الأولياء وفيه ستر الحال

Касб қилиш валийларнинг суннатларидир. Касбда инсон ўз аҳволини ёпмоқ ва сирини билдирмаслик бордир.     Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ростгўй савдогар қиёмат кунида сиддиқлар ва шаҳидлар билан бўлгай”.                           

         Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Савдогарлик қилингларки, халқнинг ризқлари ўн қисмдир. Тўққиз қисми савдогарликдадир, яъни сотмоқда ва олмоқдадир”.                                                   

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кимки касб қилмай, савол (тиланчилик) эшигини ўзига очса, Аллоҳ таоло унга муҳтожлик ва бечораликнинг етмиш эшигини очгай”.

Исо алайҳиссалом бир одамни кўрдилар, унга: «Нима иш қилурсан?» дедилар. Ул киши: «Ибодат қилурман», деди. «Қайдан таом ерсан?» дедилар. «Менинг биродарим бордирки, таомимни ул тайёрлаб туради», деди. Исо алайҳиссалом дедилар: «Сенга таом бериб турадиган биродаринг сендин обидроқдир».                                                                                   

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу дедилар: “Аллоҳ таоло ризқ беради, деб, касбдан қўлларингизни тортманглар, Аллоҳ таоло тилла ва тангани осмондан ёғдирмайди”.                                                                                      

Луқмони Ҳаким фарзандига қуйидагича васият қилдилар: «Касбдан қўлингни тортмагил, кимики халқнинг муҳтожи ва бечораси бўлса, унинг дини танг ва ақли заиф бўлгай ва унинг муруввати ботил бўлгай ҳамда халойиқ унга ҳақорат кўзи билан қарагай».                                                          

 

ويُشغِلُ قلبَه بذكرِ الله تعالى خاصّة

         Валийлар зотлар касб қилиб турган вақтида хоссатан дилини Аллоҳ таолонинг ёдига машғул қилгай.

 

وإن اشتغل بطلب الزيادة لا يكون حراما  ما  لم يُردْ بِهِ الفخر والرياء

         Агар инсон дунёни ўз нафақасидан ва нафақаси лозим бўлганлар нафақасидан зиёда талаб қилмоққа машғул бўлса, ҳаром бўлмайди, модомики у билан фахр қилмоқ ва риё килмоқни хоҳламаса.

 

وإنْ سَعَى تَكَاثُرًا  أَوْ  تفاخرًا فَهُوَ  سبيلُِ الشّيطان

          Агар дунёни кўп қилиб, манманлик қилмоққа ва фахр қилмоққа ҳаракат қилса, ул шайтонниг йўлидир.

 

عن ابن عبّاسٍ رضي الله عنهما أنَّه قال: الكسبُ الحلالُ أشدُّ منْ نقلِ الجبل إلى الجبل

         Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо дедилар: “Ҳалол касб қилиш тоғни тоққа кўчириб олиб бормоқдан ашад (қийин)роқдир”.

         “Тафсиру Чархий” китобида инсонлар касб қилишда уч қисмга бўлинши қуйидагича зикр қилинган:

النَّاسُ ثلاثة: رجلٌ شغل معاشه عنْ معاده فهو منَ الهالكين، ورجلٌ شغل معاده عنْ معاشه فهو من الصابرين، ورجلٌ شغل معاشه لمعاده فهو من المقتصدين ولا يحصل الاقتصاد إلاَّ في طلبها بآداب الشريعة

“Одамлар уч қисмдир, бир қисмини тирикчилик иши охиратидан чалғитгай, бас у киши ҳалок ва нобуд бўлгувчилардандир. Яна бир қишики охират иши тирикчилигидан бепарво қилгай, бас, у киши охират ишига машғул бўлган киши нажот топадиганлардандир. Ва бир кишики тирикчилиги охирати иши учун бўлибдир, бас, ул киши муқтасидлардан, яъни тўғри йўлдан ўртача юрадиганлардандир. Ва дунёни талаб қилмоқда шариатнинг одоблари билан юрса, тўғри йўлда ўртача  юрмоқ ҳосил бўлгай”.

 

النَّاس في الكسب على خمسة مراتب: منهمْ منْ يرى الرزق من الكسبِ فهو كافرٌ ، منهمْ منْ يرَى الرزق من اللهِ ومن الكسب فهو مشركٌ،  ومنهمْ منْ يرَى الرزق من الله تعالى ولا يدري أيعطيه أمْ لا فهو منافقٌ شاكٌّ، ومنهمْ منْ يرى الرزق من الله تعالى ويعطي اللهُ لأجل كسبه ولا يؤدّي حقّه كما أمر الله تعالى فهو مسيءٌ ، ومنهمْ منْ يرى الرزق من الله تعالى فيرى الكسب سببًا وأخرج حقّه ولا يعصي لأجل الكسبِ فهو من المخلصين

“Одамлар касб қилишда беш мартабада бўладилар. Уларнинг баъзилари ризқни касбдан деб билади. Ризқни касбдан деб билувчи, кофирдир. Баъзи кишилар ризқни Аллоҳ таолодан ва касбдан кўргай. Бундай киши мушрикдир. Баъзилар ризқни Аллоҳ таолодан деб билади, лекин ризқни берадими ё бермайдими, деб гумон қилгай. Бундай шак қилувчи киши мунофиқдир. Баъзилар ризқни Аллоҳ таолодан деб билади ва ризқни Аллоҳ таоло касб жиҳатидан ато қилур, деб эътиқод қилгай, (аммо) Аллоҳ таолонинг амр қилганича мол ҳақини адо қилмагай. Бас, ул киши гуноҳкордир.  Баъзилари ризқни Аллоҳ таолодан деб билгай ва ризқни касбга сабаб деб билади ва Аллоҳ  таолонинг буйруғига мувофиқ мол ҳақини чақириб бергай ва касби жиҳатдан ибодатни тарк қилиб гуноҳкор бўлмагай. Бас, ул киши мўмин мухлислардандир”.

          “Кофий” номлик асарда айтибдирки: “Аҳли сунна вал-жамоа уламоларининг наздларида, буюрилган таваккул шулдурки,  касби асбоб қилгай, ундан кейин Холиқи асбобга таваккул қилгай, асбобга таваккул қилмагай”.

 

فعلى العبدِ العبادةُ وعلى اللهِ الرزقُ

 “Бас, бандага ибодат қилмоқ лозимдир ва Аллоҳ таборак ва таолодан ризқ бермоқдир”.

 

قال عليه الصلاة والسلام: من الذنوب لا يكفّر بها إلاّ الهمُّ في طلب المعيشة

          “Пайғамбар алайҳиссалоту вас-салом дедилар: “Баъзи гуноҳлар борки, уларга тиричилик талабидаги ғам-ташвишдан бошқа нарса каффорат бўлмайди”.

          Мўмин киши салафи солиҳларнинг, яъни ўтган пешволарнинг касбларини ихтиёр қилгай, деҳқончилик, ҳаммоллик, нонвойлик, кийим ювмоқ, кафш тикмоқ, чўпонлик қилмоқ ва котиблик қилмоққа ўхшаш.

          Котиблик уламоларнинг ва машойихи асфиёларнинг касбларидир, хусусан Каломи қадимни, яъни Қуръони шарифни ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини ёзиш.

         Машҳур тобеин Саъид ибн Мусайяб дедилар: “Ҳалолдан молни жам қилмаган одамда  яхшилик йўқдир, бас, ул молдан Аллоҳ таолонинг ҳақини адо қилгай ва ул мол билан обрўйини сақлагай ва эҳтиёт қилгай”.

         Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу дедилар: “Эй бечоралар жамоси, бошларингни кўтаринглар ва савдогардик қилинглар, албатта, йўлга кўз тиккан ва одамларга муҳтож бўладиган фақир бўлманглар”.

         Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу дедилар: “Кимики динда фақиҳ бўлмаса, яъни савдо қилишнинг илмини билмаса, бозорда савдогарлик қилмасин”.                  

Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу дедилар: “Кимики динда фақиҳ бўлмасдан илгари савдогарчилик қилса, батаҳқиқ, судхўрликка гирифтор бўлибдир.

         Маълумки, ибодат асоси луқманинг ҳалоллигигадир. “Ҳулятул-авлиё” асарида келтирибдирки, баъзи машойихлар айтибдилар: “Аллоҳ таолонинг йўли ўн қисмдир. Мазкур ўн қисмдан тўққис қисми ҳалол ризқни талаб қилиш ва бир қисми қолган ишлардир. Мўмин бандага лойиқ ва муносиб шулки, ҳалол молни талаб қилгай ва ҳаром ва шубҳадан тийилгайки, ибодатнинг қабул бўлмоғи тақво биландир, Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай марҳамат қилади:

         “...Аллоҳ фақат тақволи кишилардан қабул қилур оят” (Тавба сураси 27 оят).                           

         Касб қилувчи ҳар касб ва ҳунарни ўрганса, Аллоҳ таолонинг фармонини адо қилади ва шариат амрларига эҳтиёт бўлади, токи ул касбдан ҳосил қилган луқмасидан нур ва сафо пайдо бўлади ва қилган ибодатларининг лаззатини топади ва ул қилган касбидан барокат кўради ва ул касбда даст бакор, дил баёр билан машғул бўлади. Касб сабабидан ризқ бергувчи ва тавфиқ берадиган Аллоҳ таолодир.

         Баъзи ҳукамолар дедилар: “Ҳар вақтики, савдо қилгувчида уч хислат бўлмаса, икки дунёда муҳтож бўлгай. Аввали – тили уч нарсадан пок бўлгай: ёлғондан, лағвдан, яъни, беҳудагўйликдан ва қасамдан. Иккинчи – дили уч нарсадан соф бўлгай: ёмон ният, хиёнат ва ҳасаддан. Учинчи – уч нарсага доимий эътибор қаратмоқ лозим: жума намозига ва жамоат билан намоз ўқимоққа ва баъзи вақтларда илм талаб қилмоққа ва бошқа одамдан Аллоҳ таолонинг ризолиги ва хурсандлигини ихтиёр қилмоққа”.

         Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кимики гуноҳ қиладиган жойдан мол касб қилиб, садақа қилса, ё ул топган моли билан хеши ақрабосига инъом ва эҳсон қилса, ё ул ҳаром молни Аллоҳ таолонинг йўлига сарф қилса, ул гуноҳ қиладиган жойдан топган молининг ҳаммаси жам қилиниб, оташ дўзахга ташлангай”.

         Ривоят қилинишича Имрон ибн Ҳасин розяллоҳу анҳу дедилар: “Рибодан ё ришвадан, яъни сўдхўрликдан ё порадан, ё ғанимат молни олмоқда хиёнат қилмоқдан, ё ўғирликдан мол топган одамнинг ҳажини ё умрасини ва жиҳодини, садақасини, қул озод қилганини ва нафақасини Аллоҳ таоло қабул қилмайди”.

         Фақиҳ Абул Лайс раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтадилар: “Ё Расулуллоҳ, бир нон садақа қилганим яхшироқми ё юз ракат нафл намоз ўқиганим яхшироқми?” Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Икки юз ракат нафл намоз ўқигандан садақа қилинган нон яхшироқ”.

         Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтадилар: “Ё Расулуллоҳ, мусулмон одамнинг ҳожатини раво қилмоқ яхшироқми ё юз ракат нафл намоз ўқимоқ яхшироқми?” Пайғамбар алайҳиссолату вассалом дедилар: “Минг ракат нафл намоз ўқигандан мусулмоннинг ҳожатини раво қилмоқ яхшироқ”.

         Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтадилар: “Ё Расулуллоҳ, бир луқма ҳаром таомни тарк қилмоқ яхшироқми ё минг ракат нафл намоз ўқимоқ яхшироқми?” Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Бир луқма ҳаром таомни тарк қилмоқ  икки минг ракат нафл намоз ўқигандан яхшироқдир”.

         Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтадилар: “Ё Расулуллоҳ, ғийбатни тарк қилмоқ яхшироқми ёки икки минг ракат намоз ўқимоқ дурустроқми?” Пайғамбар алайҳиссалом дедилар: “Ўн минг ракат намоз ўқигандан ғийбатни тарк қилмоқ дурустроқ ва яхшироқдир”.

         Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтадилар: “Ё Расулаллоҳ, сизга бева хотиннинг ҳожатини раво қилган яхшироқми ё ўн минг ракат намоз ўқимоқ?” Пайғамбар алайҳиссолату вассалом дедилар: “Бева хотиннинг ҳожатини раво қилмоқ ўттиз минг ракат нафл намоздан яхшироқдир”.

         Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтадилар: “Ё Расулуллоҳ, сиз учун аҳли аёлга нафақа қилмоқ яхшироқми ё Аллоҳ таолонинг йўлида харж қилмоқ яхшироқми?” Пайғамбар алайҳиссолату вассалом дедилар: “Аллоҳ йўлида минг тилла сарф ва харажат қилгандан аҳли аёлга бир танга нафақа қилмоқ яхшироқдир”.

         Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтадилар: “Ё Расулуллоҳ, сизга ота ва оналарга яхшилик қилмоқ яхшироқми ё минг йил ибодат қилмоқ яхшироқми?” Пайғамбар алайҳиссолату вас-салом дедилар: “Ё Анас, Ҳақ келди, яъни дини Ислом ва Қуръон келди ва ширк ва шайтон нобуд бўлди, албатта, ботил ва ноҳақ нарса йўқ бўлгувчидир”. “Бас, ота-онага яхшилик қилмоқ икки минг йил ибодат қилгандан яхшироқдир”.

 

 

 Тошкент ислом институти устози С.Примов

Read 12058 times

Мақолалар

Top