Мақолалар

Дунё олимларини тарбиялаган аёллар

Қуйидаги мақолада олимларни тарбиялаган баъзи муниса аёллар ҳақида маълумот келтириб ўтамиз:

Имом Шофеъий

Ҳумайди ҳикоя қилади: Шофеъий бизга шундай деган эди: "Мен онам қарамоғида етим ўсдим. Бошланғич таълим марҳаласида тенгдошларимга дарс бера бошладим. Устоз дарсга келмай қолганда устоз ўрнига талабаларни бошқариб, уларга таълим берардим. Буни кўриб устоз мендан ҳақ олмай қўйди". Музаний дейди: "Шофеъий етти ёшида Қуръонни ёд олган, ўн ёшида эса "Муватто"ни ёдлаган".

Аҳмад ибн Ҳанбал

Имом Аҳмад ҳам жуда эрта етим қолганлар "Олти ёшимда онам мени тонг саҳарда уйғотиб, ўзи таҳорат олдирар эди. Таҳорат олиб бўлганимдан сўнг чиройлик кийимларни кийдириб, қўлимдан етаклаб масжидга олиб келарди. Мени хонақоҳга киргизиб ўзи масжиднинг пана жойига ўтиб оларди. Бир оздан кейин муаззин келиб бомдод намозига азон айтарди". Дунёга танилган ва мусулмонларнинг имоми деган номни олган Имом Аҳмаднинг Имом Аҳмад бўлишларига асосий сабабчилардан бири у кишининг муниса оналаридир.

Бежиз арабларда:

{ وَرَاءَ كُلِّ رَجُلٍ عَظِيمٍ امْرَأَةٌ}

«Ҳар бир буюк инсоннинг ортида аёл туради», деган гап айтилмаган.

Ибн Нажийя (Нужийя) номи билан танилган улуғ олим Али ибн Иброҳим ўз даврининг катта муфассир ва воизларидан бўлган. Султон Нуриддин Зинкий ва Салоҳиддин Айюблар ҳурматига сазовор бўлган. Ана шу олим тафсир фанида катта ютуқларни қўлга киритишидаги сирни айтиб дейди:

"Тафсирни тоғамдан таълим олганман. Дарсдан қайтишим билан онам сўроққа тутарди:

– Бугун тафсирдан қайси сурани ўргандинг?

Мен бугунги дарсни тоғамдан қандай эшитган бўлсам шундайича онамга айтиб берардим. Онам сўзларимни охиригача тинглаб бўлиб, бошини чайқарди.

– Яхши, лекин ҳамма билганларини айтмабди-да. Мен тафсирни тоғанг билан бирга ўрганганман. Аслида уламолар бу оят тафсирида мана бундай дейишган, ана бундай дейишган,– деб тоғам дарсига қўшимча қилиб қўярди".

Мана азизлар ислом дини келиб аёлларни шаънини кўтарди, натижада улар Салоҳиддин Айюб ва Нуриддин Занкий раҳматуллоҳи алайҳимга ўхшаган подшоҳлар лол қоладиган фарзандларни тарбия қилишди.

Шайхонтоҳур тумани бош имом-хатиби

Одилхон қори Юнусхон ўғли

 

 

12211 марта ўқилди
Top