Рамазон-2018

Қутлуғ кунлар олдидан...

Мана, кўз очиб-юмгунча яна бир Рамазон ойини адоғига етдик. Муборак ойдан олаётган маънавий фойдаларимиз келаси йилнинг шу кунларигача етгулик.

Имом Аҳмад “Муснад”ларида Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: “Рамазон ойида Менинг умматим бошқа ҳеч қайси умматларга берилмаган бешта хислат билан неъматланди..” деб бошлананидан ҳадисни келтирганлар. Ўша беш хислатдан бешинчиси ҳақида У зот (алайҳиссалом) бундай марҳамат қиладилар: “Рамазон ойининг охирги кечасида у(рўзадор)ларнинг гуноҳлари кечирилади. (Саҳобалар): “Ё Расулуллоҳ, у Қадр кечасими?” деб сўрашганида, у зот (алайҳиссалом): “Йўқ, лекин ишчи қилаётган иши битганида унга ҳақини берилади”. Яъни, у кеча Қадр кечаси эмас, аммо худди бировга бир иш буюрилганида у ўша ишни битиргач, ҳақини ўталгани каби, Рамазон ойи тугаши билан Аллоҳ таоло рўзадор бандаларига ҳақларини беради – уларнинг гуноҳларини кечиради. Бу шу дунёдаги мукофот. Охиратда эса, рўзадорлар учун жаннатнинг махсус Райён номли дарвозаси бор, улар ўша дарвозадан жаннатга киришади. Жаннатда эса рўзадорларни Аллоҳ таолонинг “Ўзим бераман” деган мукофотлар кутиб туради. Сиз билан биз – мўминлар Аллоҳ таолонинг амрига лаббай деб ўттиз кун рўза тутдик, жисму руҳимизни хатолардан, гуноҳлардан асрамоққа саъй-ҳаракат қилдик. Ўттиз кун нафсимиз билан курашда бўлдик. Энди, иншааллоҳ, юқоридаги ҳадисда ваъда қилинган хушхабардан насибадор бўлишга умидвор бўлиб турибмиз.

Эртага – Арафа! Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким Рамазон ва Қурбон ҳайитларининг кечасини бедор ўтказса, қалблар ўладиган (яъни, Аллоҳнинг зикридан ғофил бўладиган ва қотиб қоладиган) кунда унинг қалби ўлмайди”, деганлар.

Ҳайит кунининг тонгидан ғусл қилиб , хушбўй атирлар сепиб ва энг гўзал, янги ёки тоза кийимларимизни кийиб намозгоҳга бориш, то ҳайит намози ўқилгунча ҳеч нарса емаслик суннат амалдир.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Рамазон ҳайити куни бирор нарса емай намозгоҳга бормас ва Қурбон ҳайити куни токи ҳайит намозидан қайтгунларича ҳеч нарса емас эдилар.

Ҳанафий мазҳаби бўйича ҳайит намози вожибдир. Рамазон ҳайити намозига келишдан олдин таом ейиш, мисвок ва ғусл қилиш, хушбўй атир сепиш, энг яхши кийимларни кийиш ва намоз вақтигача садақаи фитрни бериш суннат амаллардандир. Масжидга келгандан сўнг бомдод намози адо этилади. Бомдод намозидан кейин масжидга келганлар эса ҳайит намози ўқилгунига қадар нафл намози ўқимайдилар.

Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилганлар: “Ҳайит намози ўқиладиган куни шайтон “дод” деб юборади. Шогирдлари: “Устоз, сизни ким хафа қилди”, деб қайта-қайта сўрашса ҳам тўхтамай йиғлайверади. Охири йиғисининг боисини айтади: “Бир йил ҳаракат қилиб, Одам болаларини йўлдан уриб, уларга турли гуноҳларни қилдирувдим, бари куйиб кетди. Бир ой тутган рўзаси ҳурматига Аллоҳ уларнинг барча гуноҳларини кечириб юборди”, деб жавоб беради.

Ҳайит мусулмонларнинг азиз байрами бўлгани учун бу айём шоду хуррамлик, хурсандчилик қилинадиган, кексалар, ота-она, қариндошлар зиёрат этиладиган, беморлар ҳолидан хабар олинадиган, закот ва хайр-эҳсон улашиладиган кундир.

Жобир ибн Абдуллоҳдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким бир мусулмоннинг дунё қайғуларидан бирини кетказса, Аллоҳ унинг Қиёмат кунидаги қайғуларидан бирини кетказади. Ким дунёда бир қийналган биродарининг оғирини енгил қилса, Аллоҳ таоло унинг Қиёматдаги оғирини енгил қилади. Қайси бир банда бошқа бир бандага ёрдам қилса, Аллоҳ таоло унга ҳам ёрдам кўрсатади”, деганлар (Термизий ривояти).

Ҳайит арафасида кўни-қўшниларга меҳр-мурувват кўрсатиш билан бирга моддий ёрдамга муҳтож кишилар, яъни кам таъминланган оилаларга хайр-эҳсон қилинса, уларнинг хонадонларига ҳам байрам шукуҳи кириб келган бўлади.

Ҳайит кунлари дуолар қабул қилинадиган кундир. Бу кунда кўп жойларда одамлар урф қилиб, тўп-тўп бўлиб қабристонга, азадор хонадонларга боришади, йиғи-сиғи қиладиган аёллар ҳам бор. Бу иш шаръан дуруст эмас, лекин шундай жойларга бормасангиз, азадорларнинг баъзилари ҳатто “келмади” деб хафа ҳам бўлади. Бундай ношаръий амаллардан қайтайлик, ўзимизни ортиқча бидъат амаллардан сақлайлик. Бунинг ўрнига Аллоҳнинг тинчлик, хотиржамлик каби неъматларига шукр қилиб, эрта тонгдан масжидга чиқсак, бомдод намози ва ҳайит намозини жамоат билан адо этиб, кўпчилик билан қўлларимизни дуога очсак, қалбимиздаги истакларимизни Яратгандан сўрасак, иншааллоҳ, бунинг савоби ўзимизга ҳам, биздан умидвор бўлиб ётганларга ҳам етиб боради.

Аллоҳ таоло барчамизга Рамазон ҳайитини муборак қилсин. Бу кунни байрам қилиб, савобли амалларни кўпайтиришни Яратганнинг ўзи насиб айласин. Юртимиз тинч­лигини бардавом қилиб, хотиржамликда ибодат қилиб боришни ҳаммамизга насиб этсин! Омин.

Нўъмон АБДУЛМАЖИД тайёрлади.

 

46811 марта ўқилди
Top