muslim.uz

muslim.uz

Среда, 15 Февраль 2017 00:00

Ажабтовур айланувчи бино

2020 йилга бориб Дубай шаҳрида, дунёда биринчи бор, доимий ҳаракатланиб турувчи oсмонўпар бино қурилади. У Дубайдаги аҳоли истиқомат қилувчи энг баланд бинолардан бири бўлиши кутилмоқда. Лойиҳа асосчиси италиялик муҳандис, Девид Фидернинг сўзига кўра, бино 80 қават ва баландлиги 420 метрни ташкил этади. Бинонинг ҳар бир қавати ўз ўқи атрофида 360 градусга айлана олади. Четдан кузатганда, бинонинг доимий ҳаракатланиб турганини кўриш мумкин.

Бу ажойиб бинода истиқомат қилувчилар, ўз хоналаридан туриб, кун чиқиши ва кун ботишини томоша қилишлари мумкин. Бунинг учун фақатгина ўз хонадонларини шарқ ёки ғарб томонга қараб буриб қўйсалар кифоя.

Илҳом МАЪРУПОВ

тайёрлади

 

Куни кеча Саудия Арабистонинг Макка шаҳрида, Икки муқаддас масжид хавфсизлигини таъминлаш масалаларига доир йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Масжидул ҳаром ҳудудига олиб кириш таъқиқланган нарса-буюмларни аниқлаш учун махсус сканерлаш қурилмаси ўрнатиш масаласи кўриб чиқилди. Шу кунга қадар, бу каби текширув ишлари, масжид эшиги олдида турувчи хизматчилар томонидан амалга оширилар эди.

Аввал хабар берилганидек, яқинда бир киши Масжидул Ҳаром ҳудудига бензин олиб кириб, Каъба яқинида ўзини ёқиб юборишга уринган эди. Шу каби нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида, Ҳарам ҳудудида хавфсизлик чораларини кучайтирилмоқда.

Халқаро алоқалар бўлими

Среда, 15 Февраль 2017 00:00

Донишманд ўгити

Бир шаҳарда донишманд яшаган экан. Турли жойлардан унинг олдига маслаҳат учун одамлар келишар экан. У одамларга қимматли маслаҳатлар берар экан. Унинг овозаси узоқ-узоқ ўлкаларга етибди.

Бошқа бир шаҳарда донишмандлиги билан донг таратган бир одамнинг қулоғига ҳам бу хабарлар етиб борибди. У одамлар орасида ўз обрўсини йўқотиб қўйишдан қўрқиб, ўзининг ўша донишманддан устунлигини исботламоқчи бўлибди ва шундай режа тузибди. "Бир капалакни тутиб, икки кафтим орасига олиб, ҳамманинг олдида донишманднинг олдига бораман. "Кафтим орасида нима бор?" деб сўрайман. Албатта у капалак, деб жавоб беради. Шунда мен: "У тирикми ёки ўликми?" деб сўрайман. Агар у тирик, деса, мен кафтимни билдирмасдан сиқиб, очганимда ҳамма капалакнинг тирик эмаслигини кўради. Агарда у капалакни ўлик, деса, мен кафтимни очиб, уни учириб юбораман, ҳамма капалакнинг тирик эканини кўради, шунда барча унинг хато қилганини сезади", деб ўйлабди.

У айтганини қилиб, капалакни олиб донишманднинг олдига борибди ва "Қўлимдаги нима?" деб сўрабди. "Капалак", деб жавоб берибди донишманд. "У тирикми ёки ўликми?", деб сўрабди келган донишманд. "Бу энди сенга боғлиқ", деб жавоб берибди донишманд унинг кўзига қараб. 

Билгинки, ўзингнинг кучингга ортиқча баҳо беришинг сени ҳам мана шундай уялтириб қўйиши мумкин. Донишмандлар: "Ўзингни эр билсанг, ўзгани шер бил", деб бежиз айтишмаган.

 

Акбаршоҳ РАСУЛОВ

Среда, 15 Февраль 2017 00:00

Ибодат қилувчи тоғ

Ижтимоий тармоқларда Аллоҳга сажда қилаётган одамга ўхшаган тоғ сурати кенг тарқалди. Ушбу ғаройиб тоғ Хайя шаҳри яқинидаги “Ал-Баҳр ал-Аҳмар” номли Судан қишлоғида, Абу Самр темир йўл бекатидан шарққа қараб 8 км узоқликда жойлашган. Энг ажойиби шундаки сажда айнан  Каъба тарафга йўналган.    

               

Моҳира Зуфарова

 тайёрлади.

Вторник, 14 Февраль 2017 00:00

Адабиётимизнинг етук намояндалари

Улуғ аждодларимизнинг ҳаётларини ҳаққоний таништириш бугунги глобаллашув даврида ёш авлодни тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, мумтоз адабиётимизни асл ҳолида сақлаш ва уларга етказиш адабиёт соҳаси мутахассислари олдида турган долзарб масалалардан бўлиб тургани ҳеч кимга сир эмас. Буюк ўзбек шоирлари ва мутафаккирлари ҳисобланган Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ўлмас асарлари мана бир неча асрлардан буён халқимизнинг маънавий эҳтиёжини қондириб келмоқда. Мазкур шоирларнинг асарларига бўлган талаб ва эҳтиёж бирор асрда ҳам кам бўлмаган. 

2017 йили  11 февраль куни “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртида буюк шоир, мутафаккир, давлат арбоби Алишер Навоий таваллудига 576 йил тўлиши ҳамда шоир, давлат арбоби, саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудига 534 йил тўлиши муносабати билан “Ғазал мулкининг султони”, “Буюк давлат арбоби Бобурнинг ўзбек адабиётига қўшган ҳиссаси” мавзуларида бадиий кеча  бўлиб ўтди. Унда билим юрти мудири З. Мирсодиқов, мудир муовини А. Ғаниев, билим юрти мударрислари, ҳодимлари  ва барча талабалар иштирок этди. Тадбирга  навоийшунос олим, Алишер Навоий номидаги Тошкент Давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети проректори, филология фанлари доктори Абдулҳай Собиров таклиф этилди. Тадбирни маънавият ва маърифат ишлари бўйича мудир муовини  А. Ғаниев кириш сўзи билан очиб берди.

Тадбирда устоз Абдулҳай домла сўзга чиқиб, буюк мутафаккирларимизнинг қолдирган мерослари биз учун тенгсиз хазина эканлигини, уларни ўрганиб ҳаётга тадбиқ этиш кераклигини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, юртимизда бундай мутафаккирларимизнинг ижодларини ўрганишга бўлган эътибор юқори даражада эканлиги ва бу борадаги қилинаётган ишлар ҳақида сўзлаб бердилар. Шунингдек, маърузачи Навоийнинг “Сирожул-муслимийн”, “Макоримул ахлоқ” асарларини, пайғамбарлар тарихига бағишланган “Тарихи анбиё ва ҳукамо” асарлари ҳақида батафсил маълумотлар бериб ўтдилар. Навоийнинг “Лисон ут-тайр” асари Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш йўлларини образлар орқали ёритиб берилганини талабаларга тушунтириб берди. Шунингдек, “Бобурнома” асари ҳам тарихий-мемуар асар эканлиги, унда тарих, география, адабиёт ва бир қанча фанлар ва соҳалар жамланган қимматли асар эканлиги таъкидланди. Тадбир давомида бу буюк мутафаккирларимизнинг ижодларидан намуналар тингланди.

Шундан сўнг билим юрти талабалари ўзлари тайёрлаган чиқишларини намойиш этишди. 3-курс талабаси Ихтиёр Комилов ва 4-курс талабаси Аҳмаджон Абдураззоқовлар буюк мутафаккирларимиз ижод намуналаридан ғазал, рубоий ва шеърлар ўқиб бердилар. Билим юрти талабалари томонидан тадбирга бағишлаб буюк мутафаккирларимиз сиймолари акс этган деворий газета (баннер)лар тайёрланди. Адабиётимизнинг етук намояндалари ҳисобланган бу буюк алломаларимизнинг қаламига мансуб асарлар ва бу буюк алломаларга атаб ёзилган бадиий адабиётлар кўргазмаси ташкил этилди.

Тадбир  сўнгида билим юрти мудири З. Мирсодиқов ташриф буюрган меҳмонга миннатдорчилик билдириб ўтди ва билим юрти номидан эсдалик совғалари топширди. 

 

А. ҒАНИЕВ,

 Маънавият ва маърифат масалалари

бўйича мудир муовини

Страница 7 из 129
Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…