muslim.uz

muslim.uz

11 июль куни «Масжид ва мадрасалар учун китоб акцияси» доирасида Сирдарё вилоятининг Боёвут туманидаги 15 та масжидга жами ҳисобда 18 млн сўмлик 40 турдаги 735 та китоб етказиб берилди.

Масжидларнинг ҳар бирига юртимизда нашр этилган Қуръони карим ва «Мен ҳам намоз ўқийман» китоблари уч донадан, «Муаллими соний» ва «Одам ато ва Момо ҳаво» китоблари икки донадан, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қаламларига мансуб «Қуръони карим маънолар таржимаси», «Одоблар хазинаси» тўплами, «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга содиқ Муҳаммад Содиқ», «Бахтиёр оила», «Ижтимоий одоблар», «Ислом тарихи» тўплами, «Амаллар ниятга боғлиқ», «Бозор ва унга боғлиқ масалалар», «Дин насиҳатдир», «Фолбинлик, сеҳргарлик, жин чиқариш ишларининг ҳақиқати», «Енгил амаллар», «Зикр аҳлидан сўранг» китобининг 2-қисми, «Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 12 та жузи, «Ҳалол очиқ ойдиндир, ҳаром очиқ ойдиндир», «Мўминнинг меърожи», «Мўминнинг нажоти», «Мўминнинг қалқони», «Мўминнинг умр сафари», «Очиқ хат» китоблари бир донадан Аллоҳ йўлида вақф мулки қилиб берилди.

Ундан ташқари «Ўкинма», «Иҳё улумиддин», «Қарз», «Ғийбат ўзи нима?», «Қуръон қалблар шифоси», «Енгил амаллар»  китоблари ҳам масжидларга тақдим этилди.

Акциямизнинг биринчи босқичида иштирок этган, уни тарғиб қилган барча-барчага миннатдорчилик билдириб қоламиз!

Шу ўринда яна бир нарсани айтиш керак, масжидлар учун китоб йиғиш акцияси, бу кенг кўламли лойиҳа бўлиб, олдимизда ҳали 2000дан зиёд масжид бор. Ушбу акцияда юртимиздаги барча масжидларни китоб билан бойитиш мақсад қилинган. Азизлар, Аллоҳ йўлида вақф қилиш имконини қўлдан бой бермайлик, Аллоҳнинг уйларини илму маърифатга тўлдирайлик!

Эслатиб ўтамиз, йиғилган маблағлар эвазига Ўзбекистондаги барча масжидларга Қуръони карим ва шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қаламларига мансуб диний-маърифий китоблар етказиб бериш ҳамда намозхонларга қулайлик яратиш мақсадида масжидларда бепул онлайн кутубхона ташкил этиш режалаштирилган.

Сўмда пул ўтказиш учун пластик рақами (исталган миқдорда, чекловлар йўқ):

8600 3104 5763 1232 (Бакиев Ҳаким номида)

Мурожаат учун телефон:

+998974490456 (Темурбек)

+998909074554 (Шавкатбек)

 

"Вақф" хайрия жамоат фонди матбуот хизмати

 

«Мен дунёни кезиб чиқдим ва шунга амин бўлдимки, Европада Ислом бор экан, аммо мусулмонлар деярли йўқ экан, ўз юртимга қайтдим ва кўча тўла мусулмонларни кўрдим-у, Исломни топа олмадим».

Бу – номдор уламолардан бири айтган гап. Таассуфки, ўша зотнинг оти ёдимга келмай қолди. Интернетдан қидирсам, “islom.uz”да ёзилган бир мақоладан шу гапнинг ўзини топдим-у, аммо унда ҳам муаллиф кўрсатилмаган экан. Ҳа, майли, гап муаллифда эмас, гап ана шу иборанинг қанчалик тўғрилигида. Бунинг учун учта мисол келтирамиз, иккитасига бевосита ўзимиз иштирок этганмиз:

Вой, соддагина француз-ай

Яқинда қайсидир сайтда “Ҳар кимда инсоф бўлсин!” деган саравҳали мақолани ўқидим. Унда айтилишича, Парижда бир француз чол машина бошқариб бораётиб йўл четида турган машинани қириб олибди. Кейин машинасидан тушиб қирилган машина эгасини қидирибди, одамлардан суриштириб ҳам топа олмабди. Кейин бир қоғозга: “Муҳтарам юртдошим, машинангизни бехос қириб олдим, бунинг учун сиздан узр сўрамоқчи эдим, аммо сизни топа олмадим. Сиздан илтимос, мени чақиринг, машинангизни таъмирлаш харажатларини тўлаш учун ўша заҳоти етиб келаман, қуйида менинг манзилим”, деб яшаш жойи ва телефон рақамини ёзиб, машина ойна артгичига қистириб қўйибди.

Айбдоргина юнон ва жентельмен яҳудий

Истанбулнинг гавжум кўчаларидан биридан Оқсаройга қараб юриб бораётган эдим, ортимдан бир ёши улуғ киши ҳансираб югуриб келди. Кейин қўл тутиб кўришиб мени сояга тортди. Ҳол-аҳвол сўрашганимиздан сўнг:

– Қаерликсиз? – деб сўради.

– Ўзбекистонликман, – деб жавоб бердим.

– Ооо, Ўзбекистон! Ажойиб, ажойиб! Мен юнонистонликман, менга бир ёрдамингиз керак. Йўл бўйида тўхтаб турган бир машинанинг орқасидан келиб уриб олдим. Излаб-излаб эгасини аранг топдим. У исроиллик экан. бир-биримизни тушунмаяпмиз. Шунга таржимонлик қилиб юборинг, илтимос, – деди. У туркчада жуда кучли акцентда гапирар эди.

– Мен яҳудий тилини билмайман-ку, яна қайси тилда гапирар экан? – деб сўрадим.

– Русчани озгина тушунар экан, – деди.

– Ҳа, бу тилни мен ҳам озроқ тушунаман, юринг-чи, – деб у айтган жойга бордик. Кўчанинг юзида олтмиш ёшлар атрофидаги бир одам турибди. Иссиқда қора костюм-шим кийиб, бўйинбоғ тақиб олган бечорага қараб раҳмим келиб кетди. У ҳам мени халоскорона кўргандек, қучоқ очиб қарши олди. Танишдик, одатдагидек, юртимизни сўрадик. У одам ўзиям рус тилининг яҳудийча шевасида гапирар экан, бир гап айтса анча вақт ўйлаб туриб тушуниб олишингиз керак бўлади.

Ширинкаломлар ниҳоясига етиб, бевосита масалага келганимиздан кейин у:

– Мен жентельменман, менга 100 доллар берса бўлди, – деди. Юнонга унинг гапини айтган эдим. У шартта чўнтагидан 100 евро чиқариб берди-да:

– Бу 120 доллар бўлади, мен розиман, олаверсин, – деди.

Яҳудий:

– Евро бизнинг мамлакатда ўтмайди, менга доллар берсин, – деди.

Юнон менга:

– Сизнинг мамлакатингизда евро ўтса, мана шуни сиз олинг-да, унга 100 доллар беринг, – деди.

Мен:

– Унда сизнинг ҳаққингиз менга ўтиб қолади, ана банкка киринглар бир зумда алмаштириб беради, – дедим.  Сўнгра: агар қаршимизда турган банкка кирсалар, бу ерда алиштириб бермайди, иккаласи яна овора бўлади, яхшиси, уларни ўзим эргаштириб бора қолай, деб ўйладим-да, уларни “хорижий валюта” деб номланган банкка бошлаб бордим. Бир зумда пулни алмаштириб олишди. Иккаласи ҳам мамнун бўлиб қўл бериб хайрлашиб кетишди.

Ўшанда агар юнон яҳудийни излаб топиб келмаганида яҳудий машинасини ким қириб олганини ҳеч қачон билмас эди, барака топсин, юнон яхши одам экан, деб қўйдим.

Энг қизиғи, бу ҳодиса мусулмон ўлкасида бўлаётган эса-да, воқеа иштирокчилари яҳудий ва насроний бўлиб, улар ҳар қандай инсоннинг ҳаваси келадиган даражада мулойим муомала қилаётган эди.

Машинамнинг ойнасини синдирган ким?

Масжидга пешин ўқигани кирдик. Автотураргоҳ лиқ тўлган экан, наиложликдан бир “малибу”нинг қаршисига тўхтадик. Орада “Малибу” бир оз қийналиброқ чиқадиган жой қолди.

Пешинни ўқидик, кейин жаноза бўлди. Уни ҳам ўқидик. Сўнгра машинамга қараб келаётиб узоқдан бир одам машинамнинг тепасига, ойналарига шапатилаб уриб, балонларини тепаётганини кўрдим. Уни бетоқат қилмаслик учун узоқдан бўлса ҳам бошқарув пульти билан машинани очдим. Машина эшигининг очилганини кўрган киши орқасига ўгирилиб, “Сизникими?” деб сўради. Бош ирғаб “ҳа” ишорасини қилдим. “Чиқиб олайлик”, дея ўт олиб турган “малибу”га ишора қилди. Яна бош ирғаб машинага ўтирганим заҳоти машинанинг олдинги ойнасида бир нечта ёриқ пайдо бўлганини кўрдим. Ёриқлар сигнализация тугмачасининг устидан бошланган эди. Тураргоҳда тош қаердан келиб тегиши мумкин? деб ҳайрон бўлдим. Машинани орқароққа олай-чи, кейин уни тепкилаб, дўппослаб ётган анови “малибу”чидан сўрарман, деган хаёлда орқароққа юрган эдим ҳамки, “малибу” жойидан учиб чиқиб кетиб қолди.  Нима қилишни билмай ҳайрон бўлиб қолдим. Кейин ёрилган ойнани яматиш учун устага бордим. Уста ойнага қаради-да, “Бу ойнани алмаштираверинг, ака!” деди. Мен “Тураргоҳда турганда тош тегибди”, дедим. У ойнанинг ичкарисини ва ташқарисини қўллари билан силаб кўриб: “Бунга тош тегмаган, тош тегса ойна ёрилиб кетади-ю, аммо текис туради. Сизнинг ойнангизнинг бир тарафи пасайиб кетган. Демак, бу кучли зарб билан босилиб кетган (мушт еган экан-да, деб қўйдим ичимда). Ҳозир тепага кетиб қолмаслиги учун бир ямоқ қилиб бераман, лекин кўпга чидамайди, тезлаштириб ойнани алиштириб олинг”, деди.

Хулоса

Юқоридаги икки ҳодиса ғайридинлар ўртасида, ибодатхонадан узоқ жойларда, руҳонийлар, раввинлар ўртасида эмас, оддий инсонлар орасида содир бўлмоқда. Учинчи воқеа эса азалдан мусулмонлар ўлкаси бўлиб келган юртда, масжидда, намозхонлар ўртасида юз бераётир.

Биз, одатда, ўзимизнинг ҳолимизни ривожланган давлатлар, хусусан, Ғарб давлатлари билан қиёслаймиз. Аммо гувоҳи бўлганингиздек, ҳалолликда, кимсанинг ҳаққини ҳурмат қилиш борасида бизнинг намозхонларимиз уларнинг оддий одамлари билан ҳам беллаша олмайди.

Минг йилликлар тарихида инсонлар бошига қачонки, турли-туман кўргуликлар, шўришлар ёғилган бўлса, қайси жамият бир жойда депсиниб туриб қолса, уларнинг ҳаммаси динга амал қилмаслик, ҳалол-ҳаромни фарқламаслик, кишининг ҳаққидан қўрқмасликдан келиб чиққан.

Ҳақиқатан, динимизга амал қилганимизда ўша француз қилган ишни биз қилган, бизнинг қилган ибратли ишларимизни бошқа динга мансуб оммавий ахборот воситалари ҳайратга тушиб ёритган бўлмасмиди! Аммо, афсуски, бугун унинг буткул тескариси юз бераётир.

Бундан бир неча йил бурун АҚШга хизмат сафарига бориб келган бир ҳамкасбимиз айтган эди: “Улар Исломга биздан кўра ҳақлироққа ўхшайди: давлатига ҳурмат, ватанига садоқат, саҳархезлик, ҳалоллик, поклик, ростгўйлик, инсонни ҳурмат қилиш... масалаларида биздан анча илгарида. Бир хонадонда қолдик. Хонадон соҳиби: “Эрталаб қай пайт уйғотай?” деб сўраган эди. Мен: “Саккизда”, десам ҳуши бошидан учди – улар бешда туришар экан. Улар фақат намоз ўқишни билмас экан, холос. Агар намозни ўрганиб олса, биздан минг карра зўр мусулмон бўлади.

Ҳа, дарвоқе, уларга қўлда нарса сота олмайсиз, минг карра арзон айтсангиз ҳам олмайди. Чунки қўлда сотиладиган нарсани таклиф қилган одамга улар: “Солиғини қандай тўлайман?” деб савол беради”.

Биз эса солиқ тўламасликнинг йўлларини қидирамиз ва бунинг учун ҳар қандай қинғирликларга ҳам тайёр турамиз, жумладан, намозхонларимиз ҳам.

Нима учун Ислом ўлкаларида нотинчлик? Нима учун мусулмонлар хору забун? Нима учун  мусулмонлар бошқа дин ўлкаларига  бориб уларнинг энг оғир ва хатарли ишларини қилиб юрибди? Чунки мусулмонлар Қуръони каримда кўрсатилганидек, бир-бирига қўлдош бўлиш ўрнига бири иккинчисини алдаш, фириб бериш, кўзига чўп тиқиш каби ишлар билан машғул. Қўшниси бир қултум сувга зор бўлиб турган диндошларимиз сурув-сурув самолётларда сайр қилиб, дунёнинг энг қиммат меҳмонхоналарида кўнгилхушлик қилиб ётибди. Аллоҳ таоло Ўзининг ваъдасига мувофиқ, амрларига итоат этмаган қавмларни хор қилиб қўймоқда. Бунда бошқа ҳеч қандай сир-синоат йўқ.

Буни қаранг, одам намозга келаман деб бошқа ишларини йиғиштириб, таҳорат олади, иссиқ ҳавода машинасига миниб хийла йўл босиб келади, саждага борганда бошига иссиқлик сабабли қон қуйиладиган ҳолатда машаққат тортиб намоз ўқийди. Масжиддан чиққанидан сўнг эса доимий қинғирлигини қилиб кетаверади. Бу ибодатдан не маъни?!

Қуёшга сиғинадиган японларнинг гапига шубҳа билан қараш уларда инсоннинг шаънини таҳқирлаш билан баробар саналади. Чунки улар асло ёлғон гапирмайди. Ўша юртга бориб келган бир мусулмон дўстимиз эса, “Японларни алдаб кетиш жуда осон экан”, деб қайтиб келди. 

Ай, биродар! Аллоҳ таолога сиғинамиз десаг-у, Унга садоқатимиз Қуёшга сиғинган одамчалик бўлмаса, бошимизга бало тошлари ёғилмаганига шукр қилиб бошимиз ҳар доим саждада туриши керак эмасми! Шу амалимиз билан бизга япон тараққиёти сари йўл бўлсин...

Давлатимиз раҳбари нима учун Ўзбекистонда ислом цивилизацияси маркази, Халқаро ислом академияси, Мир Араб олий мадрасаси, ҳадис, ақида, фиқҳ, калом, тасаввуф ва бошқа илмий марказларни ташкил этишга бош бўлдилар. Чунки кўп йиллик мустабид замон таъсирида ибодатимиз бошқа-ю, амалларимиз бошқача бўлиб қолган эдики, ҳамон ўша иккиликдан халос бўлиб ололганимиз йўқ.  Ушбу илмий даргоҳлари бизга исломий руҳиятимизни қайтариб бермоғи даркор. Ана шундагина ҳақиқий мўмин-мусулмон бўлиб, намозимизни асраб одоб-ахлоқ, ҳалоллик, поклик, бировнинг ҳаққидан қўрқиш, биримиз иккинчимизга ёрдамчи бўлиш борасида барчадан илгарилаб оламиз ва барқарор тараққиёт йўлига тушиб ҳаммани ортда қолдириб кетамиз.

Дамин ЖУМАҚУЛ

Сизга ҳар бир қилган қилмишингиз жавоби, албатта, ўзингизга қайтажагини ҳаётим мисолида сўзлаб бермоқчиман. 80 ёшга киргунимча бирорта гуноҳим ва савобим Унинг эътиборидан четда қолмаганини ҳис қилдим. Исбот сифатида ваҳшиёна қотиллик қилганимни айтиб бераман. Олтмиш беш йил ўтса-да, у кунларни бир лаҳза ҳам эсдан чиқарганим йўқ. Бу ўй мени ҳануз таъқиб этади, жазосини 65 йилдан бери ўтайман.

Олийгоҳни битириб, 22 ёшимда турмушга чиқдим. Тез орада қиз фарзандли бўлдим. Аммо мен болага меҳр қўймадим. Унинг ҳаловатимни бузиши, йиғлаб асабимга тегишига тоқат қила олмас эдим, айниқса, уни эмизишни сира тасаввур қила олмас эдим. У менга талпинарди, мен эса...

Чақалоғим очиққанидан тинимсиз йиғларди, қайнонам ва турмуш ўртоғимнинг: “Болани эмиздингми, нега бунча йиғлаяпти?” дейишларига жавобан: “Ҳа эмиздим, ўзидан ўзи йиғлаяпти деб, овозини улар эшитмаслиги учун эшик, деразаларни ёпиб, ҳатто оғзини ҳам бир-бир қўлим билан беркитиб нафасини қайтарардим. Йиғлай-йиғлай ҳолдан тойган чақалоқ чарчоқнинг зўридан оч бўлса-да ухлаб қоларди. Бир парча гўшт бўлишига қарамай, очликдан қийналиб, изтироб чекишига эътиборсиз ва раҳмсиз бўлдим. Оч қолдирганим эвазига бола туғилганининг учинчи куни азобланиб жон таслим қилди. Бу гуноҳимни ҳеч ким билмади...

Йиллар ўтиб кетма-кет уч ўғиллик бўлдим. Турмуш ўртоғим 35 ёшида оламдан ўтди. Учала ўғлимга бор меҳримни бериб катта қилдим. Аммо фарзандларим бемеҳр ва шафқатсиз бўлиб улғайди. 50 ёшимда хотини ўлган бир қассобга иккинчи бор турмушга чиқдим. У яхши феълли одам эди. Беш йиллик турмушимиздан сўнг қазо қилди. Наиложликдан катта ўғлимнинг уйига бордим. Бир вақтлар жажжи қизалоғимни қандай оч қолдирган бўлсам, мени ҳам болаларим шундай оч қолдирди. Келинларимнинг муносабати эса ўғилларимдан ҳам ўтиб тушарди. 80 ёшдан ошган кампир бўлсам, бир ишни эвидан чиқмасдим. Ҳатто ўғлим аёвсиз калтакларди ҳам. Опам раҳматликнинг келини мени кўришга келиб: “Сизни ўзим билан олиб кетаман”, деб қолди. Чунки ўғлим мени молхонага кўчириб қўйган эди. У мени ювиб-тараб, иссиқ-иссиқ овқат билан танамни қувватга келтирди. “Уйимнинг тўри сизники, хижолат бўлманг”, деган сари кўзимдан ёш дув-дув тўкиларди. Опам ўлгунча мен ўлсам бўлмасми-ди, дердим. Келинпошшанинг менга раҳми келиб кўзига ҳатто ёш келганда: “Мен шу муносабатларга лойиқман, деб дилимнинг четида менга тинчлик бермаётган сиримни очдим. “Мен қотилман!. Агар ўша қизимни ўлдирмаганимда ҳозир сизни ёшингизда бўлиб, менга меҳр кўрсатган бўлармиди?”

Уни бир ҳўплам сутга, яъни ўзининг ҳақи бўлган ризқига зор қилиб ўлдирдим. Жавобига ўзим очлик азобини бошимдан ўтказдим. Буни бировга айтиб шикоят қилмадим. Негаки, бу менга Аллоҳнинг жазосидир...

Кўп нарсаларни кеч тушундим, эсиз...

Тақдирнинг илоҳий амрлари – савоб ишларга мукофот ва ажри, гуноҳларга эса жазоси муқаррарлигини билганимда умримни бу тарзда ўтказмаган бўлардим.

 

Нилуфар БОЗОРБОЙ қизи

оққа кўчирди

Куни кеча Тошкент вилояти Оҳангарон тумани «Хонобод» жоме ‎масжидида «КИТОБ САЙЛИ» бўлиб ўтди. Унда “Мовароуннаҳр”, “Янги аср авлоди” ва  “Ҳилол – Нашр” нашриётларининг китбо ва медиа маҳсулотлари тақдим этилди. Китобсевар мухлислар маҳсулотларни нашриёт нархида харид қилиш имконига эга бўлдилар.
Китоб шайдолари ушбу тадбирдан жуда мамнун эканликларини билдирдилар. Сайл қизғин руҳда ва кўтаринки кайфиятда кун мобайнида давом этди.

 

ЎМИ Тошкент вилояти вакиллиги 

Воскресенье, 08 Июль 2018 00:00

Савол-жавоб: Эҳтиромга сазовор макон

Cавол: Қуръони каримда келган “Машъарул Ҳаром” ибораси ҳақида маълумот берсангиз.

Жавоб: Бу ибора Қуръони каримда бир ўринда келган: “Раббингиздан (ҳаж мавсумида тижорат билан) фазл тилашингизда сизларга (ҳеч қандай) гуноҳ йўқдир. Арафотдан тушганингизда, Машъари Ҳаромда (Муздалифада) Аллоҳни (талбия, таҳлил, такбир, сано билан) зикр этинг! У сизларни гарчи илгари адашганлардан бўлсангиз-да – ҳақ йўлга ҳидоят қилгани каби, сизлар ҳам Уни ёд эти­нгиз!” (Бақара, 198).

“Машъарул Ҳаром” Муздалифадаги “Жабали Қузах” номли, устида “Мийқада” деб аталувчи тош бўлган тепалик ва унинг атрофидир. У эҳтиромга сазовор жой эканидан “Ҳаром” деб сифатланади (Тафсири Насафий).

Top