muslim.uz

muslim.uz

Четверг, 17 Ноябрь 2016 00:00

Уруш! Номинг ўчсин жаҳонда ...

Дамашқда истиқомат қилаётган саккиз яшар Мария исмли қизалоқ ўзининг чизган расмлари билан минглаб инсонлар қалбини ларзага келтирди. Қизалоқ ёш бўлишига қарамай юртининг тинч бўлиши ҳақидаги истакларини расмлар орқали таъсирли тарзда ифодалаган.

Қизалоқнинг отаси Бассем Баргути: “Минг афсуски, қизим тинчлик нима эканлигини билмай улғаймоқда. Сурияда уруш бошланган вақтда қизим эндигина уч ёшга тўлган эди”, деди.

Қизалоқ Мариядан уруш нима? деб сўралганда, “Инсонларнинг бир-бирларига нисбатан меҳр-оқибатсиз бўлишлари”, деб жавоб берди.

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

Четверг, 17 Ноябрь 2016 00:00

Ярим финал брифинги

Жорий йилнинг 16 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг кичик мажлислар залида футбол жамоалари ўртасида ярим финал учун ёрдамчи ҳакамлар ва гуруҳ сардорлари иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Унда жорий турнирнинг ярим финалида ўзаро куч синашадиган жамоалар аниқлаб олинди. Шунингдек, ўйинларни юқори савияда ўтказиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Ўтиш ўйинида “Бухорий авлодлари”  –  “Минор” жамоалари ўртасидаги беллашув ғолиби, ярим финалнинг 4-жамоаси сифатида қуръа натижасига кўра, “Кўкалдош” жамоаси билан куч синашади.

Қуръанинг қолган натижалари қуйидагича:

“Ҳазрати Имом” -   “Мовароуннаҳр”

“Кўкалдош” – (ўтиш ўйинидаги ғолиб жамоа)

 

Эслатиб ўтамиз, навбатдаги ўйинлар жорий йилнинг 18 ноябрь (жума) куни бўлиб ўтади.

 

ЎМИ ахборот хизмати

 

2016 йил 14 ноябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли тумани Таҳиятош шаҳридаги «Сариқ эшон» жоме масжидида тумандаги имом-хатиб, имом-ноиб ва мутаваллилар иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиётининг йиллик иш режа ижроси, имом-хатиблар томонидан олиб борилган маънавий-маърифий тадбирлар ва масжидлардаги ободонлаштириш ишлари муҳокама этилди. Йиғилишни Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Ш. Бауатдинов бошқариб борди. Йиғилиш давомида 2017 йилда бажариладиган ишлар режаси ва қўшимча масалалар кўриб чиқилди.

Шунингдек, “Сариқ эшон” масжидидаги ободонлаштириш ва таъмирлаш ишларига яқиндан ёрдам берган ҳомийларга миннатдорчилик билдирилди. Йиғилиш якунида иштирокчилар масжидда қилинган таъмирлаш ишлари билан яқиндан танишди.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Қорақалпоғистон Республикасидаги вакиллиги

Четверг, 17 Ноябрь 2016 00:00

Оқибати хайрли эмас!

Жорий йилнинг ноябрь ойи бошида Тошкент вилояти Бекобод шаҳри Ёшлар марказида шаҳар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари, шаҳар бош имом-хатиблиги ва рус проваслав черкови ҳамкорлигида “Ёшларни “оммавий мадиният”ни тарғиб қилиш воситаларидан огоҳ қилиш” мавзуида тадбир ўтказилди. Унга маънавий тарғибот йўналишидаги ходимлар ҳамда мактаб ўқувчилари жалб қилинди. Тадбир аввалида “Хэллоуин – ўзи нима” номли ҳужжатли фильм намойиш этилди. “Нўъмон ибн Собит” жоме масжиди имом-хатиби Э. Ҳамидов хэллоуиннинг келиб чиқиши, тарихи ҳақида тўхталди. Мазкур маросим ҳеч қайси миллат маданияти, шунингдек, ҳеч қайси диннинг маросимларига кирмаслигини, “оломонча маданият”ни тарғиб қилиш воситаси эканлигини таъкидлади. Унинг уюштирилиши оқибатида қанчадан-қанча оммавий тартиббузарликлар, безориликлар келиб чиқиши, уни ташкил қилиш учун кетадиган маблағлар исроф бўлишини ҳаётий мисоллар асосида батафсил тушунтирди. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Тошкент вилояти вакиллиги
Среда, 16 Ноябрь 2016 00:00

“Ла илаҳа иллаллоҳ” фазилати

Ҳозирги кунда баъзи ёшларнинг бу калимани айта олмасликлари жуда афсусланарли бир ҳолдир. Буни айниқса, никоҳ ўқиладиган вақтда яна бир бор кўзга ташланиб қолмоқда. Никоҳ ўқитишга келган баъзи куёвларнинг юзида қандайдир бир ташвиш туради. Ташвиши шуки – “Домлажон мендан нима сўрайсиз?”, дейди. “Сиздан сўрайдиган нарсамиз йўқ”, дейилса, “Мендан калима сўрамайсизми? Шуни сўрамасангиз ҳам бўладими?” -  дейишади. Домла айтиб турса,  у кетидан зўрға такрорлаб айтади. Чунки жаннат калити бўлган бу муборак калимани айта олмайдилар.

Бу калима оддий бир калима эмас, балки энг улуғ калимадир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мен ва мендан олдин юборилган пайғамбарларнинг айтган сўзлари ичида энг афзали “Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарика лаҳу”дир”, деганлар. Демак, Одам атодан то Муҳамммад Расулуллоҳгача келган пайғамбарларнинг оғизларидан жуда кўплаб ҳақ сўзлар чиққан. Мана  шу сўзлар ичида энг афзали “Ла илаҳа иллаллоҳ” экан. Бу муборак калимани “тавҳид калимаси”, “калимаи тоййиба” ва “ихлос калимаси” ҳам дейилади.

Инсон ҳаётида қанча умр кўриб, яхши амалларни бажарган бўлса, қиёмат куни Аллоҳ таоло уни тарозида тортади. “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимаси  тарозининг бир палласига қўйилса-ю, иккинчи тарафига етти қават ер ва етти қават осмон ҳамда улардаги барча нарсалар қўйилса, буларнинг ҳаммасидан “Ла илаҳа иллаллоҳ” оғир келади.

Бу калимани айтиш махсус жой ёки маконга хосланган эмас, балки банда тўхтовсиз равишда такрорлаб турадиган, мислсиз ажр-мукофот олиб келадиган калимадир. Мўмин банданинг тилидан доимо Аллоҳ таолонинг зикри тушмай турса, у банда дунёдаги барча савобли ишларнинг энг яхшисини қилаётган бўлади. Нафақат савоб эгасига айлантиради, ҳатто, инсон бандаликка бориб, бирор гуноҳ амал қилиб қўйган бўлса, бу калима шу гуноҳларини ўчириб юбориши, камчиликларига каффорот бўлиши манбаларда таъкидлангандир.

Ота-она фарзандига “Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ” калимасини гўдаклигиданоқ етказмоқлари жуда муҳимдир. Яъни, “Ла илаҳа иллаллоҳ”ни айтиб, шаҳодат келтирган ва Муҳаммад (алайҳиссалом)нинг пайғамбарликларини тасдиқлаган одам мусулмон бўлади. Кези келганда яна бир гап, бугунги таҳликали бир замонда муқаддас Ислом динини ўзларини ғаразли мақсадлари йўлида қурол қилиб олаётган баъзи адашган тоифалар мана шу муборак калимадан ғаразли мақсадларда фойдаланмоқда. Имоннинг рукни фақат тил билан айтиб, дил билан тасдиқлаш эмас, балки амал ҳам шарт деб, бизнинг ақидамизга зид сўзларни айтмоқдалар. Бу билан одамларни, айниқса, ғўр ёшларни чалғитишга уринаётгани хатарлидир. Ёшларимиз адашганларнинг даволарига учиб қолмасликлари учун энг аввало, эътиқод мустаҳкам бўлишига жиддий эътибор қаратиш лозимлигини ҳаётни ўзи тақозо қилмоқда.

Ватанимиз тараққиёти, халқимизнинг бахт-саодати, ёшларимизни илму фан ва касбу ҳунарли бўлиб етишишлари йўлида давлатимиз томонидан қилинаётган ғамғўрлик билан бирга бу борадаги ота-оналарнинг доимий ҳаракатлари жуда аҳамиятлидир.

Фарзандларимизга шундай тарбия берайликки, улар ўз ота-боболарига, ўз тарихларига, Ватанига, она тилига, ўз миллий сиймоларига, муқаддас Ислом дини таълимотларига содиқ бўлиб етишсин. Зеро, илмли, одобли, фаросатли одам ҳаётда ўз ўрнини топиб олади. Китоблардан ўрганилган маърифий илм қаторида оилада олган ҳаёт илми ҳам уларга сув ва ҳаводек зарур. 

Хулоса қилиб айтганда, ёшларимизнинг ҳар томонлама комил, гўзал хулқли, мустақил фикр ва дунёқарашга эга, турли салбий одат, иллат ва таъсирлардан холи равишда вояга етказишда, албатта, жамоат ташкилотлари, ота-она, маҳалла ва уламоларнинг ўрни беқиёсдир.

Одоб ва ҳусни хулқ соҳиби бўлган ёшларгина илм ва касб-ҳунарда юқори даражаларга эришадилар. Ҳаммаларимизга бу калимани англаб, моҳиятини  тушуниб, ҳаётимизда шу калима асосида яшашликни насиб этсин Аллоҳ таоло ёшларимизни хулқи гўзал ва чиройли одоб-охлоқ билан зийнатлантириб, ота-оналарининг кўзларини  қувонтирадиган фарзандлар  бўлишини насиб этсин!

 

 Жалолиддин Ҳамроқулов

 

 

 

Top