muslim.uz

muslim.uz

Таровиҳ намозининг фазилатлари ҳақида ҳазрати Али (к.в.)дан сўраганларида, ул жаноб шундай дебдурлар:

 

“Пайғамбар (с.а.в.)дан моҳи рамазонда таровиҳ ўқимоқ фазилатлари ҳақида сўрадилар. Расули акрам (с.а.в.) шундай жавоб бердилар:

 

Биринчи кечада таровиҳ ўқиган мўмин онаси туққан кундагидек гуноҳдан чиққай.

 

Иккинчи кечада таровиҳни ўқиса, агар ота-онаси мусулмон бўлса, Аллоҳ таоло уларнинг гуноҳларини мағфират қилур.

 

Учинчи кечада таровиҳни ўқисалар, бир фаришта: “Холис қилғил амални, Аллоҳ таоло мағфират қилди”, деб овоз қилгай, яъни Аллоҳ таоло илгариги гуноҳларингни кечди, деб овоз қилур.

 

Тўртинчи кечада таровиҳ ўқиса, Таврот, Инжил, Забур ва Қуръоннинг савобини топгайлар.

 

Бешинчи кечада таровиҳ ўқиса, Аллоҳ таоло хонаи Каъбанинг ичида, Мадинаи мунавваранинг масжидида ва Масжиди Ақсода намоз ўқигандек савоб бергай.

 

Олтинчи кечада таровиҳ ўқиса, Байтул Маъмурни тавоф қилган кишининг савобини бергай ва тошлару қумларнинг ҳаммаси унинг учун истиғфор айтгай.

 

Еттинчи кечада таровиҳ ўқиса, гўёки у Мусо (а.с.)ни топибди ва Мусо (а.с.)га Фиръавн ва Ҳомонга қарши ёрдам қилибди.

 

Саккизинчи кечада таровиҳ ўқиса, Аллоҳ таоло Иброҳим (а.с.)га бергандек савоб бергай.

 

Тўққизинчи кечада таровиҳ ўқиса, гўёки Аллоҳ таолога
Пайғамбар (а.с.)нинг қилган ибодатларидек ибодат қилибдур.

 

Ўнинчи кечада таровиҳ ўқиса, Аллоҳ таоло унга дунё ва охиратнинг яхшилигини насиб қилгай.

 

Ўн биринчи кечада таровиҳ ўқиса, дунёдан онасининг қорнидан янги туғилгандек бўлиб чиққай.

 

Ўн иккинчи кечада таровиҳ ўқиса, қиёмат кунида юзи ўн тўрт кунлик ойдек бўлиб келгай.

 

Ўн учинчи кечада таровиҳ ўқиса, қиёмат кунида барча ёмонликдан саломат бўлгай.

 

Ўн тўртинчи кечада таровиҳ ўқиса, фаришталар келиб, бул киши таровиҳ намозини ўқиган, деб унга гувоҳлик бергай. Бас, Аллоҳ таоло рўзи қиёматда ҳисоб қилмагай.

 

Ўн бешинчи кечада таровиҳ ўқиса, барча фаришталар, шу жумладан, Аршу Курсийни кўтарган фаришталар ҳам ул кишига салавот юборгайлар.

 

Ўн олтинчи кечада таровиҳ ўқиса, Аллоҳ таоло оташи дўзахдан халос топмоғи ва жаннатга кирмоғига ҳукм қилгай.

 

Ўн еттинчи кечада таровиҳ ўқиса, унга пайғамбарларнинг савобидек савоб берилур.

 

Ўн саккизинчи кечада таровиҳ ўқиса, эй бандаи Худо, Аллоҳ таоло сендан албатта хушнуддир ва сенинг ота-онангдан ҳам розидир, деб бир фаришта овоз қилур.

 

Ўн тўққизинчи кечада таровиҳ ўқиса, Аллоҳ таоло жаннатул фирдавсда мартабаларини баланд қилур.

 

Йигирманчи кечада таровиҳ ўқиса, шаҳид ва солиҳ кишиларнинг савоби берилур.

 

Йигирма биринчи кечада таровиҳ ўқиса, Аллоҳ таоло ул кишига жаннат ичида нурдан бир бино барпо қилур.

 

Йигирма иккинчи кечада таровиҳ ўқиса, Қиёмат куни барча ғам-андуҳлардан омон бўлган ҳолда келур.

 

Йигирма учинчи кечада таровиҳ ўқиса, Аллоҳ таоло жаннатда ул кишига бир шаҳар бино қилур.

 

Йигирма тўртинчи кечада таровиҳ ўқиса, йигирма тўрт дуоси қабул бўлур.

 

Йигирма бешинчи кечада таровиҳ ўқиса, Аллоҳ таоло ул кишидан гўр азобини кўтаргай.

 

Йигирма олтинчи кечада таровиҳ ўқиса, Аллоҳ таоло ул кишига қирқ йиллик савобни ато қилгай.

 

Йигирма еттинчи кечада таровиҳ ўқиса, сирот кўпригидан яшиндек ўтгай.

 

Йигирма саккизинчи кечада таровиҳ ўқиса, Аллоҳ таоло жаннатда унинг даражасини баланд қилгай.

 

Йигирма тўққизинчи кечада таровиҳ ўқиса, Аллоҳ таоло: “Эй бандам, жаннат мевасидан егил, Салсабил сувига чўмилгил, Кавсар сувидан ичгил, мен Парвардигорингдурман ва сен Менинг бандамдурсан”, дегай”.

 

Шайх Абдулазиз Мансур

 

 

 

Вторник, 07 Июнь 2016 05:00

Марҳабо эй ойларнинг султони!

 

الحمد لله رب العالمين والعاقبة للمتقين والصلاة والسلام على خير خلقه محمد

 

 و على أله واصحابه اجمعين

 

أما بعد:

 

Нафсларимиз ва руҳларимизни поклаш учун, охиратга тайёргарликни яна бир бор ёдга олиш учун, дуою илтижоларимизни  мақбул бўлишлиги учун ҳамда Парвардигори оламнинг раҳмати ёғиладиган, гуноҳларимиз мағфират бўладиган ва оташдан қутқариладиган имкониятлари бериб қўйган, Рамазони шариф ойини бизларга фарз қилган Аллоҳ таолога  ҳамду сано бўлсин. Бизларга Муборак ойнинг фарзи, вожиби, суннати ҳамда мусҳатабу макруҳларидан таълим бериб кетган, икки олам сарвари  Пайғамбаримиз Муҳаммад (саллоллоҳу алайҳи васаллам)га дуруду саловатлар бўлсин.

 

Рамазон ойи -  Раҳмат ойидир. Бу ой – мағфират ойидир. Бу ой – барчамизни ҳидоятга чорловчи Қуръони карим нозил бўлган ойдир. Бу ой – тақво ойидир. Бу ой – жаннат эшиклари очилиб, дўзах эшиклари ёпилиб, унинг азоб-уқубатлари тўхтатиладиган ойдир. Бу ой – Хатми Қуръон, таровиҳ ва ифторликлар вақтида мусулмонларни жипслаштирадиган, уларда меҳр-оқибат ришталарини боғлайдиган, хайру эҳсонлар қилинадиган, иймону эътиқод нурлари зиёда қилинадиган ойдир. Бу ой –  тоат-ибодат, қут-барака, файзу футух ёғиладиган ойдир. Бу ой - саҳоватпешаларнинг закот берадиган ойидир..

 

Аллоҳ таоло Қуръони каримда Рамазон ойини васф қилиб шундай марҳамат қилади:

 

شهر رمضان الذي انزل فيه القران هدى للناس و بينات من الهدى و الفرقان...

 

(سورة البقرة/185).

 

яъни: “Рамазон ойи - одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир...” (Бақара сураси, 185).

 

         Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадисда: “Иброҳим алайҳиссаломга саҳифалар Рамазон ойининг биринчи кечасида, Мусо алайҳиссаломга Таврот олтинчи кечада, Исо алайҳиссаломга Инжил ўн иккинчи кечада нозил қилингандир”, - дейилади (Имом Аҳмад ривояти). Бошқа бир ҳадисда эса: Кимики Рамазон ойи келишидан шодланса, Аллоҳ таоло унинг жисмини дўзах ўтига ҳаром  қилади”, - деганлар.

 

          Пайғамбаримиз Муҳаммад (сав) муборак ҳадисларидан бирида: “Эй инсонлар! Буюк ва муборак бир ойнинг сояси устимизга соя солиб турибди. Бу ойда шундай бир улуғ кеча борки, у бошқа ойларнинг мингтасидан хайрлидир. Аллоҳ уни рўзасини фарз, тунги ибодатини эса нафл қилди. Ким бу ойда хайрли ишлар қилса, бошқа ойлардаги фарз қилинган ишларни бажарган каби бўлади. Ким бу ойда фарз ишларини амалга оширса, бошқа ойлардаги 70 та фарзни амалга оширган каби бўлади. Бу ой сабр ойидир, сабрнинг мукофоти эса – Жаннатдир”.

 

Рамазон ойида Аллоҳ таоло томонидан бандаларига кўплаб марҳаматлар кўрсатилади. Жумладан, Пайғамбаримиз (сав)дан ривоят қилинишича: “Рамазон ойининг биринчи кечаси кирганда шайтонлар кишанланади, дўзах эшиклари маҳкам қулфланади, жаннат эшиклари эса очиб қўйилади. Аллоҳ таоло ҳар кеча уч маротаба: Ҳожатларини сўровчилар борми, раво қилсам? Тавба қилгувчилар борми, тавбаларини қабул қилсам? Истиғфор айтгувчилар борми, гуноҳларини мағфират қилсам, дейди. Рамазон ойида ҳар куни, жумъа кунларида эса ҳар соатда минглаб дўзахийларни азобдан халос этади. Рамазоннинг охирги куни эса, Рамазон ойи давомида қанча кишини азобдан халос қилган бўлса, шунча кишини халос этади” – деганлар.

 

Пайғамбаримиз алайҳиссалом биз умматларини Рамазон ойининг фазилатидан унумли фойдаланиб қолишга тарғиб қилиб, шундай марҳамат қилганлар: “Рамазон кунларида тўртта амални кўпроқ қилиб юришга ҳаракат қилинг. Зеро, бу тўрт амалнинг иккитасини бажариш билан Раббингизни рози қиласиз, қолган иккитасидан эса Сиз беҳожат эмассиз. Раббингизни рози қиладиган икки амал, бу – “Ла илаҳа иллаллоҳ” ҳамда “астағфируллоҳ” калималари, Сиз беҳожат бўлмаган икки нарса эса, Аллоҳдан Сизни жаннатга дохил қилишини ва дўзахдан паноҳ беришини сўрамоғингиздир”.

 

Бу ойда Аллоҳ таоло “Қадр кечаси”ни бандаларга берган. Бунинг савоби минг ойга тенгдир. Саҳобалар Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) га аввалги умматларнинг умри узоқлиги, улар кўпроқ ибодат қилиб, Аллоҳ таолога яқин бўлганлари ҳақида айтишганда, пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.): “Сизларда Рамазон ойида бир кеча борки, у кеча минг ойга тенгдир. Ўтган умматлар қилган савобли ишларни, сиз Аллоҳ таолодан сўранг, бир кечадагина қабул бўладиган амалларни кўпайтиринг. Ана шунда сизларни амалларингизни умри узоқ бўлиб яшаб ўтган аввалги умматлар эришган савобли амалларга тенглаб қўйилади-ку!”, деб марҳамат қилганлар.

 

Олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, минг ой 83,5 йилга тенгдир. Дейлик, тўрт  йил Рамазон рўзасини тутиб, Қадр кечасини файзу баракотидан баҳраманд бўлсак, Аллоҳ таоло дуоларимизни ижобат қилган бўлса, тўртни 83,5 га кўпайтиринг! 334 йилга тенг бўлади. Мана бизларга ўтган умматлар узоқ яшаб қилган амалларина тенг савоб. Мана биз Муҳаммад (с.а.в.) умматларига Аллоҳнинг марҳамати. Ҳаттоки, баъзи ўтган пайғамбар биз каби уммат бўлишликни орзу қилишган экан. Улар: “Кошки, Муҳаммад (с.а.в.) нинг уммати бўлсам. Кошки унинг шафоатидан баҳраманд бўлсам”,- дейишган. Ана шараф, ана ҳурмат. Мана пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) нинг шафоатларининг ҳурмати. Бизлар учун бундан ортиқ бахту саодат бормикан?! Бундан ортиқ даража бормикан?! Бизлар Аллоҳ таоло буюрган амалларни тақводор ҳолда қилсак, у Зот бизларни пайғамбарлар, сиддиқлар, солиҳлар билан бирга қилар экан. Шундай экан, нега Муборак рамазон кириб келса шодланмайлик, нега хурсанд бўлмайлик. Албатта шукр қиламиз, шодланамиз. Чунки, Аллоҳ таоло бизларга яна имконият яратиб бераяпди.  “Эй бандам, дуо қил, дуоларингни илтижо қиламан, мендан сўраганингни сўра, уни  бераман. Истиғфор эт, тавбаларингни қабул қиламан, деб турса-ю, биз нега хурсанд бўлмайлик. Аллоҳнинг меҳрибонлигини қарангки, умримиз мобайнида бундай фазилатли, барокатли ой бир, икки ёки уч маротабагина  келмайди. Бир кишининг умри узоқ бўлса, ҳар йили Рамазон келади. Лекин халқимизда жуда чиройли ибора бор: “Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор”. Аллоҳ таоло бу улуғ кунларга етганларга бу ойнинг  файзу баракотидан насибадор бўлишликни насиб қилсин. Бу улуғ ойда қилган дуоларимизни ижобат қилсин. Бу қутлуғ ва баракотли ойда гуноҳларимиз ювилиб, тавбаларимиз қабул бўлсин. Бу ойнинг фазилатларидан фойдаланиб, инсонларга кўпроқ яхшилик қилишга шошилайлик. Эҳсонларимиз-закот, фитр садақаларимизни рўзамиз қабул бўлиши учун тезроқ ҳақдорларга етказайлик. Тоат-ибодатларимиз, хайрли амалларимиз, тутаётган рўзаларимиз риёдан ҳоли бўлсин. Амалларимиз холис Аллоҳнинг розилиги учун бўлишини Яратгандан сўрайлик. Аллоҳ таоло Рамазони шарифни юртимизга хайрли келишини, халқимиз ризқу рўзи баракотли бўлишини, соғлик саломатликда рўза амалини адо этишликни насиб қилсин. Бу улуғ кунларга етолмаган барча ўтган яқин мўмин ва мўминаларни, муслим ва муслималарни Аллоҳ таоло Ўз раҳматига олган бўлсин. Бу ойга эсон-омонлик, тинчлик-хотиржамликда етишишимизни Яратган насибу рўзий айласин. Барчаларинмизга ойлар султони  Рамазон муборак бўлсин!

 

 

 

 

 

                                                Зарифа Маҳкам қизи

 

Пятница, 19 Июнь 2015 00:00

Рўзага оид масалалар-3

 1.                Оғиз сўлагини ташқарига чиқармай ютиб юборса рўзаси очилмайди. Сўлакни оғзидан ташқарига чиқариб, сўнгра қайта оғзига солиб ютса, рўзаси очилади (“Фатовойи Оламгирия”). 

2.                Оғзини сув билан чайгандан кейин қолган сув юқини сўлагига қўшиб ичига ютиб юборса, шунингдек, димоғига келган бурун суюқлигини томоғига тортиб юборса, рўзаси очилмайди (“Фатовойи Оламгирия”, “Муҳит”).

 

3.                Рўзадор тишлари орасида қолган таом қолдиқларини ютса, улар нўхотдан катта бўлмаса, рўзаси очилмайди. Аммо тишлари орасида қолган таом қолдиқларини ташқарига чиқариб, сўнгра қайта оғзига солиб ютса, нўхотдан кичик бўлса ҳам рўзаси очилади. Каффорат вожиб бўлиш бўлмаслигида ихтилофли фатволар мавжуд. Вожиб бўлмаслигига фақиҳ Абу Лайс Самарқандийдан ривоят бор (“Фатовойи Оламгирия”).

 

4.                 Рўзадорнинг томоғига чанг, тутун, пашша, чивин каби нарсалар кирса, рўзаси очилмайди. Шунингдек, рўзадор кундузи эҳтилом бўлиб қолса ҳам рўзаси очилмайди (“Фатовойи Оламгирия”, “Мухтасар”).

 

5.                Рўзадорнинг бир икки томчи кўз ёши ёки юзидан оққан тер оғзига кириб, томоғидан ўтиб кетса, рўзаси очилмайди. Аммо бу миқдордан зиёд бўлиб, оғзида кўпгина шўрликни сезса рўзаси очилади (“Фатовойи Оламгирия”). \

 

6.                 Баданнинг табиий майда тешикчаларидан (икки махраждан бошқа) кирган сув каби нарсалар билан рўза очилмайди. Кўзига дори томизганда гарчи томоғида унинг таъми, мазаси билинса ҳам рўза очилмайди (“Фатовойи Оламгирия”).

 

7.                 Газлама тўқувчи рўзадор иш жараёнида бўялган ип толаларини оғзига солганида кўкми, қизилми, сариқми ёки бошқа рангларми оғзига юқиб, сўлакларига аралашиб томоғидан ўтиб кетса, рўзаси очилади (“Фатовойи Оламгирия”).

 

8.                 Рўзадорнинг тиши қонаб, у қонни ютиб юборса, каффоратсиз қазонинг ўзини тутади. Тиш милкидан чиққан қонни сўлак билан бирга қўшиб ютиб юборса, қон билан сўлакдан қайси бири ортиқ ёки кам миқдорда бўлишига қаралади. Агар қон ортиқ бўлса ёки сўлак билан баробар бўлса, рўза очилади. Борди-ю сўлак ортиқ бўлса, рўза очилмайди (“Фатовойи Оламгирия”).

 

9.                 Фитр садақаси вожиб бўлган киши уни ўз вақтида адо эта олмаса, зиммасидан соқит бўлмайди. Уни барибир адо этиши лозим бўлади (“Ҳидоя”).

 

Фатво ҳайъати

 

 

Вторник, 07 Июнь 2016 05:00

Рўзани бузмайдиган амаллар

- рўзадор бармоғи ёки намланган пахта билан қулоғини тозаласа, рўзаси  очилмайди. Зеро, қулоқ пардаси бирон бир нарсани бош томонга ўтказмайди;

  

- рўзадор аёлни гинеколог кўриги рўзаси бузмайди;

 

- ички бавосил (геморрой)  ва  қошиқ билан томоқни текшириш ҳам рўзани бузмайди;

 

- тери остига  (ёнбошга)  қилинган укол, эмлаш ҳам кўпчилик фуқаҳолар наздида рўзани бузмайди;

 

- рўзадор боши ёки бошқа аъзоларидан қон олдирса рўзаси очилмайди;

 

- рўзадор остини (маҳражини) ювиб, уни қуритмай ўрнидан туриб кетса рўзаси бузилади. Чунки қолган сув ичига кетиб қолиши мумкин. Агар ювгандан кейин орқасини бирор нарса билан артиб, ўрнидан турса рўзаси бузилмайди;

 

- рўзадор аёл пахтани жинсий аъзосига қўйиб, уни ичига киритиб юборса рўзаси бузилади, пахтанинг бир тарафи ташқарида турса рўза бузилмайди;

 

- рўзадорнинг орқасига термометр ёки ҳароратни ўлчовчи тиббий жиҳозни киритилса рўза очилмайди;

 

- эркак ва аёлнинг орқаси ҳамда олди томонидан тиббий боғлама муолажалари киритилса рўза бузилади.

 

- рўзадорнинг териси орқали кирган нарса рўзасини бузмайди. Агар сувнинг совуқлигини ичида сезса ҳам рўзаси очилмайди. Шу каби юз терисини ёғласа ёки сурма қўйса рўза бузилмайди, агарчи оғзида унинг таъмини сезса ёки тупигида рангини кўрса ҳам;

 

-   Дори сотувчи дорихонадаги дориларнинг таъми ва ҳидларини сезса ҳам рўзаси бузилмайди;

 

-   Рўзадор қулоғига ихтиёрсиз кирган сув рўзани бузмайди, аммо қасддан сув киритса рўзаси очилади;

 

-   Рўзадор тамаки ҳидини қасддан ҳидласа ёки ичига киритса, шубҳасиз рўзаси очилади ( “Раддул муҳтор” китоби);

 

Рўзадор оғзини хурмо, ҳўл ёки қуруқ мевалар билан очиши суннат. Сув билан ҳам очиш жоиз. Бир оз тамадди қилгандан сўнг шом намозини адо қилиш суннатга мувофиқдир.

 

Фатво ҳайъати

 

Пятница, 19 Июнь 2015 05:00

Закот беришга оид фатволар

Закот, каффорат, фитр садақаси, ушр, назр каби тўловларда бериладиган нарса ёки ҳайвон ўрнига уларнинг қиймати миқдорида пул билан тўлаш ҳам мумкин. (Фатовойи Оламгирия”)

 

2. Туялардан закот берилганда эркагидан эмас, урғочисидан берилади. Қўйлардан берилганда эса, эркак-урғочисининг фарқи йўқ. (“Фатовойи Оламгирия”)

 

3. Бойдан закот пули (қирқдан бир) миқдорида қарзи бор камбағалга ўша пулни закот нияти билан ҳадя қилиб юборса, закотга ўтмайди. Қарзни ундириб олишнинг шаръий йўли қуйидагича: Унга закот нияти билан пул бериб, сўнгра қарзини ундириб олади. (“Сирожия”)

 

4. Қўлида ярим нисоб бойлиги бўлиб, одамларда ҳам ярим нисоб миқдорида қарзга берган пули бор одам зиммасига закот беришлик вожибдир.   (“Фатовойи Баззозия”)

 

5. Бир неча ҳовлиси, дўконлари ва кўп миқдорда ғалласи бўлса ҳам ўзи ва оиласининг бир йиллик харажатига етиб етмай турган бўлса, шундай одам ҳам закот олиши жоиз. Бу имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳи сўзларидир.      (“Фатовойи Баззозия”)

 

6. Фиқҳ илми билан шуғулланадиган олимнинг уйидаги китоблари жуда катта маблағга тенг бўлса ҳам агар улардан фойдаланиб туришга муҳтож бўлса, бу китоблардан закот бериши вожиб эмас. Лекин зарур бўлмайдиган китобларнинг қиймати нисобга етса, улардан закот бериши вожибдир. (“Фатовойи Оламгирия”).

 

7. Қарздор узоқ жойга қочиб кетса, қаралади – агар қарз берган одам уни топиб келишга қодир бўла туриб, ҳаракат қилмаса, закот соқит бўлмайди. Топиб келишга имконияти бўлмаса, ундаги қарз пулдан закот бермайди.                    (“Фатовойи Оламгирия”).

 

8. Закотда йил ҳижрий-қамарий сана билан ўлчанади (354 кун). Йилнинг боши ва охирида закот нисоби мавжуд бўлиб, ўртасида нисобдан камайиб туриши закотнинг соқит қилмайди. (“Фатовойи Оламгирия”).

 

9. Йил давомида фойда ва қўшимча даромадлар нисобга етган бойлигига қўшилади. Нисобга етмаган бойлигига қўшиб ҳисобланмайди. Агар нисобга етмаган молига янги даромадни қўшганида нисобга етадиган бўлса, қўшиб шу кундан бошлаб йил ўтишини кутади. (“Фатовойи Оламгирия”).

 

10.    Бировга омонатга пул қўйгандан кейин ўша одам ким эканини унитиб қўйган бўлса, закот берадиган вақти ўтиб кетганидан кейин омонат сақловчи одамнинг кимлиги эсига келса ва у нотаниш одам бўлса, ўтган йил учун закот бермайди. Борди-ю, у одам эскидан ўзининг таниши бўла туриб, эсидан чиқарган бўлса, эсига тушгандан кейин ўтган йил учун закот беради. (“Фатовойи Баззозия”).

 

11. Бир неча ҳовлиси, дўконлари ва кўп миқдорда ғалласи бўлса ҳам ўзи ва оиласининг бир йиллик харажатига етиб-етмай турган бўлса, шундай одам ҳам закот олиши жоиз. Бу Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳи сўзларидир. (Фатовойи Баззозия”).

 

12. Закотни қарздор кишига бериш уни фақир кишига бергандан кўра яхшироқдир. (“Фатовойи Баззозия”).

 

13. Ҳовлидаги мевали дарахтларнинг мевасидан ушр берилмайди, балки даласидаги – боғидаги дарахтларнинг мевасидан ушр берилади. Зеро, ҳовлидаги нарсалар ундаги иморатларга тобе ҳисобланиб, улардан закот ёки ушр олинмайди. (“Фатовойи Баззозия”).

 

14. Бойлигини даладаги ерига яшириб кўмиб қўйиб, сўнгра бир неча йил топа олмай юргандан кейин топса, ўтган йиллар учун ундан закот берилмайди. Аммо уйининг бирор жойига яшириб қўйган бойлигини бир неча йил топа олмай юрган одам топгач, ўтган йиллар учун учун ундан закот беради.  (“Фатовойи Қозихон”).

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари  идораси

фатво ҳайъати

 

Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…