muslim.uz

muslim.uz

WAM амирлик ахборот агентлиги пойтахтимизда бунёд этилаётган Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази қурилиши ҳақида хабар тарқатди, деб хабар бермоқда "Дунё" ахборот агентлиги.
Нашрда Марказ директори Шоазим Миноваровнинг сўзларига таяниб хабар берилишича, марказнинг ўймакор гумбази энг катта гумбаз, мажмуанинг ўзи эса Марказий Осиё минтақасида энг йириги ҳисобланади. У амирлик компаниялари билан ҳамкорликда қурилмоқда.
Бу гумбаз остига ҳозирда Тошкентдаги Ҳазрати Имом мажмуасида сақланаётган Усмон бин Аффон Қуръони Каримнинг асл нусхаси қўйилади.
Марказ директори WAM агентлигига ислом тарихининг энг атоқли олимлари, жумладан Имом Ал-Бухорий, Имом ат-Термизий, Имом ал-Мотуридий, Ибн Сино, ал-Хоразмий, Баҳоуддин Нақшбанд ва бошқаларнинг 100 мингдан ортиқ тарихий қўлёзмалари сақланишини маълум қилди.
Таъкидландики, марказ раҳбари БААнинг кўплаб ислом мамлакатларида амирликлар ичида ва ташқарисида замонавий технологиялар марказларини яратиш орқали инсоний ва тарихий меросни сақлаб қолиш борасидаги саъй-ҳаракатларини, шунингдек, умумий гуманитар ва маданий лойиҳалар доирасида икки мамлакат делегацияларининг ўзаро ташрифларини юқори баҳолади.
Марказ араб тили ва Қуръони каримни ўқитиш орқали ислом динининг ҳақиқий таълимотларини ва бирга яшаш тушунчасини келажак авлодларга етказишга интилишини, шунингдек, ўзбек олимлари меросига тегишли диний қўлёзмаларни қайтариш устида иш олиб бориши қайд этилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Дастурхон ёзиб одамларга таом улашиш эҳсон ҳисобланади. Эҳсонннинг эса савоби улкан.

Халқ орасида турли сабаблар билан эҳсон дастурхони ёзилади. Тўйлар, ифторлик, аза маросимлари ва бошқа муносабатлар билан элга таом улашиш шулар жумласидан. Аввало, бирор эҳсон қилмоқчи бўлган киши ўша маросими шариатга мувофиқми ёки зид эканлигини яхши англаб олиши зарур. Маййитлар учун қилинадиган биздаги маросимларни ҳеч бири шариат кўрсатмаларида зикр қилинмаганини эслатиб ўтиш жоиз. Тўғри, маййит ҳаққига хайр-эҳсон қилинса бунинг манфаати ўтган кишига етиб бориши Ҳадиси шарифларда таъкидланган.

Аммо уч кунлик, йигирма, қирқ, йил оши каби маросимларни ўтказиш урф тарзида оммалашган. Гўёки ушбу маъракалар ўтказилмаса, бўлмайди, деган тушунча, одамлар гап сўз қилишади деган ҳадик билан қилиниши ойдек равшан бўлиб қолган. Ваҳоланки, маййит ҳақига хайр-эҳсон, аввало, таом бўлиши шарт эмаслиги, бу каби маросимларни одамларнинг гапи учун эмас, холис Аллоҳ йўлида эҳсон сифатида қилиниши, кун санаб эмас, балки ихтиёрий равишда қанақа бўлмасин хайр қилиш мақсадга мувофиқлигини, афсуски, кўпчилик тушуниб етмаяпти.

Бошқа вилоятга танишлариникига таъзия билдиришга борган бир ҳожи акамиз, уларда маййит учун алоҳида маърака қилинмаслигига, балки имконият бўлганда бирор жонлиқ сўйиб, гўштини муҳтожларга ва етимларга тарқатиб беришларини гувоҳи бўлган экан. Ҳа, марҳумлар ҳақига эҳсон қилишнинг намунаси мана шундай бўлиши керак. Йўлларни таъмирлаш, кўприк қуриш, сув, электр тармоқларини таъминлашда муҳтож кишиларга кўмаклашиш, талабаларнинг ўқув шартнома пулларини тўлаб бериш каби ишлар айни савоби буюк амаллар эканини таъкидлаб ўтмоқчимиз.

Никоҳ ва бошқа муносабатлар билан бўлиб ўтаётган тўйларимиз ҳам ачинарли ҳолатда, десак муболаға бўлмайди. Тўйларга жуда кўп сарф-харажат қилинадиган бўлиб қолди. Бу эса айни исрофдир. Аслида тўй яқинларни чақириб, икки ёш учун дуо олиш мақсадида қилиниши керак. Бу ўринда ҳам исроф қилиш нотўғри. Чунки Аллоҳ таоло “Аъроф” сурасининг 31-оятида: “Аллоҳ исрофгарларни суймас”, деб огоҳлантиради.

Бизнинг тўйлар саодат асридаги тўйлардан жуда катта фарқ қилади. Ҳадисларда баён қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг катта тўйлари Зайнаб онамизга уйланганларида бўлган. Ўшанда битта қўй сўйган эканлар. Энди буни бизнинг тўйлар билан солиштириб кўраверинг.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилган: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳуда сариқ (ранг) асарини кўриб:

“Бу нима?» дедилар.

“Эй Аллоҳнинг Расули, бир аёлга данак вазнидаги тилло (маҳр бериб) уйландим», деди у.

“Аллоҳ сенга барака берсин! Бир қўй билан бўлса ҳам валийма қилгин”, дедилар”.

Бешовлари ривоят қилганлар.

Эътибор берайлик, бу воқеада ҳам Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳу уйланганларида Набий алайҳиссалом бир қўй сўйиб тўй қилишини таклиф қилганлар. Афсуски, бугунги тўйларимизнинг тури ҳам кўпайиб бормоқда. Таклиф этилганлар сони, дастурхонга тортилаётган ноз-неъматларнинг хилма-хиллиги, уй жиҳозлари, келин-куёвга ҳозирланаётган сарполарнинг ўта қиммат ва ҳаддан зиёдлиги инсоф кўзи билан қараган кишини ажаблантиради. Буларнинг бариси исроф, дабдабабозлик, кимўзарга иш қилиш, фахраланишдан ўзга нарса эмас.

Биз бу иллатлардан ўз вақтида ўзимизни қайтармасак, оқибати яхшилик бўлмаслиги, охиратда ҳам иқоб борлигини халқимизга тушунтириб боришимиз лозим.

Тўй ва маросимларни ихчам ва ортиқча исрофгарликсиз тарзда ўтказиш борасида аҳли илмлар, имом-хатиблар ва отинойилар томонидан масжид қавмлари ва маҳалла-кўйдаги тадбир ва маросимларда аҳолига тушунтириш ишлари олиб борилаяпти. Матбуот ва ижтимоий тармоқлар орқали чиқишлар қилиб, ояти карима, Ҳадиси шариф ва салафи солиҳлар ҳаётидан намуналар асосида жамоатчиликка тўғри йўлни англатишга ҳаракат қиляпмиз. Бу борада маҳалла, ёшлар уюшмаси ва бошқа мутасаддилар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Аҳолига бирор маърака ўтказишдан олдин албатта маҳалла оқсоқоллари ва фаоллари ҳамда масжид ходимлари билан бамаслаҳат иш кўришларини тавсия қилмоқдамиз. Имом хатиб ва отинойилар жойлардаги никоҳ уйларида бўлиб, никоҳдан ўтиш учун ариза билан мурожаат қилган ёшларга тўйларни рисоладагидек ўтказиш, ортиқча орзу ҳавасларга берилмаслик, никоҳ ва оила мавзуларида суҳбат қилмоқда.

Дабдабали тўйлар учун қиладиган сарф-харажатларимизни ихчамлаштириб, барпо этилаётган ёш оиланинг келажаги учун сарфлаб, ушбу ёш оилага кейинги ҳаётига ёрдам берсак нур устига аъло нур бўлади, иншааллоҳ.      

 Зайниддин Эшонқулов,

Ўзбекистон мусулмонлар идораси вилоят вакили, вилоят бош имом-хатиби.

Имом Бутий раҳимаҳуллоҳ
Абдуллоҳ Ғуломов таржимаси

 

Ушбу китобда Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Доримийнинг «Сунани Доримий» асарида зикр этилган илмнинг фазилати, одоб-ахлоқ, сабрли бўлиш, яхшилик қилиш, савдо-сотиқ муносабатлари, мерос ҳуқуқи ва Қуръон фазилатлари каби сайланма ҳадислар жамланган.
Китоб олимлар, мутахассислар, тадқиқотчилар ҳамда кенг жамоатчилик учун мўлжалланган.

Китоб номи: Сунани Доримийдан сайланма ҳадислар

Муаллиф: Имом Доримий

Саҳифалар сони: 644 бет
Бичими: 70х100 1/16
Муқоваси: Қаттиқ
Алифбоси: Кирилл

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 18 июндаги 03-07/3931-сонли хулосаси асосида нашрга тайёрланди.

Мурожаат учун: (66) 240-20-19

Батафсил: ? https://www.bukhari.uz/?p=25313 

Франциянинг «Sortir à Paris» нашрида «Ўзбекистон воҳаларининг улуғворлиги: бизни ғаройиб саёҳатга олиб борадиган Лувр музейидаги кўргазма» сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Нашр жорий йил 23 ноябрдан 2023 йил 6 мартгача Лувр ўз меҳмонларига Ўзбекистон воҳалари улуғворлигини кашф қилиш учун ажойиб экспозицияни тақдим этишини маълум қилган.
«Лувр музейига келиб, Марказий Осиёнинг юрагига саёҳат қилинг, - деб ёзади «Sortir à Paris». – 2022 йил 23 ноябрдан 2023 йил 6 мартгача Лувр бизни Ўзбекистон воҳаларининг улуғворлиги, Эрондан Хитойгача бўлган буюк цивилизациялар маданияти ва санъатига бағишланган ажойиб кўргазмага таклиф қилади. Париж музейи залларида 180 га яқин асар намойиш этилади. Уларни яқинда қайта таъмирланган ва фақат Ўзбекистон, Европа ҳамда Америкадаги баъзи муассасаларда тақдим этилган ишлар ташкил қилади. Кўргазма бизни сўнгги 16 аср давомида яратилган санъат асарлари билан танишишга чорлайди».


Мақолада кўп сонли ҳайкаллар, заргарлик буюмлари, кулолчилик маҳсулотлари, қадимий санъат асарлари, кийим-кечаклар ва бошқа асори-атиқалар Ипак йўлидан Уйғониш давригача, жумладан, ислом динининг 7-асрда Марказий Осиёга кириб келиши билан боғлиқ тарих ҳақида ҳикоя қилади, деб таъкидланган. Кўргазма мундарижаси минтақанинг узоқ мозийга бориб тақаладиган маънавий бойлиги намуналари билан яқиндан танишиш имкониятини тақдим қилади.
“Савдо-сотиқ, маданиятлар ва динларнинг тарқалиши Ўзбекистон воҳаларидан ўтган турли цивилизацияларга ранг-баранг бўлиш, маърифий озуқаланиш ва бойишга имкон берди, - дейилади нашрда. - Бу йўллар бўйлаб турли халқлар ва мамлакатлар бир-бирига таъсир ўтказган ҳамда ушбу ажойиб ўзаро таъсир ўтказиш намунасини Луврда намойиш этиладиган бебаҳо меросда кўриш мумкин бўлади. Кўргазманинг ҳар бир бўлими ноёб артефактларни тақдим қилади. Уларнинг бир қисми Ўзбекистондан ташқарида биринчи марта намойиш этилмоқда. Шундай қилиб, биз Амир Темур мақбараси эшиги, Франция Миллий кутубхонасининг Мўжизалар китоби, Варахшодаги подшоҳлар қароргоҳлари деворий суратлари ва бошқа асарлар сизда ҳайрат уйғотиши аниқ”.


Мақола муаллифи ўқувчиларни бундай ноёб имкониятни қўлдан бой бермаслик ва, албатта, кўргазма билан танишишга чақирган. «Мазкур саёҳатни давом эттириш учун Париж Араб дунёси институтида бўлиб ўтадиган «Самарқандга йўл. Ипак ва олтин мўъжизалари» кўргазмасига ҳам келинг», деб ёзади «Sortir à Paris».

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Top