muslim.uz

muslim.uz

Вторник, 13 Апрель 2021 00:00

Муборак ойлар муборак бўлсин!

Барча юртдошларимизни ҳам самимий муборакбод этиб, Яратган Меҳрибон Парвардигоримиздан муборак ойларнинг файзу илоҳий, хайру баракотларидан халқимизни баҳраманд этишлигини Меҳрибон Парвардигоримиздан сўраб қоламиз...

Аллоҳ Таборака ва Таоло Ўзининг буюк иродаси ва чексиз ҳикмати тақозосига кўра, Ўзи яратган махлуқотларини фазл ва устунликда бир-биридан фарқли ва тафовут қиладиган қилиб яратган. Баъзи маконларни бошқасидан, айрим замонларни ўзгасидан ортиқ ва афзал қилиб қўйган. Бу ҳам бўлса, Худои Таолонинг биз бандаларига марҳаматли зот эканлигидандир! Аллоҳ Таоло кунлар орасидан баъзиларини танлаб олиб, уларни эзгулик мавсумлари, тоат ва ибодат кунлари, қурбат ҳосил қилиш вақтлари қилиб белгилади. Булар йил мобайнида ҳадя тариқасида берилган кунлардир! Булар – Парвардигори олам Аллоҳ Таоло томонидан бандаларга ато этилган раҳмат шаббодаларидир! Ким уларга эътибор бериб, яхшиликларидан баҳраманд бўлиб қолса, ўша икки дунёда ҳам ҳақиқий бахтиёр кишидир!

Жумладан, Аллоҳ Таборака ва Таоло муборак Рамазон ойини бошқа барча ойлардан олий ва муфаззал қилди. Уни кўплаб буюк фазилатлар ва улуғ имтиёзлар билан хослади. Масалан, исломнинг беш асосий ва фазилати улуғ, буюк рукнларидан бири бўлган рўза ибодати айнан шу ойда амалга оширилади, динимизнинг энг мўътабар манбаси Қуръони карим ҳам муборак Рамазон ойида нозил қилинган. Бу ҳақида Аллоҳ Таборака ва Таоло Бақара сурасининг 185 ояти каримасида шундай марҳамат қилади:

 “Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир. Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Кимки бемор ёки сафарда бўлса, (тута олмаган кунларининг) саноғи бошқа кунлардандир. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди”.

      Демак, ушбу ойнинг энг улуғ фазилати бу ойда рўза тутиш орқали Аллоҳ Таолога қурбат ҳосил қилинар экан.  Зеро, рўза ибодати билан нафс тарбияланади, шаҳвоний ҳою-ҳаваслар жиловланади. Рўза тутиб, инсон комил хулқларга эга бўлади. Комил хулқли инсонлар яшаган жамиятда осуда ва тинч-осойишта ҳаёт ҳукм суради.

Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Насоий ва Имом Аҳмадлардай буюк зотлар Жаноб Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган Ҳадиси қудсийда Аллоҳ Таоло: “Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен – Ўзим берурман”, – деб марҳамат қилган. Аллоҳ таоло барча солиҳ, хайрли, савобли, яхши ва чиройли амаллар ичидан фақатгина рўзани Ўзи учун танлагани бу ибодатнинг нечоғлик улуғ эканлигига далолат қилади.

Жаноб Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Кимки Рамазон рўзасини имон-эътиқод ва Аллоҳдан савоб умид қилиб тутса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади”, деганлари ҳам бу ойда тутилган рўзанинг ажри, Худои Таоло томонидан бериладиган савоби ва унинг аҳамияти нақадар улуғлигини англатади.

Жаноб Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бешта кечани бедор ўтказса, жаннат унга вожиб бўлади – тарвия, арафа, қурбонлик, фитр ва Шаъбоннинг ўн бешинчи кечаларидир”, – дедилар.

Худои Таборака ва Таоло ҳеч бир нарсани беҳикмат яратмаган... Одам боласи тўққиз деганда мукаммал инсон бўлиб дунёга келади.

Ислом динимизнинг бош манбаи, инсониятнинг Қиёматгача ҳаёт дастури – Қуръони карим – Рамазон ойида нозил бўлган. Шу сабаб ҳам Рамазон – Қуръон ойидир! Қуръон карим билан рўза ойи орасидаги мустаҳкам алоқа ва боғлиқликни муборак Рамазоннинг илк куни кириши биланоқ ҳар бир мусулмон киши ўз қалбининг туб-тубидан ҳис этади. Ва ўта кучли муҳаббат ва катта қизиқиш билан Аллоҳ Таолонинг улуғ Китобини мутолаа қилишга киришади. Унинг оятлари борасида тафаккур юритади, Унда келтирилган қиссалару хабарлардан ибрат олади. Масжидлар намозхонлар ва Қуръон тиловат қилувчилар билан тўлиб кетади. Дунёдаги бор масжидларда Қуръони карим хатми бошланади. Юртимизда ҳам, айниқса таровеҳларда, Қуръон хатмига алоҳида аҳамият берилади.  Ва бу ҳолат бутун оламга муборак Рамазон ойи  Қуръон ойи эканлигини баралла эълон қилади.

Тафсир китобларида келишича, Қуръони карим муборак Рамазон ойининг муборак Қадр кечасида Лавҳул маҳфуздан дунё осмонига туширилган. Сўнгра, йигирма уч йил давомида воқеа ҳодисалар ривожига мувофиқ равишда бўлиб-бўлиб Жаноб Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга индирилган.

Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда Қуръонни Жаброил алайҳиссалом назоратларидан тўлиқ ўтказиб олар эдилар. Бу улуғ фаришта билан биргаликда Қуръони каримни дарс қилардилар. Вафот топадиган йилларида эса, Қуръони каримни Жаброил алайҳиссаломдан икки марта ўтказиб олганлар.

Ўтган улуғ зотларимиз ҳам бу муборак ойда Қуръони карим учун алоҳида эътибор ва вақт ажратганлар. Фақиҳ олимлар ҳам бу ойда илм билан шуғулланишни бутунлай йиғиштириб ёки камайтириб, Қуръон мутолаасига иқбол этганлар. Манбаларда келишича, Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳу Қуръони каримни ҳар куни ўқиб туширар эдилар. Бошқа баъзилар Қуръони карим қироатини уч кунда ниҳоясига етказар эдилар. Яна бирлари бир ҳафтада хатм қилсалар, бошқалар ўн кунда ўқиб битирар эдилар. Қатода раҳимаҳуллоҳ Қуръонни доимо ҳар етти кунда хатм қилсалар, муборак Рамазон келганда ҳар уч кунда ўқиб туширар, охирги ўн кунлик кирганда эса ҳар кечада хатм қилардилар. Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ муборак Рамазон ойида Қуръони каримни олтмиш марта хатм қилардилар. Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ Рамазон ойи кирганда ҳадис илми ва уламолар билан бўлган илм мажлисларини тўхтатиб, Қуръон қироатига юзланар эдилар.

Шундай экан, биз ҳам бу ғанимат ой давомида хатми Қуръонга ошно, тиловатини эшитувчи бўлсак, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Муборак Рамазон ойи қадимдан ўзаро меҳр-оқибат, кўмак ва ёрдам ойи ҳисобланиб келган. Мууборак Рамазони шариф ҳар бир эзгу амал учун савоблар бир неча баробар кўпайтириб бериладиган ой эканлиги боис ҳар бир мўмин-мусулмон банда бу фурсатлардан фойдаланишга ҳаракат қилади, муҳтож кишиларга қўлидан келганча кўмак беради. Бу ойнинг баракасидан ҳар бир уй баҳраманд бўлиб, мўминлар қалбига хурсандлик ва шодлик кирсин учун одамлар алоҳида Рамазонга хос хайру эҳсонлари билан бир қаторда закотларини ҳам шу ойда берадилар.

Салмон Форсий разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ алайҳиссаломдан ривоят қилган ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Эй инсонлар, буюк ва муборак ой сизларга яқин келди... Бу ойда ким Аллоҳга яқинлаштирадиган эзгулик қилса, ундан бошқа ойда адо этган бир фарз даражасини топади ва бу ойда бир фарзни адо этган киши бошқа ойда етмиш фарзни адо этган каби бўлади... Бу – кўмак ва ёрдам ойидир! Бу ойда мўминниг ризқи кўпайтирилади. Бу ойда ким бир рўзадорга ифторлик берса, гуноҳларига мағфират бўлади, дўзах ўтидан ўзини қутқаради ва рўзадорнинг ажридек ажрга эга бўлади. Рўзадорнинг ажридан эса ҳеч нарса камаймайди”.

Шунга биноан, ҳар биримиз аввало аҳли оиламизга, сўнг яқинларимиз, қўни-қўшниларимиз орасидаги эҳтиёжманд кишиларга саховат кўрсатсак, фазилати янада улуғ бўлади.

Аллоҳ Таборака ва Таолонинг фаришталарининг энг улуғлари Жаброил алайхиссалом айтадилар:

"Агар Аллоҳ менга дарё, денгиз, океанларда қанча сув борлигини санаб кел, деса, санаб кела оламан.

Агар саҳрою, чўлларда қанча тупроқ зарраси борлигини билиб кел, деса, билиб кела оламан.

Агар дунёдаги ҳамма ўсимлик ва дарахтлардаги баргларини сонини санашни буйирса, уддасидан чиқаман...

Лекин Муҳаммад саллаллоху алайҳи васалламнинг рўзадор умматларига бериладиган савобини санай олмадим!"

Бизнинг жонажон диёримизда ҳар йили муборак Рамазон ойи муносабати билан уни муносиб ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида муҳтарам Президентимизнинг махсус қарорлари чиқади. Жойларда ушбу қарорнинг ижроси юзасидан қатор амалий ишлар қилинади. Жумладан, тв ва радио орқали юртдошларимизга бу муборак ва улуг ойнинг фазилатлари ҳақида кенг маълумотлар берилиши, эҳтиёжманд кишиларнинг ҳолидан хабар олиниши, саховатпеша халқимиз ҳам яхшилик қилишга бел боғлаб, муҳтожлар ҳолидан хабар олишлари ҳам шу жумласидандир.

 

Иброҳимжон ИНОМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

Буюк Британиялик Аиша Розали Туркияга сафаридан сўнг ислом динини қабул қилиб, актрисалик фаолиятига нуқта қўйди. Qalampir.uz бу ҳақда Анадолу ахборот агентлигига таяниб хабар бермоқда.

Истанбулга саёҳатидан кейин ислом динини қабул қилган Аиша Розали аслида Буюк Британияда, атеист оилада туғилган. Унинг энг катта орзуси актриса ёки режиссёр бўлиш эди, чунки талабалик давридан бошлаб у кинематография соҳасида ишлаган

Розали кўплаб фильмларда роль ижро этган, бир қатор сценарийлар ёзган ва ҳатто, фильмга режиссёрлик қилган. У Лос-Анжелесда таълим олган ва бир мунча вақт АҚШда яшаган. 22 ёшида Розали Туркияда келган ва бу унинг ҳаётида бурилиш нуқтаси бўлган. Истанбулда қўрқувига қарамай, Султон Аҳмад масжидига боришга қарор қилган. Ғарбнинг исломга қарши ташвиқоти туфайли у масжидда қўпол муомала қилинишидан қўрқарди. Бироқ у дуч келган муҳит қизда чуқур таассурот қолдирди.

“Мен Туркияга дин излаб келганим йўқ. Googleда Истанбулда кўриш мумкин бўлган диққатга сазовор жойларни қидирганимда, Султон Аҳмад масжидини топдим. Уни кўздан кечирмоқчи бўлдим. Бироқ мени қўрқув босди: тўсатдан улар менга бақириб, ғазабланишса-чи? Менда мусулмонлар ҳақида ёмон тасаввур бор эди, чунки улар ҳақида фақат оммавий ахборот воситаларидан ўқиганман. Шунга қарамай, барибир у ерга боришга қарор қилдим. Масжидга кирганимда одамлар жамоат намозини ўқиб бўлишган экан. Атрофда ибодат қилаётганлар бор эди. Намоз ўқиётганларни томоша қилдим ва масжид ичидаги гўзаллик ва тинчликдан ҳайратландим. Ҳеч ким менга бақирмади, ҳеч ким менга зарар бермади, мен шунчаки ҳайратда қолдим”, – дейди у.

Розалининг айтишича, шундан кейин у исломни жиддий ўрганишни бошлаган, сўнгра Британияда мусулмон бўлишга қарор қилган. Қиз актриса бўлиш орзусидан воз кечди. Энди 24 ёшни қаршилаган Розали ўзининг YouTube каналида кузатувчиларига ислом дини ҳақида маълумот бериб бормоқда.

"Одамларга ёрдам беришни, уларни динга яқинлаштиришни хоҳлайман. Мен исломни қабул қилган одамлар ҳақида ҳикоя қиламан. Мен одамларга ёрдам бермоқчиман, бу менинг ягона мақсадим. Муваффақиятли бўлишга умид қиламан”, дейди Аиша Розали.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Понедельник, 12 Апрель 2021 00:00

ТАРОВИҲ НАМОЗИ ҚАНДАЙ АДО ЭТИЛАДИ?

Бугун, 12 апрел душанба куни Таровеҳ намозини ӯқиш бошланади.


Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Таровиҳ – истироҳат маъносидаги "тарвиҳа" сўзининг кўплигидир. Тўрт ракат ўқиб, ортидан дам олингани учун бу намоз шундай номланган.
Рамазон ойи фазилатларга бойдир. Унинг фазилатларидан бири ой давомида хуфтон намозидан кейин таровеҳ намози ўқишдир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам таровеҳ намози ҳақида шундай деганлар:
"إِنَّ اللهَ فَرَضَ صِيَامَ رَمَضَانَ وَسَنَنْتُ لَكُمْ قِيَامَهُ فَمَنْ صَامَهُ وَقَامَهُ إِيْمَاناً وَاحْتِسَابًا خَرَجَ مِنْ ذُنُوبِهِ كَيَوْمٍ وَلَدَتْهُ أُمُّهُ" (رواه الإِمامُ النسائى عن عَبْدِ الرَّحْمَنِ ابن عوف، رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ).
яъни: “Аллоҳ таоло Рамазон рўзасини фарз қилди ва мен унинг қиёмини сизлар учун суннат қилдим. Кимки имон ва ишонч билан, савоб умидида рўза тутса ва кечалари қоим турса, онадан туғилган кунидагидек гуноҳлардан пок бўлади” (Имом Насоий ривоятлари).
Рамазоннинг кечаларида қоим бўлиш, деганда таровиҳ намозини адо этиш тушунилади. Демак, ихлос билан савоб умидида Рамазон рўзасини тутиб, таровиҳ намозларини ўқисак, Рамазон ойи тугаши билан онадан туғилган боладек гуноҳлардан фориғ бўламиз, иншааллоҳ.
Таровеҳ намозини ўқиш эркакларга ҳам, аёлларга ҳам таъкидланган суннатдир. Таровиҳни ёлғиз ўқиш мумкин, лекин жамоат бўлиб ўқилса, жамоатга ваъда қилинган ажру савобга эришилади. Икки киши ҳам жамоат ҳисобланади. Қанча жамоат кўп бўлса шунча савоби ҳам кўп бўлади.
Таровиҳ намозига азон ва такбир айтилмайди.
Таровиҳнинг ракатлари: Таровеҳ йигирма ракатдир. Ҳар икки ракатдан сўнг салом берилади. Тўрт ракатдан ўқиш ҳам жоиз. Ҳар тўрт ракат ўқилгандан сўнг тўрт ракат намоз ўқиладиган муддатча дам олиш мустаҳаб. Ушбу истироҳат пайтида тасбиҳ, таҳлил айтиш афзал. Бизнинг юртимизда қуйидагича тасбиҳни уч марта айтиш одат бўлган: Субҳаана зил мулки вал малакут. Субҳаана зил ъиззати вал ъазомати вал қудроти вал кибрияяяи вал жабарут. Субҳаанал маликил ҳаййиллази лаа янааму валаа ямуут. Суббуҳун қуддусун роббунаа ва роббул малааикати варруҳ. Лаа илааҳа иллаллоҳу настағфируллоҳ, насалукал жанната ва наъузу бика минан-наар.
Ушбу тасбиҳни бир киши ўқийди, қолганлар қулоқ солади. Тасбиҳни ёд олгунга қадар китобдан ўқиса ҳам бўлади. Юқоридаги тасбеҳнинг ўрнига киши ўзи билган дуоларини ўқиши ёки жим туриши ҳам мумкин.
Таровиҳнинг вақти – Хуфтон ва унинг суннатидан кейин бошланиб тонг отгунгачадир. Таровиҳни витрдан олдин ўқиш афзал. Витрдан кейин ўқиса ҳам жоиз. Ёлғиз намоз ўқигувчи киши Рамазонда ҳам витрни ёлғиз ўқиши мумкин.
Таровиҳнинг нияти – “Икки ракат таровеҳ намозини ўқишни ният қилдим, юзимни қиблага қаратдим, холисан лиллаҳи таоло Аллоҳу акбар”. Агар имомга иқтидо қиладиган бўлса, ниятга “ушбу имомга иқтидо қилдим” деган жумлани қўшади.
Таровиҳда қироат – Рамазон ойида Таровеҳ намози ўқиш давомида Қуръони каримни бир марта хатм қилиш суннатдир. Қуръони каримни тўла ёд олмаган киши ҳар ракатда “Фотиҳа” сурасидан сўнг ўзи яхши билган сурани ўқиши мумкин, ҳатто “Фотиҳа” сурасидан бошқа фақат битта сурани билган киши Таровиҳнинг ҳар ракатида шу сурани зам сура қилиши мумкин.
Таровиҳ намозини жамоат бўлиб ўқилса, имом овоз чиқариб қироат қилади. Унга иқтидо қилганлар қироат қилмасдан тинглаб туради. Таровиҳни ёлғиз ўқувчи эркак кишилар эса ихтиёрли, хоҳласа овоз чиқариб, хоҳласа овозсиз қироат қилади.
Витр намозини фақат Рамазон ойида жамоат бўлиб ўқилади. Бунда имом витрнинг ҳар уч ракатида жаҳрий қироат қилади. Қунут дуосини имом ҳам, муқтадийлар ҳам ичларида ўқийдилар (“Ал-Фатовол ҳиндийя” ва “Фатҳу бобил иноя” китоблари). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати.

Бугун соат 15:30 да ижоза соҳиби Алижон қори Файзулла Махдум ўғли томонидан видеотасмага ёзилган 30 порали Қуръони карим тиловатининг онлайн тақдимоти muslim.uz сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ўтказилади. Унда ушбу хайрли иш ҳақида батафсил маълумотлар берилади.
Тақдимотда Алижон қори Файзулла Махдум ўғли ва бошқа нуфузли меҳмонлар иштирок этади.

Ҳурматли Қуръон шайдолари, muslim.uz портали жамоаси моҳи Рамазон муносабати билан мухлис халқимизнинг талаб ва истакларини инобатга олган ҳолда ижоза соҳиби Алижон қори Файзулла Махдум ўғлининг Қуръони каримнинг 30 жуз тиловатини ҳар куни саҳарлик чоғида Тошкент вақти билан эрталабки соат 04:00 дан бошлаб, бир порадан намойиш этишни режа қилинган.

Мана шундай ҳузурбахш кунларда Аллоҳ таолонинг каломи тиловатини қуйидаги линклар орқали томоша қилинг! Бу файзли онларни яқинларингиз ва аҳли оилангизга ҳам тортиқ этинг!

Аллоҳ таоло ушбу лойиҳамизни муборак қилсин!

Афғонистоннинг Ҳирот шаҳрида буюк шоир ва мутафаккир, атоқли давлат ва жамоат арбоби Мир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига бағишланган халқаро анжуман бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Тадбирда Навоий меросини ўрганиш бўйича дунёнинг етакчи адабиётшунослари, олимлари, илмий тадқиқотчилари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Ўзбекистондан таниқли навоийшунос олимлар, тадқиқотчилар, филологлар ва Алишер Навоий ижоди билимдонлари қатнашди. Улар ўз чиқишларида улуғ шоир шеърий ва насрий асарларида инсонпарварлик, маърифат, тинчликсеварлик каби юксак умуминсоний ғояларни куйлагани, ўзбек тилининг беқиёс сўз бойлиги ва чексиз ифода имкониятларини бутун жозибаси ва латофати билан намоён этиб, ер юзидаги миллионлаб китобхонлар қалбидан муносиб ва мустаҳкам ўрин эгаллаганини таъкидлади.

Анжуманда Ўзбекистон президенти номидан афғон халқига совға сифатида чоп этилган Алишер Навоийнинг «Хамса» асари тақдим этилди. Уни давлатимиз раҳбарининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Эргашев топширди.

Ўзбекистон делегацияси вакиллари Ҳиротга амалий ташрифи давомида буюк шоир мақбарасини зиёрат қилди. Қуръон тиловат қилиниб, Алишер Навоий қабрига гуллар қўйилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Страница 5 из 693
Top