Мақолалар

Ватан сўзи чуқур маъно мазмунга эга бўлган, муқаддас тушунча бўлиб, Ватан энг аввало ота-боболарнинг покиза хоклари ила шарафланган жойдир. Ватан ҳар бир кишининг ўз қалбидан, виждонидан бошланади. Инсон азиз ва мукаррам қилиб яратилган бўлиб, унинг азиз ва мукаррамлигини ҳам Ватанни севиш, Ватанни қадрлаш ва унинг равнақи  йўлида хизмат этиш каби фазилатларда кўришимиз мумкин. Улуғ донишмандлар айтганидек: «Ватан   бир   боғдир,   Ватаннинг содиқ фарзандлари бу боғни ўз юрак қонлари ила суғормаклари даркордир...».

 Ҳаётда ҳар бир инсоннинг эзгу орзулари бўлади. Айниқса, озод ва обод Ватанда ўсаётган, қалби пок ҳис-туйғулар билан тўлган ёшларнинг орзулари бир олам. Ватанга муҳаббат, ота-онага, эл-юртга беминнат хизмат қилиш, уларнинг олдидаги фарзандлик бурчини сидқидилдан адо этиш шу орзуларнинг энг улуғларидан саналади. Бу орзуга эришиш учун инсон болаликдан бошлаб ўз олдига аниқ мақсад қўйиб, зарур билим, кўникма ва ҳунарларни эгаллаши, жисмонан бақувват, руҳан соғлом бўлмоғи лозим.

    Буюк орзулар буюк интилиш ва ҳаракат, катта куч-қувватни, ирода, сабру матонат ва шижоатни талаб этади. Ана шу ғоят оғир ва мураккаб йўлда Ватанга муҳаббат ҳисси биз ёшларга беқиёс қувват бахш этади. Ватанга муҳаббат — энг муқаддас туйғу ҳисобланди. Шунинг учун ҳам Президентимиз Ислом Каримов бу тўғрида фикр юритиб, «Тарих ҳақиқати шуни кўрсатадики, томирида миллий ғурур, Ватан ишқи жўш урган одамгина буюк ишларга қодир бўлади», деб таъкидлайдилар.

Ҳақиқатан ҳам, агарда тарихга назар ташлайдиган бўлсак, ўз она юртига, Ватанига хизмат қилиб ўтган фарзандлар ҳар бир миллатда эсланиб, уларнинг шу миллатнинг қахрамонлари, керак бўлса, идеал шахслари сифатида мадҳ қилиниб, доимо қалбларда ардоқлаб келинади.

Ватанга муҳаббат оддий инсонларга ҳам улкан куч-қудрат, азм-у шижоат бахш этиб, уларни тенгсиз жасоратларга ундаганига гувоҳ бўламиз. Масалан, биз яхши биладиган Широқ ҳақидаги ривоятни эсга олайлик. Широқ — оддий чўпон. Унинг ҳарбий қурол-яроғи ҳам, аскари ҳам йўқ. Фақат қалбида ўз Ватанига чексиз муҳаббати бор, холос. Ана шу буюк туйғу уни она юртига тиш-тирноғигача қуролланиб, мўри малахдек ёпирилиб келаётган сонсиз-саноқсиз ёвга қарши якка-ю ёлғиз курашга чиқишга чорлайди. Широқ ўзининг душман қўлида ўлишини олдиндан билади. Лекин бу ўлим халқининг энг улуғ мақсади — Ватан озодлиги учун, унинг ҳимояси йўлидаги шарафли ўлим эканини у яхши англайди ва ушбу йўлни танлайди. Широқ ўз жони эвазига қанча-қанча юртдошларини ўлимдан, ёвга қул бўлишдан, шаҳар-қишлоқларни эса вайронагарчилик, талон-торождан сақлаб қолади. Яна бир муҳим томони — у ўз қаҳрамонлиги орқали ҳеч қачон зулм ва босқинчилик билан унинг халқини енгиб бўлмаслигини, халқнинг мард фарзандлари бунга асло йўл қўймаслигини исботлайди. Шунинг учун ҳам Шайх Муҳаммад Ғаззолий: “Башар ўз ерига, гарчи у  тап-тақир саҳро бўлса ҳам қаттиқ боғланади. Ватанни севиш инсон руҳиятидаги асл табиатдир. Ушбу табиат ватанда яшашда ҳузур-ҳаловат, ундан узоқ бўлинганда соғинч, ҳужум қилинганда мудофаа ва камситилганда ғазаб ҳисларини пайдо қилади”, деганларида қанчалар ҳақ эканлигини тушуниб етамиз.

   Халқнинг тинч ва осуда ҳаёти, бахт-у саодати мард ва баҳодир фарзандларниниг садоқатига, жасоратига боғлиқ. Жаҳондаги ҳар бир ота-она, ҳар бир халқ катта умидлар билан фарзанд ўстирар экан, уларнинг аввало мард ва ботир, ўз уйи ва юртини ҳимоя этишга қодир инсонлар бўлиб вояга етишини истайди. Дунё халқларининг эртаклари, қўшиқ ва достонларига, оналар томонидан айтиладиган аллаларига эътибор берадиган бўлсак, уларда мардлик ва қаҳрамонлик асосий мавзу эканига ишонч ҳосил қиламиз. Масалан, бизнинг миллий достонларимиз қаҳрамонлари Рустами достон, Алпомиш, Суҳроб, Сиёвуш, Жамшид, Баҳром, Фарҳод каби алп паҳлавонлар дунёдаги кўпгина халқлар учун мардлик ва ботирлик тимсолига айланган. Оналаримизнинг аллаларида қадим-қадим замонлардан бошлаб ўгил болалар «арслоним», «паҳлавоним», «Алпомишим» деган сўзлар билан эъзозланган. «Уч-оғайни ботирлар», «Семурғ ва Бунёд», «Тохир ва Зуҳра» каби эртакларимизда, «Алпомиш», «Гўрўғли», «Кунтуғмиш» сингари достонларимизда мардлик ва эзгулик энг юксак инсоний фазилат сифатида куйланади. Буларнинг барчаси халқимиз учун фарзандларини ҳеч нарсадан қўрқмайдиган, ота-онаси, оиласи, эл юртининг шон-у шарафи, обрў-эътиборини сақлаш йўлида ҳамма нарсага қодир инсонлар қилиб тарбиялаш энг буюк, мақсад болиб келаётганидан далолат беради. Шу руҳда тарбия топган Алп Эртўнға (Афросиёб), Темур Малик, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур каби кўплаб аждодларимиз ўз Ватанини муносиб ҳимоя қилишга қодир эканини тарихда неча бор исботлаб берган. Ҳеч шубҳасиз, шундай улуғ зотларнинг шонли ҳаётлари биз — авлодлар учун мардлик ва Ватанга садоқат намунаси бўлиб хизмат қилади. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов эл-юртимизнинг бой мероси, жумладан, «Алпомиш» достонининг ёш авлод тарбиясидаги беқиёс аҳамиятини таъкидлаб, қуйидаги фикрларни билдирган эдилар: «Халқимизнинг енгилмас баҳодири — Алпомиш тимсолида биз Ватанимизни ёмон кўзлардан, бало-қазолардан асрашга қодир, керак бўлса, бу йўлда жонини ҳам фидо қилишга тайёр азамат ўғлонларимиз — бугунги алпомишларнинг маънавий қиёфасини кўрамиз». Биз, ёш авлод вакиллари Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг ушбу юксак ишончларини оқлаш учун халқимиз хизматига доимо тайёр бўлмоғимиз зарур.

Бугунги нотинч ва мураккаб замонда юртимиздаги тинчлик ва барқарорликни сақлаш, халқ фаравонлигини таъминлаш жуда катта меҳнат ва масъулиятни талаб қилади. Бунинг учун ҳар бир юрт фарзанди ўзини шу юрт тақдирига дахлдор эканлигини қалбдан хис қилган ҳолда ўзининг жамиятдаги вазифаларини тўла адо қилмоқликлари лозим. Зеро, Ватанга хизмат шу юрт фарзандиман деган ҳар бир ўғил - қиз учун энг олий саодатдир.

 

Музаффархон ЖАЛОЛХОНОВ

Имом Фахриддин ар-Розий мадрасаси талабаси

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 14694 times
Tagged under

Мақолалар

Top