Мақолалар

Туя – саҳро кемаси

Туя ажойиб жонивор. Кўзимиз ўрганиб қолгани учун ундан ажабланмай қўйганмиз. У катта ва улкан бўлишига қарамай, тизгинидан тутиб етакласанг, хоҳлаган тарафингга бирга боради. Оғир юкларни бемалол кўтариб, узоқ манзилларга етказади. Устида юки билан ерга енгил чўка олади. Одамлар туянинг устига тахтиравонни уйдек тиклаб, унга озуқа, ичимлик, кийим-кечак, идиш-тавоқлари ва ёстиқларини жойлаб узоқларга йўл оладилар.  Ҳатто туя устига қурилган “уй” нинг шифти ҳам борки, туя ана шуларнинг ҳаммасини чурқ этмасдан кўтариб юришга қодир. Шунинг учун Аллоҳ таоло: “Улар туянинг қандай яратилганига назар солмайдиларми?” (Ғошия сураси, 17-оят), дея инсон ақлига хитоб қилади. Ояти каримада айтилганидек, туянинг яратилиши хусусида тафаккур ва тадаббур қилиб кўрилса, Аллоҳ таолонинг нақадар буюк яратувчи эканига амин бўлинади. Ҳар ишга қодир Зот туянинг бўйнини нега узун қилиб яратганига аҳамият берсак, оғир ва баланд юкларни ҳам қийналмасдан кўтариб юриши бежиз эмаслигига ишонч ҳосил қиламиз.

Бир донишманд туянинг қандай яратилгани хусусида узоқ ўйга толибди. Чунки у туялар йўқ жойда яшагани учун уларни ўз кўзи билан кўрмаган экан. Охири ўйлай-ўйлай: “Аллоҳ таоло туянинг бўйнини узун қилиб яратганига сабаб уни “саҳро кемаси” бўлишини ирода қилган бўлса керак”, деган хулосага келибди. Туя саҳро ва чўлларда юрганда ҳам ўн кунга қадар сувсизликка чидайди, у чўлнинг қуруқ ўт-ўлан ва янтоқларини ейди. Ривоятга кўра, Саид ибн Жубайр бир жойга кетаётганида йўлда қози Шурайхни учратиб, ундан қаёққа кетаяпсиз, деб сўрабди. У Каннаса деган жойга кетаётганини айтибди. У ерда нима қиласиз, дебди. Қози Шурайх туяларнинг қандай яратилганини кўрмоқчиман, дебди. Чунки у туяларни умрида кўрмаган экан. Аллоҳ таоло шундай деган: “Яна уларнинг устида ва (дарё-денгизларда эса) кемаларда юк ташийсизлар" (Мўминлар сураси, 22-оят). Бу оятдаги “фулк” деганда сувда юрадиган кемаларни назарда тутилган, туялар эса қуруқлик “кема” ларидир.

Туяларнинг турлари жуда кўп. Араблар туяларни жой номи, ёши ва қайси қабилага мансублигига қараб ҳар хил номлар билан атаган. Ҳар бири ҳақида батафсил маълумот беришнинг иложи йўқ. Туянинг эркаги урғочиси билан бир йилда бир марта қўшилади Мантиқ соҳиби (Арасту) эркак туя ҳеч қачон ўзини туққан урғочи туя билан қўшилмаслигини аниқлаган. Аллоҳ таоло ўз каломида мазкур ажойиб ҳайвон ҳақида айрим сирларни баён этади. Туянинг сифатларини бошқа ҳайвонлар сифати билан таққослаб бўлмайди. Илк ислом даврида ҳам, ҳозирги замон олимлари ҳам туяни ғайритабиий ҳайвон эканига гувоҳ бўлмоқда.Туянинг икки тури мавжуд. Биринчи турига бир ўркачли туя бўлиб, уни араб туяси деб номланади. У Арабистон ярим оролида тарқалган. Иккинчи тури икки ўркачли бўлиб, бу турдаги туялар Ўрта Осиё ҳудудларида макон топган. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра, ер юзида 190 миллион туя мавжуд бўлиб, улардан 90 фоизи бир ўркачли туя, 80 фоизи Африка қитъасида яшайди.

Мулоҳаза қилиб кўрилса, туянинг узун киприклари ташқаридан келаётган қум ва зарралардан ҳимоя қилиш воситасидир. Унинг қулоқлари кичкина бўлиб, кўзга ҳам унчалик  ташланмайди. Агар шамол қаттиқ эсиб, қум зарралари учса, қулоқларини орқа томонга эгиб бошига ёпиштириб олади. Шунингдек, ёллари ҳам уни қум зарраларидан ҳимоя қилади. Орқа томондан эса, думи унга ўқ сингари учиб келаётган майда қум зарраларидан  ҳимоя вазифасини бажаради.

Ҳозирги кунимизда ҳам қуруқ саҳроларда юриш учун туядан фойдаланилмоқда. Туя карвони оғир юк билан бир кунда 50-60 км. масофани босиб ўтади. Замонавий автомашина саҳрода юришга қодир бўлмаган жойларда туя қийналмай манзилга етказади.

Туянинг узун бўйни унга ердаги ўт-ўлан ва баланд дарахт буталарини ейишда асқотади. Энг асосийси, унинг узун бўйни оғир юк билан қаддини кўтаришга катта ёрдам беради. Чунки у оғир юк билан тик тураётган вақтда, узун бўйни мувозанатни сақлашга кўмаклашади. У чўккалаётган вақтда, қалин ва кучли теридан иборат оёқ бўғимларидан юмшоқ ёстиқ сифатида фойдаланади. Бу қулайлик Аллоҳ таоло томонидан бу ажойиб ҳайвонларга ато этилган  мўъжизадир. Туянинг асосий хусусиятларидан бири узоқ вақт сувсизликка чидашидир. Бунга асосий сабаб кун қаттиқ исиб кетса ёки чанқаса, унинг оғзидан нафас олмаслигидир. Бу эса сувни ўзида узоқ вақт  сақлаб туришга ёрдам беради.

Ҳали илм аниқламаган туянинг яна кўп хусусиятлари мавжуд. Аллоҳ таоло туяни бошқа мавжудотлар яратилишига таққослаб, осмон, тоғ ва ерни қандай яратганига тадаббур билан назар солишга ундайди. Тажриба ўтказган олимларнинг таъкидлашича, ҳар доим қуруқ ҳашак ейиши унинг чанқашига сабаб бўлса-да, лекин шу ҳолатида ҳам икки ҳафта ёки ундан кўпроқ сув ичмай юра олади. Лекин бу ҳолат туянинг озиб кетишига сабаб бўлади. Одам зоти сувсизликка бор-йўғи бир кун ёки икки кун чидайди. Туянинг яна бир хусусияти шундаки, чанқаган вақтида шўр, аччиқ ва сассиқ сувларни ҳам ичиб кетаверади. Туя организми шундай сувлардаги мавжуд вирусларга қарши курашиб, уни бавл орқали ташқарига чиқариб юборади.

Ҳамма ҳайвонларда ўт пуфаги мавжуд бўлса ҳам, лекин туяларда ўт пуфаги бўлмас экан. Шунинг учун туяда сабр-тоқат кўпроқ, буйруққа осонгина бўйсунгани учун унга Абу Аййюб деб лақаб тақилган.Туянинг жигарида ўт пуфагига ўхшаган бир парча тери бўлиб, унда сўлак мавжуд. Туя табиатан тиканли ўт-ўланларни хуш кўради ва ошқозони ҳам уни яхши ҳазм қилади. Аммо ошқозони арпани ҳазм қилишга қийналади. Уламолар  ҳужжати ва ижмосига кўра, туя гўштини ейиш ҳалол дейилган. Аммо закот беришга келсак, ўтлаб юрган ҳар бешта туяга бир қўй, ўнта туяга икки қўй ва ўн бешта туяга учта қўй бериш вожиб. Буни фиқҳий китобларда тўлиқ ва батафсил баён этилган. Туянинг жунини куйдириб, оқаётган қон устига босилса, қонни дарҳол тўхтатади. Туянинг мўъжизавий жонзот экани фақат шулардан иборат эмас. Балки келажакда аниқланар.

 

Манбалар асосида Бобомурод ЭРАЛИ  тайёрлади

ЎМИ Матбуот хизмати

 

 

Read 9837 times

Мақолалар

Top