Фиқҳ

Закотнинг фарз бўлиши

Закот исломнинг беш рукунларидан бири ва у фарз амалларидандир. Закот фитр садақаси ва рамазон рўзаси фарз бўлгандан кейин ҳижратнинг иккинчи йили шаввол ойида Мадинада фарз қилинди. Лекин закот ижмога кўра пайғамбарларга фарз қилинмади. Чунки закот нопоклаш эҳтимоли бор кимсани поклашдир. Пайғамбарлар эса ундан покдирлар. Уларнинг қўлларида бирор нарса бўлмаган ва улар Аллоҳ йўлига чақирувчилардир. Шунингдек, улар мерос ҳам қолдирмайдилар.

Закот – Қуръони Каримнинг саксон икки ўрнида намоз билан бирга зикр қилинган. Бу эса, уларнинг ўзаро ораларидаги алоқа нақадар мукаммал эканлигига далолат қилади.

Закот Аллоҳ таолонинг китоби, пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ва умматнинг ижмоси ила фарздир.

Қуръондан далил шуки, Аллоҳ таоло;

وَأَقِيمُوا الصَّلَاةَ وَآتُوا الزَّكَاةَ وَارْكَعُوا مَعَ الرَّاكِعِينَ

Намозни тўкис адо қилинг, закот беринг ва рукуъ қилувчилар билан рукуъ қилинг” деган (Бақара сураси 43оят).

Бошқа бир оятда Аллоҳ таоло:

“Уларнинг (топган) мол-мулкларида сўрагувчи ва (мол-давлатдан) маҳрум кишилар учун маълум ҳақ (яъни, закот) бўлган зотлардир” деган (Маъориж сураси 24-25-оят)

Суннатдан далил эса:

Ибн Умардан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Ислом беш нарса устига бино қилинган. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлиги ва Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг бандаси ва элчиси эканлигига гувоҳлик бермоқ, намоз ўқимоқ, закот бермоқ, ҳаж қилмоқ ва Рамазон рўзасини тутмоқ», деб айтдилар. Муттафақун алайҳ.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ ، قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم لِمُعَاذِ بْنِ جَبَلٍ حِينَ بَعَثَهُ إِلَى الْيَمَنِ : إِنَّكَ سَتَأْتِي قَوْمًا هُمْ أَهْلُ كِتَابٍ ، فَإِذَا جِئْتَهُمْ فَأَخْبِرْهُمْ أَنَّ اللَّهَ قَدْ فَرَضَ عَلَيْهِمْ صَدَقَةً تُؤْخَذُ مِنْ أَغْنِيَائِهِمْ فَتُرَدُّ عَلَى فُقَرَائِهِمْ  ( مُتَّفق عَلَيْه) ِ

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Муъоз ибн Жабални Яманга юбораётиб, унга шундай деганлар: “Албатта, сен аҳли китоб қавмининг олдига борасан. Аллоҳ уларга бойларидан олиниб, фақирларга қайтариладиган садақани фарз қилганини хабар қил”, дедилар”[4]. Муттафақун алайҳ.

وَعَنْ أَبِي أُمَامَةَ ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم: » صَلُّوا خَمْسَكُمْ ، وَصُومُوا شَهْرَكُمْ ، وَأَدُّوا زَكَاةَ أَمْوَالِكُمْ ، وأطِيعُوا ذا أمْركُمْ تَدْخُلُوا جَنَّةَ رَبِّكُمْ » . رواه أحمد والترمذي

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаламни ҳажжатул вадоъда шундай: “Аллоҳга тақво қилинглар, беш (маҳал) намозингизни ўқинглар, рамазон ойининг рўзасини тутинг, молларингизни закотини адо қилинглар ва иш эгаларингизга итоат қилинглар Роббингизнинг жаннатига кирасизлар” деганлар[5] (Аҳмад ва Термизий ривояти).

Мусулмонлар жамики асрларда ва ўлкаларда закотнинг фарзлигига ижмо қилишган, яъни бир овоздан “закот фарз”, деб айтишган.

Саҳобаи киромлар закотни бермаган, уни ман қилганларга қарши иттифоқлик ила уруш қилганлар. Ким закотнинг фарзлигини инкор қилса, кофир бўлади. У уч марта тавба қилишга чақирилади. Тавба қилса қилди, бўлмаса муртад сифатида ўлимга ҳукум қилинади.

Исломга янги киргани туфайли ёки чет жойларда жоҳил бўлиб ўсганлиги учун закотнинг фарзлигини инкор қилган одамга тушунтирилади, ўргатилади, дарҳол “кофир” деб ҳукум қилинмайди.

 

Нуриддин АКРОМОВ

тайёрлади

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 8594 times

Мақолалар

Top