Қуръони карим

Қуръони карим тиловатида басмала

Бандаларини Ўзининг муқаддас, мўжиз Каломини ўқишни ўрганиш бахтига мушарраф этган Аллоҳ таолога беҳад ҳамду санолар бўлсин.

Ўз умматларига: «Сизларнинг энг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, уни бошқаларга ўргатганингиздир»  дея, уларни ушбу Каломи Раббонийнинг таълимига тарғиб қилган ва бунда ўзи энг гўзал намуна бўлган Набийимиз Муҳаммад мустафога Аллоҳниг салоту саломлари бўлсин.

Басмала – бу  بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ  дир, Қуръон ўқимоқчи бўлган киши тиловатга киришишдан аввал басмала айтиши лозимдур.

Аллоҳ таоло ўз расулига шундай амр этган:

اقْرَأْ بِاسْمِ رَبِّكَ الَّذِي خَلَقَ

Ўқи (эй, Муҳаммад! Бутун борлиқни) яратган зот бўлмиш Раббинг исми билан!. (Аълақ сураси 1-оят.).

كل أمر ذي بال لا يبدأ فيه ببسم الله فهو أبتر

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аввали Аллоҳнинг исми ила бошланмаган ҳар бир иш, охири яхшилик ила тугамайдиган ишдур”, деганлар.

Басмалани айтиш Аллоҳ таолонинг буйруғига ва  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишдур.

Басмала истиъозадан кейин, оятдан аввал ўқилади. Фақатгина «Тавба» сурасининг бошида ўқилмайди. Сабаби, мусҳафларда шундай келган. Яна бир сабаби шуки, басмалада раҳмат, меҳр маъноси бор. «Тавба» сураси эса, уруш, шиддат, мушрикларга нисбатан қаттиқлик ҳақидадир. Яна бошқа бир сабаби, «Тавба» сураси ўзидан аввалги «Анфол» сурасининг давоми, яъни, бу икки сура аслида битта сура эканлиги эҳтимоли ҳам бор.

Истиоза, басмала ва суранинг бошини ўқилиши

1- ҳаммасини қўшиб ўқиш, яъни истиоза, басмала ва суранинг бошини бир нафасда орасини узмай, бир-бирига қўшиб ўқиш.

2- ҳаммасини алоҳида-алоҳида ўқиш, яъни истиозани ўқиб, тўхтаб, нафас олиб, кейин басмалани ўқиб, тўхтаб, нафас олиб, кейин суранинг бошини ўқиш.

3- истиоза ва басмалани қўшиб, бир нафасда ўқиб, тўхтаб, суранинг бошини алоҳида ўқиш.

4- истиозани ўзини ўқиб, тўхтаб, басмала ва сура бошини бир-бирига қўшиб, бир нафасда ўқиш.

Сура охири, басмала ва кейинги суранинг бошини ўқлиши

Яъни бир сурани тамомлаб, кейинги сурага ўтмоқчи бўлганимизда, қуйидаги уч йўлдан бирини танлашимиз мумкин:

1- ҳаммасини алоҳида-алоҳида ўқиш. Аввалги суранинг охирги оятини ўқиб, тўхтаб, басмалани алоҳида ўқиб олиб, кейин суранинг бошини ўқиш.

2- ҳаммасини қўшиб ўқиш. Суранинг охири, басмала ва суранинг бошини бир нафасда қўшиб ўқиш.

3- суранинг охирини ўқиб, тўхтаб, басмалага кейинги суранинг бошини қўшиб ўқиш.

Бунда тўртинчи кўриниш йўқ, яъни суранинг охирини басмалага қўшиб ўқиб, тўхтаб, кейинги суранинг боши ўқилмайди, чунки басмала суранинг охирги оятига ўхшаб қолади. Басмала суранинг бошида ўқиш учундир, охирида эмас.

«Анфол» сурасининг охирини ва «Тавба» сурасининг бошини ўқилиши

1- «Анфол» сурасининг охирини «Тавба» сурасининг бошига қўшиб, бир нафасда ўқиш.

2- «Анфол» сурасини тугатиб, тўхтаб, «Тавба» сурасини бошлаш.

3- Сакта қилиш. Яъни «Анфол» сурасининг охирги ояти ва «Тавба» сурасининг бошини нафас олмай, тўхтаб, сакта қилиб ўқиш.

Мулоҳаза:

Биз истиоза, басмала ва сура боши ҳақида гапириб ўтдик. Агар суранинг бошидан эмас, ўртасидан ўқилмоқчи бўлинса, истиъоза, басмала ва қасд қилинган оят ўқилади.

«Тавба» сурасининг ўртасидан ўқилмоқчи бўлса, истиозанинг ўзи билан кифояланиб, басмалани ўқимаган дуруст.

 

Тошкент ислом институти 4-курс талабаси

 Тожиддинов Абдуссомад Абдулбосит ўғли

Read 10671 times
Tagged under

Мақолалар

Top