РЎЗА

1-ФАТВО

Рўза уч турли бўлади – фарз, вожиб, нафл. Фарз саналувчи рўза икки хил – муайян фарз, яъни, Рамазон ойи рўзаси билан каффорат учун тутиладиган рўза ва Рамазон ойида узрли тутилмаган рўза қазоси. Вожиб ҳам икки хил – муайян назр ва қачон ҳамда қанчалиги тайин этилмаган назр. Қолган рўзалар нафл ҳисобланади.

Рўзанинг вақти тонг ёришган пайтдан бошлаб, қуёш ботгунига қадардир. Саҳарлик қилаётганида тонг ёришгани ёки ёришмаганида шак қилиб қолса, дарҳол еб-ичишни тўхтатади. Борди-ю, еб-ичишда давом этаверса, лекин тонг ёришгандан кейин ҳам еб-ичишдан тўхтамагани аниқ бўлмаса, рўзаси дуруст. Агар аниқланса, бир кунига бир кун қазосини тутади. Каффорат лозим эмас.

«Оламгирия», «Фатҳул-Қадир», «Табйин».

Изоҳ:

Бу масала тақвим, соат кенг жорий бўлмаган даврларга тўғри келади. Аммо бизнинг асримизда шак қилишга ўрин йўқ. Қўлида тақвими, соати бўла туриб, аниқ белгилаб қўйилган вақтидан кейин ҳам еб-ичаверса, албатта, рўзаси ҳисобга ўтмайди. Рўза каффорати бир кунига 60 кун рўза тутиш ёки 60 нафар мискинга таом беришдан иборатдир.

 

2-ФАТВО

Агар икки киши тонг отганига, яна икки одам тонг отмаганига гувоҳлик берганларидан кейин еб-ичишни тўхтатмаган бўлса, сўнгра олдингиларнинг гапи рост чиқса, ҳам қазо, ҳам каффоратни адо этади. Агар тонг отди, деб бир гувоҳ, тонг отмади, деб яна бир гувоҳ айтганидан кейин еб-ичса ва олдинги гувоҳнинг гапи рост чиқиб қолса, бир кун рўза қазоси вожиб бўлади. Каффорат вожиб бўлмайди. Зеро, тонг отганига битта гувоҳнинг гапи тўлиқ ҳужжат бўла олмайди.

«Оламгирия», «Қозихон».

 

3-ФАТВО

Қуёш ботди, деб икки киши, ботгани йўқ, деб яна икки одам гувоҳлик берганидан кейин оғзини очиб юборган рўзадорга қуёш ботмай туриб ифторлик қилгани маълум бўлиб қолса, қазо вожиб бўлади, каффорат эмас.

«Оламгирия», «Қозихон».

 

4-ФАТВО

Рўзанинг фарз бўлиш шартлари – Ислом динида бўлиш, ақл, балоғат, соғлиқ, ўз юртида туриш, сафарга чиқмаганлик, ният, ҳайз ва нифосдан пок бўлишдир. Ният аслида дил билан бўлади. Лекин тил билан ҳам айтиш суннатдир.

«Оламгирия», «Кофий»,

«Ниҳоя», «ан-Наҳрул-фоиқ».

5-ФАТВО

Рамазон кечасида туриб, саҳарлик қилишнинг ўзи рўза нияти ўрнига ўтади. Зеро, дилига рўза тутишни келтириш ниятга ўтар эди. Саҳарлик қилган одамнинг дилига ўз-ўзидан рўза тутиш нияти келган бўлади. Бизнинг мазҳабимизда, Рамазон тугагунча ҳар куни ният янгилаб турилади. Ниятнинг вақти қуёш ботгандан бошлаб, эртаси куни қиём пайтигачадир.

«Оламгирия», «Хулоса», «Қозихон».

Изоҳ:

Шунинг учун ифторлик дуосини ўқиётганда эртанги рўза ниятини ҳам қилиб қўйиш айни эҳтиёткорликдир. Зеро, саҳарликка тура олмаса, ўша нияти кифоя қилади.

 6-ФАТВО

Рамазон рўзасини нафл нияти ёки умуман рўза нияти билан тутиш ҳам мумкин. Муайян назр, нафл рўза ниятининг ҳукми ҳам худди шундай. Лекин сафарда ва беморликда тутилган рўза учун қайси рўзага ният қилаётганини аниқлаб, тайин қилиб қўйиши шарт.

«Мухтасар», «Оламгирия», «ал-Жомеъус-сағир».

7-ФАТВО

Қазо рўзаси, каффорат учун тутиладиган рўза, тайин этилмаган назр рўзаси учун тонг отмасдан олдин, тунда ният қилиш шарт.

«Мухтасар», «Ниқоя», «ас-Сирожул-ваҳҳож».

8-ФАТВО

Рамазон ойи ҳилолини (биринчи куни чиққан янги ойни) якка ўзи кўрган одам, гарчи бошқалар буни инкор этсалар ҳам, эртаси кундан рўза тутиши вожиб. Агар тутмаса, бир кун қазосини тутиб беради. Ҳайит ҳилолини якка кўрган киши ҳам, гувоҳлиги ўтмагани учун эртаси куни ҳам рўза тутади. Агар тутмаса, қазосини тутиб беради.

                                                                                  «Мухтасар», «Қозихон», «Ихтиёр».

 

Изоҳ:

Рўза ҳилоли учун ҳам, ҳайит ҳилоли учун ҳам камида икки эркак ёки бир эркак билан икки аёл кишининг гувоҳлиги зарур. Бизнинг асримизда ҳилолни кўриб, рўза тутиш ва ҳилолни кўриб, ҳайитни белгилаш масаласида бутун ислом оламининг уламолари иттифоқда эмаслар. Зеро, кейинги вақтларда пайдо бўлган замонавий астрономик жиҳозлар, қуёш, ой ҳисобларини тақвимлар билан юритишнинг кенг жорий бўлгани кўпчилик уламоларда замонавий тақвимларга мойиллик пайдо қилган. Масалан, Саудия мамлакатида «руъяти ҳилол»га оид ҳадиси шарифга қаттиқ амал қилиниши натижасида ҳар йили Рамазон ойининг биринчи куни, тақвимда қандай ёзилганидан қатъи назар, янги ой ҳилолини кўрган гувоҳлар сўзига биноан эълон қилинади. Натижада, бизнинг минтақамизга ўхшаган кўплаб тақвимга биноан ойни белгиловчи мусулмонлар диёрларида баъзан Саудия билан бир хил эмас, балки бошқа-бошқа кунларда рўзани бошлаш ёки ҳайитни эълон қилиш ҳоллари давом этмоқда. Ваҳоланки, ҳар бир мамлакат ўзининг иқлимига қараб ҳилол кўринишини белгилаб, ўзининг ҳисоб-китоби бўйича рўза ва ҳайит кунларини белгилаши жоиз экани «Бадоеус-саное» китобида келтирилган.

 9-ФАТВО

Рамазон ҳилолини кўриб, 29 кун рўза тутган бир шаҳар аҳлига бир гуруҳ кишилар келиб, фалон шаҳар аҳолиси ҳилолни сизлардан бир кун олдин кўришибди, шунга кўра, бугун рўзанинг 30-куни, деб айтсалар, уларнинг гапига амал қилинмайди. Зеро, ҳилолни уларнинг ўзлари кўрган эмас, балки бошқаларнинг кўрганини нақл қилдилар.

«Қозихон», «Оламгирия».

 10-ФАТВО

Рамазон ҳилолини кўрмасдан рўзани бошлаб, 28-куни шаввол ҳилолини кўриб қолган кишилар, шаъбон ойи ҳилолини кўриб, 30 кун ҳисоблаган бўлсалар, бир кун қазо тутадилар. Борди-ю, 29-куни шаввол ҳилолини кўриб қолсалар, қазо лозим эмас. Аммо шаъбон ҳилолини кўрмасдан, уни 30 кун ҳисоблаб, рўзани бошлаган бўлсалар, ик­ки кун қазо тутадилар.

«Хулоса», «Оламгирия».

11-ФАТВО

Ҳилолни кўрган ҳолда Рамазон ойидан 29 кун тутиб, ҳайит эълон қилган шаҳар аҳли ичида касаллиги сабабли рўза тутмаган киши бўлса, у ҳам 29 кун қазо тутади. Борди-ю, у шаҳар аҳлининг 29 кун тутганидан хабарсиз бўлса, 30 кун қазо тутаверади.

«Оламгирия», «Муҳит».

 

Изоҳ:

Рамазон ойи тақвим бўйича 30 кун бўлса-да, шаъбон ойи охирида Рамазон ҳилоли кўриниб қолса, рўза бир кун кейин бошланади. Шу сабабли Рамазон баъзан 29 кун бўлади. Шундай узр сабабли тутилмаган бир куннинг қазоси тутилмайди. Шунингдек, Рамазоннинг охирида шаввол ҳилоли олдинроқ кўриниб қолса ҳам, рўза тўхтатилади, тутилмай қолган кун қазоси тутилмайди.

 

12-ФАТВО

 Рўзадорлиги эсида йўқ киши бирор овқат еб қўйса ё ичимлик, ёки дори ичиб қўйса, ёхуд жинсий алоқа қилиб қўйса, рўзаси очилмайди. Аммо шу ишлардан бирортасини қасддан қилса, рўзаси очилади. Кейин у ҳар бир куннинг қазоси билан бирга каффорат сифатида муттасил равишда 60 кун рўза тутиб беради ёки 60 нафар оч киши (мискин) қорнини тўйғазади. Рўзадор аёлини жинсий алоқага мажбурлаган бўлса, ўзи 60 кун каффорат, аёли бир кун қазо рўзасини тутади. Аёли розилик берган бўлса, у ҳам 60 кун каффорат рўзасини тутади.

 «Оламгирия», «Ҳидоя».

 

13-ФАТВО

Ғизо учун ейиладиган ёки дори сифатида истеъмол қилинадиган нарсаларни ғизо ва дори нияти билан қасддан истеъмол қилса, ҳам қазо, ҳам каффорат вожиб бўлади. Аммо мазкур нарсаларни бошқа ният, мақсадда истеъмол қилса, кунига – кун қазо рўзасини тутади. Лекин каффорат лозим эмас. Ҳайвон гўшти ёки ёғини хомича еса ҳам, рўза очилади.

«Оламгирия», «Хизонатул-муфтин». 

 

14-ФАТВО

Дарахт барглари ичида ток барги каби янги униб чиққан пайтида ёки ҳар доим ейиладиганлари бор. Ўшалардан еб қўйса, ҳам қазо, ҳам каффорат вожиб бўлади. Агар одатда ейилмайдиган дарахт ёки гиёҳ баргларидан еса, рўзаси очилади. Лекин рўза қазосини тутади, каффорат лозим эмас.

«Ал-Баҳрур-роиқ», «Оламгирия», «Табйин». 

17-ФАТВО

Ҳаж ибодати ақли расо, балоғат ёшидаги соғлом мусулмон киши зиммасига, агар йўлга қодир бўлса, умрида бир марта адо этиш фарздир. Бориб келишга ҳар томонлама қодирлиги юзага чиқиши билан ўша йили бориши вожиб бўлади. Имом Муҳаммад (р.ҳ.) наздида, ўша йили бориши шарт эмас. Умрининг охиригача борса, кифоя. Лекин вақтида, тезроқ боргани яхши. Бошқа фақиҳлар наздида, қодир бўлган йили бормасдан, орқага сурса, гуноҳкор бўлади. Хусусан, соғлиғи давом этишидан умиди оз киши кечиктирмагани авло. Кечиктириб қилган ҳажи ҳам ҳисобга ўтади. Аллоҳ асрасин, қодир бўлган йиллари бормасдан, кечиктириб юрганда вафот этса, дунёдан гуноҳкор ҳолда кетган бўлади.

Ҳажнинг фарз бўлиш шартларидан бири – улов билан озиқ-овқатга қодирликдир. Шунингдек, бориб келгунига қадар оила аъзолари учун етадиган нафақага ҳам қодир эканидир. Нафақа ўртача миқдорда бўлиши назарда тутилган. Қўлидаги маблағи ҳажга етарли, лекин оила қуриш нияти ҳам бўлса, уйланишни кейинга қўйиб, ҳажга бориши лозим.

«Оламгирия», «Табйин», «Мухтасар», «Хизона».

 

18-ФАТВО

Яшаётган уйимни сотиб, ўрнига арзонроқ уй сотиб ол­сам, ортган пули ҳаж сафари харажатига етар экан, деган ўйга бориб, уйини сотиши шарт эмас. Шунингдек, ҳовлисидаги ортиқча уйларни со­тиб, пулига ҳажга бориши лозим бўлмайди. Агар ўз ихтиёри билан сотиб ҳажга борса, бу ҳам авлодир.

«Оламгирия», «Қозихон», «Изоҳ».

 

19-ФАТВО

Соғлиқ ҳам ҳажнинг фарз бўлиши учун шарт қилинган. Сурункали касалга чалинган, кўзи ожиз, фалаж, икки оёғи кесилган каби кишиларга ҳаж вожиб эмас. Уларни бошқа одамлар ҳаж қилдириб қўйишлари ҳам вожиб ҳисобланмайди, оғир касал бўлса, бадал ҳажига васият қилиши ҳам лозим эмас. Шунингдек, катта ёшли нотавон кишилар, беморларга ҳам ҳаж лозим бўлмайди. Бу Имом Абу Ҳанифа, Абу Юсуф, Имом Муҳаммаддан (р.ҳ.) қилинган ривоят. Охирги икки имомдан яна мазкур узрли кишиларга ҳам ҳаж қилиш вожиб, деган нақл бор. Агар ўша ожизлик давом этиб турса, улар бировларга ҳаж қилдирсалар жоиз, борди-ю, ожизлик кетиб, қудрат ҳосил бўлса, ўзлари қайтадан ҳаж қилишлари вожиб.

«Оламгирия», «Фатҳул-Қадир».

 

20-ФАТВО

Йўлга қодир, соғлом одам ҳажга бормай юрганида тўсатдан сурункали касал ёки фалажга айланиб қолса, харажатини тўлаб, бадал ҳажи қилдириши лозим. Агар узрли, нотавон бемор кишилар қийинчиликка қарамай, ўзлари ҳажни адо этсалар, ҳажлари ҳисобга ўтади. Соғайганларидан кейин қайтадан ҳаж қилишлари лозим эмас.

«Оламгирия», «Фатҳул-Қадир».

 

21-ФАТВО

Юрти билан Макка шаҳри ўртасидаги узоқлик сафар масофаси (90–100 км)га тенг ёки ортиқ бўлса, аёл киши учун ҳажга бирга бориб келадиган маҳрам бўлиши шарт қилинган. Маҳрам деб, эри ёки ўрталарида никоҳ раво бўлмайдиган эркак қариндошларидан бири тушунилади. Унинг қариндошлиги насаб ё эмикдошлик, ёки қудачилик жиҳатидан бўлиши мумкин. Мусулмон бўлиши шарт эмас. Оқил, болиғ, ишончли бўлса, кифоя. Никоҳнинг фарқига бормайдиган мажусий маҳрамликка ярамайди.

 «Оламгирия», «Хулоса», «Қозихон», «Муҳит».

 

22-ФАТВО

Маҳрам бўлиб ҳажга ҳамроҳ сифатида бориб келувчи кишининг овқат ва йўл харажатлари аёлнинг зиммасидадир. Аёл кишида йўлга қодирлик ва маҳрам мавжуд бўлса, фарз саналувчи ҳажга эрининг рухсатисиз ҳам бориши жоиз. Аммо нафл саналувчи ҳаж сафарига эрининг рухсатисиз бориши жоиз эмас. Аёлга маҳрам топилмагани учун эрга тегиб, уни олиб кетиши вожиб эмас.

 «Оламгирия», «Қозихон».

 

23-ФАТВО

Аёл кишига қўйилган шартлардан яна бири – иддада ўтирганлардан бўлмаслигидир. Иддаси эри ўлгани ёки талоқ қилингани сабабли бўлишининг фарқи йўқ. Агар ҳаж сафари асносида эри ўлиб ёки талоқ билан идда ўтиришга тўғри келиб қолса, етган жойидаги шаҳардан иддаси тугагунча чиқмаслиги лозим.

«Оламгирия», «Қозихон».

 

24-ФАТВО

Ҳажни адо этиш учун ҳам учта шарт мавжуд. Улар – эҳром, макон ва замон. Ҳажнинг рукн (фарз)лари – Арафотда бўлиш, «зиёрат тавофи» (Каъба тавофи) ва эҳромга ният билан кириш. Вожиблари – Муздалифада туриш, Сафо билан Марва орасида (етти бор) юриш, шайтонга тош отиш, садр (қайтиш) тавофи ва соч олдириш ёки қисқартириш. Суннатлари – қудум тавофи, унда ёки фарз тавофида «рамл» (керилиб юриш), икки кўк мил (яшил белги) орасида шитоб юриш, Минода тунаш (наҳр кунлари), Минодан Арафотга қуёш чиққандан кейин жўнаш, Муздалифадан Минога тонг отмасдан бурун жўнаш, Муздалифада тунаш, тош отиладиган учта жамаротда белгиланган тартибда тош отиш ҳам суннат амаллардандир.

«Оламгирия», «Фатҳул-Қадир»,
«Мухтасар», «ал-Баҳрур-роиқ».

 

25-ФАТВО

Ҳажнинг одоблари – ҳажга отланган одам аввало, қарзларини адо этсин. Ҳажга бориш ху­сусида ақлли, доно кишиларга маслаҳат солсин. Истихора қилса, янада яхши. Сўнгра тавба-тазарру билан ниятни холис қилсин. Бировнинг омонати бўлса, эгасига топширсин. Рози-ризолик сўрасин. Намоз ва рўзаларининг қазоси бўлса, адо этсин. Хато ва камчиликлари учун надомат чекиб, қайта такрорламасликка азму қарор қилсин. Фахрланиш, риёкорлик, мақтанишдан сақлансин. Фақат ҳалолдан йиққан пулига ҳажга боришга ҳаракат қилсин. Шубҳали ё ҳаром йўл билан топилган маблағга ҳаж қилгани учун гуноҳкор бўлса-да, ҳажнинг фарзи зиммасидан соқитдир, деган сўз ҳам манбаларда келган. Ҳажда тижорат билан ҳам шуғулланса, савоби камайиб қолмайди. Лекин савдони аралаштирмагани авло.

«Оламгирия», «Фатҳул-Қадир», «Қозихон».

 

26-ФАТВО

Модомики ҳажда эҳромли экан, беҳуда, фаҳш сўзлардан, фисқу фужур ишлардан, жанжалу низолардан, ов қилишдан, хушбўй нарсалар сепиш, тирноқ олиш, юзини ёпиш, бош кийим кийиш, бошни шампун билан ювиш, соч олдириш ёки қисқартириш, тикилган кийим, салла кийиш кабилардан сақланиш вожибдир. Чўмилиш, салқин жойда дам олиш, белига ҳамён боғлаш каби ишлар жоиз.

«Мухтасарул-Виқоя».

 

27-ФАТВО

Ота-онадан бири розилик бермаса ҳам, ҳажга бориш макруҳдир. Аммо улар фарзанднинг хизматига муҳтож бўлишмаса, ҳажга боришнинг зарари йўқ. Ота-она йўқлигида бобо ва момолар уларнинг ҳукмидадирлар. Шунингдек, нафақасига муҳтож хотини, болалари, қариндошлари унинг ҳажга боришини ёқтирмасалар ҳам, бориб-келгунича моддий томондан қийналиб қолмасликларига ақли етса, ҳажга равона бўлиши жоиз. Ота соқоли чиқмаган ўғлини ҳажга юборишга рози бўлмаслиги мумкин. Аммо фарз бўлган ҳажнинг адоси ота итоатидан авло. Отага бўйсуниш нафл бўлган ҳаждан авлодир.

«Оламгирия», «Муҳит».

 

28-ФАТВО

Каъбани тавоф қилиб турганида ёки Сафо билан Марва ўртасида юриб саъй қилаётганида намозга иқомат (такбир) айтилиб қолса, дарҳол тавоф ва саъйни тўхтатиб, намозга келади. Жаноза ўқиш учун ҳам саъйни тўхтатиб келади. Жанозадан кейин қолган саъйни давом эттиради.

«Оламгирия», «Фатҳул-Қадир».

 

29-ФАТВО

Сафо билан Марва ўртасида саъй қилиш, яъни, етти бор юриб чиқиш тавофдан кейин ижро этилади. Агар олдин саъй қилган бўлса, тавофдан кейин такрорлайди. Сафодан Марвагача юриши бир марта, Марвадан Сафогача юриши иккинчи мартага ўтади. Саъйни Марвадан бошласа, Сафогача юриб боргани бир мартага ўтмайди. Эҳромдан чиққач, ҳатто бир неча ойдан сўнг саъй қилса ҳам, бўлади.

«Оламгирия», «Муҳит», «Захира».

 

30-ФАТВО

Сафо билан Марва ўртасида саъй қилишда таҳоратcиз ёки жунуб ҳолатида бўлса ҳам, саъйи дуруст ҳисобланаверади. Аслида, Каъбада қилинмайдиган ҳаж амаллари (маносиклари) учун таҳорат шарт эмас. Масалан, саъй, Арафотда, Муздалифада туриш, шайтонга тош отиш кабилар Каъбадан ташқаридаги амал бўлгани учун таҳоратли бўлиш шарт қилинмаган.

«Оламгирия», «Шарҳут-Таҳовий».

 

31-ФАТВО

Каъба тавофини тугатгач, Иброҳим (а.с.) мақоми олдига келиб, икки ракат намоз ўқийди. Агар у жойда одам кўплигидан ўқиш қийин бўлса, масжиднинг хоҳлаган ерига бориб ўқиши мумкин. Бу икки ракат намоз, бизнинг мазҳабимизда, вожиб. Шунинг учун уни масжиднинг ташқарисида бўлса ҳам, қолдирмай ўқиш керак. Биринчи ракатига «Қул ё айюҳал кофирун» сурасини, иккинчи ракатига Ихлос сурасини зам сура сифатида ўқийди. Намоздан сўнг мақом ортига келиб, ҳожатларини сўраб, Аллоҳга илтижо қилади.

«Оламгирия», «Заҳирия», «Қозихон».

 

32-ФАТВО

Қора тошни ўпишда икки қўл кафтларини унга қўйиб ўпади. Ўпишда ўқиладиган махсус дуони ўқийди. Агар тошни ўпишда бировга озор бериб қўядиган бўлса, қўллари билан тошни силаб, қўлларини ўпади. Бунинг ҳам иложи бўлмаса, ҳассага ўхшаш калтак учини узоқдан тошга теккизиб, шу жойини ўпади. Тош олдида издиҳом катта эканидан яқинлашишнинг иложи бўлмаса, узоқдан икки қўлининг кафтларини тош томон чўзиб, такбир, таҳлил, ҳамд ва салавот айтади.

«Оламгирия», «Муҳит», «Фатҳул-Қадир».

 

33-ФАТВО

Маккалик ҳожиларнинг ҳаж учун Мийқоти Каъбанинг ҳарамидир. Умра учун эса ҳарамдан ташқарида эҳромга кирилади. «Танъим» деган жой улар учун афзалдир. Бошқа мамлакатлардан Маккага келувчилар хоҳ ибодат учун бўлсин, хоҳ бошқа иш учун бўлсин, эҳромсиз киришлари жоиз эмас. Агар эҳромсиз кирса, зиммасига ҳаж ёки умра тушади.

«Оламгирия», «Муҳит», «Ҳидоя».

 

34-ФАТВО

Эҳромга кириш нияти билан «талбия» («Лаббайкаллоҳумма лаббайк...») айтиши керак. «Талбия» ўрнига тасбеҳ, ҳамд, таҳлил, тамжид каби калималарни ўқиса, жоиз. «Талбия»ни арабчасига яхши айтолмаса ҳам, ўтаверади. Агар бошқа тилда айтса ҳам, жоиз. Лекин арабчаси афзал. Ният, эҳром ва талбия бирга бўлиши шарт.

«Оламгирия», «Муҳит», «Қозихон».

 

35-ФАТВО

Мийқотдан узоқроқ бошқа жойдан ўтишга тўғри келиб қолса, унинг қаршисидаги ердан бошлаб эҳромга кириш жоиздир. Денгиз орқали Маккага борувчи ҳожилар ҳам Мийқот баробарига келганларида эҳромга киришлари лозим. Агар икки Мийқот оралиғидан ўтишга тўғри келса, Маккадан узоқроғи баробарига келганда эҳромга киргани авлодир.

«Оламгирия», «Муҳит», «ас-Сирожул-ваҳҳож».

 

36-ФАТВО

Мийқотлардан фақат эҳром билан ўтилади. Мийқотга яқинлашмасдан олдин эҳромга кириш жоиз. Фақат тақиқланган ишларни қилмаслик шарт бўлади. Агар бу қўлидан келмайдиган бўлса, Мийқотга яқинлашганда эҳромга киргани авло.

«Оламгирия», «Жавҳара».

 

 

 

 

1780 марта ўқилди
Top