РЎЗА

– Бу йил рўза тутаяпман. Аммо биринчи ўринда озиш учун рўза тутаман, дегандим. Яқинда дугонам бунақа ният билан тутилган рўза қабул бўлмайди, деди. Шу ростми?

 

Моҳидил, Наманган вилояти

 

– Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Рамазон рўзасини имон келтириб, савоб умидида тутса, аввал қилган гуноҳи кечирилади», дедилар.

 

Ҳадиснинг маъноси: «Аллоҳнинг ваъда қилган савобига ишониб, риё ва бошқа мақсадда эмас, балки Аллоҳнинг мукофотидан умид қилиб тутсагина гуноҳи кечирилади», дейилади. («Фатҳул борий» китобидан).

 

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам рўза ҳақида шундай дедилар: «Одам боласининг барча амалига (савоб) кўпайтириб берилади. Бир яхши амалга ўн баробардан етти юз баробаргача савоб бор. Аллоҳ азза ва жалла: «Фақат рўза ундай эмас. Унинг мукофотини Ўзим бераман. Ахир бандам шаҳватини, таомини Мен учун тарк қиляпти», деб айтади. Рўзадор учун икки хурсандчилик бор: бири ифтор вақтида, иккинчи хурсандчилик эса Роббисининг ҳузурига борганда. Шу сабабли сиз энг аввало рўзанинг савобидан умид қилиб рўза тутинг.

 

Баъзан киши рўзалигини унутиб, билмай овқат еб қўйиши ёки сув ичиб қўйиши мумкин. Бунда рўза бузиладими?

 

Муслима, Бухоро вилояти

 

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Агар қай бирингиз унутиб еб-ичиб қўйса, рўзасини камолига етказаверсин. Уни Аллоҳ едириб-ичирибди». Яъни, ким рўзалигини унутиб, ул-бул нарса еб ёки ичиб қўйса, кўнгли хижил бўлмасин ва рўзасини тутишда давом этсин. Демак, уни Аллоҳ таоло меҳмон қилибди.

 

 

 

– Баъзан саҳарликка ухлаб қоламан, аммо кечқурун эртага рўза тутаман, деб ният қилиб ётаман. Саҳарликка ухлаб қолганимда ҳам рўза ҳисобланаманми?

 

Мадина, Тошкент

 

– Рамазон ойида ниятни кечаси қилишни эсидан чиқариб қўйган бўлса, кундузи завол (қуёшнинг оғиши, куннинг иккинчи ярми)гача ният қилса бўлаверади (Ҳидоя).

 

Ният рўзанинг фарзларидан бири бўлиб, унинг аввали вақти саҳарликк ва охирги вақти заволгача ҳисобланади. Саҳарликдан олдин, ҳатто баъзи қавлларда (Фатҳ ул-Қадийр) ифторликдан кейин ҳам эртанги куннинг рўзаси учун ният қилса бўлаверади. Лекин завол вақтидан кейин ният қилиб бўлмайди (Мухтасар ал-Виқоя).

 

– Рамазон ойида бирон кишининг тоби қочиб қолса, унга укол қилиш мумкинми? Баъзилар укол рўзани очмас эмиш, дейдилар. Илтимос шу тўғрисида маълумот берсангиз.

 

Акмал, Тошкент

 

– Аллоҳ таоло бандаларини фойдасини кўзлаб, ҳар бир ибодатга енгиллик бериб қўйган. Жумладан, рўза тутувчига ҳам агар у сафарда ёки касал бўлса, бошқа кунлари рўза тутиб бериши айтилган. Рўза тутувчи киши соғлиғига жиддий хавф бўлмаса, укол вақтини ифторликдан кейин ёки саҳарликдан олдин қилдириб олган маъқул. Лекин рўза тутганда соғлиғи ёмонлашгани туфайли укол олмаса, ҳаёти хавф остида бўлса, укол олиб, рўзасини қазосини Рамазон тугагандан кейин тутиб беради. Энг мақбул бўлган йўл шудир.

 

 

 

Фатво ҳайъати

 

6652 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Рўзага доир масалалар Рўзага оид масалалар-3 »
Top