Фиқҳ

Бошга масҳ тортмоқ

(Ҳанафий мазҳабида таҳорат олувчи киши бошининг тўртдан бирига масҳ тормоғи фарздир. Шофеийларда эса ақалли, уч дона соч толасига масҳ тортилса, фарз амалга ошади. Моликийларда эса бошнинг ҳамма жойига масҳ тортиш фарздир).

 

  1. Урва ибн Муғийра ибн Шуъба отаси Муғийрадан ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилдилар ва носиялари(бошнинг олд қисми)га ва икки маҳсиларига масҳ тортдилар”.

(Имом Муслим ва Табороний ривоят).

 

Бу ҳадиси шарифни Имом Абу Довуд ва имом Ҳокимлар ҳам ривоят қилишган. Лекин бу ҳадиснинг санади[1] ҳақида бирор гап гапирмаганлар. (Демак бу ҳадиси шариф уларнинг наздида ҳам саҳиҳ экан). Улар ривоят қилган ҳадиснинг лафзи қуйидагича: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилдилар ва қўлларини саллаларининг остига киритиб, бошларининг олд қисмига масҳ тортдилар ва (лекин бошларига масҳ тортаётганларида) салларини ечмадилар”.

 

  1. Ато ибн Абу Рабоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинаади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саллаларини кийган ҳолларида таҳорат қилдилар ва бошларининг олд қисмига масҳ тортдилар”.

(Имом Байҳақий ривояти).

 

Бу ҳадиси шариф мурсал[2] бўлса ҳам, мурсал биз ҳанафийлар наздида ҳам, жумҳур уламоларнинг наздида ҳам наздида ҳам ҳужжатдир.

 

(Қуръони каримда масҳ борасидаги буйруқ “... Ва бошингизга масҳ тортингиз...”, деб, қанча ерига ториш, қандай қилиб тортиш ноаниқ шаклда айтилган. Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассаломнинг юқоридаги ҳадисларда айтилганидек,  масҳ тортишлари оятда бошнинг қанча ерига масҳ тортиш назарда тутилганини баён қилиб бермоқда. Кўриб турганимиздек, бу далиллар ҳанафийларнинг ҳукмини қўллаб-қувватламоқда. «Ҳидоя»).

 

 Бошга масҳ торгач, қўлда қолган намлик билан қулоққа масҳ тортиш

 (Ҳанафий мазҳабида бошга масҳ тортгач, қўлда қолган намлик билан икки қулоққа масҳ тортиш суннатдир. Шофеий, Моликий, Ҳанбалий мазҳабларида эса бошга масҳ тортгач, қўлни янги сув билан намлаб, сўнг қулоқларга масҳ тортиш суннат. Қуйида ҳанафийларнинг далиллари баён қилинган):

 

Ибн Аббос розияллоху анҳумодан ривоят қилинади. У зот: “Мен сизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таҳоратлари қандай бўлгани ҳақида хабар берайми?” дедилар (ватўлиқ кўрсатиб бердилар. Ибн Аббоснинг ўша таҳоратларини тўлиқ баён қилувчи ривоятда бундай жумла бор): “бир ҳовуч сув олдилар-да, у билан бошларига ва икки қулоқларига масҳ тортдилар”.

 (Ибн Ҳиббон, Ибн Ҳузайма ва Ҳоким ривояти).

 

  Ибн Аббос розияллоху анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бошларига ва икки қулоқларининг устки ва ички томонларига масҳ тортдилар”.                                                                          

(Имом Термизий ривояти).

 

Имом Термизий: “Бу ҳадис саҳиҳ[3] ҳасан[4] ҳадисдир. Аксар илмли одамлар наздида шунга амал қилинур. Улар икки қулоқни устки ва ички қисмига масҳ тортишни лозим деб биладилар”, деган.

 Абу Умомадан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилдилар,юзларини ва икки қўлларини уч мартадан ювдилар, бошларига масҳ тортдилар ва икки қулоқ ҳам(ҳукмда) бошдандир дедилар”.

 

(Имом Термизий ривояти).

 

Ҳаммод раҳимаҳуллоҳ: “Бу ҳадисдаги “Икки қулоқ бошдан”, деган сўз Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларими ёки ровий Абу Умоманинг сўзларими, билмайман деганлар.

 

Ибн Аббос розияллоху анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки қулоқ бошдандир”, дедилар.                 

(Имом Дороқутний ривояти).

 Шунингдек ибн Можа ҳам Абдуллоҳ ибн Зайддан ривоят қилганлар.

(Бу икки ҳадисдаги “Икки қулоқ бошдандир”, деган сўзнинг маъноси – “икки қулоқ масҳ тортиш ҳукми борасида бошдан ҳисобланади, яъни бошга масҳ тортишга намланган қўл билан қулоққа ҳам масҳ тортишнинг ўзи кифоя. Унга янгидан қўлни намлаб, алоҳида масҳ тортиш шарт эмас”, деганидир. Демак, масҳ тортиш ҳукмида икки қулоқ ҳам бошдан ҳисобланадиган бўлса, ҳанафийлар айтганларидек, қўлнинг бошга масҳ тортгандан қолган намлиги билан  уларга ҳам масҳ тортиш суннат экан. “Ҳидоя”).

 “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти

мударриси Баҳодир Баҳромжон ўғли

 

 

[1] “Санад”, “Иснод” сўзлари бир хил “суянтириб қўйиш, нисбат бериш” маъносида. Яъни бировнинг гапини бошқасига айтиб бераётганда гапни муаллифига нисбат бериб, “фалончи айтдики”, деб гапиришдир. Истелоҳда эса “Иснод – матнга олиб борувчи кишилар силсиласи(рўйхати)дир”. М: Менга Молик, унга Нофеъ, унга Ибн Умар айтган. У эса отаси Умарнинг хутбада бундай деганини эшитган (шу номи айтилган кишилар силсиласи “санад”): “Расулуллоҳ соллаллоҳу алйҳи васаллам: “Албатта, амаллар(га бериладиган савоб) нийятларга боғлиқдир...”, дедилар. Расулуллоҳнинг  “Албатта, амаллар(га бериладиган савоб) нийятларга боғлиқдир...”, деган сўзлари мантдир.        

[2] “Мурсал” деб, ҳадиснинг ровийлари силсиласидан саҳобаси тушириб қолдирилиб ривоят қилинган ҳадисни айтилади. М: Ҳадисни ривоят қилаётган тобеин ўзи билан Расулуллоҳнинг орасидаги саҳоба (тобеинга ўша ҳадисни айтиб берган зот) ни тушириб қолдириб, тўғридан-тўғри “Расулуллоҳ бундай дедилар” шаклида ривоят қилмоғи.

[3]“Саҳиҳ” деб, исноди муттасил, зоҳирий (ровийсининг заифлиги) ва махфий (тадлис – ровий ўз шайхини беркитиши каби) иллат ва шозлик (ўзидан кучли ривоятга зидлик)дан холи, санаднинг бошидан охиригача адолатли ва зобит (хотираси ўткир  ёки доим устозига текширтириб олган қўлёзмасидан бехато ривоят қилувчи) ровийлар ривоят қилган ҳадис.

[4] "Саҳиҳ” нинг таърифига қаралсин. Ундан фарқи шуки, “Ҳасан” ҳадиснинг ровийларининг зеҳни “Саҳиҳ” нинг ровийларининг зеҳнидан бироз  пастроқ бўлади. Ҳаммасининг зеҳни пастроқ бўлиши шарт эмас, битта зеҳни сустроқ ровий аралашса, ҳадис “Ҳасан” га айланади. Қолаверса, унинг ровийларининг машҳурлиги ҳам “Саҳиҳ” нинг ровийлари шуҳратидан бироз пастроқ бўлади. Яъни Имом Термизий бу ҳадисни мазкур икки хил тоифалик ровийлар томонидан ҳам алоҳида-алоҳида ривоят қилинган, демоқдалар. 

 

321 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Оёққа масҳ тортиш Баҳру-л-манофиъ »
Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…