Фиқҳ

Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ – тобеиндир

Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг тўлиқ исми – Нуъмон ибн Собит Куфий бўлиб, 80 ҳижрий йилда Куфа шаҳрида туғилган. Ҳаётининг асосий қисмини шу шаҳарда яшаб, 150/769 йил 70 ёшида Бағдодда вафот этган.

Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ йигитлик чоғида тижорат ишлари билан шуғулланган. Йигитлик чоғида  Имом Шаъбий[1] билан учрашади. Шаъбий Абу Ҳанифадаги ақл-фаросатни кўриб, уни уламолар ҳузурларига бориб, илм олишга тарғиб қилади. Абу Ҳанифа Имом Шаъбийнинг бу насиҳатларига амал қилиб, илм олишга киришади. Кейинчалик орадан йиллар ўтиб, Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ етук аллома бўлиб етишади.

Ўша пайтда Куфа шаҳри ислом оламида илм марказларидан бири эди. Унинг масжидлари дарс ҳалқалари билан тўла эди. Кўплаб саҳобаи киромлар ва тобеинлар у ерда яшар эдилар. Шунинг учун ҳам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ бошқа ўлкаларга сафар қилиб, илм ўрганишга кўп эҳтиёжи бўлмаган. Натижада, Басра, Ҳижоздан бошқа шаҳарларга кам сафар қилган. Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳдан: “Бу фиқҳни қаердан олдингиз?” деб сўралганида “Мен илм ва фиқҳ маркази (Куфа шаҳри)да яшаганман. Куфа аҳли билан бирга фақиҳ Ҳаммоддан кўп йиллар илм ўргандим”.

Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ дастлаб бир қанча вақт калом илми билан шуғулланган. Аҳли бидъатлар ва адашган фирқа вакиллари билан баҳслашар эди. Бу борада машҳур бўлиб, бармоқ билан санадиган даражадаги уламолар мартабасига етади. Бу маълумот у зот ҳақида келган ривоятларда очиқ-ойдин айтиб ўтилган.

Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ бу йўл ўзидан олдинги саҳоба ва тобеинларнинг йўли эмаслигини билгач, калом илми билан шуғулланишни тарк этиб, фиқҳ илмни ўрганишга киришди. Бу илмда ҳам етук даражага етиб, фиқҳда имом бўлдилар. Инсонлар у кишига эргашиб, айтган сўзларини оладиган бўлишди.

Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг ўзининг илк давридаги ҳолатлари ҳақида шундай деганлар: “Менга калом илми бўйича баҳслашиш маҳорати ато этилган эди. Басрада бидъатчилар кўп эди. Басрага йигирма мартадан кўпроқ бориб, улар билан калом илми борасида баҳслашардим. Кўпинча бир йил ёки ундан кўпроқ ё оз муддат у ерда яшаб қолар эдим. Ўша пайтда мен калом илми – илмларнинг энг улуғи, деб ҳисоблардим. Сўнг умримдан маълум муддат ўтгандан сўнг бир тафаккур қилиб кўрдим: “Салафи солиҳлар биздан кўра ҳақиқатларни яхшироқ билар эдилар. Улар баҳс-мунозара қилишга берилмаган, ундан ўзларини тийишганлар, шариат илмини ўрганишга киришишганлар, унга рағбат қилганлар, уни ўргатишган ва ўрганишган. Шу борада мунозара қилишган”. Шунинг учун ҳам калом илмини ташлаб, фиқҳ билан шуғулландим. Кейин қарасам, калом илми билан шуғулланувчиларнинг кўриниши солиҳларнинг кўринишига ўхшамайди, қалблари қаттиқ, кўнгиллари тошбағир. Қуръон, ҳадисга, салафи солиҳларга эътиборсиз ҳолда хилоф қилишар эди.  Агар калом илми яхши бўлганда эди, салафи солиҳлар у билан шуғулланишган бўлар эди. Шу сабабли ҳам, Аллоҳга шукр бўлсинки, калом илмини тарк этдим”.

Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ҳижрий 102 йил 22 ёшида бутун борлиқлари билан фиқҳ илмини ўрганишга киришади. Ўша давридаги Куфа фақиҳи Ҳаммод ибн Абу Сулаймон раҳимаҳуллоҳнинг дарс ҳалқасига қатнай бошладилар. Асосий илмларни у кишидан ўргандилар. Абу Ҳанифа Ҳаммод ибн Абу Сулаймондан ўн саккиз йил муддат мобайнида таълим олади. Устозининг фиқҳ булоғидан жидду-жаҳд, ҳаракатчанлик, сабр, матонат билан ичади.

Устози Ҳаммод раҳимаҳуллоҳ у кишига дарс ҳалқасида алоҳида жой ажратиб, бошқа шогирдларидан устун кўрарди ва бу борада шундай деган: “Менинг тўғримда – ҳалқа ўртасида Абу Ҳанифадан бошқаси ўтримасин”. Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ шу даражага етган эдики, устозларининг хос шогирди ва талабаси эди. Устозининг муҳим ишлари чиқиб, сафарга кетадиган бўлса, дарс ҳалқасига Абу Ҳанифани бошлиқ қилиб кетар эди. Бу нарса у зотнинг вафотидан кейин Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг устоз бўлишига бир ишора эди.

Жумҳур муҳҳаддислар бир киши саҳоба билан учрашиш ва уни кўриш билан тобеинга айланади, деганлар. Тобеин бўлишда маълум бир муддат саҳоба билан бирга юриши ва ундан ҳадис ривоят қилиши шарт эмас. “Тадрибур ровий” асарида “Саҳоба билан бирга юрмаган бўлса ҳам, у билан учрашган киши тобеиндир”, дейилган. Ваҳоланки, Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ Анас розияллоҳу анҳуни кўрган ва ундан ҳадис эшитган.

Алийюл Қори “ат-Табақот”да айтишича, Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ баъзи саҳобаларни кўрганлиги собит бўлган, улардан ҳадис ривоят қилганлиги тўғрисида ихтилоф қилинган бўлсада, ривоят қилганлиги кучлидир. Ҳофиз Заҳабий “тазкиратул ҳуффоз” асарида зикр қилишича, Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуни Куфага келганларида бир неча марта кўрган.

Ҳофизларнинг охиргиси Жалолуддин ас-Суютийнинг айтишича, “Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ тобеинлардан ҳисобланадими?” деган савол Ҳофиз ибн Ҳажарга берилганида шундай жавоб беради: “Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ саҳобалардан бир қанчасини кўрган. Чунки у зот саксонинчи ҳижрий йилда Маккада туғилган. Ўша вақтда Маккада саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Абу Авфо бор эди. Басрада Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу бор эди. Баъзи уламолар (Имом Абулмуъшир Абдулкарим Абдуссомад ат-Табарий ал-Муқрий аш-Шофиий) Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг саҳобалардан ривоят қилган ҳадислардан бир жузлик китоб ёзган. Саҳобаларни кўриш ва улардан ҳадис ривоят қилиш фазилати Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга замондош бошқа уламоларга насиб бўлмаган. Масалан, Шомдаги Имом Авзоий, Куфадаги Саврий, Мадинадиги Имом Молик, Маккадаги Муслим ибн Холид аз-Занжий, Мисрдаги Лайс ибн Саъд каби уламолар бундай шарафга эга бўлмаганлар”.

Ҳанафий уламолар табақотлари борасида биринчи бўлиб китоб ёзган аллома Имом Муҳаддис Абдулқодир ибн Абулвафо ал-Қураший ал-Ҳанафий ал-Мисрий “Ал-Жавоҳир ал-музийя” асарида шундай дейди: “Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Унайс, Абдуллоҳ ибн Жуз аз-Забидий, Анас ибн Молик, Жобир ибн Абдуллоҳ, Маъқал ибн Ясор, Восила ибн Асқаъ, Оиша бинти Ажарада розияллоҳу анҳумлардан ҳадис эшитганини зикр қилган”.

Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилади: “Мен (ҳижрий) тўқсон олтинчи йилда ўн олти ёшимда отам билан бирга ҳаж қилдим. Инсонлар бир шайхнинг атрофида тўпланиб олишанини кўрдим. Отамга “Бу шайх ким?” деб айтдим. Отам: “Бу киши Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан бўлиб, исми Абдуллоҳ ибн Ҳорис ибн Жуз”, деб айтди. Мен “У кишининг ҳузурида нима борки, инсонларнинг унинг атрофида тўпланишган?” дедим. Отам айтди: “Расулулллоҳ солаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитган ҳадислар бор”. Мен отамга: “Мени у зотнинг ҳузурига олиб боринг, мен ҳам узотдан ҳадис эшитай”, дедим. Кейин у зотнинг ҳузурига бордим ва инсонлар орасидан ўтиб у зотнинг яқинига бордим. Кейин мен у зотнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг

من تفقَه في دين الله كفاه الله همَه ورزقه من حيث لا يحتسب

“Ким Аллоҳнинг динида фиқҳ илмини ўрганса, у ўйламаган томондан унинг ташвиши ва ризқига Аллоҳ кифоя қилади” ҳадисини айтаётганларини эшитдим.

Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ бир куни халифа Мансурнинг ҳузурига кирганида Амир Ийсо ибн Мусо айтади: “Бу зот бугун дунёнинг олимидир”. Имом Бухорийнинг устозларида Маккий ибн Иброҳим Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ зикр қила туриб “ У зот ўз замонасининг энг олими эди” дейди. Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ айтдади: “Ҳадис тафсирида Абу Ҳанифадан кўра олимроқ бирор кишини кўрмадим”.

Язид ибн Ҳорун айтади: “Минг киши (уламо) билан  учрашиб, уларнинг кўпидан (ҳадис, илм) ёзиб олдим. Уларнинг ичида бештасини фиқҳ, парҳезкорлик ва илмда бошқалардан устун топдим. Бештанинг биринчиси Абу Ҳанифадир”.

Ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ ривоят қилинишича, Бағдод қозиси Абу Муҳаммад Ҳасан ибн Аммора Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ мактубини қўлига олиб шундай дейди: “Аллоҳга қасамки, фиқҳда сендан кўра балиғроқ ва қисқароқ сўзлайдиган бирор кишини учратмаганман. Сен шак-шубҳасиз ўз замонгда фақиҳларнинг саййидисан. Сен ҳақингда баъзиларнинг ёмон сўзлари ҳасаддан бошқа нарса эмас”.

Абдуллоҳ ибн Довуд ал-Харибий шундай дейди: “Мусулмонларга намозларида Абу Ҳанифанинг ҳаққига дуои хайр қилишлари вожиб бўлади. Чунки у зот мусулмонлар учун суннатлар ва фиқҳни муҳофаза қилди”.

Абдуллоҳ ибн Муборакдан ривоят қилинади: “Куфага бориб, уламоларидан “Шаҳарингизда энг олимроқ киши ким?” деб сўрадим. Уларнинг барчаси: “Имом Абу Ҳанифа”, деб жавоб берди. Кейин улардан: “Энг кўп ибодат қиладиган ва энг кўп илм билан машғул бўладиган киши ким?”, деб сўрадим. Уларнинг барчаси: “Имом Абу Ҳанифа”, деб айтди. Яна улардан юқоридаги каби бир яхши хислат ҳақида сўрганимда, улар: “Бу хислатда ҳам Абу Ҳанифадан кўра яхшироқ бирор кишини билмаймиз”, деб жавоб бердилар.

Хатиб Бағдодий Муҳаммад ибн Бишрдан (ваф. 203 й.) ривоят қилади: “Мен Абу Ҳанифа ва Суфённинг олдига бориб илм ўлганиб юрар эдим. Абу Ҳанифанинг олдига борганимда менга “Қаердан келдинг?” дер эди. “Суфённинг ҳузуридан” деб айтар эдим. Абу Ҳанифа эса:”Сен бир кишининг ҳузуридан келдингки, агар (Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳунинг икки катта шогирди) Алқама ва Асвад ҳозир бўлганида унга ўхшаш кишига муҳтож бўлар эди”, дер эди. Суфённинг олдига борганимда: “Қаердан келдинг?” дер эди. “Абу Ҳанифанинг ҳузуридан”, дер эдим. Суфён эса: “Ер юзи аҳлининг энг фақиҳроғининг ҳузуридан келибсан”, дер эди.

Абдуллоҳ ибн Муборак айтади: “Агар Аллоҳ таоло Абу Ҳанифа ва Суфён билан ёрдам бермаганида (яъни у иккисидан илм ўрганишни менга насиб қилмаганида) бошқа инсонлар каби бўлиб қолар эдим”.

Ҳужр ибн Абдулжабборнинг айтишича, Қосим ибн Маан ибн Абдурраҳмон ибн Абдуллоҳ ибн Масъудга “Сиз Абу Ҳанифанинг шогирдларидан бўлишга розимисиз?”, дейилди. У зот эса: “Бирор киши учун Абу Ҳанифа билан бирга ўтиришдан кўра манфаатлироқ илм мажлиси йўқ”.

“Маноқибул қорий” асарида зикр қилинишича Абу Ҳайён ат-Тавҳидий айтади: “Подшолар сиёсат майдонида Ҳазарати Умарга муҳтожлар, фақиҳлар қиёс бобида Абу Ҳанифага муҳтожлар, муҳаддислар ҳадис исноди бобида Аҳмад ибн Ҳанбалга муҳтождирлар”.

ТИИ “Диний фанлар” кафедраси мудири    С.Примов

 

[1] Тўлиқ исми – Абу Амр Омир ибн Шуроҳбил ибн Абд аш-Шаъбий ал-Куфийдир. У зот тобеинлардан бўлиб, бир қанча саҳобаларни кўрган. У зот фақиҳ, муҳаддис, ҳофиз бўлган. У зотнинг қуйидаги сўз ривоят қилинган: “Шу кунгача қоғозга бирор нарсани ёзмадим. Бирор киши менга ҳадис айтса, уни ёд олдим ва қайтда айтишини ёқтирмас эдим”.

197 марта ўқилди
Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…