muslim.uz

muslim.uz

Аллоҳнинг фазли ва раҳмати ёғиладиган тоат-ибодат мавсумларидан бири Зулҳижжа ойининг биринчи ўн кунлигидир. Бу муборак кунлар ҳар бир мўмин-мусулмон учун янада кўпроқ солиҳ амаллар қилиб, Аллоҳга янада яқинлашиш учун бир фурсатдир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизга бу кунларнинг дунёдаги энг фазилатли кунлар эканини билдириб, унда солиҳ амаллар қилиб қолишга тарғиб қилганлар. Бу ҳақда Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ учун ушбу ўн кунликда қилинадиган солиҳ амаллардан кўра севимлироқ амал йўқдир”, дедилар. Шунда: “Ё, Расулуллоҳ, Аллоҳ йўлида жидду-жаҳд қилиш ҳам-ми?” деб сўралди. У зот: “Ҳа, Аллоҳ йўлида жидду-жаҳд қилиш ҳам дедилар (Имом Бухорий, Абу Довуд, Термизий, Доримий, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти).

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ учун ибодат қилинишга Зулҳижжанинг ўн кунидан севимлироқ кунлар йўқдир. Унинг ҳар кунлик рўзаси бир йиллик рўзага, ҳар тундаги ибодат Лайлатул қадрдаги ибодатга тенгдир”, деганлар (Термизий, Ибн Можа ва Байҳақий ривояти).

Шунингдек, Арафа куни рўза тутиш мустаҳаб амаллардандир. Зеро, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан саҳобийлар бу ҳақда сўраганларида бундай деганлар: “Арафа кунининг рўзаси ундан олдинги бир йил ва ундан кейинги бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлишини Аллоҳдан умид қиламан” (Муслим ривояти).

Зулҳижжа ойининг биринчи ўн кунлигида мўмин-мусулмонлар солиҳ амалларга бошқа ойлардан кўра кўпроқ тарғиб қилинганларининг ҳикмати ундаги амаллар Аллоҳ учун янада севимлироқ бўлганидир. Нима сабаб бу ойдаги амаллар Аллоҳга маҳбуброқ? Бу ойнинг аввалги ўн кунларида ҳожилар ҳаж амалларини бажараётган бўладилар, кунларнинг энг улуғи Арафа ва Қурбон ҳайити ҳам айнан шу ўн кунлик ичидадир. Эҳтимол, шу сабаб бу кунларда қилинган амаллар Аллоҳ учун энг маҳбуб бўлса.

Даврон Нурмуҳаммад

 

Ҳожи Фотима масжиди Сингапурда 170 йил муқаддам қурилган. У ушбу мамлакатдаги мусулмонларни бирлаштириб турадиган нодир тузилмаларидан бири ҳисобланади. Масжиднинг эътиборни тортадиган асосий жиҳати бу – унинг минораси атайлаб олти даража атрофида қиялатиб қилинганидир.

Ҳожи Фотима ўша вақтда Целебес ҳозирда Сулавеси деб аталадиган оролнинг князи Бугисга турмушга чиққан иқтидорли малакан аёли бўлган. У эрининг вафотидан сўнг унинг ишини муваффақият билан давом эттирган.  

Масжидни қуриш учун жой танлаш масаласи қизиқ бўлган. У уйи икки марта ёниб кетган камбағал аёлнинг ҳовлисидан қурилган. Бу ерда учинчи марта ҳам ўт чиқмасин деб аёл ҳовлисини масжид қурилишига берган.  

Масжид қурилишига Ҳожи Фотиманинг ўзи ҳомийлик қилгани боис масжид унинг номи билан аталган.  Унинг ўзининг, қизининг ва куёвининг қабри масжид ичида. Масжид 1973 йилнинг 6 июлидан бошлаб  миллий ёдгорлик ҳисобланади.

Робия ЖЎРАҚУЛОВА тайёрлади.



 

Астанада меъморий жиҳатдан ноанъанавий кўринишга эга бўлган масжид қурилиши бошланди. У шаклига кўра гулни эслатадиган бўлади.   "Қозоғистонда тарихан икки хил услубда қурилган масжидларни кўришимиз мумкин - ўзбекча ва татарча услубда. Шимолий Қозоғистонда асосан татарча шаклда, жанубда эса - ўзбекча шаклда. Янги қурилаётган масжид биноси соф қозоқ стили ва  авангард услуби бирикмасидан ташкил топган", - дейди лойиҳа-ишлаб чиқариш компанияси директори Сағиндиқ Джамбулатов.

Унинг сўзлари бўйича масжидга кирувчиларни унинг ички дизайни ҳам ҳайратлантиради.  "Ичкари қисми бундан ҳам ажойиб бўлади. Меҳроб учун нодир меъморий ечим танланган, у асосий девордан ажратилиб, ҳавода муаллақ тургандек кўринишга эга бўлади", - дейди у. "Том қатламлари ўртасида муайян масофалар бўлади. У ерда деразалар ва масжидни ёритиш ускуналари жойлашади. Бундан ташқари биз бу ерда галерея қурилишини режалаштирдик. Масалан, ёмғир ёғиб турганида, асосий чиқиш эшигидан чиқиб, кишилар ёпиқ галереяда масжид биноси атрофида юриб ўтишлари мумкин", - деб қўшимча қилди Джамбулатов.

Жалолиддин Нуриддинов
 Манба: islam.ru

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Вторник, 22 Август 2017 00:00

25.08.2017 й. Фазилатли ўн кун

بسم الله الرحمن الرحيم

Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таолонинг сизу биз бандаларига ато этган чексиз фазлу марҳаматларидан бири шуки, йилнинг маълум ой ва кунларини тоату ибодат қилиб, кўплаб савоб топиш учун имкониятлар вақти қилиб берди. Ана шундай фазилатларга бой, унда қилинган амали солиҳларнинг савоби кўпайтириб бериладиган ойлардан бири Зулҳижжа ойи, хусусан, унинг аввалги ўн кунидир. Маълумки, Зулҳижжа ойи уруш ҳаром қилинган тўртта ҳурматли ойларнинг бири саналади. Аллоҳ таоло еру осмонни яратган вақтдан бошлаб бу ойни ҳурматли қилди. Бу ойда урушиш, гуноҳу маъсият амалларни қилиш оғир гуноҳ саналади. 

Зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунининг фазилати ҳақида Қуръони карим оятлари ва Пайғамбаримиз ﷺ нинг қатор ҳадисларида баён этилган. Жумладан, Қуръони каримда шундай марҳамат қилинган:

 

(وَيَذْكُرُوا اسْمَ اللَّهِ فِي أَيَّامٍ مَّعْلُومَاتٍ  (سورة الحج/28

 

яъни: “Маълум кунларда Аллоҳ номини зикр қилиш учун” (Ҳаж сураси, 28-оят). Абдуллоҳ ибн Аббос رضي الله عنه оятдаги “маълум кунлар”ни “Зулҳижжанинг аввалги ўн куни”, деб тафсир қилганлар. Бу кунларда қурбонлик қилишни ният қилган мўмин-мусулмонлар жонлиқларни ҳозирлайдилар, ўнинчи куни Қурбон ҳайити намозидан кейин қурбонлик қиладилар. Шунингдек, Арафа кунининг бомдод намозидан бошлаб такбири ташриқни айта бошлайдилар. Шунингдек, Қуръони каримда келган:

(وَلَيَالٍ عَشْرٍ (سورة الفجر/2

яъни: “Қасамёд этаман “Ўн кеча” билан” (Фажр сураси, 2-оят)ининг жумласини ҳам Ибн Аббос, Ибн Зубайр ва Мужоҳид رضي الله عنه лар “Зулҳижжанинг аввалги ўн куни”, деб тафсир қилганликлари ворид бўлган.

Пайғамбаримиз ﷺ Зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунининг фазилати ҳақида шундай марҳамат қилганлар:

عن عبد الله بن عمر أن النبي صلى الله عليه وسلم قال: "ما مِن أيَّامٍ أعظَمُ عندَ اللَّهِ وَ لاَ أَحَبُّ إليهِ فيهنَّ العَمَلُ من هَذِهِ الأَيَّامِ: عشرِ ذي الحِجَّةِ فأَكثِروا فيهنَّ منَ التَّهليلِ و التَّسبيحِ والتَّكبيرِ والتَّحميدِ 

(رواه أبو بكر بن أبي شَيْبَة ، و عبد بن حميد وأبو يعلى، والبيهقي في الشعب بسند صحيح)

яъни: Абдуллоҳ ибн Умар رضي الله عنه дан ривоят қилинади, Пайғамбар ﷺ дедилар: “Ҳеч бир кун ва унда қилинган бирорта амал Аллоҳнинг наздида Зулҳижжа ойининг ўн кунида қилингандан буюкроқ ва Унга маҳбуброқ эмас. Бас, бу кунларда таҳлил, тасбиҳ, такбир ва таҳмидни кўп айтинг” (Имом Абу Бакр ибн Шайба, Имом Абд ибн Ҳумайд, Имом Абу Яъло, Имом Байҳақийларнинг ривояти).

Муҳтарам азизлар! Дарҳақиқат, бу кунларда Аллоҳ таолога яқинлик ҳосил қилиш имконияти мавжуд. Шунинг учун бундай фазилатли кунларни ғанимат билиб, қўлдан келганча тоату ибодат, зикру тасбиҳ ва хайру саховат қилиш мақсадга мувофиқдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:

 

(يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا أَنفِقُوا مِمَّا رَ‌زَقْنَاكُم مِّن قَبْلِ أَن يَأْتِيَ يَوْمٌ لَّا بَيْعٌ فِيهِ وَلَا خُلَّةٌ وَلَا شَفَاعَةٌ  وَالْكَافِرُ‌ونَ هُمُ الظَّالِمُونَ  (سورة البقرة/254

 

яъни: “Эй, имон келтирганлар! На савдо-сотиқ, на ошна-оғайничилик ва на шафоат (қилиш) бўлмайдиган кун (қиёмат) келишидан олдин сизларга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан (шу дунёда) эҳсон қилингиз! Кофирлар эса, улар (ўзларига) жабр қилувчилардир” (Бақара сураси, 254-оят).

Шундай улуғ кунларда, айниқса, ота-она, қавм-қариндошлар, қарздорлар, моддий жиҳатдан қийналган, эҳтиёжманд кишиларнинг ҳолидан хабар олиш, уларнинг ҳожатларини чиқариш энг савобли амаллардан саналади. Меҳрибонлик уйларидаги норасида гўдаклар, ногиронлар шифохонасидаги ёрдамга муҳтож кишилар, ҳатто, руҳий хаста одамларнинг ҳолидан хабар олиб, уларнинг яшаш шароитларини яхшилашга кўмаклашиш ҳам айни савобдир. Бундай ишларни қилган киши савоб топишдан ташқари, ўзининг ҳолатига шукрона қилишга ҳам ўрганади. Зеро, Пайғамбаримиз ﷺ дан шундай ҳадиси шариф ворид бўлган:

 

(عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه قَالَ: قَالَ رَسُولُ اَللَّهِ صلى الله عليه وسلم: "انْظُرُوا إِلَى مَنْ هُوَ أَسْفَلَ مِنْكُمْ وَلَا تَنْظُرُوا إِلَى مَنْ هُوَ فَوْقَكُمْ  فَهُوَ أَجْدَرُ أَنْ لَا تَزْدَرُوا نِعْمَةَ اَللَّهِ عَلَيْكُمْ" (مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ

яъни: “Дунёвий неъматлар борасида ўзингиздан қуйироқ даражадаги кишиларга қарангиз, ўзингиздан устунроқ кимсаларга боқмангиз, зеро бу Аллоҳнинг сизга берган неъматларига беписанд бўлмаслигингизга (шукр қилишингизга) сабаб бўлади” (Муттафақун алайҳ). Ҳадиснинг маъноси шуки, агар инсон бемор бўлса, ҳаётда ундан ҳам оғирроқ хаста кимсалар бор эканлигини мулоҳаза қилиши лозим. Агар фақир бўлса, ундан ҳам камбағалроқ кишилар ҳам бор эканлиги ҳақида фикр юритиши керак. Агар бошига бирор ташвиш тушган бўлса, одамлар орасида ундан ҳам нотинчроқ кимсалар борлиги ҳақида ўйлаши керак. Шунда у ўзининг ҳолатига шукр қилади ва унинг қадрига етишга ҳаракат қилади.

Азизлар! Бу улуғ кунларда қилинган ибодатларнинг савоби ҳам кўп бўлади. Хусусан, нафл рўза тутиш ҳақида Пайғамбаримиз ﷺ дан қуйидаги ҳадис ворид бўлган:

(قال النبي صلى الله عليه و سلم: "صِيَامُ يَوْمِ عَرَفَةَ أَحْتَسِبُ عَلَى اللَّهِ أَنْ يُكَفِّرَ السَّنَةَ الَّتِي قَبْلَهُ وَالسَّنَةَ الَّتِي بَعْدَهُ" (رواه الامام مسلم

яъни: Пайғамбаримиз ﷺ: “Арафа кунининг рўзаси ўтган йилги ва келаси йилги гуноҳларга каффорат бўлади, деб Аллоҳдан умид қиламан”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Зулҳижжа ойининг аввалги ўн куни унда энг улуғ ибодатлар жам бўлгани учун ҳам қадрлидир. Яъни, Арафа куни Ҳаж ибодати адо этилади, Қурбон ҳайити куни Ҳайит намози ўқилади ва Қурбонлик амаллари бажарилади, улардан хайру саховатлар амалга оширилади. Бу кунларда мўмин-мусулмонлар учун хурсандчилик кунлари бирин-кетин уланиб келади. Айниқса, Ўзбекистон аҳли учун ҳам ҳайит, ҳам мустақиллик байрами қўшалоқ келмоқда. Шундай экан, ушбу фазилатли кунларда юртимиз мўмин-мусулмонлари, авваламбор, ота-онага меҳр-оқибатли бўлишда, қавм-қариндошларга хайр-саховат қилишда, бемор ва муҳтожларни зиёрат этишда ҳамда гина-қудратларни унутишда ибрат бўлмоғимиз керак.

 

Муҳтарам жамоат! Фиқҳий масалаларнинг баёни борасидаги бугунги суҳбатимизда ҳанафий мазҳабимизда махсига масҳ тортишга оид ҳукмлар ҳақида сўз юритамиз.

 

Махсига масҳ тортиш тартиби:

  • махси таҳоратли бўлиб туриб кийилган бўлиши;
  • муқим киши махсига бир кеча-кундуз масҳ тортиши жоиз;
  • мусофир эса уч кеча-кундуз махсига масҳ тортиши жоиз;
  • масҳ тортиш муддати таҳорат бузилган вақтдан бошланади;
  • махси устига бармоқлари билан чизиқ тортилади;
  • оёқларнинг бармоқлари учидан бошлаб тўпиққа қараб тортилади;
  • қўлнинг учта бармоғи билан масҳ тортиш фарздир;

 

Масҳ тортиш жоиз бўлмаган ҳолат ва уни бузувчи амаллар:

  • оёқларнинг учта бармоғи сиғадиган даражада тешилган махсига масҳ тортиш жоиз эмас;
  • ғусл вожиб бўлган кишига масҳ тортиш жоиз эмас;
  • таҳоратни бузувчи амалларнинг барчаси масҳни ҳам бузади;
  • махсиларни ечиш масҳни бузади;
  • масҳ тортиш муддатининг ўтиши ҳам бузади;
  • таҳоратли киши масҳ вақти тугаб махсини ечса фақат оёқларини ювади, лекин таҳоратнинг бошқа амалларини қайтармайди.

 

Аллоҳ таоло бу кунларни барчамизга хайру баракали, элимиз ва халқимиз учун тинчлик-омонлик кунлари қилсин! Кўп йиллар мана шундай улуғ айёмларга соғу саломатликда етмоғлигимизни насибу рўзи айласин! Омин!

Понедельник, 21 Август 2017 00:00

Узумнинг фойдалари ва зарарлари

Узум инсон организми учун нимаси билан фойдали?

Узум — фойдали витаминлар ва минераллар хазинасидир. Унинг таркибида С витамини, А, РР, Н  витаминлари, В группасига кирувчи витаминлар, шунингдек  К витамини мавжуд.

Шунингдек, узумда натрий, кальций, темир, фосфор, бор, фтор, никель, марганец, цинк ва   кўпгина бошқа фойдали металларни, минералларни ва бир қатор нодир фойдали моддаларни учратиш мумкин. Бундан ташқари, узум таркибида  саратон касаллиги пайдо бўлишига қаршилик кўрсатувчи фитостерин деб номланувчи модда мавжуд. Яна унинг таркибида антиоксидант таъсир кўрсатувчи органик кислоталар, фойдали озуқавий тўқималар, шунингдек,  илмий тилда флавоноидлар ва  моносахаридлар  деб номланувчи инсон организми учун фойдали моддалар мавжуд.

 Агар зерикарли рақамлар билан ифодаланадиган тилда айтиладиган бўлса, олимлар томонидан узумда икки юз хилга яқин фойдали моддалар мавжудлиги аниқланган.

Шунингдек, узум уруғи ҳам инсон учун фойдали, унда хушбўй моддалар, фитостеринлар ва  эфир мойлари бор.

Узум иммунитетни ва юрак мускулларини мустаҳкамлайди, томирларни кенгайтиради ва бош оғриғини бартараф этишда ёрдам беради. Узум қон таркибидаги холестерин миқдорини камайтиради, ични юргизади.

 Узумнинг озуқавий қуввати

Узум парҳез меваси эмас, шунинг учун уни истеъмол қилиш меъёрида бўлиши лозим. Унинг озуқавий қуввати 100 грам мевасида (унинг навига қараб) 45 дан 63 ккал гачани ташкил этади. Албатта унинг озуқавий қуввати баланд эмас, лекин унинг иштаҳа очиш хусусияти кучли бўлганидан, кўпроқ овқат истеъмол қилишга сабабчи бўлади.

 Узум нимаси билан зарарли?

Барчамизга маълумки, ҳар бир фойдали нарсанинг зарарли томони ҳам бўлиши мумкин. Узумнинг баъзи кишилар учун асосий камчилиги таркибида қанд моддаси миқдори жуда баландлигидадир. Узумни семириш, қандли диабет, ошқозон яраси, кариес касалликларида истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ эмас. Шунингдек, уни истеъмол қилишдан қонни суюлтириш мақсадида дори-дармон истеъмол қилаётганда ҳам ўзини тийиш тавсия этилади.

                             Жалолиддин Нуриддинов

                                    Манба: hronika.info  

 

Страница 1 из 184
Top