muslim.uz

muslim.uz

Вторник, 21 Февраль 2017 00:00

24.02.2017 й. Умр заволи

(1-март – Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни )

Мухтарам жамоат! Аллоҳ таоло барча махлуқотлари ичида инсонни энг азиз, мукаррам, мукаммал ва афзал суратда яратган. Ҳақ таоло Қуръони каримда инсонга жуда кўп неъматларни ато этганини, унга покиза нарсалардан ризқ-рўз қилиб берганини эслатиб айтади:

وَلَقَدْ كَرَّمْنَا بَنِي آَدَمَ وَحَمَلْنَاهُمْ فِي الْبَرِّ وَالْبَحْرِ وَرَزَقْنَاهُمْ مِنَ الطَّيِّبَاتِ وَفَضَّلْنَاهُمْ عَلَى كَثِيرٍ مِمَّنْ خَلَقْنَا تَفْضِيلًا  سورة ﺍﻹﺳﺮﺍﺀ/70

яъни: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик”.

Барчаларимизга яхши маълумки, муборак динимизнинг барҳаёт таълимоти Аллоҳ таолонинг ирода ва қудрати ила дунёга келган ҳар бир инсоннинг жисми, ақли ва руҳиятига таъсир қиладиган ва зарар берадиган турли зарарли ичимликлардан, барча турдаги гиёҳвандлик, чекиш каби иллатлардан сақланмоғи вожиб бўлади.

Ҳурматли намозхонлар! Гиёҳвандликнинг ёмон оқибатлари Ислом таълимотида ҳам ҳаромдир.  Бу ҳақда Аллоҳ азза ва жалла Ўзининг каломида ва Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларида батафсил баён қилиб берганлар. Гиёҳвандлик балосига гирифтор бўлган инсон, гўё ўзига омонат қилиб берилган жон ва ақл неъматига хиёнат қилган ва ўзини ҳалокат домига ташлаган бўлади. Бу нарса Аллоҳ таолонинг иродасига зид амал бўлиб, у қатъий қоралангандир. Аллоҳ таоло бу ҳақда барчаларимизни огоҳлантириб, айтади:

وَلَا تُلْقُوا بِأَيْدِيكُمْ إِلَى التَّهْلُكَةِ ... سورة البقرة/195

яъни: “...Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!...”

Тарихий маълумотларга кўра, милодий ўн биринчи асрда яшаган мовароуннаҳрлик улуғ аллома Абу Бакр Сарахсий: “Банг (афюн) ўнинчи асрдан бошлаб бизнинг диёримизда пайдо бўлди ва кўп кишилар унга мабтало бўлишди”, деб ёзган. Аллома ибн Ҳажар ал-Маккийнинг “Фатовои Кабир”ида айтилишича, “Гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилишда бир қанча диний ва дунёвий зарарлар мавжуд: у инсон тафаккурини ўтмаслаштиради, тананинг турли касалликларга чидамлилигини йўқотади, хотирани сусайтиради, бош, юрак, сил, истисқо хасталикларини юзага келтиради, ибодатдан тўсади, шарму ҳаёни кетказади, инсоний муносабатлар ва мурувватга зарар етказади”. Бундан ташқари, бу зарарли иллат инсонни ўта ялқов, камғайрат, оилага бепарво, ҳамиятсиз, жинсий заиф қилиб қўяди, кўзни хиралаштиради, тишларни тўкиб юборади. Яна фатволарда келишича, “Гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилиш, уни сотиш ва унинг тижорататидан келган фойда ҳам ҳаром саналади”.

Жумладан, ҳозирда гиёҳвандлик инсонга ҳар томонлама зарар беришини ғарб ва шарқ тиббиёт мутахассислари бир овоздан тасдиқлашмоқда. Бу моддаларни истеъмол қилувчилар ўнлаб тузалмас касалликларга йўлиқиши, ҳаётдан эрта кетиши, улардан мажруҳ, ақли ноқис фарзандлар туғилиши исботланди. Бу эса инсоннинг ўз жонига қасд қилиши  билан баробардир.  Гиёҳвандлик ва уни кишилар, айниқса, ёшлар ўртасида тарқалишининг олдини олиш мақсадида БМТ ҳузурида гиёҳвандлик ва жиноятчиликка қарши халқаро ҳайъат ташкил этилган. Мазкур ҳайъат томонидан ҳар йили эълон қилинаётган маълумотларга қараганда жаҳонда гиёҳвандлик ва унга боғлиқ бўлган жиноятлар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Шунинг учун ҳам гиёҳвандликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш ҳамда гиёҳвандликка мубтало бўлганларни даволаш борасида ягона дастур ишлаб чиқилди ва ҳаётга тадбиқ этилмоқда. БМТ Қарорига биноан 1 мартни Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни деб эълон қилинган.

Муҳтарам жамоат! Гиёҳвандлик – бу бангиликдир. Бу оғир хасталикдир, яъни у ёки бу наркотик моддаларга ёки кайф берувчи моддаларга ишқибозлик ва мойиллик ҳосил қилишдир, яъни инсон ўз ихтиёри билан миясини заҳарлайди. Натижада ушбу ўта гуноҳ ва нотўғри йўлга қадам қўйган шахс ўзининг одамийлик қиёфасини йўқотади, ўзининг олийжаноб инсонийлик кўринишидан жудо бўлади. Руҳан носоғлом ҳолга келади, касб-ҳунаридан маҳрум бўлиб қолади, оқибатда жиноий ишларга қўл уради, ўғирлик қилади, ўзига ҳам бошқаларга ҳам бахтсизлик келтириб чиқаради. Парвардигорга осий бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳидоятларидан маҳрум бўлади. Энг оғири, ҳам руҳан, ҳам жисмонан инсонийлик қиёфасини йўқотади. Шуни асло унутмаслигимиз лозимки, гиёҳванд моддани тажриба учун, унинг кайфини синаб кўриш мақсадида, бир-икки марта истемол қилиш, “ҳеч нарса бўлмайди”, - деб ҳавас қилиш, ўта хавфли ва ўта ақлсизлик, деб баралла айта оламиз. Зеро, ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси муборакларида: “Ҳар бир кайф қилдирувчи нарса хамрдир, ҳар бир хамр ҳаромдир”, - деб огоҳлантирганлар. Хамрдан мурод ақл фаолиятини тўсувчи нарса.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан  бу ҳақда яна бошқа шундай ҳадис бор:

" نَهَى النبى صلَّي عليه وسلم عَنْ كُلِّ مُسْكِرٍ وَ مُفَتِّرٍ " رواه أحمد و ابو داود

яъни: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар қандай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарсаларни истеъмол қилишдан қайтардилар” (Аҳмад ва Абу Довуд ривояти).

Муҳтарам жамоат! Гиёҳвандлик – ҳозирги кунда бутун жаҳонда ўта мураккаб муаммолардан бўлиб қолмоқда. Чунки, у барча мамлакатларда қўпорувчилик, террорчилик ва бошқа оғир жиноий ишларнинг ҳам келиб чиқиши ва кўпайишига ҳамда уларни молиялаштиришга сабаб бўлмоқда. Инсоният ва жамият учун балою-офат бўлган бангиликни таг-туги ва илдизи билан йўқ қилиш учун илмий асосланган, самарали усуллардан фойдаланишимиз керак.

Доно халқимиз: “Касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олган яхшироқ!”, - дейди. Шундай экан, ҳар бир ота-она, ҳар бир киши соғлом миллатни вояга етказади, соғлом миллат эса, иншоаллоҳ улкан ишларга қодир бўлади. Инсоннинг эътиқоди кучли, мустаҳкам бўлиши билан бирга тани, жисми ҳам соғ, чиниққан, ҳар қандай қийинчилик ва машаққатларга бардош бера оладиган бўлмоғи лозим. Бу ҳақда Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар:

"اَلمْؤمِنُ الْقَوِىُّ خَيْرٌ وَأَحَبُّ إلَي الله مِنَ المْؤمنِ الضَّعِيفِ" رواه مسلم

яъни: “Кучли, бақувват мўмин киши Аллоҳ наздида кучсиз мўминдан кўра яхшироқ ва севимлироқдир”.

Шу сабаб, азиз биродарлар, келажагимиз бўлган фарзандларимизга, ўқувчи ва талабаларимизга, маҳаллалардаги ёшларимизга бепарво бўлмайлик. Чиройли одоб-ахлоқ инсондаги барча фазилатларнинг энг олий ва афзалидир. Зеро, ҳусни хулқ соҳибидан доим эзгулик, яхшилик кутилади. Ўзига, оиласига, жамиятига ва Ватанига манфаат етади. Шунинг учун ҳам улуғларимиз: “Ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзи тамойилларини қарор топтириш, уларни гиёҳвандлик, ахлоқсизликдан асраш масалалари бир зум ҳам эътиборимиздан четда қолмаслиги даркор”, - деб уқтирадилар.

Бир болага етти маҳалла ота-она, деган гап бор халқимизда, шундай экан азизлар, бола ўзимизни фарзандимизми ёки бегонаникими уларга эътиборлироқ бўлайлик. Халқимиз келажаги бўлган бу ёшларга, уларнинг тарбияларига, илм олишларига эътибор бериб, келажакда уларни халқ учун, миллат учун, Ватан учун, дини учун хизмат қиладиган бўлишларига харакат қилайлик.

Ҳозирги вазиятда ичкиликбозлик, гиёҳвандлик ва кашандаликка қарши бутун чоралар билан кураш олиб бориш инсониятнинг энг муҳим ва долзарб вазифаларидан бири бўлиб турибди. Бу ишдан мусулмонларимиз ҳам четда турмасликлари, ёшларга бу одатларнинг зарари ва келтиражак кулфатлари ҳақида мунтазам тушунтириш ишлари олиб боришлари, уларни пок турмуш тарзи, гўзал одоб-ахлоққа тинмай тарғиб қилишлари зарур бўлади. Аллоҳ таоло барчаларимизни соғлом турмуш тарзига мувофиқ ҳаёт кечиришимизни, Парвардигор ҳаром қилган зарарли иллат ва қусурлардан четда бўлишимизни насиб айласин! Омин!

Четверг, 16 Февраль 2017 00:00

Бу сўзни айтишдан эҳтиёт бўлинг!

Ҳозирги вақтда оилаларда ажримларнинг кўпаётгани  жамиятимизнинг оғриқли нуқталаридан биридир. Синовли дунёда оилавий келишмовчиликларни сабр ва бағрикенглик билан бартараф этиш мумкин бўлгани ҳолда кўп ёшларимиз шошқалоқлик, ғазаб, сабрсизлик каби иллатларга тез енгилишмоқда. Йигитларимизнинг аёлига “Уч талоқсан”, “Қум талоқ”, “Минг талоқсан”, “Онангникига борсанг, талоқсан!” дейишлари кўпайиб кетган.

Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ азза ва жаллага энг ёмон кўрилган ҳалол нарса талоқдир”, дедилар» (Абу Довуд, Имом Ҳоким. Имом Ҳоким саҳиҳ деган).

Айрим эркаклар бу сўзнинг ҳукмини билмасдан хотинини қўрқитиш учун “талоқ” сўзини қайта-қайта тилга олаверади,  жаҳл билан айтилган биргина сўздан оила таназзулга юз тутишини ҳис қилишмайди. “Бир марта жанжал бўлган уйдан қирқ кун барака кетади”, деган мақолнинг моҳиятини тушунмай жанжаллашаверишади. Бундай тортишувларда эр ҳам, аёл ҳам ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилади. Фарзандларнинг аҳволи, атрофдагиларнинг фикри, ҳаёти уларни умуман қизиқтирмайди. Кўпинча аёл эрини қаттиқ рашк қилганидан ёки  бошқаларга ўхшаб яхши яшашни талаб этиши, эрининг қариндошлари билан муносабатлари турли келишмовчиликларга сабаб бўлади.

Савбон (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қай бир аёл узрли сабабсиз эридан талоқ қилишни сўраса, унга жаннатнинг ҳиди ҳам ҳаром бўлади”, дедилар» (Сунан соҳиблари).

Абдуллоҳ ибн Жаъфар ибн Абу Толиб қизига бундай насиҳат қилган эканлар: “Зинҳор рашкчи бўлмагин, у талоқнинг калитидир. Зинҳор кўп итоб қилувчи бўлмагин, у кўнгилсизликни келтириб чиқаради. Сурма қўйиб юргин, лекин зийнатларнинг энг афзали сувдир”.

Оилавий ажримлар сабаблари ўрганилганда “талоқ” сўзининг кўп ишлатилиши эр ғазабланганида хотини сабр қилмасдан тилига эрк беришидан юзага келар экан.  Эрининг кайфиятига қараб муомала қилиш маданияти ҳамма аёлга ҳам берилмаган. Шунинг учун хотинлар дарров тилга эрк беришади. “Сенга тегиб нима кўрдим?” “Қўлингдан нима келарди?” каби сўзлар  эркакларнинг қуюшқондан чиқишига сабаб бўлади. Ваҳоланки, турмуш чорраҳаларида кўзланган эзгу орзуларга чиройли сабр билан эришиш мумкин. Афсуски, буларнинг баъзи аёлларга қизиғи йўқ. Аслида, овозни кўтариб эмас, балки бир оз паст келиш билан катта-катта ишларни ҳал қилиш мумкин. Сабр, бир сўздан қолиш билан қанчадан қанча ажримларнинг олдини олиш мумкин эди.

Аллоҳ таоло дунё ҳаётида эрларнинг аёллардан устунлигини таъкидлаб, бундай марҳамат қилади: “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир...” (Нисо, 34).

Аллоҳ таоло эркак кишини табиатан ҳиссиётга берилмайдиган, оғир, вазмин, ақлли қилиб яратган. Ҳар қандай ҳолатда ҳам эркак киши ўзини оғир тутиши керак бўлади. Бироқ айрим жоҳил йигитлар аёлининг ақл билан тузатиш мумкин бўлган камчилиги ёки хатосини тўғрилашга чора қидиришдан кўра бегоналардан таскин қидиришни маъқул кўришади. Аёл эрининг феълидаги ҳар қандай нуқсонга чидаши мумкин, аммо хиёнатини кечиролмаслигини эсдан чиқаришади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Улар билан тотув турмуш кечиринг. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин” (Нисо, 19).

“Кейинги пушмон, ўзингга душман” деб, бекорга айтилмаган. Ўйламай айтилган сўзнинг  асорати оилаларнинг бузилишига,  бегуноҳ гўдакларнинг кўз ёшига сабаб бўлиб  қолмасин.

 

 Мунира АБУБАКИРОВА

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси

Вторник, 14 Февраль 2017 00:00

Миллий либос – маданият кўзгуси

Инсон камтарлик билан, одобу ҳаёси чегарасидан чиқмай маромида кийиниши кераклиги Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларида алоҳида таъкидланган. Сарвари олам: “Кийимларингизни дид билан кийинглар, токи одамлар орасида  юзга оро берган  хол мисоли чиройли бўласизлар”, деганлар.

Буюк мутафаккир Алишер Навоий ўзининг таълим-тарбия,  одоб-ахлоққа доир “Ҳайратул аброр” асарида  кишиларни зебу зийнатлар, молу дунё  эмас,  балки ақл-идрок,  шарму ҳаё безайди,  деб айтади.

Миллий кийим  масаласига тўхталадиган бўлсак,  қадимдан инсон қайси миллатга мансуб эканлиги  биринчи навбатда унинг кийимига қараб аниқланган. Ҳар  бир  миллат  ўзига хос кийиниш маданиятига эга. Бизнинг миллий кийимларимиз дунёнинг қай бурчагида бўлмасин ҳар қандай халқнинг ҳавасини келтириб ўзига маҳлиё қилади.

Мамлакатимизда истиқлолнинг биринчи кунларидан  бошлаб миллий ва диний қадриятларимизни қайта тиклаш ва ривожлантиришга катта эътибор қаратилди. Миллий байрамларимиз урф-одатларимиз  қайта тикланди.

Кейинги пайтларда афсуски,  ҳаддан  ташқари  замонавий либосларга берилиб кетган опа-сингилларимиз ҳам оз эмас. Юртимиз бозорларига кириб келаётган тор  ва  очиқ-сочиқ  кийимларни кийиб юриш динимизга  ҳам на шарқона миллий урф-одатларимизга ҳам тўғри келмайди. Барча  амалларимизда талаб қилинадиган меъёр камтарлик орасталик кийинишга ҳам татбиқ этилиши керак.

Чиройимизга чирой,  кўркимизга кўрк қўшадиган миллий либосларимиз қадрини баланд тутайлик.

 

Раъно Қодирова,

Хоразм вилояти бош имом-хатибининг

хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси

Вторник, 14 Февраль 2017 00:00

Асаблар янада таранглашди...

Уйда ёлғиз қолган эр дастрўмолчасини қидириб, тополмади. Асабийлаша бошлади... Тахмондаги барча кийимларни ерга улоқтириб, уни “астойдил” излаган бўлди. Топилмади. Аксинча, устма-уст қалашган ва аралаш кийимлар орасидан бир парча матони топиш янада мушкул ҳолга келди. Умид узилди. Асаблар янада таранглашди. ...

Телевизорда футбол томоша қилиб ўтирган ўйин ишқибози овоз баландлигидан қониқиш ҳосил қилмади чоғи, бошқарув пультини қўлга олди. Аксига овоз кўтариш кнопкаси ишламай қолди. Пешонаси тиришди. Асабийлаша бошлади... Кнопкани янада қаттиқроқ босди. Кнопга бечора ҳам борича эзилди. Барибир ишламади. Кейин пультнинг орқасини кафтига такрор-такрор урди ва ҳалиги кнопкани яна босди. Натижа бўлмади. Алалоқибат, пультни қоқ “бели” билан кучи борича хонтахтага урди. У синиб, бўлак-бўлак ҳолича сочилиб кетди. “Натижа”ни кўргач футбол кўришдан ҳам хафсаласи пир бўлди. Асаблар янада таранглашди. ...

Сув трубасига нимадир бўлди шекилли, сув унинг жумрагидан яхши оқмай қолди. Махсус каттакон ключни олиб, унинг жағини трубанинг қайрилган қисмидаги уланмага солди. Уёқ-буёққа бураб кўрди. Бўшамади. Асабийлаша бошлади... Ключни баланд кўтариб, унинг муштдек темир бошини пластмасса трубанинг ялонғоч баданига забр билан солди. Труба чўрт синди. Унинг қорнини ёргудек бўлиб соатлаб оққан сув ҳамма томонни кўлга айлантирди. Пастки қаватдаги қўшнилар “дод” солди... Асаблар янада таранглашди. ...

Орадан бироз вақт ўтиб ҳар учала ҳолат “қаҳрамонлари” сўнги қарорларидан пушаймон бўлишди.

Унутманг ва ёдда тутинг!

Ҳакимлар шундай дебдилар:

يترك باللين ما لا يترك بالعنف،

و ما صاحب الرفق أمرا إلا زانه،

Қўпол куч билан ечими топилмаган ишлар оҳисталик билан ечим топади.

Қайсики ишда ОҲИСТАЛИК ва ФАРОСАТ ҳамроҳ бўлса – бу фазилатлар ушбу ишга зийнат ато этади!

 НУРАЛИ Мавланов,
Зангиота тумани бош имом-хатиби 

 

Вторник, 14 Февраль 2017 00:00

Заҳириддин Муҳаммад Бобур

Тарихда улуғ шоҳ, шоир, олим,  том маънодаги буюк ижодкор бўлган Заҳириддин Муҳаммад Бобур жаҳон  маданиятига  улкан ҳисса қўшган   алломалардан биридир.

Бобур  Ҳинд заминига  Ислом таълимотларини олиб кирган ва дин равнақига  ўз ҳиссасини қўшган буюк шахсдир. Ўн икки ёшида отаси Умаршайх Мирзо вафотидан кейин    подшоҳ бўлган Бобур Мирзонинг  ҳаёти жангу жадалларда ўтган. Тақдир тақозоси билан она  юртидан кетишга мажбур бўлган. Ҳиндистонга бориб ўз ҳукмронлигини мустаҳкамлаб, марказлашган қудратли давлатни барпо этган.

Бобур  гўзал хулқ-атвор эгаси, тақво, шижоат, ҳалоллик, вафодорлик,  сабр-тоқат, ҳиммат, адолат,  раҳм-шафқат  каби хислатларни мужассамлаган.  Бу  хислатлар  унинг  ижодида ҳам   ўз ифодасини топган.

 

Бори элга яхшилиғ қилғилки, мундин яхши йўқ,

Ким, дегайлар даҳр аро қолди фалондин яхшилиғ.

 

Шоир ушбу машҳур байт орқали:  “Бировдан ёмонлик кўриб турганингда ҳам фақат яхшилик қил, ёвузликка эзгулик билан жавоб қайтар”, деб таъкидламоқда.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур  Ҳинд заминида  қурилиш ишларига,  халқнинг яхши яшашига, ободончиликка  катта эътибор қаратди. Бу ҳақда Н.Низомиддинов  “Буюк Бобурийлар тарихи” номли асарида  шундай ёзади:  “Шаҳарларда ободончилик, таъмирлаш, боғу  роғлар барпо этиш ва экинзор ерларда  суғориш ишларининг йўлга қўйилиши, Самбҳал ҳамда Аграда масжиду мадрасаларнинг қурилиши Бобурнинг амалга оширган ижтимоий ва иқтисодий ислоҳотларининг илк куртаклари эди”.

Бобурнинг   асарларидаги ахлоқий қарашлар,  бағрикенглик,  инсонпарварлик  тамойиллари    инсонларни   доимо    эзгуликка чорлаб туради.

        

М.Абдуллаева,

ЎМИ мутахассиси

 

Страница 1 из 164
Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…