Фотолавҳалар

Жорий йилнинг 20 апрель куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Дин ишлари бўйича қўмита ҳамкорлигида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги таълим муассасаларининг маънавий-маърифий ва тарбиявий йўналишда фаолият олиб бораётган педагог ходимлар ўртасида “Йилнинг энг яхши мураббийси” кўрик-танловининг Республика босқичи ўтказилди. Танлов ошкоралик, холислик ҳамда тенглик тамойилларига асосланган ҳолда бўлиб ўтди.

Мазкур танловни ўтказишда илғор тажрибаларни оммалаштириш, намунали иш олиб бораётган мутахассислар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш ҳамда ЎМИ тизимидаги таълим муассасаларда маънавий-маърифий ҳамда таълим-тарбия борасидаги ишлар сифати ва самарадорлигини юксалтириш, соҳа ходимларининг касб маҳоратини ошириш кўзда тутилган.

Шунингдек, мураббийнинг етакчилиги, фаоллиги, ижодий қобилияти ва ташаббускорлигини ривожлантириш, касбий маҳоратининг рўёбга чиқиш, уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, юртимизда амалга оширилаётган таълим тизимидаги ислоҳотлардан хабардорлиги, дунёда кечаётган глобаллашув жараёнида миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишга қаратилган билимларини мустаҳкамлаш, талаба ва ўқувчи-ёшлар онгига ватанпарварлик, миллатпарварлик, бағрикенглик, ҳушёрлик ва огоҳлик каби туйғуларни сингдириш, уларни миллий урф-одатлар руҳида ҳар томонлама баркамол қилиб тарбиялаш мақсадида амалга оширилди.

Мазкур танлов ЎМИ раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур, ЎМИ Матбуот котиби Жалолиддин Нуриддинов, ЎМИ Фатво бўлими мудири Абдулҳамид Турсунов, Дин ишлари бўйича қўмита Таълим бўлими Салоҳиддин Шерхонов ҳамда ЎМИ ходимлари Умид Ходжаев ва Зарифа Қосимовалардан иборат ҳакамлар ҳайъати томонидан  қуйидаги 5 та шарт асосида ўтказилди:

1-шарт. Таништирув – иштирокчилар ижодий ёндашган ҳолда “Менинг ғоям” мавзуида тақдимот намойиш этиш;

2-шарт. Тарбиявий жараён – таълим-тарбия жараёнида учрайдиган айрим муаммоли вазият ва унинг тўлиқ ечимини очиб бериш; 

3-шарт. Интеллектуал салоҳият – иштирокчиларга 5 та савол бериш;

4-шарт. Оммавий ахборот воситаларидаги фаоллик даражаси, чиқишларининг умумий савияси, долзарблиги, таъсирчанлиги;

5-шарт. Эркин мавзу – иштирокчилар ўзларининг қизиқиши ва қобилиятини намойиш этиши.

Тадбир ниҳоясида ҳакамлар томонидан натижалар эълон қилинди. Унга кўра, фахрли биринчи ўринни Адилова Наргиза (“Хадичаи Кубро” ўрта махсус ислом билим юрти), иккинчи ўринни Ахунжонов Рустам (“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти), учинчи ўринни эса Каттаев Пўлатхон (Тошкент ислом институти) эгалладилар.

Кўрик-танловда фахрли ўринларни эгаллаган қатнашчилар дипломлар ва китоблар тўплами билан тақдирландилар. Қолган иштирокчиларга эса Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Мақтов ёрлиқлари ҳамда эсдалик совғалари топширилди. 

Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими

412 марта ўқилди
Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…