Ҳадиси шариф

Саҳиҳул Бухорий

 Ушбу даврдаги ҳадис китобларини тасниф қилишдаги аоссий йўналиш китоб ёзаётган етиб келган ҳадисларни қоғозга тушириб китоб шаклига келтиришдан иборат бўлган десак хато қилмаган бўламиз. 

Борган сари мазкур ҳадис китобларининг ҳажми катталашиб борган. Абдурраззоқ Санъоний каби ўша вақтнинг кўзга кўринган муҳаддислари тасниф қилган китоблар ўн ва ундан ортиқ жилддан иборат бўлиб қолган. Бу китобларнинг асосий мақсади бор ҳадисларни жамлашдан иборат бўлган.
Тарих ва таржимаи ҳолларга оид китобларга назар соладиган бўлсак, вақти соати келиб баъзи муҳаддислар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифлари бўйича, одамларга ишончли манба, ҳидоят ва фойда булоғи бўлиши учун мухтасар бир китоб тасниф қилиш зарурати туғилган эди.

Имом Бухорий ушбу заруратни биринчилардан бўлиб англаб етдилар. У киши мазкур китобни тасниф қилишга бел боғладилар. Имом Бухорий бу ишни амалга оширишларига туртки бўлган ҳодисаларни ўзлари эслаб, гапириб юрганлар.

Хатиб Боғдодий ўзининг машҳур «Тарихи Боғдод» китобида бу ҳақда Иброҳим ибн Маъқал Насафийдан қуйидаги ривоятни келтиради:
«Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоилнинг «Исҳоқ ибн Роҳавайҳнинг ҳузурида эдим. Бизга асҳобларимиздан бири, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари бўйича мухтасар бир китоб жамласаларингиз – чи, деб қолди. Бу гап менинг қалбимга ўрнашиб қолди ва ушбу китобни жамлашни бошладим», деганини эшитдим».

Ибн Имод Ҳанбалий ўзининг «Шазаротуз заҳаб фии ахбори ман заҳаб» номли китобида Муҳаммад ибн Сулаймон ибн Форисдан қуйидаги ривоятни келтиради:

«Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни тушимда кўдим. Мен У зотнинг олдиларидан туриб, қўлимдаги елпиғич ила елпимоқдаман. Баъзи таъбирчиларга тушимни айтсам, сен У зотдан ёлғонларни четлатасан экан, деди. Мана шу нарса мени «Саҳиҳ»ни чиқаришимга туртки бўлди», деганини эшитдим».
Ушбу икки ривоятни жамлаб, Имом Бухорий Исҳоқ ибн Роҳавайҳ раҳматуллоҳи алайҳининг мажлисидан кейин туш кўрганлар ва икки ҳодиса машҳур китобларининг ёзилишига туртки бўлган дейишимиз мумкин бўлади.
Имом Бухорий бош асари бўлмиш бу китобни турли номлари билан аталади. Аммо у кишининг ўзлари қўйган расмий номни жуда оз сонли одамлар билади. Китобнинг асли ва тўлиқ номи қуйидагича: «Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ ал-Муснад мин ҳадиси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва сунаниҳи ва айяямиҳи».

Китобнинг номини сўзма сўз таржима қиладиган бўлсак, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари, суннатлари ва айёмлари ҳақида жамловчи, саҳиҳ ва муснад» деган маъно чиқади.
Китобнинг «Жомеъ» деб номланиши сабаби.

Ҳадис илми уламоларининг истилоҳида «Жомеъ» деганда ҳадиснинг барча қисмларини жамловчи деган маъно тушунилади. Унда ақийда, ҳукмлар, зоҳидлик, емоқ ичмоқ одоби, сафар, туриб ўтириш одоби, тафсир, тарих, сияр, фитналар, фазийлатларга оид ҳадисларни ўз ичига олган китоб деган маънони билдиради.

Бу ҳақда Валиюллоҳ Деҳлавий қуйидагиларни айтади: «Аҳли ҳадислар ҳадис илмини девонга киритиб тасниф қилганларида уни тўрт фандан иборат қилишган.

  1. Суннат Фани. Яъни, фиқҳга оид нарсалар. Моликнинг Муваттоси ва Суфённинг Жомеъига ўхшаш китоблар.
  2. Тафсир Фани. Ибн Журайжнинг китобига ўхшаш.
  3. Сийрат Фани. Муҳаммад ибн Исҳоқнинг китобига ўхшаш.
  4. Зуҳд ва Рақоиқ. Ибн Муборакнинг китобига ўхшаш.

Бухорий мазкур тўрт фанни бир китобда жамлашни ирода қилди. Шу билан бирга Бухорийдан олдинги ва унинг замони уламолари саҳиҳилиги ҳақида ҳукм қилган ҳадисларнигина олишни йўлга қўйди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борадиган муснад ҳадисларнигина олишни раво кўрди. Китобдаги баъзи асарлар ва шунга ўхшаш нарсалар фақатгина ҳадисга тобеъ бўлган ҳолда келган. Асл бўлиб келмаган.

Шунинг учун ҳам унинг китоби «Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ ал-Муснад» деб номланган. Яна Бухорий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан ҳукм чиқаришга қаттиқ уринган. Ҳар бир ҳадисдан кўплаб масалаларни чиқарган. Буни ундан олдин ҳеч ким қилмаган».

Ислом умматларининг инояти билан бошқа бирор ҳадис китоби “Саҳиҳ ул-Бухорий”чалик шарҳланишга мушарраф бўлмаган. Шарҳлари кескин кўрайиб, ҳатто, “Кашфуз-Зунун” асарини муаллифи Ҳожи Хлифа ушбу китобида айтади.:

“Саҳиҳ ул-Бухорий”нинг шарҳлари 82 та дан ошиб кетгандир”.

Шулардан баъзилар:

1 – Аллома Шамсиддин Муҳаммад ибн Али ал-Кирмоний (786 ҳижрийда вафот этган). Шарҳнинг номи “Ал-Кавакиб ад-Дарорий фий шарҳил Бухорий”.

2 – Имом Хофиз ибн Ҳажар Абул-Фазил Аҳмад ал-Асқолоний мисрлик (773-852 ҳ). Шарҳнинг нроми “Фатҳул Борий би шарҳи саҳиҳил-Бухорий” деб номлаган. 

Ушбу шарҳ ҳммасидан афзал ва мукаммалроғидир.

3 – Аллома Бадриддин Маҳмуд ибн Аҳмад ал-Айний ал-Ҳанафий (762-855 ҳ). Шарҳининг номи “Умдатул-Қарий” деб номлаган.

4 – Аллома ал- Қасталоний Шиҳобиддин Аҳммад ибн Муҳаммад ал-Хатиб ал-Мисрий аш-Шофиъий (923 – ҳижрийда вафот этган). Учта машҳур китобига шарҳ ёзган.

Шулардан бири: “Иршодус-Сорий ли шарҳи  саҳиҳил Бухорий” деб номлаган.   

548 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Бир ҳадис учун бир йил Бир ҳадис шарҳи »
Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…