Идора фаолияти

Бўлим Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг чет эллардаги диний ташкилотлар, муассасалар, дин арбоблари билан алоқа­лари­ни амалга оширади. Ҳозирги кунда диний идора жаҳоннинг юзга яқин мамлакатидаги турли ташкилотлар билан яхши муносабатлар ўрнатган. Улар орасида Саудия Арабистонида жойлашган Ислом олами уюшмаси (Робита), шу мамлакатнинг Вақф ишлари вазирлиги, Ҳаж ва умра ишлари вазирлиги, Миср Вақф ишлари вазирлиги, “Ал-Азҳар” дорилфунуни, Ислом Тараққиёт Банки, Марокаш, Ливия, Қувайт, Тунис, Сурия каби бир қатор мамлакатларнинг диний ташкилотлари, шунингдек, машҳур арбоблар бор. 2006 йили мамлакатимиз Ислом Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо бўлди.

Диний идора раҳбарлари ва вакиллари жаҳоннинг ўнлаб мамлакатларида ташкил этилган турли халқаро йиғинлар ва анжуманларда қатнашишади, маърузалар қилишади. Бўлим мамлакатимизда ўтказиладиган халқаро диний ва динлараро илмий-амалий анжуманларни ташкил этиш, хорижлик меҳмонларни кутиб олиш, уларни идора фаолияти ва мусулмонлар ҳаёти билан таништириш, юртимиздаги табаррук зиёратгоҳларга сафарлар уюштириш билан ҳам шуғулланади. Бўлим ходимлари ISESCOнинг 2007 йили Тошкентни Ислом маданият пойтахти деб эълон қилиши муносабати билан ўтказилган анжуман ва тадбирларни юксак савияда ташкил этишга катта ҳисса қўшишди. Сўнгги йилларда Ўзбекистонга келган кўплаб хорижлик мусулмонлар, дин, маданият арбоблари идора меҳмони бўлишди, ташкил этилган анжуманларда иштирок этишди.

Мусулмонларнинг муборак ҳаж ва умра сафарларига тайёргарлик, ибодатларни тартибли адо этиш билан боғлиқ ташкилий-тушунтириш ишлари, танлов асосида иқтидорли ёшларни чет мамлакатлардаги исломий ўқув юртларига ўқишга, қориларимизни турли халқаро мусобақаларга юбориш ҳам бўлимнинг муҳим вазифаларидан. Мустақиллик йилларида кўплаб талабалар Миср, Сурия, Саудия Арабистони, Марокаш, Туркия, Судан, Тунис, Покистон каби ўлкаларда илм олиб қайтишди, бир неча қориларимиз нуфузли танловларда фахрли ўринларни эгаллашга муваффақ бўлишди. Бўлим, шунингдек, кўплаб хорижий диний ташкилотлар ва марказлар билан ахборот ҳамда матбуот нашрлари алмашинувини йўлга қўйган.

Бўлимга турли йилларда Юсуфхон Шокиров, Отақул Мавлонқулов, Абдуқаҳҳор Шоший, Абдуллоҳ Исмоилов, Саидбаҳром Ғуломовлар мудирлик қилишган. Ҳозир бўлимга Акмалхон Шокиров раҳбарлик қиляпти.

Телефон:+99871-240-18-58

1175 марта ўқилди
Top