muslim.uz

muslim.uz

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Малака ошириш марказида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, вилоят, туман/шаҳар бош отинойилари учун “Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини амалга оширишда диний-маърифий соҳа ходимларининг олдида турган долзарб вазифалар” йўналишида 36 соатлик малака ошириш ўқувлари давом этмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон халқаро ислом академияси Матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур ўқувларнинг иккинчи кунида Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Одилжон Иминов “Aдолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш”, Олий Мажлис Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Aлишер Равшанов “Мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш”, Ўзбекистон халқаро ислом академияси доценти, иқтисод фанлари номзоди Зокир Содиқов “Миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлаш” ҳамда Aкадемия катта ўқитувчиси Aъзамхон Қамбаров томонидан “Мутаассиб гуруҳлар таъсирига тушган шахсларни реабилитация қилиш масалалари (Ўзбекистон тажрибаси)” мавзуларида дарс машғулотлари ўтказилди.

Дарсдан сўнг тингловчилар “Ҳазрати имом” мажмуасига ташриф буюришди. У ерда “Қаффол Шоший” мақбараси, Бароқхон мадрасаси, “Мўйи муборак” мадрасаси, “Тилла шайх” ва “Номозгоҳ” масжидларини зиёрат қилишди ҳамда Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси марказининг қурилиш ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиб чиқди.

Малака ошириш ўқувлари давом этмоқда.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Среда, 05 Октябрь 2022 00:00

Ислом тинчлик, оқибат динидир

Ислом дини ўз номи билан тинчлик динидир. Инсониятга ислом неъматини ато этган илоҳий ваҳий Қурьони Каримнинг ахлоқий асоси оқибат, раҳим-шавқат, меҳрибонлик, камтарлик ҳурмат ва тинчликка асосланади.

Бағрикенглик сифатига эга бўлган Ислом дини, инсониятга Аллоҳнинг марҳамати, улуғ неъмати бўлиб нозил қилинганлиги Қурьони Каримда баён қилинган:
“Ана энди бугун,  динимизни камолига етказдим, неъматимни тамомила бердим ва сизлар учун исломни дин бўлишига рози бўлдим…” Лекин бу Ислом динини нотўғри тушунган кимсалар ҳар хил йўллар билан ёшларимизни ижтимоий тармоқларда бузғунчи ғоялар билан ҳаёлларини бузмоқда.
Афсуски бази ёшларимиз дунёқараши, онг-тафаккури тор бўлганлиги учун ислом динини асл мохиятини тўғри тушунмаслиги туфайли бузғунчиларнинг ўргимчак тўрига ўзлари билмаган ҳолда илиниб қолишмоқда. Ёшларимизнинг бундай аҳволга тушишларига биз ота-оналар энг биринчи айбдорлармиз. Чунки фарзандларимизга тўғри тарбия бермаганлигимиз, улар билан доимо алоқада бўлмаганлигимиз. Ислом дини хақида тўлиқ ва мукаммал тушунча бермаганлигимиз биз ота оналарнинг айбимиз.
Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 205-оятида: Аллоҳ бузғунчилик фасодни севмайди дея марҳамат қилади.
Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ҳадисларининг бирида:
“Қайси биримиз тонгда уйқудан уйғонганда оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсинки унда дунёдаги барча неъматлар мужассам екан”.
Тинчлик- бу Ислом шиоридир. Шундай екан бу тинчликнинг қадрига этайлик. Фарзандларимизга тўғри ва мукаммал тарбия берайлик. Ислом динини тинчликка булган эьтибори нечоғлик катта, ҳамда бағрикенглик унинг негизи эканлигини туғри тушунтирайлик.

Аллоҳ таоло юртимиз тинчлиги ва осойишталигини барқарор айлаб, халқимиз фаровонлигини бундан ҳам зиёда қилсин!

Баҳодир домла СУЮНБОЕВ
Гулистон шаҳар «Ат-Термизий»
масжиди имом-хатиби.

Венгриянинг«#moszkvater» онлайн-нашрида "Ўзбекистон қандай имкониятларни тақдим этади?" мақоласи чоп этилди, деб хабар беради “Дунё” ахборот агентлиги.
Нашрнинг бош муҳаррири ва асосчиси Стиер Габорнинг мақоласида Ўзбекистон Венгриянинг Марказий Осиё минтақасидаги энг муҳим савдо шерикларидан бири эканлиги ва Венгрия ҳукуматининг "Шарққа очилиш" сиёсатининг бевосита натижаси сифатида муносабатлар жадал ривожлана бошлагани қайд этилган.
"Икки давлат ўртасидаги сиёсий ва иқтисодий ҳамкорлик ҳеч қачон ҳозиргидек фаол бўлмаган", деб ёзади муаллиф. "Венгрия-Ўзбекистон муносабатларининг асосларидан бири сиёсий ишончдир."
Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида нафақат тижорат нуқтаи назаридан, балки геосиёсий нуқтаи назардан ҳам тобора муҳим аҳамият касб этиб бораётгани алоҳида таъкидланади. Шуни айтиш кифояки, яқинда бутун дунё Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ўзининг 22-саммитини ўтказган Самарқандга эътибор қаратди.
Ўзбекистон сўнгги йилларда энг мувозанатли давлат бўлиб кўринади. Марказий Осиёнинг бешта давлати орасида Ўзбекистонни минтақавий гегемон ролини энг кўп белгилайдиган бир қанча омиллар мавжуд, деб ёзади муаллиф.
Аҳолиси 35 миллиондан ортиқ бўлган Ўзбекистон Марказий Осиёдаги аҳолиси энг кўп давлат ҳисобланади. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси ривожига беқиёс ҳисса қўшган Марказий Осиёлик энг кўзга кўринган олим ва мутафаккирларнинг уйи ҳисобланади, дея хулоса қилади «#moszkvater».


Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Среда, 05 Октябрь 2022 00:00

Ватан осойишталиги улкан неъмат

Барчамизга маьлумки, ҳар қандай тараққиёт – ҳоҳ диний, ҳоҳ ижтимоий, ҳоҳ иқтисодий, ҳоҳ оилавий тараққиёт бўлсин, унинг негизида бир нарса – тинчлик, ҳотиржамлик ётади.

Боболаримиз, момоларимиз дуо қилганларида: “Тани сиҳҳат, хотиржамлик, дили беғамлик бергин”, деб айтар эдилар. Чунки, тинчлик – Аллоҳ таолонинг инсониятга берган улкан неъматлардан биридир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам муборак ҳадисларида тинчлик-хотиржамликни улкан неъмат эканлигини таъкидлаб шундай дейдилар:

 

يقول النبي ﷺنعمتان مغبون فيهما كثير من الناس: الصحة، والفراغ

“Икки неъмат борки, кўпчилик одамлар ундан маҳрумдирлар: сиҳат-саломатлик ва тинчлик-хотиржамлик”

Албатта, ҳар бир ҳурфикр инсон бу неъмат учун шукрини қилмоғи лозим. Айрим неъматлар бор-ки, уларнинг шукри “Алҳамдулиллаҳ” дейиш билан адо бўлади, аммо тинчлик неъматининг шукри “Алҳамдулиллаҳ” дейиш билан адо бўлмайди. Бу неъматни асраб туриш учун ҳар бир жабҳада, аввало маърифат соҳасида  курашмоқ керак.

Ушбу тинчлик-хотиржамликни бизларга таьмин қилиб берадиган, осойишта яшамоғимизга ўзининг беқиёс ҳиссасини қўшаётган касб эгалари борки, ҳамиша уларниниг хизматларини эътироф этиб ёдимизда тутишимиз керак. Ён давлатлар билан яхши қўшничилик муносабатларини тиклаб, дунёнинг сиёсий майдонида моҳирона дипломатик муносабатларни амалга ошириб келаётган ҳукуматимиз раҳбарларининг хизматларини ҳам алоҳида эътироф этмоғимиз керак.

 Алҳамдулиллаҳ, Ватанимиз сарҳадларини, ҳудудий яхлитлигини, аҳолини тинч ҳаётини ва унинг хавфсизлигини 30 йилдан бери кеча-ю кундуз таъминлаб турган Миллий Армиямиз – Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари мавжуд. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

رسول الله صلى الله عليه وسلم يقول رباطُ يومٍ فى سبيل الله أفضلُ من شهْرٍ صيامه و قيمه

 “Аллоҳ розилиги учун бир кеча-кундуз Ватан сарҳадини қўриқлаш бир ойлик кундузлари рўза тутиб, кечалари ибодат билан қоим ўтказганни савобидан афзалроқдир”, деганлар.

أنَّ رَسولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عليه وسلَّمَ قالَرِبَاطُ يَومٍ في سَبيلِ اللَّهِ خَيْرٌ مِنَ الدُّنْيَا وما عَلَيْهَا

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:“Аллоҳ розилиги учун бир кеча-кундуз Ватан сарҳадини қўриқлаш дунё ва ундаги барча нарсадан яхшироқдир”, дедилар.

Шунингдек, бошқа ҳадисда:

رسول الله صلى الله عليه وسلم يقول عَيْنَانِ لَا تَمَسُّهُمَا النَّارُ: عَيْنٌ بَكَتْ مِنْ خَشْيَةِ الله، وَعَيْنٌ بَاتَتْ تَحْرُسُ فِي سَبِيلِ الله

 “Дўзахда азобланмайдиган икки кўз (эгалари) бор: Аллоҳ таолодан қўрқиб йиғлайдиган кўз ва Аллоҳ розилиги йўлида мижжа қоқмай кечани қўриқчилик қилиб ўтказган кўз”, деб, Аллоҳ йўлида фуқаролар тинчлигини, Ватан сарҳадларини қўриқлашнинг ажр-савоби нақадар буюк эканлигини, бу хизматда тунни бедор ўтказганлар учун улкан ажр – дўзах ўтидан омонлик берилишини мужда бердилар.

Бугунги кунимизда мамлакатимизнинг тинчлигини кўролмайдиган тоифалар ҳам бор. Уларнинг айримлари сиёсий мақсадларини амалга ошириш учун “инсон ҳуқуқлари”, “демократия” каби сўзларни ўзларига қалқон қилиб мамлакатда фитна қўзғашга ҳаракат қилсалар, айримлари муқаддас динимизнинг муқаддас шиорларини ўз мақсадлари учун қалқон қилишиб, жамиятда фитна уруғини сепишга ҳаракат қилишмоқда. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло Ўзининг Каломи шарифида шундай марҳамат қилади:

﴿وَالفِتْنَةُ أشَدّ مِنَ القَتْل

“Фитна одам ўлдирмоқдан кўра гуноҳи оғирроқдир”. (Бақара сураси, 191-оят.)

Бир ҳудудда фитна оловини ёқишнинг гуноҳи одам ўлдирганнинг гуноҳидан оғирроқ экан. Чунки, қотилнинг зарари бир инсоннинг умрини завол қилиш билан тўхтайди, аммо фитначининг фитнаси ортидан келадиган зарар  эса йиллар ўтсада тўхтамайди. Шунингдек, бошқа оятда :

﴿إنَّ الصَّلاةَ تَنْهَى عَنِ الْفَعْشَاءِ وَ الْمُنْكَرِ

Яъни, “Намоз фаҳш ва мункар (гуноҳ) ишлардан қайтарур”, (Анкабут сураси, 45-оят.) деб марҳамат қилади.

Агар иймонимиз, ибодатларимиз бизларни фаҳш-мункар саналган амаллардан, жамият ичида фитна қўзғайдиган ҳаракатлардан қайтармас экан унда иймонли эканлигимизда, ибодатларимизнинг мақбул бўлишида шубҳа бор.

Дарҳақиқат, мамлакатимиз тинчлик ва ўзаро ҳурмат сиёсатини олиб бориб, ўз ҳудудида ва қўшни давлатлар ҳудудида тинчликни асраш учун улкан ишларни амалга оширмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистонда истиқомат қилаётган аҳоли тинч-тотув умргузаронлик қилиб, ўз кундалик ташвишлари билан банд.

Улуғ шайх Алихон Тўра Соғуний раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: Тўрт нарса инсонийлик шарафи ва унинг иқболининг бутунлигидан далолатдир: 1) Озодлик, ҳурлик ва эркинлик; 2) Меҳнат билан топилган бойликка ўзи эгалик қилиши; 3) Туғилиб ўсган она ватанида истиқомат қилиши; 4) Покиза ва муқаддас ҳақ дин Исломга эътиқод қилмоғи.

Алихон Тўра Соғунийга кўра мана шу тўрт нарса кимда бўлса, демак ўша инсон бахтлидир, саодатлидир. Ушбу мезонга кўра Ўзбекистон халқи ҳам том маънода бахтлидир. Азиз ватандошлар, мамлакатимиз учун энг муҳим байрам Мустақиллигимизнинг 31 йиллиги нишонлаш арафасидамиз. Аллоҳ таоло Ватанимизни, сарҳадларимизнинг тинчлигини, осмонимиз мусаффолигини ва дунёда тинч-хотиржам, осуда ҳаётни барқарор қилсин. Тинчлигимиз барқарор, мустақиллигимиз абадий бўлсин. Яқинлашиб келаётган мустақиллик байрами барчамизга муборак бўлсин.

НОДИР Қобилов, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқотлар маркази илмий ходими

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази олим­лари томонидан буюк аждодимиз, Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан дастлабки улуғ муҳаддис, муфассир, фақиҳ, ҳадис ва тафсир уламоларининг қадри баланд имом­ларидан бири Абдулҳамид Кешийнинг машҳур “Муснад” асари илк бор ўзбек тилига таржима қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилган ва дунёнинг етакчи уламолари томонидан эътироф этилган ушбу таржима халқимиз маърифатини янада оширишга хизмат қилади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати
Top