Кутубхона

ФАРЗАНДИНГИЗГА ЯХШИ ОНА ТАНЛАНГ

Фарзанд – инсон ҳаётининг мазмуни, насл-насабини давом эттирувчиси, оиланинг мустаҳкам занжири. Яхши, солиҳ фарзанд – ота-онанинг бахт-иқболи, икки дунё саодатига етказувчи дилбанди. Фарзандлар «жаннат райҳонлари» деб тавсифланиши бежиз эмас. Аммо у одобли, яхши фазилатлар соҳиби, итоаткор ва қобил бўлгандагина ота-онасига раҳмат ва бахт-хурсандчилик келтиради. Бунинг акси бўлишидан Аллоҳ сақласин!

Оила қуриш ва солиҳ фарзандлар кўришни орзу қилмаган инсон бўлмаса керак. Фарзандингизнинг яхши, одобли, меҳнатсевар, соғлом бўлиб ўсиши кўп жиҳатдан онасига боғлиқ бўлади. Шунинг учун динимиз кўрсатмаларида бўлғуси келинни танлашга алоҳида эътибор қилинади. Келажакда туғилажак фарзандларга муносиб она танлаш ҳақида фарзанд ҳали туғилмасидан қайғурилади. Ойша онамиздан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Фарзандларингизга муносиб онани ихтиёр қилинглар”, деганлар.

Мусулмонларда келин танлашда унинг солиҳа, диндор, яхши хулқли бўлиши асосий мезон саналади. Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аёл тўрт нарсаси: моли, ҳасаби, жамоли ва дини учун никоҳланади. Бас, сен диндорини танла, омон бўлгур», деганлар (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий). Албатта, Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) ушбу тавсияларида улкан ҳақиқат мавжуд. Зеро, молдорлик, яхши бир насабга эга бўлиш ва ҳусндорлик инсонни ҳовлиқтиради, бошқалардан ўзини устун қўйишга олиб боради. Бундан ташқари, ушбу жиҳатларнинг баъзилари ўткинчи бўлиб, уларга нисбатан қизиқиш вақт ўтиши билан сусаяди. Диндорлик эса, инсонни инсонийликка ундовчи омил бўлиши билан бирга, доимий ажралмас сифатдир.

Шунинг учун ҳам яна бир ҳадисларида: «Ким хотиннинг молу жамоли учун уйланса, унинг молу жамолидан маҳрум бўлади ва ким аёлнинг дини учун уйланса, Аллоҳ таоло у кишига унинг молу жамолини ҳам насиб қилади», дейилган.

Келин танлашда яна унинг туғишга лаёқатли, соғлом бўлишига эътибор бериш лозим. Чунки уйланишдан асосий мақсад наслни давом эттиришдир. Инсониятнинг кўпайиши, наслининг бардавомлиги қиёматгача давом этадиган илоҳий ирода ва муҳим жараёндир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Никоҳланинглар, кўпаясизлар, мен қиёмат куни ўтган умматларга нисбатан умматимнинг кўплиги билан фахрланаман», деб марҳамат қилганлар.

Маъқал ибн Ясордан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда келишича, бир киши Пайғамбар (алайҳиссалом) ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, бир жамолли ва ҳасабли аёл топдим, аммо у туғмас экан, шунга уйланаверайми?» деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Йўқ», дедилар. Ўша киши у зот олдиларига яна келди. Яна қайтардилар. Учинчи марта келганида: «Эрига муҳаббат қиладиган ва кўп туғадиган аёлга уйланинглар, мен бошқа умматларга сизларнинг кўплигингизни кўз-кўз қилувчиман», дедилар (Абу Довуд, Насоий, Ҳоким).

Бироқ ота-онанинг вазифаси фарзандини дунёга келтиришдангина иборат деган фикрга бориш ҳам тўғри эмас. Улар ўз фарзандларини ақлли, эс-ҳушли, жисмонан соғлом, диёнатли, эътиқодли, жамият ва миллатга фойдаси тегадиган инсонлар қилиб тарбиялаш ҳақида қайғуришлари керак. Аввал айтганимиздек, одатда, оталар оилани боқиш ва моддий жиҳатдан таъминлаш мақсадида кўпинча кўчада бўлиб, уй ишлари ва фарзанд тарбияси билан  асосан оналар шуғулланадилар. Шунинг учун фарзанд тарбияси фақат онанинг вазифасидек туюлиб қолган. Лекин, аслида, шариат кўрсатмасига кўра, фарзандлар тарбиясида ота-она бирдек масъулдир. Балки ота бу борада ҳам онадан масъулиятлироқ ҳисобланади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) отанинг фарзандига қиладиган моддий таъминотидан маънавий таъминоти устун туришини таъкидлаб шундай марҳамат қилганлар: “Ҳеч бир ота ўз фарзандига гўзал одобдан ҳам ортиқроқ ҳадя бера олмайди” (Термизий ривояти). Ота-оналар боланинг табиати, хулқ-атвори шу оиладаги муҳитга қараб шаклланишини эсдан чиқармасликлари зарур. Уларнинг вазифаси худди тажрибали табибнинг бе­морга нисбатан муносабатига ўхшаш бўлиши керак. Маълумки, солиҳ фарзандлар осмондан тушмайди. Балки ота-она назоратида оила ичида тарбияланиб, вояга етишади. Болалар ёш вақтларида уларнинг тарбиясига бепарво бўлиш, ёмон кишиларга аралашиб юришларига йўл қўйиш зарарли оқибатларга олиб келади. Содда қилиб айтсак, бола қалби ҳар турли ёзув ёзиш мумкин бўлган бир оқ қоғозга ўхшайди. Унга мумкин қадар яхши ёзувлар ёзиш керак. Улар тарбиясига астойдил киришиш, яхши кишилар бўлиб етишишлари учун бутун имкониятларни ишга солиш зарур.

Донишмандлар бола тарбиясига у ҳали ҳомила ҳолида эканидаёқ киришишни маслаҳат беришади. Бунга қандай эришиш мумкин? Бўлажак онанинг емиши ҳалол, пок бўлиши, у ҳамиша тоза, покиза юриши, кўпроқ Қуръон ўқиши, дуо ва зикрни мунтазам айтиб туришининг туғилажак фарзанднинг келгусида яхши тарбияли, одобли, эътиқодли, чин инсон бўлиб камолга етишида катта фойдаси бор. Ҳатто замонавий тиббиёт ҳам она ҳомиладорлик чоғида кўпроқ қандай кайфиятда бўлса, буларнинг ҳаммаси болага ҳам кўчишини исботлаган. Масалан, ҳомиладорлик чоғида кўп асабийлашган, бошига бирор ғам, мусибат тушган аёлларнинг фарзандлари инжиқ, серзарда, йиғлоқи бўлиб туғилиши кўп марта кузатилган.

Шу  ўринда дунёга машҳур олимлар ва тасаввуф шайхларининг оналари ҳомиладорлик пайтларида нималарга эътибор қилишгани ва ўз фарзандларини тарбиялаб вояга етказишда қандай йўл тутишгани ҳақидаги ибратли ривоятлар билан танишайлик:

Собит исмли йигит бир боғдан оқиб чиққан ариқда юз-қўлини юварди. Шу пайт кўзи сувда қалқиб келаётган қирмизи олмага тушди. У олмани тутиб, бир тишлади. Тишлади-ю, мазасини билган заҳоти ҳушёр тортди: «Нима қилиб қўйдим? Ахир бу олманинг эгаси бўлса керак?! Ўзимники бўлмаган нарсадан тотиндим, энди эгасини албатта рози қилишим керак!»

Йигит шу хаёл билан сув оқиб келаётган томонга юрди. Бироздан сўнг ҳосили кўплигидан шохлари сувга эгилиб турган олма дарахтларини кўрди. Қўлидаги тишланган олмага қараса, ўша дарахт мевасига ўхшайди. «Мен сўроқсиз тотинган олма шу боғдан экан», деб ўйлади ва боғ эгасини чақирди. Чиқиб келган боғ соҳибига бўлган воқеани тушунтирди. Сўнг: «Розилигингизни олмоқчи эдим, олманинг ҳақини бераман, ғафлатда қолиб қилган хатойимни кечиришингизни сўрайман, олмани менга ҳалол этсангиз», деди. «Уч йил менга ишлаб берасан, шундан кейин ўйлаб кўраман, олмани ҳалол этишнинг бирдан-бир чораси шу», деди боғ эгаси.

 Собит розилик билдирди. Бир лаҳзалик ғафлат, сўроқсиз бир тишланган олманинг тўлови ўша боғдаги уч йиллик хизмат бўлди. Аммо бошқа иложи ҳам йўқ эди. Нима қилиб бўлсада, олмани ҳалоллаб олиши керак!

Уч йил тўлган куни Собит бадавлат боғ эгаси олдига борди. Муҳлат тўлганини айтиб, «ҳақингизни ҳалолланг, энди мен кетай», деди. «Уч йил ўтгач, ўйлаб кўраман, деган эдим. Ўйлаб кўрдим. Бироқ яна кичик бир шартим бор, шуни ҳам бажарсанг, кейин ҳақимни ҳалол этаман: менинг бир қизим бор, кўзлари кўрмайди, қулоқлари эшитмайди, қўллари ишламайди, оёғи йўқ – юрмайди. Агар шунга уйлансанг, олмага рози бўламан, акс ҳолда, рози эмасман», деди боғ соҳиби.

Йигит унинг шартига кўнди. Никоҳ ўқитилди, тўй зиёфати ўтди. Куёв гўшангага кирса, соппа-соғ, ҳусни бинойидай келин ўтирибди. «Бу ерда бир янглишлик ёки ҳийла борга ўхшайди», дея ўйлаган йигит қайнотага учради. «Отажон, менга кўр, тилсиз, мажруҳ қизим бор, деган эдингиз, ҳолбуки, соғ-саломат бу дунё гўзалини кўрдим», деди.

Қайнота кулимсираб: «Шундай, ўғлим, қизим ҳаромга қарамайди, шунга кўзлари кўр, ҳаромни сўзламайди, шунга тили йўқ, қўлини ҳаромга чўзмайди, шунга қўли ишламайди, ҳаром жойларга бормайди, шунга оёғи ҳам йўқ. Буларнинг барини мажозий маънода айтдим. Чунки қизимга сен каби Аллоҳдан қўрқадиган, ҳаромдан ҳазар қиладиган бир солиҳ йигит ахтариб юрган эдим. Сен сўроқсиз тишланган бир луқма олма учун ҳалоллик сўраганингда, орзумдаги йигитни топганимга ишондим ва сени уч йил имтиҳон қилдим. Синовлардан ўтганингдан кейин ҳеч бир тараддудсиз қизимни сенга узатишга рози бўлдим», деди.

Бу никоҳдан мазҳаббошимиз Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит (Имоми Аъзам) дунёга келди, бу зот шундай тақволи ота-онадан туғилди. Имоми Аъзам болалигида Қуръони каримни уч кунда хатм қилди. Югуриб бориб онасига: «Онажон, Қуръони каримни уч кундаёқ хатм қилдим», деб қувонди. «Ўғлим, агар отанг ўшанда олмани бир тишламаганида, Қуръонни бир кунда хатм қилган бўлардинг!» деди онаси.

Ёки ушбу ибратли воқеадан хулоса чиқаринг: сўфийликнинг машҳур шайхларидан Абдулқодир Ғилоний (раҳимаҳуллоҳ) бундай ҳикоя қилади: «Болалигимдан мени тўғрисўз, ростгўй бўлишга ўргатишган эди. Бир куни Маккадан чиқиб, илм олиш мақсадида Бағдодга борадиган бўлдим. Онам йўл харажатлари учун қирқ динор пулни чопоним қатига тикиб берар экан, мендан ҳеч қачон, ҳар қандай ҳолатда ҳам ёлғон гапирмаслик ҳақида ваъдамни олди. Карвон билан Ҳамадон ўлкасига етганимизда қароқчилар тўдаси ҳужум қилиб, карвондагиларнинг бор-будини тортиб олди. Қароқчилардан бири: «Сенинг ниманг бор?» деб сўради. Мен: «Чопоним қатида қирқ динор олтиним бор», деб рост гапирдим. У ҳазиллашяпти, деб ўйлаб нари кетди. Бошқа қароқчи яна шу саволни берди ва унга ҳам қирқта олтиним борлигини айтдим. У мени тўда бошлиғига олиб борди. Бошлиқ: «Ростини айтишга сени нима мажбур қилди?» деб сўради. Мен: «Онамга ҳеч қачон ёлғон гапирмайман, деб ваъда берганман», дедим.

Шунда қароқчилар бошлиғини бирдан қўрқув босди. У қичқирганича ушбу сўзлар билан ўз кийимларини йирта бошлади: «Сен онангга берган ваъдангни бузишдан қўрқиб, олтинларингни кўрсатяпсан, мен эса Аллоҳга берган ваъдамни бузишдан қўрқмаяпман».

Кейин у одамларига барча тортиб олинган нарсаларни қайтариб беришни буюрди ва: «Мана, сенинг ҳузурингда гуноҳларим учун Аллоҳга тавба қиляпман», деди. Бошқа қароқчилар ҳам унга: «Сен талончиликда бизнинг тўдабошимиз эдинг, энди тавба қилишда ҳам раҳнамомиз бўл!» дейишди.

Улуғ муҳаддис, юртимизнинг фахри Имом Бухорийнинг номини эшитмаган одам кам бўлса керак дунёда. Бу зотнинг оналари ҳам фарзанд камоли йўлида фидойиликнинг олий намунасини кўрсатганлар. Фарзандларини еру кўкка ишонмай юрган Фотимани Аллоҳнинг яна бир имтиҳони кутиб турар эди. Бир куни янги йўлга кирган дилбанди Муҳаммад атак-чечак қилаётиб, йиқилди. Шунда ерда ётган бир шохча унинг икки кўзига зарар етказди. Орадан уч-тўрт кун ўтгач, она фарзандининг кўзи кўрмаётганини сезиб қолди. Фотима дунёсини унутди, тилидан Аллоҳ зикри тушмай қолди. У шу топда ўғлининг кўра олиши эвазига имонидан бошқа ҳамма нарсасини беришга тайёр эди. Катта ўғли ҳамроҳлигида Бухоронинг машҳур ҳозиқ табибиникига жўнашди.

Фотима табиб ҳузуридан бўшашиб, оёқ-қўли жонсиз ҳолатда қайтди. Қартайган, кўзлари қисиқ, титроқ қўлли табиб ўғлини обдон текшириб кўриб, даволашга ожиз эканини айтди. Ортидан «Умид ёлғиз Аллоҳдан!» деб таскин ҳам берди.

Шу соатдан бошлаб Фотимага ҳаётнинг қизиғи қолмади. Неча кунки, тунлари бедор, кундузлари рўзадор. Бетўхтов намоз ўқийди. Жойнамози кўз ёшларидан сиқиб олингудай ҳўлланиб кетади. Аллоҳга илтижо билан ёлворади, дилбандининг касалига шифо сўрайди.

Ана шундай кунларнинг бирида Фотима туш кўрди. Барваста, чиройли юз, кўркам соқолли бир шайх тушига кирди. Кейин билса, Иброҳим Халилуллоҳ эканлар. У киши Фотима қаршисига келиб, унга хурсанд ҳолда: «Эй аёл, Аллоҳга кўп ёлвориб йиғлаганинг, тинмай дуолар қилганинг бесамар кетмади, меҳрибон Аллоҳ ўғлингнинг кўзларини қайтариб берди!» деди.

Уйқудан юраги ҳапқириб уйғонди. Шошилинч таҳорат олди-ю, ўғли ётган хонага чопди. Кириб қараса, кўзи яна кўра бошлаган ўғли ўрнида жилмайиб ётарди. Аёл тақвоси мукофотига берилган бу яхшиликдан беҳад севинди. Аллоҳга ҳисобсиз шукрлар айтди, мақтовлар йўллади. Онаси бу қадар суюб-ардоқлаб улғайтирган Муҳаммад кейинчалик ҳадис илмининг султони, улуғ муҳаддис бўлиб етишган Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий (Имом Бухорий) эди.

Бу ибратли ривоятлардан равшан бўладики, боланинг келажакда қандай ва ким бўлиб улғайиши кўп жиҳатдан оналарга, уларнинг қандай тарбия беришганига, ҳатто болаларига қай даражада меҳр кўрсатиб, эркалаганларига боғлиқ. Шундай бўлгач, болангизнинг баркамол дунёга келиши, яхши инсон бўлиб улғайишини истасангиз, онасининг емишига, кайфиятига, тақводорлигига эътибор қаратинг.

Қуръони каримда: «Ўз уйларингизда қарор топингиз» (Аҳзоб, 33), деб марҳамат қилинган. Бу аёл учун энг шарафли жой –унинг уйи, оила давраси дегани. Аёл учун оиланинг чароғбони, рўзғорнинг ишбошиси, фарзандлар тарбиячиси бўлишдан кўра фазилатли, савобли иш йўқ. Аёл жамоат ишлари билан банд бўлиб, ўзгалар ишини қойиллатса-ю, ўз болалари бегона энагалар ва боғча тарбиячилари қўлида она меҳрига, эркалашига зор-ташна улғайса, бундан кимга фойдаю кимга зарар?!

Олимларнинг тадқиқотларига кўра, ўз онаси тарбиясини олган, унинг ғамхўрлиги, шафқатини ҳар қадамда ҳис этиб турган болалар ўзларини бутунлай жамоат ишига бахшида қилиб, фарзандларидан узилиб қолган оналарнинг болаларига қараганда соғлом, ақлли, тарбияли ва кўнгилчан бўлиб улғайишар экан. АҚШда ўтказилган тадқиқотларда қамалганларнинг ярмидан кўпи она меҳрига тўймаган ёшлар экани маълум бўлган. Дарҳақиқат, фарзанд тарбияси борасида оилада  онанинг ўрни алоҳида аҳамият касб этади. Фарзандга меҳр деган улуғ туйғуни ҳеч ким онадан ортиқроқ бера олмайди.

Афсус, баъзан оналар учун бола тарбияси жамият ва рўзғор юмушлари олдида эътиборсиз нарса бўлиб қолмоқда. Аёлларга ҳар қанча ҳуқуқ берилмасин, улар қанчалик юксак мақомларга эришмасинлар, агар болаларига яхши тарбия бермасалар, уларга ўзини, миллатини, динини, Ватанини танитмасалар ва севдирмасалар, оналик ҳақини адо этмаган бўлишади. Зеро, Ислом олимларидан бири айтганидай, «Авлодларни вояга етказиш ва муносиб инсон қилиб тарбиялаш мақсад қилиб олинмаган никоҳ шунчаки бир айш-ишрат ва маишатдан бўлак нарса эмас. Бу никоҳдан туғилган болалар ҳам ўткинчи ҳирснинг қурбони бўлган бечоралардир».

Муҳаммад ибн Муҳаммад Жомий айтади: «Ҳар бир ота-онанинг фарзанд олдида бурчи бор. Чунончи, ҳар бир ота ўз фарзанди номусли аёлдан туғилишига ҳаракат қилсин, токи туғилганидан кейин одамлар фарзандга турли таъналар қилиб юрмасин. Болага яхши ва чиройли исм қўйсин. Унга илму маърифат ўргатсин. Ота-она фарзандини ҳамиша ҳалол овқат билан боқсин. Ҳаром йўлда топилган таом болага ёмон таъсир кўрсатади ва уни ҳаромхўрликка ўргатади. Бунинг учун ота-онанинг ўзи, аввало, ҳалол овқат ейиши керак. Шундагина пуштидан бўлган бола ҳалол ва покиза бўлиб туғилади. Она ҳомиладорлик пайтида ҳаром ва нораво овқатлардан, ношаръий ишлардан тийилиши керак».

 

Кейинги ҳафта мавзулари:

 

Оилада фарзанд туғилди

Фарзанд хурсандчилиги

Эмизиш (разоъ)

Чақалоқ қулоғига азон айтиш

Таҳник қилиш

3903 марта ўқилди
Top