Кутубхона

МУҲАММАД (СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМ) ПАЙҒАМБАРЛАРНИНГ САЙЙИДИ ВА СЎНГГИСИДИР

Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) пайғамбарларнинг саййиди ва сўнггисидир

Муҳаммад (алайҳиссалом) пайғамбарлар сўнггисидир. У зотдан кейин Аллоҳ томонидан бошқа ҳеч қандай расул юборилмайди. Бундан кейин ҳар қандай пайғамбарлик даъвоси каззобликдан ўзга нарса эмас. Бу нарса буюк Аллоҳ таолонинг ўзгармас қарори – иродасидир.

Бу ҳақда Расулуллоҳ (алайҳиссалом)дан ҳадиси шариф ворид бўлган:

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ رضي الله عنه قال: أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَثَلِى وَمَثَلُ الأَنْبِيَاءِ مِنْ قَبْلِى كَمَثَلِ رَجُلٍ بَنَى بُنْيَانًا فَأَحْسَنَهُ وَأَجْمَلَهُ إِلاَّ مَوْضِعَ لَبِنَةٍ مِنْ زَاوِيَةٍ مِنْ زَوَايَاهُ فَجَعَلَ النَّاسُ يَطُوفُونَ بِهِ وَيَعْجَبُونَ لَهُ وَيَقُولُونَ: هَلاَّ وُضِعَتْ هَذِهِ اللَّبِنَةُ؟!» قَالَ: «فَأَنَا اللَّبِنَةُ وَأَنَا خَاتَمُ النَّبِيِّينَ».

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (алайҳиссалом) айтдилар: “Ўтмиш анбиёлар билан менинг мисолим бундай: бир киши чиройли ва гўзал бино қурди-да, бурчакларнинг бирида бир ғишт жойини бўш қолдирди. Одамлар бу гўзал бинони зиёрат қилади, томоша қилатуриб, ажабланган ҳолда: “Бу бўш жойга ҳам ғишт қўйилмайдими?!” дейди. Ана шу ғишт менман ва мен пайғамбарларнинг якунловчисиман”» (Муттафақун алайҳ).

Ушбу ҳадиси шарифдан кўриниб турибди, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)дан кейин ҳеч қандай пайғамбар чиқиши мумкин эмас. Борди-ю, кимдир пайғамбарлик даъво қилса, у барча мўминлар томонидан ёлғончи дея, инкор этилиши керак.

Аллоҳ таоло Одам (алайҳиссалом)ни яратиб, ер юзида яшайдиган Ўзининг халифаси қилгандан кейин унинг болаларига тўғри йўлни кўрсатиб туриш учун таълимотлар ҳам юборишни ва буларни одамларга етказиш, ҳаётга татбиқ қилиб кўрсатиш учун уларнинг ичидан пайғамбарлар танлаб олишни ирода қилди. Ана ўша пайғамбарларнинг биринчиси Аллоҳнинг иродаси билан Одам (алайҳиссалом) бўлди. Кейин эса, бирин-кетин бошқа пайғамбарлар кела бошлади. Пайғамбарлар силсиласининг охирги ҳалқаси Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бўлдилар.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ана шу нубувват ва рисолат биносининг охирги ғишти ва Аллоҳ таоло Ўз бандаларига юборган пайғамбарларнинг охиргиси экани таъкидланмоқда. Бинога охирги ғишт терилгандан кейин қурилиш якунланади. Ундан кейин бошқа ғишт терилмайди. Аллоҳ таоло Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни пайғамбар қилиб юборганидан кейин пайғамбарлик ниҳоясига етди. Энди бошқа пайғамбар юборилмайди.

Ҳар бир нарсанинг ҳикматини биладиган Аллоҳ Ўзи яратган инсониятни пайғамбарлар орқали тўғри йўлга солишни ихтиёр қилди. Бунинг учун нубувват ва рисолат биносининг пойдеворини мустаҳкам қилиб қўйди. Яъни, ҳар бир пайғамбарга юборган диннинг асоси бўлмиш ақидани ҳаммалари учун бир хил қилди. Одам (алайҳиссалом)дан то Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)гача бўлган барча пайғамбарларнинг ақидалари бир хил эди. Бу ақида Аллоҳ таолонинг ягоналиги, барча айблардан холи экани, қиёмат куни, ҳисоб-китоб, жаннат ва дўзахга имон келтиришдан иборат эди.

Аммо динларнинг ақида қисми бир хил ва ўзгармас бўлгани билан, уларнинг амалий қисми – шариатлар ўзгармай туриши мумкин эмас эди. Аксинча, шариатлар замон ва маконга, умматлар ва уларнинг савиясига қараб ривожланиб борди. Шунинг учун Аллоҳ таоло диннинг пойдевори бўлмиш ақиданинг устига ҳар бир набийга берилган шариатни худди пойдевор устига қўйилаётган ғишт мисоли қилиб бирин-кетин қўйиб турди.

Одам (алайҳиссалом) даврида кишилик жамияти содда бўлгани учун, уларга содда ва оддий шариатни жорий қилди. Мисол учун, шароитдан келиб чиқиб, ўша шариатда ака-сингилнинг оила қуришига изн берилди. Кейин эса, инсонлар сони ортиб бориши натижасида бу ҳукм бекор қилинди. Вақтлар ўтиши билан шариатлар ҳам ўсиб борди. Аллоҳ таоло инсониятни ана шу тарзда тарбиялаб, уларни камол топтириб келди.

Охири келиб, инсоният вояга етганда, унга энг мукаммал ва боқий шариат бўлмиш шариати муҳаммадияни берди. Нубувват ва рисолат биносининг энг сўнгги ва энг гўзал ғишти қўйилди.

Энди бу бинога ғишт қўйилмайди. Бошқа пайғамбар юборилмайди. Ислом шариати барча замон ва маконлар учун, барча халқ, элат ва миллатлар учун қиёматга қадар боқийдир.

Муҳаммад (алайҳиссалом) абул анбиё вал мурсалин – набий ва расулларнинг отаси Иброҳим (алайҳиссалом) ўғли Исмоил (алай­ҳиссалом)нинг зурриёти эдилар. Оталарининг исмлари Абдуллоҳ, боболариники Абдулмутталиб, оналарининг исми Оминадир.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳаётлари шарқда – Ислом дунёсида ҳам, ғарбда – христиан оламида ҳам кўплаб тарихчилар томонидан жуда муҳим ва аҳамиятли бир мавзу сифатида ўрганилди, бу борада катта тадқиқотлар олиб борилди.

Ислом дунёсида тарих мусулмон олимлари томонидан дастлаб “сияр” ва “мағозий” шаклида бошланди ва кейинчалик “Футуҳот тарихи”, “Табақот”, “Умумий тарих” каби номлар остида бир неча тарих китоблари ёзиб қолдирилди. Сарвари олам Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳаётларини ўргатувчи тарих турига эса “Сийрати набавия” ёки “Сияри Набий” деб ном берилди.

Ҳадис олимлари у зотнинг бутун ҳаётларини илмий йўл билан тушунтириб берди.

Инглиз олими Жон Давенпорт ўзининг “Ҳазрати Муҳаммад ва Қуръони карим” китобида бундай ёзади: “Машҳур пайғамбарлар ва фотиҳлар ичида тарихий ҳаёти ҳазрат Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг тарихидек энг кўп ва ҳамма нуқталаригача батафсил ўрганилган шахс йўқдир”.

Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳақларида сўраган кишиларга Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо): “Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ахлоқлари Қуръон эди”, деб жавоб берган эди. Ҳақиқатан ҳам, Қуръоннинг ҳамма амрлари Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг суратлари ва сийратларида ўз ифодасини топган. Демак, Исломнинг асосий қонуни бўлган Қуръонни тушунишимиз учун Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳаётларини, сийратларини ўрганишимиз шартдир. Бу зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳаётларини билмасдан туриб, исломий илмлардан бирортасини (на тафсир, на ҳадис, на фиқҳ, на ахлоқни) рисоладагидек тушуниб, моҳиятига етиб бўлмайди.

 

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг сийратлари

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг сийратлари – олтмиш уч йиллик ҳаётлари тарихи демакдир. У зотнинг қамарий ҳисобда 63 йил, шамсий ҳисобда 61 йиллик ҳаётларини икки даврга бўлиб ўрганишимиз мумкин: пайғамбарликдан олдинги давр (571–610); пайғамбарлик даври (610–632).

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг пайғамбарликкача бўлган ҳаётлари умрларининг 40 йилини ўз ичига олган эди. Исломга даъват бошланмаган давр “жоҳилият даври”, пайғамбарлик даври эса “Саодат асри” деб номланади. Саодат асри 23 йилни ташкил этади.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг оталари Абдуллоҳ, оналари Оминадир. Аждодлари Аднонгача бориб етади. Боболарини тартиб билан келтирадиган бўлсак, қуйидагилар эди: Абдулмутталиб (Шайба), Ҳошим, Абдуманноф, Қусай, Ҳаким (Килоб), Мурра, Каъб, Луай, Ғолиб, Феҳр (Қурайш), Молик, Назр, Кинона, Хузайма, Мудрика, Илёс, Низор, Маъад, Аднон. Аднон Исмоил (алайҳиссалом)нинг зурриёти бўлиб, Кайзар сулоласидан эди.

Оминанинг оталари Ваҳб, боболари эса қуйидагича: Навфал, Абдулуззо, Зуҳра, Ҳаким. Ҳаким Зуҳранинг ҳам Қусайнинг ҳам отаси эканини эътиборга олсак, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг оталари ва оналарининг насаби Ҳакимга келиб бирлашганини кўрамиз.

 

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг таваллудлари

Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) таваллуд топган сана тарихчилар орасида энг мунозарали мавзулардан биридир. Баъзи тарихчилар 569 ва 570 йилни кўрсатишса, баъзилар 571 йилни Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг туғилган йиллари деб исботлашга уринади.

“Олий тарих” китоби муаллифи бундай дейди: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Фил йилида, якшанба куни кечаси, бир ривоятда, рабиъул аввалнинг 12-кечаси дунёга ташриф буюрганлар”. Кўпчилик Ислом уламолари мана шу кунни, яъни рабиъул аввал ойининг 12-куни, душанбага ўтар кечасини Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳақиқий таваллуд топган кунлари деб иттифоқ қилган. Умуман олганда, кўпчилик Ислом уламоларининг иттифоқ қилишича, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг туғилган кунлари 571 йил, 20 апрель, душанба, рабиъул аввал ойининг 12-кунига тўғри келади”.

Турк олими Умар Ризо Дўғрул Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг туғилган кунлари хусусидаги уламолар ихтилофига бундай муносабат билдиради:

“Ҳазрат Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) туғилган йил, ой, кун ҳақидаги бу ихтилофларнинг ҳикматини тушунмоқ учун Исломнинг руҳига кириб бориш, уни яхши тушуниш лозим. Аслида, бу ихтилофларнинг барчасига барҳам бериш мумкин эди. Чунки Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) даврларида бу муҳим ва қимматли ҳодиса бутун тафсилотлари билан аниқ-равшан ёзилиши мумкин эди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳаётларини энг нозик нуқталаригача ҳассослик билан кузатиб борган саҳобаи киромлар учун бундан осон иш йўқ эди. Шундай экан, бу оддийгина иш нимага амалга оширилмади?

Ҳазрат Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг хотирини ёд этишни истаган ҳар бир мусулмон бунинг учун аниқ бир кунни танлаши шарт эмас. У зотнинг шахсиятига кўрсатиладиган ҳурмат-эҳтиромни у ёки бу кунда маросим ўтказиш билан адо этиб бўлмайди. Бу нарса у зоти муборакка энг самимий ришталар билан боғланиш ва руҳониятларини шод этиш орқали амалга оширилиши мумкин.

Шу сабабдан, саодат асри мусулмонлари биз муборак деб билган кунлардан бирортасини ҳисоб-китоб қилмади, бунга кўп аҳамият бермадилар ҳам. Чунки мусулмон учун муборак бўлмаган бирор кун ва бирор соат йўқ. Ҳар кунини, ҳар соатини мусулмончасига, ҳазрат Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтганларидек ва истаганларидек ўтказган инсон орзу қилган савоб-баракотни топади”.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) арабларнинг энг обрўли қабиласи бўлган, Макка шаҳрининг ва Каъбанинг эгаси ҳисобланган Қурайш қабиласида дунёга келдилар. Туғилганларида оталари Абдуллоҳни кўролмадилар. У киши Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳали оналари қорнида икки ойлик эканларида Шомдан Маккага қайтиб келаётиб, Ясрибда (ҳозирги Мадина шаҳри) касал бўлиб, карвондан ажраб қолган ва 25 ёшида ўша жойда вафот этган эди. Оталари Абдуллоҳдан Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га бир неча туя ва Умму Айман исмли хизматкор аёл қолади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) туғилмасларидан аввал оналари Омина бир туш кўради. Тушида унга: “Эй Омина, сен бутун махлуқотнинг фахри бўлган бир болага ҳомиладорсан. Туғилса, исмини Муҳаммад қўй”, деб башорат берилади.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хатна қилинган ҳолда туғилдилар. Муборак икки кураклари ўртасида каптар тухумидек “Нубувват муҳри” бор эди.

Қуръони каримда:

وَمَآ أَرۡسَلۡنَٰكَ إِلَّا كَآفَّةٗ لِّلنَّاسِ بَشِيرٗا وَنَذِيرٗا وَلَٰكِنَّ أَكۡثَرَ ٱلنَّاسِ لَا يَعۡلَمُونَ

«(Эй Муҳаммад!) Биз сизни, ҳақиқатан, барча одамларга хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи бўлган ҳолингизда (пайғамбар қилиб) юбордик. Лекин одамларнинг аксарияти (бу ҳақиқатни) билмайди» (Сабаъ, 28), дейилади.

Бу ҳақда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ўзлари бундай марҳамат қилганлар:

“Мендан олдин пайғамбарлар махсус бир қавмга юборилар эди, мен бутун инсониятга юборилдим”.

Етти кун болани оналари Омина эмизган эди. Оналарининг сути етмаганидан Сувайба исмли аёл эмизди. Сувайбадан сўнг Абдулмутталибнинг хизматкори Марваха сут берди.

Арабларнинг анъанавий урф-одатига мувофиқ ёш гўдаклар дала жойда тарбияланса, танлари соғлом, ақллари теран ва табиатан содда бўлиб ўсади, чунки далада тоза ҳаво бўлади, бунинг устига янги соғилган туянинг, эчкининг ва қўйнинг сути, қатиғи, пишлоғи ва қумрон болани бақувват қилади, яна ҳам фойдалиси, гўдак янги бўшанган қувватсиз онани эмас, балки далада ҳаёт кечирадиган, соғлом онанинг сутини эмиб, тинч табиий шароитда ўсади, деган мақсадда маккаликлар ўз фарзандларини, яйлов ва дала жойда яшовчи, ижарага эмизувчи оналарга боқиш ва тарбия қилиш учун берар эди.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни Ҳалима Саъдия номли аёл ўз тарбиясига олди ва тўрт йил тарбиялаб, кейин оналари Оминага топширди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўкракдошлари Шайма билан қирга чиқар эдилар. Ҳалима: “Бу иссиқда қирга чиқманглар”, деб хавотирланса, Шайма: “Қўрқманг, бир булут келиб унга соя солади”, дерди.

Бир куни Шайма билан мол боқиб юришганда қуш шаклида иккита фаришта келади. Бири иккинчисига: “Шуми?” дейди. Иккинчиси: “Ҳа!” деб жавоб беради. Икковлари Пайғамбаримизни ерга ётқизиб, кўксиларини ёради ва ундан лахта қон парчасини чиқариб, қалбларини сув ва муз билан ювади. Кейин бири иккинчисига: “Сакинат келтир!” дейди. Уни кўксиларига қўйиб, қайта ёпиб қўйишади.

Бу воқеа “Шаққи садр” (“Кўкрак ёрилиши”) деб номланиб, унда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг қалблари ёмонликдан тозаланиб, имон ва илм билан тўлдирилган.

Бу воқеадан хавотирга тушган Ҳалима Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни оналарига олиб бориб топширади.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олти ёшга кирганларида оналари Омина Абдуллоҳнинг қабрини зиёрат қилиш ва ўғлини ўз қариндошларига кўрсатиш учун Мадинага олиб бориб, у ерда бир ой турди, Маккага қайтиб келаётиб йўлда касалликдан вафот этди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олти ёшда ота-онасиз етим бўлдилар ва боболари Абдулмутталибнинг тарбиясига ўтдилар.

Қуръони каримда:

أَلَمۡ يَجِدۡكَ يَتِيمٗا فَ‍َٔاوَىٰ

«(Эй Муҳаммад! Раббингиз) Сизни етим ҳолда топиб, бошпана бермадими?» (Зуҳо, 6) деб марҳамат қилинади.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саккиз ёшларигача боболари Абдулмутталибнинг қўлида тарбия топдилар. Бир йили Маккада қаттиқ қурғоқчилик бўлди, ҳеч ёмғир ёғмади. Абдулмутталиб невараси Муҳаммадни Каъба ёнига олиб бориб, қўлини баланд кўтариб, халқ билан бирга: “Эй Парвардигор, шу боланинг ҳаққи-ҳурматига бизга ёмғир бер”, дея дуо қилди. Аллоҳ таоло маккаликларга шу заҳотиёқ ёмғир ёғдирди. Бу воқеа ҳақида амакилари Абу Толиб бундай эслайди: “Муҳаммад шундай бир кишики, унинг ҳаққи-ҳурматига Аллоҳдан ёмғир сўралганда, Аллоҳ мўл-кўл қилиб эҳсон қилган эди”.

Абдулмутталиб 82 ёшида вафот этаркан, ўғилларига Пайғамбаримизни кўрсатиб: “Буни сизларга омонат қолдиряпман. Барчангиз унинг ҳимоя ва тарбиясига диққат этинг”, деди. Амакиларининг қайси бирини танлаш Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ихтиёрларига берилганида, амакилари Абу Толибнинг қучоғига отилдилар.

Абдулмутталиб ўғли Абу Толибга: “Эй Абу Толиб, бу бола ота-она меҳрини кўрмади, унга меҳр кўрсат”, деб кўз ёши билан вафот этди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саккиз ёшда эдилар. Шундай улуғ, бўлғуси пайғамбар етим бўлиб, кўнгиллари синиқ, маъюс ҳолда вояга етдилар. Аллоҳ ўзининг суюкли бандасини энг оғир мусибат – етимлик гирдобига ташлашини уламолар икки ҳикмат билан боғлайди: биринчиси, бўлажак пайғамбарининг қалбида етим-есирларга, муҳтожларга меҳр-шафқат, мурувват сифатларини уйғотиш эди.

Бу ҳақда Аллоҳ таоло:

أَلَمۡ يَجِدۡكَ يَتِيمٗا فَ‍َٔاوَىٰ وَوَجَدَكَ ضَآلّٗا فَهَدَىٰ وَوَجَدَكَ عَآئِلٗا فَأَغۡنَىٰ فَأَمَّا ٱلۡيَتِيمَ فَلَا تَقۡهَرۡ وَأَمَّا ٱلسَّآئِلَ فَلَا تَنۡهَرۡ وَأَمَّا بِنِعۡمَةِ رَبِّكَ فَحَدِّثۡ

«(Эй Муҳаммад! Раббингиз) Сизни етим ҳолда топиб, бошпана бермадими?! Яна сизни гумроҳ (ғофил) ҳолда топиб, (тўғри йўлга) ҳидоят қилиб қўймадими?! Сизни камбағал ҳолда топиб, (Хадичага уйланишингиз туфайли) бой қилиб қўймадими?! Бас, энди сиз (ҳам) етимга қаҳр қилманг! Сўровчи (гадо)ни эса (малол олиб) жеркиманг! Раббингиз (сизга ато этган барча) неъмати ҳақида эса (одамларга) сўзланг!» (Зуҳо, 6–11) дейди.

Иккинчиси Ўзининг қудратини намойиш қилишдир. Чунки Аллоҳ таоло бўлажак пайғамбари ва ҳабибини жоҳилият ботқоғига ботган одамлар орасида яратиб, ўша даврдаги иллатлардан пок сақлади, инсон тарбияси ва камолоти учун зарур бўлган ота-она ва устознинг тарбиясисиз, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни ахлоқ бобида ҳам, илм бобида ҳам дунёда энг улуғ инсон даражасига кўтарди.

Ояти каримада бундай дейилади:

أَلَمۡ نَشۡرَحۡ لَكَ صَدۡرَكَ وَوَضَعۡنَا عَنكَ وِزۡرَكَ ٱلَّذِيٓ أَنقَضَ ظَهۡرَكَ وَرَفَعۡنَا لَكَ ذِكۡرَكَ

«(Эй Муҳаммад!) Кўксингизни (илму ҳикматга) кенг очиб қўймадикми?! Сиздан белингизни эзиб турган юкингизни олиб қўйдик (енгиллатдик). Зикрингизни (исмингизни) ҳам баланд кўтариб қўйдик» (Шарҳ, 1–4).

Саккиз ёшли Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳаётларида янги давр бошланди. Бу давр то 25 ёшларигача давом этди. Абу Толиб Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га тижорат сирларини ўргата бошлади. Маккаликлар қиш мавсумида Яманга, ёзда эса Шомга тижорат карвони юборар эди.

Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам икки марта Сурия томонга, бир марта Яманга карвон билан сафарга чиққанлар. Сурия сафарининг биринчисида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўн икки ёшда, иккинчисида йигирма беш ёшда, Яманга сафар қилганларида эса ўн етти ёшда эдилар.

Абу Толиб бошчилигидаги карвон билан қилган биринчи сафарларида карвон Шом йўлида Бусро деган қишлоққа яқин жойда тўхтади. Бу ерда насронийларнинг ибодатхонаси бўлиб, унда Буҳайро исмли машҳур бир роҳиб хизмат қилар эди. Буҳайро кўп китоб ўқиган бўлиб, келиши яқин бўлган пайғамбарнинг аломатларини билар эди. Карвон орасида юрган ўн икки ёшли Муҳаммадни кўриб, ундан пайғамбарлик аломатларини топди ва Абу Толибга: “Эй Абу Толиб! Бу бола келиши кутилаётган, китобларда аломати ёзилган пайғамбарга ўхшайди. Уни асло Шомга олиб борма. Шом яҳудийлари унинг аломатларини билади, бирор зарар етказишлари мумкин. Молларингизни шу ерда сотинглар”, деди. Абу Толиб молларни ўша жойнинг ўзида сотиб, Маккага қайтди.

Бутларга ҳамма сиғинадиган бир замонда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бирор марта бутга сиғинмаганлар. Абу Толиб маккаликларнинг катта бир бутига сиғинишга Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни ундаганда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Асло сиғинмайман”, деганлар.

Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) йигирма беш ёшларида Сурияга иккинчи бор тижорат сафари қилиб, Макканинг энг бой аёли Хадичанинг таклифи билан унга ҳамкорлик қилдилар, унинг молларини сотишда кўмаклашдилар. Сурияга қилинган бу сафар ва унда кўрилган катта фойда, бунинг устига Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг софдил, омонатдор эканлари Хадича билан оила қуришларига васила бўлди. Хадичанинг ёши бир оз каттароқ бўлса-да, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га жуфти ҳалол бўлди, тўрт қиз: Зайнаб, Руқия, Умму Кулсум, Фотима ва икки ўғил: Қосим ва Абдуллоҳ исмли фарзандлар кўрди. То умрларининг охиригача вафодор, маслаҳатгўй бўлиб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муҳаббатларини қозонди.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг учинчи ўғиллари Иброҳим мисрлик жориялари Мориядан бўлиб, Иброҳим вафот этган йили Пайғамбаримиз 63 ёшда эдилар.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўн олти ёшларида Фижор жангида қатнашдилар. Исломдан олдин Араб яриморолида тўхтовсиз жанглар бўларди. Ана шулардан бири тўққиз йил давом этган Фижор жангидир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу жангда иштирок этган бўлсалар ҳам ўзлари ўқ отмаганлар, қурол ишлатмаганлар, душманлар томонидан отилган ўқларни амакиларига олиб келиб бериб турганлар.

Йигирма ёшларида амакилари Абу Толибнинг қўй ва эчкиларини боқиб, чўпонлик қилганлар.

Пайғамбарлик келишидан аввал у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳаётларида яна икки муҳим воқеа содир бўлди.

Биринчиси, жоҳилият даврида турли араб қабилалари ўртасида тинимсиз ички урушлар бўлиб турарди. Навбатдаги шундай уруш Қурайш ва Ҳавозин қабилалари орасида чиқди. Бу уруш сабабли икки томондан ҳам кўплаб кишилар қурбон бўлди. Маккада нотинчлик ҳукм сурарди. Ана шундай бир пайтда маккалик Ос ибн Воил яманлик бир савдогарнинг ҳамма молларини тортиб олиб қўйди. Ноҳақликка чидай олмаган яманлик савдогар Қубайс тоғига чиқиб, дод солиб, қабилаларни ёрдамга чақирди. Яманликнинг бу дод-фарёдини эшитган, унинг ҳолига ачинган Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг амакилари Зубайр Қурайшнинг ҳамма қабилаларини йиғди ва барча йиғилганлар бугундан бошлаб Маккада бирор маҳаллий ёки мусофир кишига ҳеч ким зулм ўтказмасликка ва зулм етган бечора кишиларга ёрдам беришга аҳд қилиб, қасам ичишди. Бу аҳд “Ҳилфул фузул”, яъни “Фозиллар қасамёди” деб номланди. Қасамёдчилар гуруҳи яманликнинг додига етиб, унинг тижорат молини Ос ибн Воилдан қайтариб олиб беришди. Мана шу яхши ниятли хайрия гуруҳига Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам қўшилганлар ва уни пайғамбарликларидан кейин ҳам мақтаб эсга олган эдилар.

Ибн Исҳоқ, Ибнул Асир ва Ибн Халдунлар ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деган эдилар: “Мен амакиларим билан Абдуллоҳ ибн Жадъоннинг уйида шундай қасамёдга гувоҳ бўлганман, мен учун ундан гўзалроқ, ундан фойдалироқ нарса бўлмаган. Агар менга Исломда ҳам шундай қасамёд қилишга чақирилса, албатта қабул қилган бўлардим”.

Иккинчиси, Қурайш қабилалари Каъбани таъмирлаш масаласида келишолмай қолди. Ўртада жуда катта жанжал чиқиши арафасида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) адолатли қози вазифасини бажардилар ва иш хунрезликкача етмади. Муқаддас Каъба деворлари бузилиб, уни қайтадан қуриш бошланди. Каъба қурилишида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам астойдил қатнашдилар, тош ташидилар. Имом Бухорий “Саҳиҳ”ида ҳатто Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг елкалари яралангани ривоят қилинган.

Каъба биносини қуриш асносида қора тошни ўз жойига ким қўйиши тўғрисида муаммо чиқди ва иш жанжалга айланиб, қон тўкилишига оз қолди. Қурайшнинг энг кекса кишиси бўлган Абу Ҳузайфа ибн Муғийра орага кирди ва: “Жанжални бас қилайлик, ким ҳарам эшигидан биринчи бўлиб кириб келса, ўшани ҳакам қилайлик ва айтганини қилайлик”, деб таклиф киритди. Ҳарам эшигидан биринчи кириб келган киши Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бўлдилар. Ҳамма у кишининг ҳакамликларига рози бўлди. Чунки маккаликлар Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни ҳалолликлари, адолатлари, тўғрисўзликлари учун “Муҳаммад Амин”, яъни “ишончли Муҳаммад” деб атарди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ридоларини ечиб, ерга ёйиб, Қора тошни кўтариб ридо устига қўйдилар ва ридонинг учларидан ҳамма қабила улуғларига тутқаздилар. Қора тошни жойига қўйишда ҳамма баравар иштирок этди. Маккалик барча қабила раҳбарлари ва аъзолари дилида Пайғамбаримиз (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам)га нисбатан ҳурмат кучайди.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

 

Пайғамбаримизга биринчи ваҳий келиши;

Исро ва Меърож воқеаси;

4440 марта ўқилди
Top