Кутубхона

Қуръон илмлари: ҲАДИС, ҲАДИСИ ҚУДСИЙ ВА ҚУРЪОН

Аллоҳ таолодан Муҳаммад алайҳиссаломга келган ваҳийнинг уч тури – ҳадис, ҳадиси қудсий ва Қуръон орасидаги фарқни тушуниб етиш ниҳоятда аҳамиятли ишлардан бири ҳисобланади. Шунинг учун ҳам Улуми Қуръон олимлари ушбу мавзуга алоҳида эътибор қаратадилар. Биз ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзидан ёрдам сўраган ҳолда бу фарқни билиб олиш учун ҳаракат қилиб кўрамиз.

  1. Ҳадис.

«Ҳадис» сўзи араб тилида «сўз» деган маънони англатади. Демак, ҳадис деганда Набий алаҳиссаломнинг айтган гап-сўзлари кўзда тутилади ва тушунилади.

Уламолар истилоҳида эса «ҳадис» қуйидагича таърифланади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан осор бўлиб қолган гап, иш, тақрир, халқий сифатлар, хулқий сифатлар ҳамда таржимаи ҳолга тегишли маълумотлар «ҳадис» дейилади».

Ушбу таъриф Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васал­ламдан осор бўлиб қолган ва ишончли манбалар орқали ривоят қилинган бир неча хил нарсаларни ўз ичига олмоқда. Таърифда зикри келган нарсаларга биттадан мисол келтирайлик.

  1. «Гап». Бунга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг
    турли ҳолат ва муносабатларда айтган гаплари киради.

Мисол учун, «Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир».

Мана шу муборак гапни эшитган одамлар омонат тариқасида уни эшитмаганларга етказганлар. Шу тарзда авлоддан-авлодга ўтиб, муҳаддис олимгача етиб келган. Муҳаддис эса илмий йўллар билан текшириб, унинг ҳадис эканига ишонч ҳосил қилганидан сўнггина китобига киритган. Бу «қавлий (гап) суннат» дейилади.

  1. «Иш». Бунда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг
    қилган иш-амаллари тушунилади. Айтайлик, таҳорат қилишлари, намоз ўқишлари, ҳаж ибодатини адо этишлари ва ҳоказо. Шунга ўхшаш амалларини кўрганлар кўрмаганларга айтиб, кўрсатиб берганлар. Бундай маълумотлар шу тариқа ҳадис олимига етиб келган ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган ишлари сифатида асар бўлиб қолган. Бу «амалий (иш) суннат» дейилади.
  2. «Тақрир». Бу сўз бир нарсага иқрор бўлиш, унинг
    тўғрилигини тасдиқлаш, маъқуллаш маъносини англатади.
    Суннатдаги тақрир эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва­
    салламнинг саҳобаи киромлар томонидан содир бўлган баъзи
    нарсаларни маъқуллашларидан иборат. Биргина мисол:

Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссалом юборган бир тўп лашкарга бош эди. Борган жойида жунуб бўлиб қолди ва совуқдан қўрқиб, ғусл қилмасдан, таяммум билан намоз ўқиди. Унинг шериклари буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етказдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Холид ибн Валид розияллоҳу анҳунинг қилган ишини маъқулладилар.

Маъқуллаш «Маъқул», деб айтиш билан ёки инкор қилмай, индамай қўяқолиш билан ҳам бўлади. Бу «тақририй суннат» дейилади.

  1. «Халқий сифатлар». Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тана тузилишларидаги сифатлари киради. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрган кишилар у зотнинг бўй-бастлари, тана тузилишлари, сочлари, кўзлари ва бошқа аъзоларини батафсил васф қилиб берганлар. Бу маълумотлар ҳам ривоят бўлиб, муҳаддисларга, улар орқали Ислом умматига етиб келган. Масалан, имом Термизийнинг «Шамоили Муҳаммадийя» асари айнан шу масалага бағишланган алоҳида китобдир. Барча муҳаддисларимиз ҳам алоҳида китоб таълиф қилмасалар-да, бу маънодаги ҳадиси шарифлардан ўзларига етганларини ривоят қилиб қолдирганлар.
  2. «Хулқий сифатлар». Саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сабрлари, ҳилмлари, шижоатлари, сахийликлари каби барча ахлоқий фазилатларини ҳам ривоят қилиб қолдирганлар. Бу ҳақдаги маълумотлар ҳам суннатга киради.
  3. «Таржимаи ҳол». Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётлари, у зот таваллуд топганларидан бошлаб, то Робблари даргоҳига етгунларича бўлган таржимаи ҳоллари ўта аниқлик ва бутун тафсилотлари билан ривоят қилинган. Бу бобга тегишли ривоятлар тўплами «Сийрат» дейилади.

Муҳаддис уламоларимиз мана шу олти бандга тегишли ҳар битта маълумотни атрофлича, чуқур ўрганиб, ўз китобларига киритганлар.

  1. Ҳадиси қудсий.

«Ҳадис» лафзининг луғавий маъносини олдин ўргандик. «Қудсий» сўзи эса «муқаддас» деган маънони англатади.

Уламолар ҳадиси қудсийни қуйидагича таърифлайдилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолодан ривоят қилган нарса ҳадиси қудсийдир».

Ҳадиси қудсийга мисол келтирамиз.

 

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аллоҳ таоло айтади: «Кимни Қуръон ва Менинг зикрим Мендан (нималарнидир) сўрашдан тўсган бўлса, унга сўровчиларга берганимнинг афзалини бераман. Аллоҳнинг каломининг бошқа каломлардан фазли худди Аллоҳнинг Ўз махлуқотларидан фазли кабидир».

Термизий ривоят қилган.

Ушбу ҳадис ҳадиси қудсий ҳисобланади. Чунки унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг айтган гапларини ўз иборалари билан нақл қилмоқдалар.

 

Қуръони Карим билан ҳадиси қудсий орасидаги фарқлар.

  1. Агар Жаброил алайҳиссалом Аллоҳнинг каломини Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларига олиб келса-ю, мўъжизалиги бўлмаса, ҳадиси қудсий саналади. Қуръони Каримнинг маъноси ҳам, cўзлари ҳам Аллоҳ таоло томонидандир. Аллоҳ таолонинг Ўзи араблардан унга ўхшаш калом келтиришни талаб қилган, улар бунга қодир бўлмаганлар ва қиёматгача ҳам қодир бўлмайдилар. Ҳадиси қудсийда эса бу хусусият йўқ. Унинг мўъжизалиги йўқ ва Аллоҳ таоло араблардан унга ўхшаш нарса келтиришни талаб қилмаган.
  2. Қуръони Карим тиловатисиз намоз бўлмайди. Аллоҳ таолонинг бошқа ваҳийларини, мисол учун, ҳадиси қудсийларни намозда ўқиб бўлмайди. Намозда ўқишга фақатгина Қуръони Карим хос қилинган. Бу ҳам илохий Китобнинг ўзига хос сифатларидан биридир.
  3. Қуръони Карим фақатгина Аллоҳ таолонинг Ўзига нисбат берилади. Ҳадиси қудсий эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам нисбат берилади.
  4. Қуръони Каримнинг барчаси, ҳар бир ҳарфигача тавотур ила ривоят қилинган[1]. Унинг барчаси қатъий собит бўлган. Ҳадиси қудсийларнинг кўпи мутавотир бўлмай, оҳод хабарлардир. Баъзи ҳадиси қудсийлар саҳиҳ, бошқалари ҳасан, яна бошқаси заиф бўлиши мумкин.
  5. Қуръони Каримнинг лафзи ҳам, маъноси ҳам Аллоҳ таолодандир. Ҳадиси қудсийнинг маъноси Аллоҳ таолодан, лафзи ҳақида ихтилоф қилинган. Баъзилар ҳадиси қудсийнинг лафзи Аллоҳдан, десалар, бошқалар Аллоҳдан эмас, дейдилар.

«Шарҳу Арбаъин ан-Нававия» китобида Қуръони Карим билан ҳадиси қудсий орасидаги фарқ борасида қуйидагилар айтилган:

«Қуръон ҳадиси қудсийдан қуйидагилар билан фарқланади:

– Қуръони Каримни Жаброил алайҳиссалом келтириши шарт. Ҳадиси қудсийда бу шарт йўқ.

  • Қуръони Каримнинг маъносини ривоят қилиб бўлмайди. Ҳадиси қудсийнинг маъносини ривоят қилса бўлади.
  • Қуръони Каримнинг лафзи Аллоҳ таолодандир. Ҳадиси қудсийнинг лафзи Аллоҳ таолодан бўлиши шарт эмас.

– Қуръони Каримни таҳорат билангина ушлаш мумкин. Ҳадиси қудсийда бу шарт йўқ.

– Қуръони Карим қироати намозда фарздир. Ҳадиси қудсийни намозда ўқиб бўлмайди. Агар қасддан ўқилса, намоз бузилади.

  • Қуръони Каримнинг ҳар бир калимаси тиловатига ўн
    савоб берилади. Ҳадиси қудсийда бундай эмас.
  • Қуръони Каримнинг бир ҳарфини инкор қилган одам кофир бўлади. Ҳадиси қудсийни инкор қилган ёки санади тўғри эмас, деган одам эса кофир бўлмайди.
  • Қуръони Карим тавотур ила собит бўлган. Ҳадиси қудсий ундай эмас».

Қўшимча тарзда айтиб ўтиш керак бўлган нарсалардан бири шуки, ҳадиси қудсийлар оз бўлиб, уларнинг сони мингтача. Ўша ададнинг ичида саҳиҳи ҳам бор, заифи ҳам бор.

III. Ҳадиси набавий.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари иккига бўлинади:

  1. Аллоҳ таолодан фаришта Жаброил алайҳиссалом орқали ваҳий қилинганлари.

Жаброил алайҳиссалом Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони Карим оятларидан бошқа ваҳийларни ҳам келтириб турганлари маълум ва машҳур. Ана шу қисм ваҳийлар Суннат сифатида ворид бўлган. Бу хилдаги Суннатни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кишиларга етказганлар. У зотнинг етказишдан бошқа ҳеч қандай дахллари бўлмаган. Бунга мисол тариқасида имом Абу Муҳаммад ибн Қутайба «Аёл киши ўз аммаси ёки холаси устига никоҳланмас» деган ҳадисни келтирадилар. Бу ҳадис ваҳий бўлиб, унинг маъносини Жаброил алайҳиссалом Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васал­ламга етказганлар. У зот ҳам ўз навбатларида мусулмон умматига етказганлар ва ҳаётга татбиқ қилганлар. Мазкур хадис ворид бўлганидан бошлаб ҳамма мусулмонлар учун амма ёки хола устига уларнинг қиз жиянини кундош қилиб олиш ҳаром бўлган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «Бу ҳукмдан фалончи истисно», деб айта олмаганлар.

  1. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга Жаброил алайҳиссалом орқали ваҳий қилинган эмас, балки у зотнинг ўзлари ижтиҳод этганлари.

Бундай нарсаларнинг асосий қоидаларини ва мақсадларини Аллоҳ таолонинг Ўзи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга баён қилиб берганидан сўнг, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни ўз ижтиҳодлари ила баён қилганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу борадаги ижтиҳодлари ҳам ваҳий ўрнида бўлгаи. Агар хато бўлса, Аллоҳ таоло тўғрилаб қўйган. Бу қисмдаги Суннатда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баъзи тасарруфотлар қилишга ҳақлари бўлган.

Мисол учун, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эркак мусулмонлар учун ипак кийим кийиш ҳаром эканини баён этганларидан кейин, Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу ўзларининг хасталиклари ипак кийишни тақозо этишини айтиб, у зотдан изн сўраганларида, у кишига ипак кийим кийишга рухсат берганлар. Агар бу ҳукм Жаброил алайҳиссалом келтирган ваҳий бўлганида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон ўзларича рухсат бермаган, балки бошқа ҳолатлардаги каби, Аллоҳ таолодан бирор хабар келишини кутган бўлар эдилар.

Ҳадис китобларимизда келтирилган ривоятларнинг аксарияти ушбу қисмга – Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдан пайғамбарликни етказиш юзасидан содир бўлган икки хил Суннатга тааллуқлидир. Ислом шариатининг аҳкомларига тегишли барча нарсалар – ибодат, эътиқод, охират, одоб-ахлоқ, солиҳ амалга тарғиб қилиш, ёмонликлардан қайтариш каби ишлар шулар жумласига киради. Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Ҳашр сураси, 7-оятида: «Расул сизга нимани берса, ўшани олинглар ва нимадан қайтарса, ўшандан қайтинглар», деганда, айнан шу турдаги Суннатни қасд қилгандир.

Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларининг маъноси Аллоҳ тарафидан, лафзи у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидандир.

 

ҚУРЪОНИ КАРИМНИНГ ТАЪРИФИ

«Қуръон» сўзининг луғавий маъноси

Энг аввал «Қуръон» лафзининг асл келиб чиқишини ўрганиб олишимиз, унинг луғавий далолатларига, Қуръон учун ихтиёр қилинган бошқа муҳим исмларга тўхталиб ўтишимиз лозим.

«Қуръон» лафзининг келиб чиқиши хусусида уламолар турли хил фикрларни айтганлар. Баъзилар уни ҳамзали, деса, бошқалар ҳамзасиз, дейдилар. Ҳамзасиз, дейдиган уламолар Шофеъий, Фарро, Ашъарий ва уларга эргашганлардир.

Шофеъий бу борада шундай дейди:

«Албатта, «Қуръон» лафзи маърифа (яъни «ал-» аниқлик артиклига эга сўз) бўлиб, бошқа лафздан чиқариб олинмаган ва ҳамзали ҳам эмас. Балки Набий соллаллоҳу алайҳи васал­ламга нозил қилинган каломга атоқли исм қилиб қўйилган табиий номдир, «Қуръон» лафзи «قَرَأَ» – «қороъа» феълидан олинмаган. Агар ушбу феълдан олинган бўлганида, ҳар бир ўқиладиган нарса Қуръон бўлиб қоларди. Лекин у Аллоҳнинг Каломига қўйилган номдир, худди Таврот ва Инжил каби».

Фарро эса қуйидагиларни айтади:

«"Қуръон" лафзи «قَرِينَة» – «қорийна» (яъни «яқин») сўзининг кўплик шакли бўлган «قَرَائِن» – «қороин» сўзидан чиқариб олинган. Чунки оятлар бир-бирига ўхшаш, яъни яқиндир. Маълумки, «قَرَائِن» калимасидаги «нун» аслийдир».

Ашъарий ва у кишига эргашганларнинг фикри қуйидагича:

«"Қуръон" лафзи «قَرَنَ الشَّيْءُ بِالشَّيْءِ» – «қоронаш-шай’а биш-шай’и» жумласидаги «قَرَنَ» – «қорона» феълидан чиқариб олинган, яъни «қўшди» маъносини англатади. Чунки суралар ва оятлар бир-бирига яқин бўлиб, уларнинг баъзиси баъзисига қўшилади».

Мазкур «"Қуръон" сўзи ҳамзасиздир» деган учала фикр ҳам тўғри эмаслигини билиш учун луғат ва тил қоидаларини ўрганишнинг ўзи кифоя.

Зажжож, Лиҳёний ва бошқалар «Қуръон» лафзи ҳамзалидир, дейишади.

Зажжож шундай дейди:

«"Қуръон" лафзи «فُعْلَان» – «фуълон» вазнидаги ҳамзали калима бўлиб, «жамламоқ» маъносидаги «قَرْء» – «қоръун» сўзидан олинган. Масалан, ҳовузга сув тўпланганини айтиш учун араблар ушбу «қоръун» калимасини ишлатади-лар. Қуръонга шундай ном берилиши ўзидан олдинги ки-тобларнинг самарасини жамлаганидандир».

Лиҳёний қуйидагиларни айтади:

«"Қуръон" калимаси «غُفْرَان» – «ғуфрон» вазнидаги ҳамзали масдар бўлиб, «тиловат қилди» маъносидаги «قَرَأَ» – «қоро’а» феълидан олинган. У «исми мафъул» маъносида­ги масдардир. Шу боис ўқиладиган нарса (яъни Қуръон) у билан номланди».

Охирги энг кучли ва тўғри фикрга кўра, «Қуръон» сўзи луғатда «қироат»нинг маънодошидир.

«Қуръон» сўзи араб тилида бир неча маъноларни ифода қилади ва бу маънолар Аллоҳ таолонинг ушбу номдаги Китоби – Қуръони Каримда ҳам ўз ифодасини топган.

  1. «Ўқиш» маъноси.

Буйруқ майлидаги «Иқроъ» – «Ўқи!», «Қироат қил!» маъносидаги сўз билан бошланган бу илоҳий ваҳий маж-муасининг номи «ўқиш», «ўқилмиш», «қироат қилинмиш» деган маъноларни англатувчи масдар – «Қуръон» бўлиб қолди. «Қуръон» ва «қироат» сўзларининг маъноси бирдир. Бу гапнинг далили Қуръони Каримнинг Исро сурасидаги оятда келган:

أَقِمِ ٱلصَّلَوٰةَ لِدُلُوكِ ٱلشَّمۡسِ إِلَىٰ غَسَقِ ٱلَّيۡلِ وَقُرۡءَانَ ٱلۡفَجۡرِۖ إِنَّ قُرۡءَانَ ٱلۡفَجۡرِ كَانَ مَشۡهُودٗا

«Қуёш оғишидан то тун қоронғисигача намозни тўкис адо эт. «Фажр Қуръони»ни хам. Албатта, «фажр Қуръони» шоҳид бўлинадигандир» (78-оят).

Ушбу оятдаги «фажр Қуръони» деган жумла «тонгги қироат» деган маънони билдиради.

Аллоҳ таоло Қиёмат сурасида шундай марҳамат қилади:

إِنَّ عَلَيۡنَا جَمۡعَهُۥ وَقُرۡءَانَهُۥ* فَإِذَا قَرَأۡنَٰهُ فَٱتَّبِعۡ قُرۡءَانَهُۥ

«Албатта, у (Қуръон)ни жамлаш ва ўқиб бериш Бизнинг зиммамизда. Бас, Биз уни ўқисак, қироатига зеҳн солиб тур» (17-18-оятлар).

Бу оятларда биз «ўқиб бериш», «қироат» дея таржима қилган сўз «қуръан» калимасидир.

Ислом дини бош дастурининг айнан «Қуръон», яъни «Ўқиш» ёки «Ўқилмиш» деб номланишида ҳам катта маъно ўз ифодасини топган. «Бу дин илмга, маърифатга асосланган диндир, бу Калом илмга, маърифатга асосланган Каломдир» деган маъно бор бунда.

  1. «Жамлаш» маъноси.

Луғатшунослар «Қуръон» лафзининг «ўқимоқ», «қироат қилмоқ»дан ташқари «жамлаш, ўзида мужассам этиш» маънолари ҳам борлигини таъкидлайдилар.

Аввалги араблар «قَرَأَ» лафзини «тиловат» маъносидан бошқа маънода ҳам, мисол учун, «жамлаш, ўзида мужас­сам этиш» маъносида ҳам ишлатар эдилар. Бунга Амр ибн Кулсум Тағлибийнинг турмуш қурмаган бокира қизни сифатлаб, «لَمْ تَقْرَأْ جَنِيناً» – «ўзида ҳомила мужассам этмаган» де­ган гапи мисол бўла олади.

«Қуръон» лафзида «жамлаш» маъноси борлигида Аллоҳнинг охирги каломи ҳарфлар ва сўзларнинг бир-бирига қўшилиб, жамланишидан, оят ва сураларнинг бирикишидан ҳосил бўлганига ҳамда бу Китоб ўзида дунёю охират яхшиликларини жамлаганига ишора бор. Бунда яна Аллоҳ таолонинг охирги каломи ўзидан олдин нозил бўлган барча илоҳий китобларнинг маънолари, ҳикматлари ва ҳукмларини ўзида мужассам этганига имо қилиш ҳам бор.

  1. «Ёдлаш» маъноси.

Шу билан бирга, унинг «Қуръон» деб номланишида қалбларда ёд сақланишига ҳам ишора бор. Чунки «Қуръон» сўзи «қироат» сўзидан келиб чиққан ва «қироат» калимасида «хотирада сақламоқ» деган маъно ҳам бор.

«Қуръон» сўзининг истилоҳий маъноси

Мана, салкам ўн беш асрдан буён кўпчилик «Қуръон» лафзининг луғавий маъносини билмаса ҳам, унинг мусулмонларнинг муқаддас Китоби эканини тан олиб келмоқда. Лекин Қуръони Каримни таниш унинг исмининг луғавий маъносини ёки у кимларнинг муқаддас Китоби эканини билишнинг ўзи билан бўлмайди. Бу муқаддас Китобнинг қандай китоб эканини билиш учун ҳам илм эгаларининг махсус таърифига мурожаат қилишга тўғри келади.

«Улуми Қуръон» илми мутахассислари Қуръони Каримни қуйидагича таърифлайдилар:

«Қуръон Аллоҳ таолонинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий орқали нозил қилган, тавотур ила нақл қилинган, ибодатда ўқиладиган ожиз қолдирувчи каломидир».

Ушбу таърифни яхши тушуниб етишимиз учун уни бир оз шарҳлашимизга тўғри келади.

«Аллоҳ таолонинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий орқали нозил қилган» деган жумладан Аллоҳ таолонинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқа пайғамбарларига нозил қилган Забур, Таврот, Инжил ҳамда турли саҳифалари Қуръони Карим бўлмаслиги келиб чиқади. Ҳақиқий Забур, Таврот ва Инжил ҳам Аллоҳ таолонинг каломи, аммо улар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил этилмагани учун Қуръони Карим бўла олмайди.

«Тавотур ила нақл қилинган» деган иборадан тавотур ила нақл қилинмаган калом Қуръони Карим бўла олмаслиги келиб чиқади. «Тавотур» деганда каломнинг ёлғончига чиқариб бўлмайдиган даражадаги кўп сонли кишилар томонидан нақл қилиниши тушунилади. Уларнинг ҳаммалари ишончли, яъни бирор оғиз ёлғонга яқинлашмаган одамлар бўлиб, кўпликлари сабабли ёлғонга келишиб олишга ҳам имконлари йўқ бўлади.

Қуръони Каримнинг биринчи калимасидан бошлаб, охирги калимасигача ҳар бир сўз айнан ана шу тарзда нақл қилинган. Қуръони Каримни Аллоҳ таолодан ваҳийнинг амини – ишончли соҳиби бўлмиш Жаброил алайҳиссалом Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нақл қилганлар. Ушбу нақл қандай кечишини, яъни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони Карим оятлари Жаброил алайҳиссалом томонларидан қандай етказилишини кўпчилик саҳобалар ўз кўзлари билан кўриб турганлар.

Бунинг устига, ҳар сафар ваҳий нозил бўлгандан сўнг, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам «Менга котибларни чақиринглар», дер эдилар. Котиб саҳобалар келганларидан сўнг, уларга ояти карималарни Жаброил алайҳиссаломдан қандай қабул қилиб олган бўлсалар, шундай қилиб ўқиб берар эдилар. Котиблик қилувчи саҳобалар оятларнинг ҳар бир ҳарфини улкан эҳтимом ила ёзар, бошқа саҳобалар эса ана шундай эҳтимом ила ёд олар эдилар.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони Каримнинг ҳар бир ояти, ҳар бир калимаси, ҳар бир ҳарфининг мисли кўрилмаган эътибор билан қабул қилиб олиниши, ёдланиши, ёзилиши ҳамда амал қилинишига васфига сўз ожиз қоладигаи даражада катта аҳамият берганлар.

Аллоҳ таоло эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва­салламга Қуръони Каримнинг ўзида Жаброил алайҳиссаломнинг қироатига диққат билан қулоқ солишни буюрган. К^уръони Карим оятларининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларига жойланиб, тилларидан жорий бўлишини ҳамда унинг тафсирини баён қилиб беришни Аллоҳ таоло Ўз зиммасига олган.

Ўз навбатида Пайғамбар алайҳиссаломдан Қуръони Карим оятларини қабул қилиб олган саҳобаи киромлар ҳам шогирдларига оятларни юқорида зикр қилинганидек, ҳарма-ҳарф етказганлар. Қуръони Карим ўша даврдан ҳозиргача худди ўша тарзда сон-саноқсиз одамлар томонидан ишончли тариқада нақл қилиниб келмоқда.

«Ибодатда ўқиладиган» деган қайддан «намозда ўқиладиган» деган маъно келиб чиқади.

Қуръони Карим тиловатисиз намоз бўлмайди. Аллоҳ таолонинг бошқа ваҳийлари, мисол учун, ҳадиси қудсийларни намозда ўқиб бўлмайди. Намозда ўқишга фақатгина Қуръони Карим хос қилинган. Бу ҳам илоҳий Китобни ажратиб турувчи сифатлардан биридир.

«Ожиз қолдирувчи калом» деган сифат ҳам фақатгина Қуръони Каримнинг ўзига хос хусусиятлардан биридир.

Қуръони Каримнинг ҳар бир ояти, ҳар бир сураси ҳам лафз жиҳатидан, ҳам маъно жиҳатидан, ҳам аҳкому ахбор жиҳатидан кишиларни ожиз қолдирувчидир. Яъни инсонлар ҳар қанча уринсалар ҳам, унга ўхшаш нарсани ижод қила олмайдилар.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг ўзида одамларни, агар қодир бўлсалар, Қуръони Каримга ўхшаш нарса келтиришга чақирган. Одамлар ҳар қанча уринмасинлар, бу ишнинг уддасидан чиқа олмаганлар, чиқа олмаяптилар, чиқа ол­майдилар ҳам.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримни Ўзининг энг афзал ва энг сўнгги Пайғамбари бўлмиш Муҳаммад алайҳиссаломнинг асосий мўъжизалари қилди. Аввал ўтган пайғамбарларнинг мўъжизалари моддий мўъжизалар бўлиб, ҳар бир пайғамбарнинг бу дунёда туришига боғлиқ қилинган эди. Ўша пайғамбарлар алайҳимуссалом бу дунёдан ўтишлари билан у зотларга берилган мўъжиза ҳам ўз кучини йўқотар эди. Чунки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламгача бўлган барча пайғамбарларнинг шариатлари вақтинчалик эди, Бинобарин, уларнинг мўъжизалари ҳам вақтинчалик бўлган.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатлари қиёматгача боқий бўлганидан, у зотга асосий мўъжиза сифатида қиёматгача боқий қоладиган, у зотнинг ҳаётларига боғлиқ бўлмаган маънавий мўъжиза – Қуръони Карим берилди.

Қуръони Каримнинг ушбу таърифи араб тили уламолари, фақиҳлар ва усули фиқҳ олимлари орасида иттифоқ қилинган таърифдир.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

 

Қуръоннинг исмлари;

Қуръоннинг нозил бўлиши;

 

[1] «Тавотур» – ёлғонга келишиб олишлари мумкин бўлмаган, ниҳоятда кўп сонли ровийлар томонидан ривоят қилинган бўлиш. Бундай ҳадис мутавотир дейилади. «Оҳод» – ровийларининг сони мутавотир даражасига етмаган ҳадис.

2241 марта ўқилди
Top