Кутубхона

Эътиқод дурдоналари: ВАЛИЙЛАР ВА УЛАРНИНГ КАРОМАТЛАРИ БАЁНИ

33 - كَرَامَاتُ الْوَلِيِّ بِدَارِ دُنْيَا      لَهَا كَوْنٌ فَهُمْ أَهْلُ النَّوَالِ

 

Маънолар таржимаси:

Дунё диёрида валийларнинг кароматлари, уларда (кароматларда) мавжудлик бордир, чунки улар (валийлар) инъом аҳлидирлар.

 

Назмий баёни:

Дунёда валийлар кароматлари

Бўлиши шубҳасиз, улар инъом аҳли.

 

Луғатлар изоҳи:

كَرَامَاتُ – мубтадо, музоф. Хабари тақдирий حَقٌّ дир.

الْوَلِيِّ – бу калимадаги اَلْ “истиғроқия” (батамом қамраб олиш) учун келган жинсия اَلْ дир. Шунинг учун муфрад бўлса ҳам “валийлар” дея таржима қилинди.  

بِ – “зарфият” маъносида келган жор ҳарфи.

دُنْيَاِ دَار – мажрур, музоф, музофун илайҳ. دُنْيَا  калимаси аввалги ҳарфи دُ нинг заммаси билан айтилиши машҳурдир. Баъзи уламолардан دِنْيَا шаклида аввалги ҳарфини касралик қилиб ўқилгани ҳам ривоят қилинган. Дунё луғатда “яқин” маъносига тўғри келади. Дунё калимасидан нима тушунилиши ҳақида икки хил қараш бор:

– Ҳаво кенгликлари билан биргаликда ер юзидаги барча нарсалар;

– Барча махлуқотлар.  

Иккинчи қараш мўътабар ҳисобланади ва бу ўринда ҳам ушбу қараш ирода қилинган.  

لَهَا – жор ҳарфи فِي маъносида келган. Замир билан келгани учун фатҳали бўлиб турибди. Замир  كَرَامَاتُ га қайтади.

كَوْنٌ – хабаридан кейин келтирилган мубтадо. Унинг хабари олдин келган لَهَا дир.

فَ – “таълилия” (изоҳламоқ) маъносида келган. 

هُمْ – мубтадо. Жам музаккар ғоиб замири.  

أَهْلُ – хабар. Музоф. Аҳл калимаси бу ўринда “эга” маъносида келган. 

النَّوَالِ – музофун илайҳ. Луғатда “тортиқ”, “ҳадя” каби маъноларни англатади.

 

Матн шарҳи:

Ушбу байтда Аҳли сунна вал-жамоанинг валийлар ва уларнинг кароматлари тўғрисидаги эътиқодлари қисқа ва лўнда баён қилинган. Чунки ушбу масалада ҳам мўътазилий фирқасининг нотўғри қарашлари бўлган.  

Валий луғатда “яқин”, “дўст” каби маъноларни билдириб, кўплик шакли “авлиё” бўлади. Истилоҳда эса: “Имкон қадар Аллоҳ таолони танигувчи, тоатларда бардавом бўлувчи, ёмонликлардан сақланувчи, шаҳватларга берилишдан ўзини олиб қочувчи, дунёдан юз ўгирувчи, охиратга юзланувчи доимий равишда Роббисининг зикрида бўлувчи зот валий дейилади”[1].

 

Валийларнинг мартабалари

“Ақидатул муъмин” китобида валийларнинг тўрт мартабада бўлишлари баён қилинган. 

  1. “Энг олий мартаба – бу мартаба набий ва расулларнинг мартабасидир. Аллоҳ таоло тарафидан уларга ато қилинган кароматлар мўъжизалар бўлган. Улар бу мўъжизаларни тўғри йўлга чақириш учун ҳужжат қилиб келтирганлар.
  2. Юқори мартаба – бу мартаба пайғамбар алайҳиссаломларга эргашган, уларнинг яқин ёрдамчилари бўлган пешқадам кишиларнинг мартабасидир. Буларнинг мартабалари Аллоҳнинг элчисига қанчалик яқин бўлганлари эътиборидан бир-бирларига нисбатан турли даражаларда бўлган.
  3. Ўртача мартаба – бу мартаба ўртача даражадаги ўнг тараф эгаларидан бўлган иймон ва тақво аҳлларининг мартабасидир.
  4. Паст мартаба – бу мартаба иймон ва тақвода заиф бўлган, ўзларига зулм қилган кишиларнинг мартабасидир.

Ояти каримада солиҳ бандалар ҳақида шундай баён қилинган:

﴿ثُمَّ أَوۡرَثۡنَا ٱلۡكِتَٰبَ ٱلَّذِينَ ٱصۡطَفَيۡنَا مِنۡ عِبَادِنَاۖ فَمِنۡهُمۡ ظَالِمٞ لِّنَفۡسِهِۦ وَمِنۡهُم مُّقۡتَصِدٞ وَمِنۡهُمۡ سَابِقُۢ بِٱلۡخَيۡرَٰتِ بِإِذۡنِ ٱللَّهِۚ ذَٰلِكَ هُوَ ٱلۡفَضۡلُ ٱلۡكَبِيرُ٣٢

“Сўнгра бу китобни Ўз бандаларимиздан танлаб олганларимизга мерос қилдик. Бас, улардан ўзига ўзи зулм қилувчилари бор, улардан ўртачалари бор ва улардан Аллоҳнинг изни ила яхшиликларга ўзувчилар ҳам бор. Ана шу айни улуғ фазлдир”[2].     

Ушбу ояти каримада инсонларнинг уч тоифаси зикр қилинган:

  1. Ўзларига зулм қилувчилар;
  2. Ўртачалар;
  3. Яхшиликларга ўзувчилар.

Кейинги ояти каримада мазкур уч тоифанинг барчалари жаннатга киришлари, тилло билакузуклар ва инжулар билан безанишлари, либослари ипакдан бўлиши баён қилинган. Бу нарса эса иймон ва тақвода заиф бўлган кишилар ҳам агарчи баъзи заруриятларни тарк қилган ёки баъзи ножойиз ишларни қилган бўлсалар-да, Аллоҳ таолонинг дўстларидан саналишларига далолат қилади. Фақатгина уларнинг иймон ва тақволари заифликлари сабабли пешқадамлардан паст ва ўртачаларнинг даражаларига ҳам етмаган энг паст даражада бўладилар”[3].     

 

Кароматнинг турлари

Каромат луғатда “иззат икром”, “қадр қиммат”, “олийжаноблик” каби маъноларни билдиради. Истилоҳда эса, “Аллоҳ таолонинг Ўзи севган бандаларига қилган иззат-икроми каромат, дейилади”. 

Каромат икки хил бўлади:

  1. Туғма каромат;
  2. Меҳнат билан эришиладиган каромат.

Биринчи турдаги каромат барча инсонларга тегишлидир. Чунки уларни Аллоҳ таоло инсон қилиб яратган. Инсон қилиб яратилганлар эса мўмину кофирликларидан қатъи назар бошқа барча жонзотлардан азизу мукаррам қилиб қўйилган, яъни ҳозирги баҳс нуқтаи назаридан қаралса, одам боласи бўлиб, дунёга келишларининг ўзи Аллоҳ таолонинг уларни иззат-икром қилганидир. Агар Аллоҳ хоҳлаганида, бошқа жониворнинг боласи ҳолида дунёга келишлари ҳам мумкин эди. Аллоҳ таолонинг Ўзи уларни одам фарзанди сифатида дунёга келишларини ирода қилган. Одам болаларини эса бошқа кўплаб жонзотлардан азизу мукаррам қилиб қўйган.  Ушбу азизу мукаррам қилиниш, инсониятнинг туғма кароматидир. 

﴿۞وَلَقَدۡ كَرَّمۡنَا بَنِيٓ ءَادَمَ وَحَمَلۡنَٰهُمۡ فِي ٱلۡبَرِّ وَٱلۡبَحۡرِ وَرَزَقۡنَٰهُم مِّنَ ٱلطَّيِّبَٰتِ وَفَضَّلۡنَٰهُمۡ عَلَىٰ كَثِيرٖ مِّمَّنۡ خَلَقۡنَا تَفۡضِيلٗا٧٠

“Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик”[4].          

Яъни Аллоҳ таоло Одам наслига ақл бериб, илм бериб, нутқ бериб, коинотдаги барча нарсаларни уларга тобе қилиб, бошқа махлуқотлардан уларни азизу мукаррам қилиб қўйган. Уларга ҳайвонларни улов қилиб берган ва кемаларни ҳам кўтаришга салоҳиятли қилиб қўйган. Лаззатли таомлар ва ширин сувларни ризқ қилиб берган. Муқотил: “Бу ояти карима “Биз одам болаларига сариёғ, асал, қаймоқ, хурмо каби покиза нарсаларни ризқ қилиб бердик, бошқа ҳайвонларга эса сомон, суяк каби нарсаларни ризқ қилиб бердик” маъносини англатади”, – деган. 

Кароматнинг иккинчи тури, яъни меҳнат билан эришиладиган каромат эса фақат тақводор мўминлардагина ҳосил бўлиши мумкин. Чунки бу каромат мўминларга хос эътиқод ва ҳаракатлар билан ҳосил бўлади.

 Қуръони каримда инсонлар орасидаги энг ҳурматли, Аллоҳ таолонинг иззат-икромига сазовор банданинг сифати баён қилинган: 

﴿يَٰٓأَيُّهَا ٱلنَّاسُ إِنَّا خَلَقۡنَٰكُم مِّن ذَكَرٖ وَأُنثَىٰ وَجَعَلۡنَٰكُمۡ شُعُوبٗا وَقَبَآئِلَ لِتَعَارَفُوٓاْۚ إِنَّ أَكۡرَمَكُمۡ عِندَ ٱللَّهِ أَتۡقَىٰكُمۡۚ إِنَّ ٱللَّهَ عَلِيمٌ خَبِيرٞ١٣

“Эй инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир”[5].  

Бу хитоб бутун башариятга қарата айтилган. Яъни эй одамлар, Биз сизларни битта аслдан яратганмиз. Сизларни бир ота ва бир онадан вужудга келтирганмиз. Шунинг учун ота-боболар билан мақтаниш ҳам, насабга суяниш ҳам беҳудадир. Сизлар барчангиз Одамдан тарқалгансизлар, Одам эса тупроқдан яратилгандир! Башариятнинг халқлар ва қабилалар қилиб қўйилиши ота-боболар билан фахрланиш учун эмас, балки бир-бирларининг насабларини таниб олиш, оталаридан бошқага нисбат бермаслик учундир.

 Насаб урфда ҳам, шариатда ҳам эътиборга олинса-да, лекин унинг Аллоҳ ҳузурида қадри баланд бўлишда ҳеч қандай эътибори йўқдир. Аллоҳ ҳузурида азиз бўлиш иймон ва тақво билан бўлади. Бу азизлик олдида қолган азизликлар худди қуёш чиққанида юлдузлар ғойиб бўлгани каби кўзга ташланмай қолади. Ҳа, одамлар наслу насаб билан эмас, тақво билан азиз бўладилар. Сўфи  Оллоҳёр бобомиз айтганидек: 

Ишонма отага, қолма талабдин,

Сўралмасдур қиёматда насабдин.

Яъни мен фалонийлар авлодиданман, деб алданиб қолмагин, чунки ҳисоб-китоб кунида насл-насабингдан сўров бўлмайди, балки қилган амалларингдан сўров бўлади. Аммо дунёда бировнинг ҳам амали яхши, ҳам насаби яхши бўлса, нур устига нур бўлади. Бироқ амали ёмон бўлса...

Ҳикматли сўзда: “Амали ортга сурган кимсани насаби олдинга сура олмайди”, – дейилган.

Шунинг учун, кимки дунёю охиратда азизу мукаррам бўлишни, Аллоҳ таолонинг иззат-икромига сазовор бўлишни хоҳласа, албатта, тақводор мўмин бўлиши лозим! 

 

Фаросат – ярим каромат

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам комил мўмин кишиларга бериладиган кароматлардан бирини шундай баён қилганлар:    

عَنْ أَبِى سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قال اِتَّقُوا فِراسَةَ الْمُؤْمِنِ فَإِنَّهُ يَنْظُرُ بِنُورِ اللّهِ ثُمَّ قَرَأَ ﴿إِنَّ فِي ذَٰلِكَ لَأٓيَٰتٖ لِّلۡمُتَوَسِّمِينَ٧٥    أَخْرَجَهُ التِّرْمِذِيُّ

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Мўминнинг фаросатидан эҳтиёт бўлинглар, чунки у Аллоҳнинг нури билан назар солади, – дедилар сўнгра Албатта, бу (ҳодиса)да фаросатли кишилар учун аломатлар бордир,[6] оятини ўқидилар”. “Сунани Темизий”да келган.  

Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам комил ва мухлис мўмин банданинг Аллоҳ таоло томонидан иззат-икром қилинишини, унга ҳақ билан ботил орасини ажратиш фаросати берилишини хабар бермоқдалар. У зотнинг: “Мўминнинг фаросатидан эҳтиёт бўлинглар”, дея буюришларидан қуйидаги маънолар ирода қилинган: маъсиятларнинг ошкорасидан ҳам, махфийсидан ҳам сақланинглар, эҳтимол, мўмин киши халойиқдан яшираётган нарсаларингизни билиб турар, натижада унинг олдида шарманда бўласизлар. Чунки комил мўмин киши сизлар яшираётган нарсага Аллоҳ таоло чароғон қилган қалб кўзи билан назар солади ва ҳақиқатни ҳис этади.

Фаросат луғатда “фаҳмлаш”, “ўткир ақл” каби маъноларни англатади. Шунинг учун ҳам халқимизда “Фаросат ярим каромат”деган ҳикматли сўз бор. “Туҳфатул аолий” китобида фаросат турларга ажратилиб шарҳланган:

– Иймоний фаросат, банда қалбига солган Аллоҳ таолонинг нури бўлиб, қалбни чулғаб оладиган идрокдан иборат бўлади. Ушбу фаросат иймон қувватига кўра турлича бўлиб, иймон қанчалик кучли бўлса, фаросат ҳам шунча ўткир бўлади.

– Риёзий фаросат, тўйиб таом емаслик, бедорлик ва ўзини хилватга олиб ёлғиз бўлиш каби ишлар билан ҳосил бўлади. Мазкур ишларни қилиш натижасида кишида фаросат ва атрофдаги нарсаларнинг ҳақиқатини англаш тўғрисидаги маълум бир тушунчалар юзага келади. Ушбу фаросат фақатгина мўмин кишига хос эмас, балки мазкур риёзатларни чеккан кофир кишида ҳам ҳосил бўлиши мумкин. Чунки бу фаросат иймонга ҳам, валийликка ҳам далолат қилмайди, шунингдек, фақатгина ҳақиқатни ҳам, доимо тўғри йўлни ҳам кўрсатиб бермайди.

– Холқий фаросат Аллоҳ таолонинг ҳикмати тақозо қилган боғлиқликлардан хулоса чиқариш истеъдоди бўлиб, мазкур боғлиқликларни тўғри илғай олган кишиларда ҳосил бўлади.

Каромат тушунчасининг ғайриоддий ишларга қўлланилиши ҳақида қуйидаги сўзлар айтилган: “Кароматнинг ғайриоддий ишларга нисбатан қўлланиши мажозийдир. Зеро, Аллоҳ таоло ана шундай ғайриоддий ишларни тақводор мўмин учун иззат-икром сифатида зоҳир қилади. Кароматнинг зоҳир бўлиш ҳикмати эса валийнинг дунёда зуҳдга бўлган азму қарорини кучайтириш ҳамда уни нафсу ҳаво чақириқларидан ажратишдир”[7].

Ушбу таърифлардан кўриниб турибдики, валийлар Аллоҳ таолонинг дўстлари бўладилар, улар тарафидан содир бўлган ғайриоддий ишлар Аллоҳ таолонинг уларга берган инъоми бўлади. Улар бу мукофотларга шариат ҳукмларини яхши биладиган ва уларга қатъи амал қиладиган олим бўлганлари сабабли эришганлар. Чунки шариат аҳкомларини яхши тушунмаслик ва тушунишга жиддий ҳаракат қилмаслик Аллоҳ таолонинг дўстлари шаънига тўғри келмайди. Қолаверса, жаҳолат билан қилинган амалларда шариат кўрсатмаларидан чиқиб кетиш кўп учрайди. Шариат кўрсатмаларига номувофиқ ҳолатда риёзат чекиш эса тоат бўлмайди. Сўфи  Оллоҳёр бобомизни Аллоҳ раҳмат қилсин, бу масалани икки оғиз сўз билан қалбга нақшлаб қўйган:

Шариат ҳукмидин ташқи риёзат

Эмас тоат, қабоҳатдур, қабоҳат.

Яъни қанчалик машаққат билан қилинган бўлмасин шариатга тўғри келмаган риёзат ибодат саналмайди. Балки бемаъни хатти-ҳаракатлар бўлади. Тоат ибодат учун аввало шариат ҳукмини ўрганиш лозим.

 

Истидрож ҳақида

Валийлар тарафидан содир бўлган ғайриоддий ишлар каромат деб номланади. Аллоҳнинг душманлари томонидан содир бўлган ғайриоддий ишлар эса “эҳтиёжини қондириш” деб номланади. Бу ҳақида мазҳаббошимиз Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ “Фиқҳул акбар” да шундай ёзган:

أمَّا الَّتِي تَكُونُ لأِعْدَائِهِ مِثْلُ إِبْلِيسَ وَفِرْعَوْنَ وَالدَّجَّالِ مِمَّا رُوِىَ فِى الأخْبَارِ أنَّهُ كَانَ وَيَكُونُ لَهُمْ لاَ نُسَمِّيهَا آيَاتٍ  وَلاَ  كَرَامَاتٍ وَلَكِنْ نُسَمِّيهَا قَضَاءَ حَاجَاتٍ لَهُمْ  وَذَلِكَ لأنَّ اللهَ تَعَالَى يَقْضِي حَاجَاتِ أعْدَائِهِ اِسْتِدْرَاجًا لَهُمْ  وَعُقُوبَةً لَهُمْ.

“Аммо Аллоҳ таолонинг душманлари томонидан бўладиган, масалан, Иблис, Фиръавн ва Дажжол кабилардан содир бўлганлиги ва (бундан кейин) бўлиши хабарларда ривоят қилинган нарсаларни мўъжиза ҳам, каромат ҳам демаймиз. Лекин ўша нарсаларни улар учун эҳтиёжни қондириш деймиз. Чунки Аллоҳ таоло душманларининг ҳам ҳожатларини “истидрож” (дўзахдаги  ўрнини янада чуқурлаштириш) ва жазолаш маъносида рўёбга чиқаради”. 

Аллоҳ таолонинг душманлари тарафидан содир бўлган ғайриоддий ишларни, масалан, Иблиснинг бир лаҳзада машриқу мағрибга бориб кишиларни васвасага солиши, Одам болаларининг қонларида айланиши, қиёматга яқин чиқадиган Дажжолнинг бировни ўлдириб тирилтириши каби ғайриоддий ишларнинг барчаси мўъжиза ҳам, каромат ҳам дейилмайди. Сўфи Оллоҳёр бобомиз айтганидек:

Шариат ҳукмин этмай истиқомат,

Таажжуб ишлари бўлмас каромат.

Яъни мўъжиза ва кароматлар фақатгина шариатда истиқомат қилган Аллоҳ таолонинг дўстларига берилади. Аллоҳнинг душманлари томонидан содир бўлган ғайриоддий нарсалар ўша кофиру фожирлар учун каромат эмас, балки  қазои-ҳожат бўлади. Аллоҳ таоло Ўз душманларининг разилона истакларини ҳам уларнинг охиратдаги уқубатлари зиёда бўлиши учун бу дунёда даражама-даража амалга оширишларига имкон беради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло қуйидагича хабар берган:

﴿وَٱلَّذِينَ كَذَّبُواْ بِ‍َٔايَٰتِنَا سَنَسۡتَدۡرِجُهُم مِّنۡ حَيۡثُ لَا يَعۡلَمُونَ١٨٢

“Оятларимизни ёлғонга чиқарганларни эса, (улар) билмайдиган жиҳатдан “даражали” қилиб (ўз ҳолига вақтинча қўйиб бериб) турамиз”[8].    

Байзовий раҳматуллоҳи алайҳ ушбу оят тафсирида: “Уларни билмайдиган томонларидан аста-секин тутиш уларга неъматларни кўплаб бериш билан бўлади. Улар буни Аллоҳ таоло томонидан ўзларига бўлган лутф-иноят деб ўйлайдилар. Натижада адашган йўлларига баттар шўнғийдилар, ҳаттоки азоб калимаси устиларига содир бўлади”, – деган.

Истидрож ҳақида ҳадиси шарифда қуйидагича хабар берилган: 

عَنْ عُقْبَةَ بْنِ عَامِرٍ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ إِذَا رَأَيْتَ اللَّهَ يُعْطِي الْعَبْدَ مِنْ الدُّنْيَا عَلَى مَعَاصِيهِ مَا يُحِبُّ فَإِنَّمَا هُوَ اسْتِدْرَاجٌ ثُمَّ تَلاَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: ﴿فَلَمَّا نَسُواْ مَا ذُكِّرُواْ بِهِۦ فَتَحۡنَا عَلَيۡهِمۡ أَبۡوَٰبَ كُلِّ شَيۡءٍ حَتَّىٰٓ إِذَا فَرِحُواْ بِمَآ أُوتُوٓاْ أَخَذۡنَٰهُم بَغۡتَةٗ فَإِذَا هُم مُّبۡلِسُونَ٤٤  رَوَاهُ  اَحْمَدُ

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон Аллоҳ таолонинг бир бандага маъсиятларига қарамасдан дунёдан яхши кўрадиганини ато қилаётганини кўрсанг, албатта, ўша истидрождир” – дедилар-да, сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алаҳи васаллам тиловат қилдилар: (Улар) эслатилган нарса (синов кунлари)ни унутганларида уларга ҳар нарсанинг эшикларини очиб қўйдик. Токи уларга берилган нарса (нозу неъмат)лар билан шоду хуррам бўлиб турганларида, уларни бирдан забт этдик. Бас, (энди) улар ноумиддирлар”[9]Аҳмад ривоят қилган.

Хулоса қилиб айтганда, валийларнинг кароматлари, яъни Аллоҳ таолонинг Ўз дўстларига қилган иззат-икроми ҳақ бўлгани каби душманларига қилган истидрожи ҳам ҳақдир.

 

 

КЕЙИНГИ МАВЗУ:

ВАЛИЙЛАР ПАЙҒАМБАРЛАРНИНГ УММАТЛАРИДИР

 

[1] Абу Ҳафс Сирожиддин Умар ибн Исҳоқ Ғазнавий. Шарҳу ақидати имом Таҳовий. – Қоҳира: “Даротул Караз”, 2009. – Б. 170.

[2] Фотир сураси, 32-оят.

[3] Абу Бакр Жобир Жазоирий. Ақидатул муъмин. – Мадинаи мунаввара: “Мактабатул улум вал ҳикам”, 2009. – Б. 101. 

[4] Исро сураси, 70-оят.

[5] Ҳужурот сураси, 13-оят.

[6] Ҳижр сураси, 75-оят.

[7] Муҳаммад Анвар Бадахшоний. Талхису шарҳи ақидатит-Таҳовий. – Карачи: “Замзам бабилшарз”, 1415ҳ. – Б. 221.

[8] Аъроф сураси, 182-оят.

[9] Анъом сураси, 44-оят.

2959 марта ўқилди
Top