Мақолалар

Имом Термизий

 

Имом Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн Заҳҳок ас-Сулмий аз-Заририй ал-Буғий ат-Термизий  ҳижрий 209 (мелодий 824) йили Термиз яқинидаги Буғ (ҳозирги Сурхондарё вилоятининг Шеробод тумани ҳудудида жойлашган) қишлоғида ўрта ҳол бир оилада таваллуд топган. Кунялари Абу Исо, исмлари Муҳаммад, оталарининг исмлари Исо, боболарининг исмлари Савра, нисбатлари Жайҳун дарёси билан ўралган қадимги Мавороуннаҳрнинг «Термиз» шаҳри номи биландир.

Ат-Термизий ёшлигидан ўта тиришқоқ, идрокли ва заковатли бўлганлиги боис ўз тенгдошлари ичида ажралиб турган. Илмга ўта қизиқиши туфайли ўша даврнинг кўпгина илмларини, айниқса, ҳадис илмини чуқур эгаллаган. Термиз, Самарқанд, Марв ва Марказий Осиёнинг бошқа йирик шаҳарларида истиқомат қилган машҳур уламо ва муҳаддислар асарларини қунт билан ўрганган, қўшни Балх ва Ҳайратон шаҳарларидаги илм аҳллари билан илмий алоқалар ўрнатилишига муносиб ҳисса қўшган олимлардан биридир. Ёшлигидан илм-фанга ташна ат-Термизий 850 йилдан, яъни йигирма олти ёшидан бошлаб узоқ юртларга, қатор хорижий мамлакатлар ва шаҳарларга сафар қилади. Жумладан, у Ҳижозда — Макка ва Мадина, Ироқ, Хуросоннинг қатор шаҳарларида кўплаб муҳаддис, уламолар билан мулоқотда бўлиб, улардан таълим олади, қизғин илмий мунозара ва баҳсларда иштирок этади.

Узоқ йиллар давом этган сафарлари чоғида ат-Термизий нафақат ҳадис илмидан, балки илм ал-қироат, ал-баён, фиқҳ, тарих каби фаннинг бошқа соҳалари ҳамда кўплаб устозлардан сабоқ олади.Шу билан бир қаторда ат-Термизий пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларини тўплашга алоҳида эътибор билан қарайди. Бу борада у ҳар қандай қийинчиликларга бардош беради. У ўзи ўқиган ёки бирор ровийдан эшитган ҳадисини алоҳида қоғозларга қайд этиб борар, уларнинг асли ва иснодини изчиллик билан аниқлаб тўғрилигига тўлиқ ишонч ҳосил қилсагина махсус қоғозларга қайд этарди. Ҳадисларнинг тўғрилигига шубҳа бўлганда уларни алоҳида ажратиб ёзарди. Шу тариқа ҳадислар саҳийҳ (тўғри, ишончли), ҳасан (яхши, маъқул), заийф (бўш, ишончсиз), ғарийб (ғалати) каби хилларга ажратилган.Ҳадис илмини эгаллашда ва такомиллаштиришда имом ат-Термизий ўз даврининг машҳур муҳаддисларидан таҳсил олди. Унинг устозларидан Имом ал-Бухорий, Имом Муслим ибн ал-Ҳажжож, Абу Довуд, Қутайба ибн Саъид,  Исҳоқ ибн Мусо, Маҳмуд ибн Ғийлон, Саид ибн Абдурраҳмон, Муҳаммад ибн Башшор, Али ибн Ҳажар ал-Марвазий, Аҳмад ибн Мунийъ, Муҳаммад ибн ал-Мусанно, Суфён ибн Вақийъ ва қатор таниқли муҳаддисларни кўрсатиш мумкин

Имом Термизий китоби «Саҳиҳ» деб тан олинган олти нафар имом ичида тўртинчи ўринда турадилар. У зотнинг китоблари бўлмиш «Сунани Термизий» эса «Саҳиҳ Бухорий» ва «Саҳиҳ Муслим» китобларидан кейинги ўринларда туради. У зот ҳадисни жамлашликда ва уни аниқлашда, ёдлашда ва зикр қилишда алоҳида бир мақомга эга эдилар.

Имом Термизий қуйида исмлари келадиган шайхлардан ҳадислар эшитиб, улардан ривоят қилдилар: Абдуллоҳ ибн Муовия Жумаҳий (243 ҳижрий санада вафот этганлар), Али ибн Ҳожар Марвазий (244 ҳижрий санада вафот этганлар), Сувайд ибн Наср ибн Сувайд Марвазий (240 ҳижрий санада вафот этганлар), Қутайба ибн Саъид Сақафий Абу Рожо (150 ҳижрий санада туғилиб, 240 санада вафот этганлар), Абу Мусъаб Аҳмад ибн Абу Бакр Зуҳрий ал-Маданий (150 ҳижрий санада туғилиб, 242 санада вафот этганлар), Муҳаммад ибн Абдулмалик Абу Шавориб (244 ҳижрий санада вафот этганлар), Иброҳим ибн Абдуллоҳ ибн Ҳотам ал-Ҳиравий (178 ҳижрий санада туғилиб, 244 ҳижрий санада вафот этганлар), Исмоил ибн Мусо Фазорий ас-Саддий (245 ҳижрий санада вафот этдилар).

АТ-ТЕРМИЗИЙ АСАРЛАРИ

Ўз ижодий фаолияти даврида ат-Термизий ўндан ортиқ асарлар яратди. Унинг маданий меросида, шубҳасиз, «Ал-Жомиъ» асари катта аҳамиятга эгадир. Бу асар «Ал-Жомиъ ас-саҳийҳ» («Ишончли тўплам»), «Ал-Жомиъ ал-кабийр» («Катта тўплам»), «Саҳийҳ ат-Термизий», «Сунан ат-Термизий» («Термизий суннатлари») номлари билан ҳам юритилади.

Муаллифнинг йирик асарларидан яна бири «Аш-шамоил ан-набавиййа» («Пайғамбарнинг алоҳида фазилатлари»)дир. Бу асар «Аш-шамоил муҳаммадиййа», «Аш-шамоил фи шамоил ан-набий саллоллоҳу алайҳи вассаллам» номлари билан ҳам аталади. Ушбу асар Саудия Арабистонида истиқомат қилган ватандошимиз Саид Маҳмуд Тарозий (у 1992 йили вафот этган) томонидан ўзбекчага ўгирилган (араб алифбосида ва кириллчада Тошкентда бир неча бор нашр қилинган). «Китоб ат-таърих», «Китоб ал-илал ас-сағийр ва ал-илал ал-кабийр», «Китоб уз-зуҳд» («Тақво ҳақида китоб»), «Китоб ал-асмо вал-куна» («Ровийларнинг исми ва лақаблари ҳақида китоб»), «Ал-илал фил-ҳадийс» («Ҳадислардаги иллатлар ёки оғишлар ҳақида»), «Рисола фил-хилоф вал-жадал» («Ҳадислардаги ихтилоф ва баҳслар ҳақида рисола»), «Асмо ус-саҳоба» («Пайғамбар саҳобаларининг исмлари») шулар жумласидандир.

«АЛ-ЖОМИЪ АС-САҲИЙҲ»

Ат-Термизийнинг ижодий фаолиятида яратилган асарлари ичида «ал-Жомиъ ас-саҳийҳ» («Ишончли тўплам») энг асосий ўринни эгаллайди. Ушбу асар юқорида қайд қилганимиздек, «ал-Жомиъ ал-кабийр», («Катта тўплам»), «Саҳийҳ ат-Термизий», «Сунан ат-Термизий» («Термизий суннатлари») каби номлар билан ҳам юритилади. Тарихчи Ибн Хажар ал-Асқалонийнинг ёзишича, ат-Термизий ушбу асарини 270 ҳижрий (884 мелодий) йилда, яъни қарийб олтмиш ёшларида, илм-фанда катта тажриба орттириб, имомлик даражасига эришгандан кейин ёзиб тугатган.Ушбу асар қўлёзмалари дунёнинг бир қанча шаҳарларида, шунингдек, ўзимизда, Ўзбекистон Фанлар Академияси, Абу Райҳон Беруний номли Шарқшунослик институтида ҳам сақланмоқда. Муҳим манба сифатида «Ал-Жомиъ ас-саҳийҳ» бир неча марта нашр қилинган. Бунга далил сифатида 1283 (1866) йили Митоҳда, 1292 (1875) йили Қоҳирада, шунингдек, 1980 йили Байрутда нашр этилганлигини кўрсатиш кифоя. 

Ат-Термизийнинг бу муҳим асарига бир қатор шарҳлар ҳам ёзилган бўлиб, улардан ибн ал-Арабий (вафоти 543 ҳижрий, 1148 мелодий йили) номи билан машҳур бўлган имом ҳофиз Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдулла ал-Ашбилийнинг «Оридат ал-Аҳвазий ала китоб ат-Термизий» номли 13 жузъ (қисм)дан иборат шарҳларини келтириш мумкин. Ушбу шарҳ дастлаб 1931 йидда Қоҳирада нашр қилинган. Имом Ҳофиз Абу Али Муҳаммад Абдурраҳмон ибн Абдураҳим ал-Муборакфурий (1283—1353) қаламига мансуб яна бир шарҳ ҳам «Туҳфат ул-Аҳвазий бишарҳи ат-Термизий» деб аталади. Тўрт жузъдан иборат бўлган бу асар 1979 йилда Байрутда нашр қилинган (Ҳиндистон нашри ҳам мавжуд). Мисрлик олим ва адиб Жамолиддин Абдурраҳмон ибн Абу Бакр ас-Суютийнинг (1445—1505) ат-Термизий асарига ёзган шарҳи «Қут ал-муғтазий ала Жомиъ ат-Термизий» (ундан икки қисми нашр қилинган), деб аталган.Булардан ташқари Муҳаммад ибн Абдуқодир Абу ат-Таййиб ал-Маданийнинг «Шарҳ Сунан ат-Термизий», Аҳмад Муҳаммад Шокирнинг «Таҳқийқ ва шарҳ Жомиъ ат-Термизий» (ўндан икки қисми 1937 йидда Мустафа ал-Бобий ал-Ҳалабий томонидан нашр қилинган), Муҳаммад Юсуф ал-Баннурийнинг «Маориф сунан шарҳ сунан ат-Термизий» (унинг биринчи қисми 1963 йилда Покистонда нашр килинган), Сирож Аҳмад ас-Сарҳандийнинг «Шарҳ сунан ат-Термизий» номли форсча шарҳи, шунингдек Рашиб Аҳмад ал-Кануҳийнинг «Ал-кавкаб ад-дуррий ала ат-Термизий» (Ҳиндистонда чоп этилган), Муҳаммад Анваршоҳ ал-Кашмирийнинг икки жузъдан иборат «Ал-Урф аш-шазий ала Жомиъ ат-Термизий» (бу асар ҳам Ҳиндистонда чоп этилган) ва ниҳоят Абул-Ҳасан Муҳаммад ибн Абдулҳодий ас-Санадийнинг (у 1138 йилда вафот этган) «Ҳошия ала сунан ат-Термизий» каби шарҳларини кўрсатиш мумкин.

 АТ-ТЕРМИЗИЙНИНГ «АШ-ШАМОИЛ АН-НАБАВИЙЙА» АСАРИ

Абу Исо ат-Термизийнинг бошқа бир йирик асари «Аш-шамоил ан-набавиййа» («Пайғамбарнинг алоҳида фазилатлари») деб аталади. Бу асар баъзи манбаларда «Аш-шамоил фи шамоил ан-набий саллоллоҳу алайҳи вассаллам», «Аш-шамоил ал-Муҳаммадия» номлари билан ҳам келтирилган. Асар пайғамбар алайҳиссаломнинг шахсий ҳаётлари, у зотнинг суврат ва сийратлари, ажойиб фазилат ва одатларига оид тўрт юзу саккиз ҳадиси шарифни ўзига жамлаган қимматли манбадир. Бу ўринда шуни таъкидлаш керакки, ушбу мавзу яъни пайғамбар алайҳиссаломнинг фазилатлари, одатлари ҳақидаги ҳадисларни тўплаш билан жуда кўп олимлар, муҳаддислар шуғулланганлар ва бу хилдаги ҳадислар турли-туман китоблардан ўрин олган. Лекин ат-Термизий асарининг бошқалардан афзаллиги ва фарқи шундаки, муаллиф имкони борича пайғамбар алайҳиссалом фазилатларига доир барча ҳадисларни мунтазам равишда тўплаб, мантиқан изчил бир ҳолатда тартибга келтирган ва ўзига хос мустақил, яхлит китоб шаклида тасниф қилган. «Аш-шамоил ан-набавиййа» азалдан исломшунос олимлар ва тадқиқотчиларнинг диққатини ўзига жалб қилиб келади. Араб тилида битилган ушбу асарга бир қанча шархлар ва ҳошиялар ҳам ёзилган. Улардан Абдурауф ал-Муновий ал-Мисрийнинг (вафоти 1003 ҳижрий йили) «Шарҳ уш-шамоил», Али ибн Султон ал-Ҳаравий ал-Қорийнинг (вафоти 1192 ҳижрий йили) «Жамъ ул-васоил фи шарҳи аш-Шамоил», Сулаймон ибн Умар ибн Мансур ал-Жумалнинг «Ал-Мавоҳиб ал-Муҳаммадиййа бишарҳ аш-шамоил ат-Термизиййа» кабиларни келтириш мумкин. Бу асарнинг бир қўлёзмаси Қоҳирадаги ал-Азҳар кутубхонасида 144 ҳадис илми рақами остида сақланмоқда, Муҳаммад ибн Жасус ал-Моликийнинг (вафоти 1182 ҳижрий йили) «Ал-Фавоид ал-жалийла ал-баҳиййа ала «Аш-шамоил ал-Муҳаммадиййа (бу асар 1927 йилда нашр қилинган) ва ниҳоят ал-Азҳар университетининг собиқ шайхи Иброҳим ал-Божурийнинг (вафоти 1277 ҳижрий йили) «ал-Мавоҳиб ал-Ладуниййа ала аш-шамоил ат-Термизиййа» каби шарҳларини кўрсатиш мумкин.

У кишининг шогирдларидан бўлган Абу Саъд Идрийсий устозларини сифатлаб, ёдлашлари, зеҳнлари тўғрисида, зарбул-масаллар битилганини айтадилар.Шогирдларидан яна бирлари: «Имом Бухорий вафотларидан кейин Хуросонда Абу Исо ат-Термизийдек илмда, зеҳнда, тақвода, зоҳидликда бирор киши топилмас эди», деб айтади. Имом ат-Термизий кўп йиғлаганларидан, ҳаётлари- нинг охирги икки йилида кўзлари ожиз бўлиб қолган. Ибн Атийя: «Менинг ҳузуримда Имом Бухорий ва Муслимнинг китобларига қараганда Имом ат-Термизийнинг китоблари  нурлироқ ва тушинарлироқ»-деб айтадилар. «Нима учун?»-деб сўралганда, Атийя: «Чунки иккита Имомнинг китобларидан фақатгина илм ва маърифат аҳлларигина фойдалана олишади халос»-деб айтган эканлар.Шайхлардан бири Имом ат-Термизийга 40та ғариб ҳадисни айтиб, имтиҳон қилишлик учун сўраганда, бирорта ҳарфда ҳам хато қилмасдан аввалидан охиригача ўқиб берганларини кўриб, сенинг мислингдаги кишини кўрмаганман, деб айтдилар.Имом ат-Термизий кўп китобларнинг муаллифидир. Айниқса «Сунан» китоблари китобларининг чиройли, фойдаси кўп бўлиб, такрор сўзлари оз, чиройли тартибда ёзилган китобдир. Абу Али Мансур ибн Абдуллоҳ Холидий Имом ат-Термизийнинг  «Жомиъ ас-Саҳиҳ» китобларини сифатлаб: «Кимнинг уйида мана шу китоб бўлса, гўёки уйида Пайғамбаримиз гапираётгандек бўладилар», деб айтадилар.

Имом Термизий ҳижрий 279 (милодий 892)  йили вафот этган, қабри ҳозирги Сурҳандарё вилоятининг Шеробод туманидадир.

1990 йили Абу Исо ат-Термизий мақбараси Ўзбекистон ҳукумати ажратган маблағ ҳисобидан тўлиқ таъмирланди. Ўша йил кузида эса Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан улуғ алломанинг 1200 йиллик юбилейи ўтказилди.

Ат-Термизийнинг асарлари фақат диний илмлар мажмуасига оид бўлиб қолмасдан, балки дунёвий илмларга оид маълумотларга ҳам бойдир. Масалан, унинг бош асари бўлган «ал-Жомиъ ас-саҳийҳ»да тарих, мантиқ ҳуқуқшунослик, табобат, зироатга оид кўплаб қимматли маълумотларни учратамиз. Араб тилини ривожлантиришда ат-Термизийнинг хизматлари катталигини замонавий олимлар қайта-қайта таъкидлайдилар.

Хулоса қилиб айтганда, буюк бобокалонимизнинг шахсий ҳаёти ва унинг бой маънавий меросини чуқур ва ҳар томонлама ўрганиш ҳам илмий, ҳам амалий жиҳатдан катта аҳамиятга эгадир.

 

Андижон “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир муовини в.б. М.Тўрақулов

1068 марта ўқилди
Мавзулар
Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…