Мақолалар

Зулмат

Диний –экстремистик ҳаракатлар фаоллари ўзларининг сафларига кишиларни жалб қилиш ҳамда янги қўшилган  аъзоларни жамоага янада кўпроқ мойил қилиш мақсадида ўз раҳнамоларини улуғлашга алоҳида эътибор берадилар. Масалан, шу каби оқимлардан бири бўлган “Мусулмон биродарлар” ташкилоти ўзларининг раҳнамолари бўлган Ҳасан ал- Банно шахсиятини “Аллоҳ тамонидан танланган Зот”, “Шайх”, “Валий”, деб улуғлашади. Бундай амалиётдан, биринчидан, кишилар орасида  ўзларининг раҳнамоларининг обрўсини кўкларга кўтариш  орқали содда халқ орасида жамоалари мавқеини ошириш ва ёшларни тўғри йўлда эканликларига ишонтиришдан иборатдир. Иккинчидан, улар тамонидан чиқарилган “фатво”, амр ва топшириқларни шариат аҳкоми сифатида қабул қилинишига эришиш кўзланганлигини англаш қийин эмас.

Жумладан, “Нурчилик” оқимининг асосчиси Саид Нурсийни “Бадиуззамон” ( “Замонанинг беназири”), ҳозирдаги раҳбари Фатҳулла Гюленни эса “Қутбул ақтоб” (“Буюклар буюги”), “ат-Такфир вал-ҳижра” оқимлари ўзларининг бошчиси  Шукрий Мустафони “Маҳдий” деб улуғлашлари фикримизнинг яққол далилидир.

Маълумки, Ислом оламида диний билимларда юқори даражаларга эришган кишиларга нисбатан муайян ҳолларда “Шайх” унвони ишлатилади. Бундай рутба дин йўлида қилган хизматлари эвазига йирик уламоларнинг унвони сифатида эътироф этилади ва ҳеч ким ўз-ўзича бу даражага эришганини даъво қила олмайди. Шу нуқтаи назардан қараганда, “Ҳизбут – таҳрир”, “Ўзбикистон ислом ҳаракати” каби бошқа фирқа ва оқимлар томонидан ўз раҳнамоларига нисбатан “шайх”лик мартабасининг кенг қўлланилаётгани улар одамларни чалғитиш ва ўз мақсадларига эришишда ҳеч нарсадан тап тортмасликларини кўрсатади. 

Шундай экан ҳар биримиз булар  каби “олим”лик даъвосини қилаётган омиларни, тўғри йўлда эканликларига ишонтирмоқчи бўлган эгриларни, нурмиз деб бонг ураётган зулматларнинг кирдикорларидан огоҳ бўлишимиз лозим.

 

Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний

ўрта махсус ислом билим юрти 2-курс талабаси

ИСАЕВ БЕКИСЛОМ

302 марта ўқилди
Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…