Жума мавъизалари

بسم الله الرحمن الرحيم

Муҳтарам жамоат! Рабиул аввал ойи кириб келиши муносабати билан бугунги жума маърузамиз Ҳазрати Расул акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудларига бағишланади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд саналари милодий 571 йил, қамарий ҳисоб бўйича рабиул аввал ойининг 12 - душанба куни туғилганлар.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам амакилари Абу Толибнинг уйида туғилганлар. Бу уй Макка шаҳрида, Каъба ва Сафо тепалигининг шарқий тарафида, Бани Ҳошим маҳалласида, ҳозирги «Макка кутубхонаси»нинг ўрнида жойлашган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам оталарининг исми Абдуллоҳ бўлиб, Абдулмутталибнинг Фотима исмли хотинидан туғилган уч нафар ўғилнинг энг кичиги эди. Абдуллоҳ Фил воқеасидан олдин, 25 ёшида, Пайғамбаримиз оналарининг қорнида ҳомила эканларида Мадинада вафот этади.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни биринчи бўлиб оналари Омина етти кун эмизади. Сўнг Пайғамбаримизнинг амакилари Абу Лаҳабнинг озод қилган чўриси Сувайба бир неча кун эмизади. Кейин Бану Саъдлик Ҳалима розияллоҳу анҳо икки йил эмизиш бахтига муяссар бўлади.

Ҳалимаи Саъдия розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саккиз ойликларида гапира бошлаганлар, тўққиз ойликларида фасоҳатли (чиройли, аниқ-тиниқ) гапирганлар ва ўн ойликларида камон отиб болалар билан ўйнай бошлаган эканлар.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам тўрт ёшга тўлганларида “Шаққи садр” воқеаси рўй беради, яъни Аллоҳ таоло фаришталари орқали Пайғамбаримизнинг қалб-юракларидан шайтон насибаси бўлган “нафси аммора” (ёмонликка ундовчи нафс)ни олиб ташлайди. Шу сабабли ҳам шайтон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни асло васваса қила олмаган!

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам олти ёшларигача оналари Оминанинг бағрида ўсадилар. Сўнг оналари ҳам вафот этади. Уламолар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг етимликда улғайишларига Аллоҳ таолонинг ҳикмати деб қарайдилар. Агар у зот етим ўсмаганларида, бир кун келиб душманлари: “Ота-онасидан ўрганиб олган нарсани айтиб, мен пайғамбарман, демоқда”, дейишлари мумкин эди, дейдилар.

Ҳурматли намозхонлар! Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оналари вафотидан кейин боболари Абдулмутталиб у зотни ўз қарамоғига олади. Орадан икки йил ўтиб, саккиз ёшга тўлганларида, боболари ҳам оламдан ўтади. Вафотидан олдин суюкли набирасини раҳмдил ўғли Абу Толибга топширади. Аллоҳ таоло Зуҳо сурасининг 6-оятида:

(أَلَمْ يَجِدْكَ يَتِيمًا فَآَوَى  (سورة الضحى/6

яъни:(Эй Муҳаммад, Парвардигорингиз) сизни етим ҳолда топиб, бошпана бермадими?!” дея, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёш гўдаклик чоғларида етим бўлиб қолганларида, аввал боболари Абдулмутталибнинг, сўнг амакилари Абу Толибнинг қарамоғида тарбия топганларига ишора қилган (Тафсири Ибн Касир, Тафсири Насафий, Тафсири Хозин).

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ёшликларида қўй боққанлар, яъни чўпонлик қилганлар. Ўспиринлик ёшларидан то қирқ ёшларигача тижорат билан шуғулланганлар. Тижоратдаги шериклари Соиб ибн Абу Соиб Махзумий розияллоҳу анҳу бўлган. Жумҳур уламолар унинг мусулмон бўлганини ва Исломи гўзал бўлганини айтишади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўн икки ёшга етганларида, меҳрибон амакилари Абу Толиб бошчилигида тижорат карвони билан Шом ўлкасига борадилар. Ҳозирги Сурия давлатининг жануби-ғарбий тарафида жойлашган Бусро шаҳрида насроний роҳиб Буҳайро Пайғамбаримиздаги пайғамбарлик аломатларини кўриб, Абу Толибга хабар беради.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам 25 ёшларида, ёз фаслида Макканинг катта тижоратчиларидан бўлмиш Хадича бинти Хувайлиднинг савдо карвонини Шом ўлкасига олиб борадилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу тижорат сафаридан қайтиб келганларидан икки ой ўтиб, қавми ичида насл-насаб, обрў-эътибор, инсоний фазилат ва бойлик жиҳатидан энг афзали бўлган, жоҳилият даврида ҳам “афифа” (иффатли), “тоҳира” (покиза) дея сифатланган, ақлли, зийрак, фаҳм-фаросатли ва ҳуснли, Макка зодагонлари етиша олмаган Хадича розияллоҳу анҳога уйланадилар.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам 35 ёшга етканларида, ёнғин ва сел туфайли Каъбанинг деворлари нураб, йиқилай деб қолган эди. Қурайш қабиласи раҳбарлари Каъбани пойдеворигача бузиб, қайтадан қуришга қарор қилишади. Бу қурилишда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам иштирок этадилар, ҳатто “Ҳажарул асвад”ни жойига қўйиш муаммосини оқилона ҳал этиб, қабилалар ўртасидаги жанжални бостириб, катта урушнинг олдини оладилар.

Азиз  жамоат!  Бугунги кунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни таваллуд топган муборак кунларини хотирлаш ва ул зотнинг сийратларини ўқиб ўрганиб ва эшитиш билан бирга, бутун оламга раҳмат этиб юборилган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёт тарзлари, хулқ-одобларидан ўрнак олиб яшамоғимиз лозимдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлишларидан олдин ўз қавмлари орасида энг ишончли ва ҳеч ёлғон гапирмаганликларидан  «Амин» ишончли, омонатдор, ростгўй номини олганлар.

Аллоҳ таоло пайғамбаримизни барча мусулмонларга намуна қилиб юборган Бу ҳақида Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

(لَقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللَّهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ لِمَنْ كَانَ يَرْجُو اللَّهَ وَالْيَوْمَ الْآخِرَ وَذَكَرَ اللَّهَ كَثِيرًا (سورة الأحزاب21

яъни: (Эй, имон келтирганлар!)  Сизлар учун Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қиладиган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир. (Аҳзоб сураси 21-ояти).

Мусулмон одам пайғамбаримизни ҳаётини ўрганар экан, у ўзи учун  ҳаётнинг барча жабҳаларидаги фаолиятида энг олий даражадаги одоб-ахлоқ намунасини кўради. Шу боис, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳақиқий уммат бўлишни истаган одам, у зотнинг ҳаётларини ўрганиши ва ўзи учун  намуна қилиб олиши лозим бўлади.

Ватанимиз равнақи ва тараққиёти, халқимизнинг тинч ва осойишталиги йўлида самарали меҳнат қилишимизда Пайғамбаримизнинг гўзал одоб-ахлоқлари бизларга ҳамиша ўрнак бўла олади.  Жумладан,Пайғамбариимиз ҳадисларида умматларини илм олишга тарғиб қилиб, илм олишликни фарз даражасига кўтарганлар. Ҳадисда айтилганидек:

(" اُطْلُبُوا الْعِلْمَ وَلَوْ بِالصِّينِ ..." (رواه البيهقي

яъни:,  “Илмни Чин (Хитой) да бўлса ҳам ўрганинглар ” деганлар.

Бугунги кунда ёшларга  давлатимиз томонидан илм олишлари учун барча шарт-шароит ва имкониятлар яратилган. Юзлаб ўқув юртлари, колледж ва лицейлар, умумтаълим мактаблари фарзандларимиз ихтиёрида. Мамлакатда динимизни ўргатадиган ўрта махсус ислом билим юртлари фаолият юритмоқда. Бу улуғ илм даргоҳларида ўз соҳасида етишиб чиққан иқтидорли, фидоий устозлар ўз талабалари ва ўқувчиларига фидокорона таълим-тарбия бериб келмоқдалар. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, яратиб берилаётган шароитлардан бугунги кунда фарзандларимиз қандай фойдаланаяпти? Фарзандларимизни ҳар томонлама илмли ва баркамол бўлиб етишишлари учун бизлар ўзимиз нималар қилаяпмиз,  уларни назоратга олаяпмизми деган саволларни ўзимизга бераяпмизми?  Яратилган имкониятлардан фойдаланиб, фарзандларимизни ҳар томонлама илмли, маърифатли, ватанга садоқатли  қилиб тарбиялашимиз биз учун ҳам фарз ҳам қарз бўлади.

Азиз биродарлар! Таъкидлаб қўйишимиз лозимки, мавлид маросимлари бир йилда фақат бир ой, яъни ҳижрий қамарий сананинг учинчи ойи – рабиул аввал ойи ичида ўтказилиши керак. Йил ўн икки ой мавлид маросимини ўтказавериш шаръан ва мантиқан номақбул ишдир.

Аллоҳ таоло барчаларимизни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга муносиб чин уммат бўлмоғимизни насиб этиб, Ўзи севган бандаларидан қилсин, рушду ҳидоятда барқарор айласин! Омин.

2016 йил, 9 декабрь жума тезисига илова

بسم الله الرحمن الرحيم

Муҳтарам жамоат! Куни кеча мамлакатимизнинг Асосий Қонуни қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали йиғилиш вақтида  Ўзбекистоннинг сайланган Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан билдирилган таклифга биноан Ўзбекистонда  " 2017 йил Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" деб эълон қилинди.

Мустақил диёримизда 1997 йилдан бери ҳар йилни маълум бир соҳага бағишлаш анъанага айланган. Якунига етиб бораётган 2016 йил "Соғлом она ва бола йили" деб элон қилинган эди.

Дарҳақиқат, ислом дини таълимотида инсон бахти саодати ва унинг манфаати ҳақида кўп зикр қилинган. Аллоҳ таоло инсон зотини Ўзи яратган барча мавжудотлардан афзал ва аъло қилиб халқ этгани ва унга беадад неъматларини бергани ҳақида бундай дейди.

وَلَقَدْ كَرَّمْنَا بَنِي آَدَمَ وَحَمَلْنَاهُمْ فِي الْبَرِّ وَالْبَحْرِ وَرَزَقْنَاهُمْ مِنَ الطَّيِّبَاتِ وَفَضَّلْنَاهُمْ عَلَى كَثِيرٍ مِمَّنْ خَلَقْنَا تَفْضِيلًا  

яъни: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик” (Исро, 70).

Аллоҳ таоло яратган халқи, яъни барча инсонлар билан яхши муносабатда бўлиш, уларни турли салбий ҳолатлардан эҳтиёт қилиш, уларнинг оғирини енгил қилиш, бахт-саодати йўлида хизмат қилиш барчамизни инсоний вазифамиздир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бизларга ўқтириб, бундай дейди:

 كُنْتُمْ خَيْرَ أُمَّةٍ أُخْرِجَتْ لِلنَّاسِ تَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَتَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنْكَرِ وَتُؤْمِنُونَ بِاللَّهِ...َ

“Одамларга чиқарилган (маълум бўлган) умматнинг энг яхшиси бўлдингиз,  зеро, сиз амри маъруф, наҳйи мункар қиласиз ва Аллоҳга имон келтирасиз”. (Оли-Имрон, 110).

Халққа яқин бўлиш, у билан ҳамнафас бўлиш, унга нисбатан раҳм – шафқатли бўлиш, инсон манфаатлари йўлида хизмат қилиш ривожланган жамиятнинг энг олий фазилати бўлиб ҳисобланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар.

"Раҳимдилларга Улуғ ва Муборак Раҳмон раҳим қилади ер юзидаги инсонларга раҳим қилинглар, осмондаги (улуғликда) зот сизларга раҳим – шафқат қилур". (Имом Термизий ривояти).

Демак, ҳар биримиз қаерда ва қандай мавқеъда бўлишимиздан қатъий назар халқ билан доимо мулоқотда бўлишимиз, унга қучоғимизни очишимиз ва барча мавжудотдан улуғ ва афзал этиб яратилган ҳазрати инсон манфаатини ўзимизнинг манфаатимиздан юқори қўйишимиз лозим экан. Зеро, Пайғамбаримиз ҳадиси шарифдларида. "Ўзинга яхши кўрган нарсани бошқа инсонларга ҳам раво кўргин" деган сўзларини асло унитмайлик ва шунга мувофиқ иш қилайлик.

Аллоҳ таоло барчаларимизни халқ билан мулоқотда бўлиш ва инсон манфаатлари йўлида янада кўпроқ солиҳ амаллар қилишимизга насибу-рўзи айласин! Омин.

 

Муҳтарам имом домла! Жорий йилнинг 1 декабридан – 30 декабрь кунига қадар Рабиул аввал, ойи яъни мавлид муносабати билан имкониятингизга қараб бирор жума кунида Имом Барзанжийнинг “Мавлиди Набий” китобидан ўқиб беришингиз, мақсадга мувофиқ бўлади.

2570 марта ўқилди
Юклаб олиш:
Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…