Ибратли ҳикоялар

КЕТМОНЧА

Ҳикоя

 

Курсдошим Норқобилни учратиб қолганим яхши бўлди. У дарҳол уйига таклиф қилди.  Ҳангомалашиб ўтирар эканмиз, пешайвон токчасида, қуёш шуъласида калтароқ сопли кетмонча диққатимни тортди. Кетмончанинг азизлаб қўйилганидан ажабланганимни пайқаган Норқобил бундай деди:

“Кетмонча 90 ёшли отамдан эсталик. Ҳар сафар унга кўзим тушганда, кўз олдимда отам гавдаланади. Шу кетмон отамга доимий ҳамроҳ бўлган. Шунинг учун ҳам ҳар уч кунда артиб, тозалаб токчага олиб қўяман. Ҳар-ҳарда ишлатиб ҳам тураман. Бундан уч ой олдинги воқеа содир бўлмаганида отам 100 ёшга кирармиди... Аллоҳ билгувчи, лекин ўша кунги ишимни эсласам виждоним азобланади. Ўзимни койиб гоҳида кўрнамаклик қилдим деб маломат ҳам қиламан.

Отамни ҳар куни гоҳ помидор, гоҳ ловия орасида кетмон чопаётганини кўраман.

– Қуёшнинг иссиғида нима зарур, сизга, – десам.

– Эрмакда болам, – деб қўярди.

Отамни кетмон кўтариб юрганини кўрганлар мени койийди.

– Отангга дам берасанми, йўқми?!

– Сенинг отангда қасдинг борми?

Бу гапларни қайта-қайта эшитаверганимдан бир куни ўзимни тутиб тура олмадим. Ишдан барвақт келган эдим. Отам кетмончада кечки сабзининг ариғини ковлаётган экан.

– Сизга нима зарур, ота, уйга кириб дамингизни олсангиз бўлмайдими? Шу кетмончани менга беринг, дедим-у, қўлидан олиб, ирғитиб юбордим.

 Отам бўлса:

– Бу нима қилганинг, болам! Суянчиғимдан айирдинг-а! – деди. Яна бир нималар деб ғулдираганча хонасига кириб кетти.

Бир соатлар чамаси ўтди. қилмишимдан пушаймон бўлиб узр сўрагани кирсам иситмаси чиқиб алаҳсираб ётибди. Дарров дўхтир чақирдим. Дори-дармон қилдик, фойдаси бўлмади. Саҳар чоғида жон таслим қилди. Отамнинг ўлимига мен сабабчи бўлиб қолдим. Ўзимни ҳеч кечиролмайман. Отам 100 ёшга кирармиди деган фикр хаёлимдан ўтаверади...”

Дўстимнинг юзини ёш томчилари қоплаб олди. Мен эса қўлларимни дуога очдим.

Абдусаттор ҒОФУРОВ

1197 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « “Мен билан кетасизми?..” АРМОН »
Top