Ибратли ҳикоялар

Мукофот: йўқолган дўппи яхшиликка нишона бўлди

Яхши ният билан қилинган ишга, албатта, мукофот бор. Бу ҳақда раҳматли бобом шундай ҳикоя қилган эди:

“Бир куни отам иккимиз кўҳна бир масжид олдидан ўтиб қолдик. Отам уловдан тушиб, масжидни кўздан кечирди. Таҳорат олиб, икки ракат намоз ўқиди. Сўнгра менга:

– Ўғлим, эртага келиб масжиднинг томини таъмирламасак бўлмайди. Жуда ночор аҳволда экан, – деди.

Мен бу масжид бизнинг маҳалланики эмаслигини, ҳеч ким бизга таъмир учун ҳақ бермаслигини айтдим. Отам бу гапимдан ранжиди.

– Болам, масжид бизники, бошқаники дейилмайди. Масжид – Аллоҳнинг уйи. Таъмирни Аллоҳнинг розилиги учун қиламиз, – деди.

Эртасига ишни бошлаб юбордик. Отам масжид томи устида, мен эса пастда.

Кун охирлаб, ишимиз ҳам ниҳоясига етай деб қолган эди. Шу пайт аллақайдан бир қуш учиб келиб, отамнинг бошидаги қалпоғини илиб кетди.

Мен бу ҳолдан ажабланиб:

– Ота, Аллоҳнинг уйида ишлаб туриб ҳам қалпоғингизни олдирдингиз-а? – дедим.

Отам гапимга парво қилмай, хотиржам ишлайверди. Бир оз вақт ўтгач, менга бундай насиҳат қилди:

– Нимаики иш ўтди, Аллоҳ хоҳлади-бўлди. Мен хоҳламасам-да, бош кийимим йўқолди. Буни қазои қадар дейдилар. Мен бу дунёда қазога рози, балога сабрли кишилардан бўлишни хоҳлайман. Шунинг учун қалпоғимнинг йўқолганига розиман.

Орадан бир неча ой ўтиб, отам вафот этди. Бир кеча тушимга кирди. Тушимда у кишидан “Аҳволингиз яхшими?” деб сўрасам, хушкайфиятда: “Ўғлим, ҳар бир яхшиликнинг мукофоти бор. Аллоҳ таоло ўша масжид томи устида йўқотган дўппимни яхшиликка нишона қилиб, мени жаннатга киритди”, деб жавоб берди.

Яратганнинг розилиги учун яхши иш қилган отамнинг ҳақиқий дунёдаги аҳволи яхшилигидан суюниб, яна у кишига ҳавасим келиб уйғондим”.

1479 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top