Ибратли ҳикоялар

Бахтли бека: бувим ҳаёт эмас, аммо насиҳатлари ҳамон ёдимда

Оилада ёлғиз қиз бўлганим учунми, доим айтганим айтган, деганим деган эди. Қайсарлигим, шўхликларимдан эса дугоналаримнинг ота-оналари ҳам уйимизга шикоят қилиб келишарди. Бувим эса гоҳ койиб, гоҳ куйиниб: “Болагинам, бу ишинг яхши бўлмабди, қиз болага шўхлик қилавериш ярашмайди. Сен одоб-ахлоқда, юриш-туришда ҳаё-иболи бўлмасанг, акаларингнинг юзини шувит қиласан... Бундай ишларинг билан уларни  дўстлари, маҳалла-кўй олдида уятга қолдирасан...” дер эди. Ёш бўлганим учунми, бу гаплар бир қулоғимдан кириб, иккинчидан чиқарди. Лекин ҳамма нарса ҳам вақтинча экан. Улғайганим сари шўхликларим босилди, кўчадаги ўйинлар қизиқ­тирмай қўйди. Бувим эринмай уй-рўзғор ишларини ўргатар, ҳаётда қиз боланинг вазифаларини, аввало у яхши рафиқа, меҳрибон она бўлиши зарурлигини уқтирар эди. Илгарилари қулоғимга кирмаган сўзлар энди қалбимга муҳрланиб борарди...

Бир куни сўрида кўрпа қавиб ўтираркан, имлаб ёнига чақирди. Бордим, кўзлари жиққа ёш. Сўз айтишга ботинолмай, ёнида жим ўтирдим. Бир муддат сукутдан сўнг гап бошлади:

- Болажоним, манави кўрпаларни сенга атаб тикяпман. Қиз бола палахмон тоши, қаерга отса, шу ерга тушади, дейишади. Аянг иккимиз сенга атаб сеп йиғяпмиз. Лекин қизлар сепининг кўплиги, қимматбаҳолиги, тақинчоқларининг асллиги билан эмас, одоб-ахлоқи, чиройли тарбияси, ширинсуханлиги, сабр-тоқати, итоати билан эъзоз топади. Нима демоқчилигимни англагандирсан?..

Бошимни ҳам қилиб тушундим, дедим. Бувим бағрига босиб, юзларимдан ўпди, кўзларимга тикилиб гапида давом этди:

– Бировнинг уйига келин бўлиб борасан. Ўз уйингдаги одатлар, шарт-шароитлар у ерда бўлмаслиги мумкин. Жоним болам, қаноатли ва хушфеълли бўл. Нима олиб келишса, хурсанд қабул қилгин. Буйруқларига итоатли, айтаётган сўзларига диққатли бўлгин! Эркаклар озода, сариштали аёлларни жуда суйишади. Ёмон ҳидлар дилни хира қилади, шу боис, уйингдан нохуш ҳидлар келмасин. Очлик ва толиқиш эр кишининг ғазабини  келтиради, жанжалга йўл очади. Уддабурон бека бўлсанг, овқатларинг доим бир вақтда пишади, дастурхонинг тўкис бўлади. Рўзғор ашёлари, маҳсулотларни ишлатишда тежамкор бўл, исрофга йўл қўйма, қадр топасан.

Қайнота, қайнонанг, уларнинг яқинларини, қариндош-уруғларини ҳурмат қил. Кўча-кўйда эшитган ҳар қандай сўзни айтиб, куёв дилини ғаш қилма, имкони етмайдиган нарсани олиб беринг, деб қистама. Сирини очма. Уйнинг гапини кўчага, кўчанинг гапини уйга ташима. Яна, эр хафа бўлса хурсанд бўлиб, хурсандлигида хафа бўлиб юриш фаросатли ва тарбияли аёлнинг тутуми эмас...

Бувим такрор-такрор: «Уқиб олдинг­ми?!» деб сўрарди. «Ҳа» дейман-у, уятдан қизараман. Кўп ўтмай, ўзга бир хонадонга келин бўлиб узатилдим...

Мана, орадан бир неча йил ўтди. Бугун бувим ҳаёт эмас, аммо насиҳатлари ҳамон ёдимда. Бугунги бахт-саодатим ҳикмати ҳам бувимнинг ўша  насиҳатларида яшириндир.

 

  Маҳбуба СОБИРОВА,

тайёрлади

 

1263 марта ўқилди

Мақолалар

Top