Ибратли ҳикоялар

Чўпонлик қилиб кибрини йўқотган талаба

Басра шаҳрида бир киши бор-будини ёлғизгина ўғлининг яхши таълим-тарбия олиши учун сарфлар экан. Ёш йигит неча йиллар мобайнида номдор илм даргоҳларида энг машҳур устозлардан таълим олибди.

Ниҳоят, бола уйга қайтибди. Кексайиб қолган отаси унга пешвоз чиқибди, ўғлининг кўзларига тикилиб, кўнгли тўлмабди ва:

– Ўғлим, нималарни ўргандинг? – деб сўрабди.

– Отажон, ўргатилиши мумкин бўлган барча нарсани ўргандим, – деб жавоб қилибди ўғил.

– Лекин ўғлим, сен ўргатиб бўлмайдиган нарсани ҳам ўргандингми? Бор, ўргатиб бўлмайдиган нарсани ўрганиб кел, – деб ота уни ортига қайтарибди.

Йигит устозининг ёнига қайтиб, отасининг талабини айтибди. Шунда устози жавоб ўрнида:

– Мана бу тўрт юз қўйни олгин-да, сони то мингтага етгунча тоғларда яша, – дебди.

Йигит қўйларни олиб тоғлар бағрида чўпонлик қила бошлабди. У ҳаётида биринчи марта сокинликка дуч келибди. Ҳеч суҳбатдош тополмай сиқилган вақтларида қўйларга гапирар, улар борлигидан ҳам таскин оладиган бўлибди. Йигит секин-аста ўзидаги “мен”ни, манманликни, ғурурни унута бошлабди… Бора-бора сокин ва ҳокисор инсонга айланибди. Унда сабр­лилик ва донишмандлик белгилари пайдо бўлибди.

Орадан икки йил ўтиб қўйларнинг сони мингтага етгач, у устозининг ёнига қайтиб бориб ҳурмат билан таъзим қилибди. Шунда устози:

– Мана энди ўргатиб бўлмайдиган нарсани ҳам ўргандинг, – дебди.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

 

414 марта ўқилди

Мақолалар

Top