Ибратли ҳикоялар

Дуодан бахт топган келин

“Бўладиган бола бошидан”, деб бежизга айтилмаган. Одина ўнларга кирганда бувиси вафот этди. Буваси Муҳаммад ота ёлғиз қолди. Кексайганда ёлғизлик азоби қийин бўлар экан. Кекса одамнинг кўнглини топиш учун бир сўз кам, икки оғиз сўз кўп. Уларнинг кўнгли нозик, хизмати оғир бўлади. Ўн ёшли Одинани отаси ёнига чорлаб, бувасига хизмат қилиб, дуосини олиш кераклигини тушунтирди. Одина ёш бўлса-да, зийрак эди. Отаси тушунтирган ҳамма ишни бажаришга ваъда берди. Муҳаммад бува намозхон. Эрта тонгда туриб, намоз ўқир, узоқ дуо қилар, нонуштани ҳам эрта қиларди. Муҳаммад буванинг хонасида Одина ва кичик укаси Абдулазиз бирга ётарди. Муҳаммад ота набираларини уйқуси бузилмасин деб энди ўрнидан турмоқчи бўлса, зийрак Одина намоз вақти бўлганини, бувасига тез таҳорат суви тайёрлаш лозимлигини сезиб, ўрнидан сакраб турарди. Бувасининг ухлайвер, дейишига қарамай таҳорат сувини тайёрларди. Буваси намоз ўқиб бўлгунига қадар нонуштани ҳозирларди. Яна нолимасдан ойисига уй ишларига ёрдам берарди. Буваси эса ҳар намоздан сўнг: “Умринг узоқ бўлсин, бахтли бўл, қизим! Олижаноб инсон жуфтинг бўлсин!” деб дуо қиларди. Отанинг сўзини қолдирмаган, буванинг дуосидан насибасиз қолмаган Одина ўн йилга яқин, яъни турмушга чиққунига қадар бувасига холис хизмат қилди. Бу катта матонат, отага итоат ва бувага ҳурмат эди. Уйқу ва роҳатдан савобни устун қўйди. Ўзи катта олийгоҳни тугатмаса-да, энг обрўли, илмли шаҳарлик йигитлардан бирига турмушга чиқди. Одина турмуш ўртоғи Муродга ҳам хизматини аямади. Эрини тонг саҳарда туришга ундаб, шундай дерди:

– Бувам, тонгда ухлаш ризқни кесади. Ризқи мўл бўлишни хоҳлаган одам, саҳар туради. Бувам: “Тонгда қилинган иш унумли, дуолар эса қабул бўлади”, – дердилар. Қани ўрнингиздан туринг! – деб эрини ҳоли-жонига қўймай уйғотарди.

Мурод эса:

– Қишлоқ қизисан-да, танноз келинлар каби дангасаликни ёқтирмайсан-да! – дерди.

Одина ўз одатига кўра, қайнота-қайнона ва эрига нонуштани эрталаб тайёрлаб қўярди. Уни шундай тайёрлардики, ҳаммаси ҳайрон қоларди. Эрини бирор марта бўлса-да, ишига нонуштасиз кузатмасди. Қайнота ва қайнонаси ҳам уни кўп дуо қиларди. Дуо ва олқишнинг сабабидан неча йил заҳмат чекиб, бувасининг дуосини олган, отасининг назарига тушган, қайнота ва қайнонанинг олқишини олган, эрига итоатли келин ҳамма орзусига етди. Эри Мурод уни бирор жойда ишлатмас, “Қишлоқда роса ишлагансан, шунинг ўзи етади”, дерди. Қайнотаси вафот этгач, қайнонасига қизларидан ҳам яхшироқ хизмат қилиб, дуосини олди. Ўзи ҳам кексалик ёшига етди. Уч қиз, икки ўғилни вояга етказди. Уларни илмли, одобли ва ҳаёли қилиб тарбиялади. Дастурхон атрофида ўтирганларида, болаларига:

– Бува, бувиси, қайнота ва қайнонаси бор ўғил-қизлар ва келинлар жуда бахтли-да! Уларнинг хизматини қилади, дуосини олади, билмаганини ўрганади. Дуо ва олқиш олган инсон кам бўлмайди. Бувамнинг хизматини қилдим, қайнонам ва қайнотамнинг дуосини олдим, оталарингизнинг ҳурматини жойига қўйдим, мана бугун сизларнинг ардоғингиздаман. Таҳоратга сув иситаман деб, қиш кунлари совқотган қўлларимни совуқ сувга урдирмайсиз, ухлаб қолмай деб қаттиқ ерларда ётардим, энди эса пар тўшакларда иззатдаман. Савоб топаман деб озгина қилган хизматим эвазига ҳажга бордим, бугун сизнинг ардоғингиздаман. Ҳа, холис қилин­ган хизматнинг мукофоти, дуолар самараси мана шундай азизликдир, – дерди мамнун.

Азиз қизларим! Албатта, ота-онанинг хизматини қилиб, дуосини олиш шарафдир. Ҳамма ҳам дуо олавермайди, ҳаммага ҳам олқиш насиб қилмайди. Ким хизмат қилса, кун келиб унга ҳам хизмат қилишади. Ким ҳурмат қилса, ҳурмат топади. Ким нима экса, шуни ўради. Шунинг учун хизмат қилинг, хизмат ва дуо боис улуғлик, ҳурмат ва эҳтиромга сазовор бўласиз.

 

“Қасамини бузган қиз” китобидан

905 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Мен ҳам шундай қиламан Дарё »

Мақолалар

Top