Мақолалар

Илмнинг фазилати: бир саволга ўн жавоб

Динимиз инсониятни ўқишга, ўрганишга, билимли бўлиб унга амал қилишга чақиради. Қуръони каримнинг дастлаб нозил бўлган ояти ҳам ўқишга тарғиб экани ҳеч кимга сир эмас. Илм талаби билан боғлиқ ояти карималар кўплаб нозил бўлган ва бу борада ривоят қилинган ҳадиси шарифлар ҳам талайгина. Шу мавзуда ривоят қилинган ҳадислардан бири Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а.) дан ривоят қилинган:

قال النبى عليه السلام من تعلم بابا من العلم ينتفع به فى آخرته و دنياه اعطاه الله تعالى خيرا له من عمر الدنيا سبعة آلاف سنة صيام نهارها و قيام لياليها مقبولا غير مردود

Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: «Ҳар ким устознинг олдига бориб, илмдан бир боб ўқиса, бундай киши дунёда ҳам, охиратда ҳам илмидан фойда топади. Аллоҳ таоло минг йилгача унга ҳар куни рўза тутувчи ва ҳар кечасини бедор ўтказиб ибодат қилувчининг савобини ато қилади.

Бошқа бир ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар:

فال النبى عليه السلام انا مدينة العلم وعلى بابها

Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар, “Мен илмнинг шаҳридурман ва Али ўша шаҳарнинг дарвозасидир”.

Бу ҳадиснинг бир неча хаворижлар эшитиб, ҳасад қилдилар ва кенгашиб айтдилар. Бизлардан ўн киши ёлғиз-ёлғиз бориб, Алидан битта масалани сўраб кўрамиз. Агар ҳар биримизга бошқа жавоб берса, Муҳаммаднинг сўзи рост бўлади. Алининг олимлигини тан оламиз.

Шундай деб, Алини имтиҳон қилмоқчи бўлдилар. Улардан бири  ҳазрат Али (р.а.)нинг ҳузурларига келиб:

– Эй Али, илм афзалми ёки мол афзалми? – деб сўради.

Ҳазрат Али:

– Илм афзал, – деб жавоб бердилар.

Ҳавориж:

– Қайси далил билан илм афзал? – деди.

Ҳазрат Али:

– Илм пайғамбарлардан қолган мерос, мол эса кофирлардан қолган меросдир, – дедилар.

Хавориж кетди, бошқаси келиб:

– Эй Али, илм афзалми ёки мол афзалми? – деб сўради.

Ҳазрати Али (р.а.):

– Илм афзал, – деб жавоб бердилар.

– Қайси далил билан илм афзал? – сўради хавориж.

– Илм сенга сақловчи ва қўриқчидир, аммо сен молга қўриқчи ва қўрғон бўласан – дедилар Али (р.а.).

Шундан сўнг у ҳам кетиб, учинчиси келди ва сўради:

– Эй Али, илм афзалми ёки мол афзалми?

Ҳазрат Али (р.а.):

– Илм афзал, – деб жавоб бердилар.

– Қайси далил билан илм афзал? – деди хавориж.

– Моли кўп кишининг душмани кўп бўлади, илмлик кишининг дўсти кўп бўлади, – дедилар Али (р.а.).

Сўнгра у ҳам кетиб, тўртинчиси келди ва сўради?

– Эй Али, илм афзалми ёки мол афзалми?

– Илм афзал, – дедилар Али (р.а.).

– Қайси далил билан илм афзал? – сўради ҳавориж.

– Молни сарфласанг камаяди, илмни сарфласанг кўпаяди, – дедилар Али (р.а.).

У ҳам кетиб, бешинчиси келди ва сўради:

– Эй Али, илм афзалми ёки мол афзалми?

– Илм афзал, – дедилар Али (р.а.).

– Қайси далил билан илм афзал? – деди хавориж.

– Мол кўп киши бахиллик ва лаимлик номи билан эсланади. Илмли киши катталик ва ҳурматлик сиҳати билан ёдга олинади, – деб жавоб бердилар Али (р.а.).

Сўнгра у ҳам кетиб, олтинчиси келди ва сўради:

– Эй Али, илм афзалми ёки мол афзалми?

– Илм афзал, – жавоб берди Али (р.а.).

– Қайси далил билан илм афзал? – сўради хавориж.

– Молни ўғридан асраш зарур, аммо илмни асрашнинг ҳожати йўқ, чунки уни ўғри ололмайди, – дедилар Али (р.а.).

Сўнгра у ҳам кетиб, еттинчиси келди ва сўради:

– Эй Али, илм афзалми ёки мол афзалми?

– Илм афзал, – дедилар Али(р.а.).

– Қайси далил билан илм афзал? – деди хавориж.

– Бой киши қиёматда молидан ҳисобга тутилади. Олим кишининг илмидан ҳисоб олинмайди, – дедилар Али (р.а.).

Сўнгра у ҳам кетиб, саккизинчиси келди ва сўради:

– Эй Али, илм афзалми ёки молми?

– Илм афзал, – дедилар Али (р.а.).

– Қайси далил билан илм афзал? – деб сўради хавориж.

– Мол кўп турса эскириб, чириб қолиб, нобуд бўлади, аммо илм кўп замон турса ҳам тобора қувват ҳосил қилади, – дедилар Али (р.а.).

Шундан сўнг у ҳам кетиб тўққизинчиси келди ва сўради:

– Эй Али, илм афзалми ёки мол афзалми?

– Илм афзал, – дедилар Али (р.а.).

– Қайси далил билан илм афзал? – деб сўради хавориж.

– Мол дилни хира ва қора қилади, аммо илм дилни равшан ва мунаввар қилади, – дедилар Али (р.а.).

Сўнгра у ҳам кетиб, ўнинчиси келди ва сўради:

– Эй Али, илм афзалми ёки мол афзалми?

– Илм афзал, – дедилар Али (р.а.).

– Қайси далил билан илм афзал? – деб сўради хавориж.

– Кимнинг моли кўп бўлса, маст бўлиб, Фиръавндек худоликни даъво қилади, агар илми кўп бўлса, пайғамбарлардек шикасталик билан бандалик қилади, – дедилар Али (р.а.).

Шундан сўнг ҳаворижларнинг ҳаммаси ҳазрати Али(р.а.)нинг олимлигига ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг ростгўйликларига тасдиқ қилиб, мусулмон бўлган эканлар. Шунда Ҳазрати Али уларга:

– Агар умримнинг охиригача илмнинг фазилати ҳақида сўрасангиз ҳам ҳар бирингизга бошқа-бошқа жавоб берар эдим, – деган эканлар.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, илмнинг фазилати ҳақида яна бир қанча оятлар, ҳадислар ва олимларнинг бу борадаги шарҳлари мавжуд. Агар уларнинг ҳар бири қунт билан ўрганиб чиқилса илмнинг фазилатлари олимларнинг даражалари янада яққолроқ намоён бўлади.

Манбалар асосида Тошкент шаҳар Олмазор тумани “Иброҳим ота” жоме масжиди  

имом-хатиби Худойберди қори Саидов тайёрлади.

манба: nasihat.uz

4025 марта ўқилди

Мақолалар

Top