Мақолалар

Истиқлол шарофати

Бугун биз асрлар давомида орзиқиб кутилган озод, эркин ва фаровон ҳаётда ўз олдимизга қўйган эзгу мақсадлар сари қадам қўйиб, тинч-осойишта ҳаёт кечиряпмиз. Эришаётган  ютуқларимиз бисёр. Бу ютуқларимизни нафақат халқимиз, балки бутун дунё ҳамжамияти тан оляпти. Халқимиз тўқ, ибодатларимиз эмин-эркин адо этилмоқда, буларнинг замирида, албатта, тинчлик-осойишталик ва истиқлол неъмати ётибди. Буларнинг барчасининг қадрига етиш ҳар биримизнинг гарданимиздаги бурчимиз ҳисобланади. Мамлакатимизда  икки мингдан ортиқ масжидлар халқимизга хизмат кўрсатиб келмоқда. Уларнинг ҳаммаси замон талабларига жавоб беради. Ҳар йили етти мингдан зиёд юртдошларимиз ҳаж ибодатини ва ўн мингдан зиёд юртдошларимиз умра ибодатларини адо қилиш бахтига муяссар бўлмоқдалар. Имом Бухорий номли Тошкент ислом институти ва Мир Араб олий мадрасаси ҳамда тўққизта ўрта махсус ислом билим юртлари ўз фаолиятини олиб бормоқда ва юртимизга чуқур диний ва дунёвий илмларни эгаллаган мутахассисларни етиштириб чиқармоқда.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги таълим муассасаларида  Қуръони карим, тафсир, ҳадис, фиқҳ, ақоид, сарф, наҳв, мутолаа каби диний илмлар билан бир қаторда ўзбек тили ва адабиёти, тарих, жўғрофия, инглиз тили, физика, математика, астрономия, информа­тика каби давлат таълим стандартларига мос бўлган фанлар ўқитилади. Таълим муассасаларида олий маълумотли мударрис ва ўқитувчилар дарс бериб келмоқдалар.

Шунингдек, сўнгги йилларда мамлакатимизда ташкил этилган Ислом цивилизацияси маркази, Ислом академияси, Мир Араб олий мадрасаси, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари бой илмий-тарихий меросимизни ўрганиш ва тарғиб қилишга хизмат қилмоқда. 

Албатта, қувонч билан айтишимиз мумкинки, диний таълим муассасаларида таълим олаётган ёшларга яратилаётган бундай шарт-шароитлар келажакда жамиятимиз учун зарур мутахассис-ходимлар тайёрлашда пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Аллоҳ таоло барчамизни неъматлари қадрига етувчи ва ўз Ватани, оиласи ва фарзандларига садоқатлилардан қилсин!

 

О.Ҳошимов,

 “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси                                                                      

 

3185 марта ўқилди

Мақолалар

Top