Мақолалар

Саудия Арабистонидаги «Бухорийлар»
Ислом дунёсида Имом ал-Бухорийнинг мавқеи ва обрўси шу қадар юқорики, ўзбекистонликларни «Бухорийлар» авлоди, деб аташади. Саудия Арабистонида ҳам улар кўпчиликни ташкил этади. 
 
Мустақиллик байрами арафасида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари, “Ҳаж-2018“ мавсумининг ишчи гуруҳ раҳбари Нуриймон Абулҳасан билан Маккаи Мукаррамада Саудиянинг Макка ва Жидда шаҳарларида истиқомат қилаётган ватандошларимиз билан норасмий учрашув ташкил этилди. 
 
Учрашувда мамлакатимиз мустақиллигининг 27 йиллиги нафақат Ўзбекистонда, балки, чет давлатларда ҳам юртдошларимиз томонидан катта тантана билан нишонланаётгани қайд этилди. 
 
Саудиялик ватандошларимиз мустақилликнинг қадри, унинг улуғ неъмат эканлиги, истиқлол уларнинг ҳаётида ҳам катта аҳамият касб этишини таъкидлади. ХХ асрнинг 20-30-йилларида ўзбек миллати вакилларидан минглаб кишилар хорижий мамлакатларга, жумладан, Саудия Арабистонига чиқиб кетишга мажбур бўлган.
 
d9be951a-d58d-45da-9381-ae4623e7a07d.jpg
 
Ўша пайтларда Саудия Арабистонига келиб қолган ўзбекларнинг аксарияти ҳаётдан кўз юмган бўлса-да, уларнинг авлодлари шу муқаддас заминда истиқомад қилиб келмоқда. 
 
Эътиборлиси, Саудиядаги «Бухорий»лар ўзбекона миллий урф-одат ва анъаналарни сақлаб қолган. Уларнинг фарзандлари араб тилида таҳсил олади, лекин оилада ва ўзбек жамоаларида ўзбекча сўзлашадилар. 
 
Тадбирда ҳам ўзбекона самимият, ўзига хос кайфият сезилиб турди.
 
Қўмита раиси ўринбосари Нуриймон Абулҳасан Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан хорижда яшаётган ватандошларимиз билан алоқаларини янада ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётгани, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, янгиланишлар, ўзгаришлар, хусусан, мамлакатимизда инвестицион муҳитни янада яхшилаш борасида мисли кўрилмаган ислоҳотлар бўлаётганини қайд этди. 
 
Ўз навбатида, мезбонлар ҳам Ўзбекистонда тадбиркорлар учун қулай шароитлар яратилгани, ўз ватанига сармоя киритишдек бахтни яратиб берган учун Президент Шавкат Мирзиёевдан миннатдор эканлигини билдирди.
 
– Гарчи беш маҳал ибодатимни Каъба олдида адо қилсам-да, ватаним соғинчи қалбимни тарк этмайди, – деди саудиялик юртдошларимиздан бири. 
 
– Бугун юртимизда ҳар бир фуқаро диний бағрикенглик, виждон эркинлиги тамойилларига амал қилган ҳолда эмин-эркин яшаётгани, масжидларимизда яратилган шароитлар, диний ўқув муассасаларидаги таълим сифатидан кўнгиллар чароғон бўлаётир, –деди Фарғона вилояти бош имом хатиби Салимжон Қодиров. – Юртдошларимизнинг ҳар йили Ҳаж ва Умра ибодатини адо этишлари учун кенг имконият эшиклари очилмоқда, Ўзбекистонда бўлиб ўтган Қуръон мусобақаси каби тадбирлар эса бу борадаги хайрли ишларнинг мантиқий давоми бўлди. 
 
Учрашув якунида саудиялик ватандошларимиз томонидан меҳмонларга муқаддас Каъбапўш туҳфа қилиниб, шу орқали юртимиз ва юртдошларимизга ўзларининг илиқ саломларини изҳор қилдилар.
 
Тадбирдаги илиқ самимият учун миннатдорлик билдириб, бундай учрашувлар анъанага айланиши ва тез орада Тошкентда ҳам ташкил этилишига истак билдирдилар.
 
Дин ишлари бўйича қўмита 
матбуот хизмати
 

 

3705 марта ўқилди

Мақолалар

Top