Версия для печати

Мақолалар

Мақталган давр ўғлонларининг ҳикматлари

“Мақталган давр” деганда, ҳадисда мақталган, салафи солиҳлар яшаган уч аср назарда тутилган. “Салафи солиҳлар” дейилганда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисда мақтаган уч давр – саҳобалар, тобеинлар ва табаъа тобеинлар даври тушунилади. Қуйида мазкур зотларга тегишли ҳикматли фикрларни тақдим этамиз.

Баъзи улуғлар шундай дейишган: “Аллоҳ таоло фаришталарни яратганда, уларга ақлни берди, шаҳватни бермади. Ҳайвонларни яратганда, уларга шаҳватни берди, ақлни бермади. Одамни яратганда, унга шаҳватни ҳам, ақлни ҳам берди. Кимнинг ақли шаҳватидан устун келса, у фаришталар мақомига етади. Кимнинг шаҳвати ақлидан устун келса, ҳайвонлар даражасига тушиб қолади”.

Суфён Саврий раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар: “Нафсимдан кўра мен учун ашаддий душман билан олишмадим. Бир сафар мен тараф бўлса, бир сафар менга қарши бўлди”.

Молик ибн Динор раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Ўз нафсига: “Сен шу инсоннинг шериги эмасмисан? Сен шу инсоннинг шериги эмасмисан?” деб, нафсини ёмонлаб, танбеҳ бериб, урушиб, сўнгра унга Аллоҳ таолонинг Китобини юклаб, ўзи унга йўлбошчи бўлган кишига Аллоҳ раҳм қилсин!”

Абу Бакр Варроқ раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Аллоҳ таоло сари бораётган йўлингда сени Аллоҳ таолодан чалғитадиган нарсаларни тарк этиш билан юришга куч ол. Кўксингда жойлашган нафсингчалик сени Аллоҳ азза ва жалладан чалғитадиган нарса йўқ”.

Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Ким нафсини азиз қилса, динини хор қилган бўлади. ким нафсини хор қилса, динини азиз қилган бўлади”.

Яъни нафс инсонни доим гуноҳ, маъсиятга бошлайди. Демак, ким нафсининг сўзига кирса, унга эргашса, динининг кўрсатмасига тескари иш қилган, гуноҳларга қўл урган бўлади. Ким нафсининг сўзига кирмаса, унинг ҳавосига учмаса, динининг кўрсатмасини устун қўйган, гуноҳдан узоқ юрган ҳисобланади.

Юнус ибн Убайд раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Мен яхши хислатларнинг юзтасини топдим. Ўзимда ўша хислатлардан битта бўлса ҳам борлигини билмайман”. Яъни у зот бу гапни камтарлик билан яхши инсон бўлолмадим, ахлоқни ўзлаштиролмадим деган маънода айтганлар.

Улуғ зотлардан бирлари шундай деганлар: “Аллоҳнинг бандадан юз ўгирганининг аломати – уни бефойда нарсаларга машғул қилиб қўйишидир”.

Яъни инсон дунёсига ҳам, охиратига ҳам фойдали бўлмаган гапларни гапириши, ишларни қилиши ҳақида айтиляпти.

Маъруф раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Банданинг фойдасиз нарсалар ҳақида гапириши – Аллоҳ азза ва жалла тарафидан келган хорликдир”.

Яҳё ибн Муоз раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Қалблар – ичидаги бор нарсаси ила қайнаётган қозонларга ўхшайди. Тиллар унинг чўмичларидир. Бир киши гапираётганида унга назар сол: унинг тили қалбидаги нарсани сенга чиқариб беряпти. (У нарса) ширин... аччиқ... чучук... шўр... ва бошқа ҳолатда бўлади. Шундай қилиб, тили чиқариб берган нарса қалбининг таъмини сенга баён қилади”.

Молик ибн Динор раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Албатта, яхшиларнинг қалблари солиҳ амалларни қилиш истаги билан қайнайди. Ёмонларнинг қалблари бузуқ ишларни қилиш истаги билан қайнайди. Аллоҳ таоло сизларнинг хоҳиш-истакларингизга, нимани ўйлаб ғам қилаётганингизга қарайди. Шундай экан, ғаму истакларингиз нималигига қараб қўйинглар, Аллоҳ сизларга раҳм қилсин!”

Оиша розияллоҳу анҳо дедилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин пайдо бўлган бидъат – тўқликдир. Агар қавмнинг қоринлари тўйса, нафслари уларни дунё сари (яъни дунё топишга муккасидан кетишга) бошлайди”.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу дедилар: “Ҳавои нафсига тобе бўлганлар билан бирга ўтирманглар! Чунки, улар билан бирга ўтириш қалбни касал қилувчи омилдир”.

Ибн Асийр раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Амалини одамлар кўришини яхши кўриш – яширин шаҳватдир”.

Бишр ибн Ҳорис раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Шуҳратни, машҳурликни яхши кўрган одам Аллоҳга тақво қилмаган ҳисобланади”.

Али розияллоҳу анҳу дедилар: “Илм амални чақиради. Агар амал келса, келди. Акс ҳолда илмнинг ўзи ҳам кетади”.

Бишр Ҳофий раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Ҳадиснинг закотини адо этинглар: ўрганган икки юзта ҳадисингиздан бештасига амал қилинглар!”

Муҳаммад ибн Абдулбоқий раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Умримнинг бир соатини ҳам бефойда, ўйин-кулгуга ишлатиб, зое қилмадим”.

Заҳабий раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Албатта, илм ривоятнинг кўплиги эмас. Лекин у Аллоҳ қалбга соладиган нурдир. Илмнинг шарти – Қуръон ва Суннатга эргашиш, ҳавои нафс ва бидъатдан қочишдир”.

Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳдан “Ёлғончи-каззобларни қаердан танийсиз?” деб сўралганда, у киши: “Ваъдаларидан (яъни ваъда бериб, бажармасликларидан)” деб жавоб бердилар.

 

Самоҳ Муҳаммаднинг мақоласидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

ЎМИ Матбуот хизмати

2941 марта ўқилди