Мақолалар

Мусулмон олимлари дунёга совға қилган ихтиролар:  Дунё бўйича энг зўр кашфиётлар қилган муслима аёллар

 

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир мўмин-мусулмон эркак ва аёл илм олиш учун интилиши лозимлиги ҳақида таълим берган эдилар. Замонавий илм-фанга мусулмон аёллар шундай ажойиб ҳисса қўшдиларки, уларнинг бу ишларини “лаббайка ё Расулуллоҳ!” деб айтиш мумкин. Мана улардан кашфиётлари дунё эътирофига сазовор бўлганлари:

Суйима Ғаниева Ўзбекистон Қаҳрамони, навоийшунос олима.

Суйима Ғаниева 1932 йил Тошкентда туғилган. Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг Шарқ факультетида таълим олган. 1956 йилдан ЎзФА Тил ва адабиёт институтида, Тошкент Давлат консерваториясида, 1993 йилдан Тошкент Давлат шарқшунослик институтида ишлаб келган. 

Олима адабиётшунослик, матншунослик ва таржимачилик соҳасида яратилгаи 20та китоб ва рисолалар, 300дан ортиқ мақола ва тақризлар муаллифи ҳисобланади.

Суйима Ғаниева Алишер Навоий асарларини нашрга тайёрлаган. Олима «Мажолис ун-нафоис»нинг илмий-танқидий матнини чоп эттиргач, «Навоий дастхати» китобини ўқувчилар ҳукмига ҳавола этган. Алишер Навоий мукаммал асарлар тўплами (20 томлик)да у «Мажолис ун-нафоис», «Маҳбуб ул-қулуб», «Муншаот», «Вақфия», «Ҳамсат ул-мутаҳаййирин», «Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер», «Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад», «Назм ул-жавохир», «Муҳокамат ул-луғатайн» каби асарларни изоҳ ва таржималар билан нашрга тайёрланган.

Навоийнинг насрий меросини ўрганиш – Суйима Ғаниева илмий фаолиятининг энг салмоқли, энг намунали қисмини ташкил этган.

1999 йилда Суйима Ғаниева «Эл-юрт хизмати» ордени, 2008 йилда «Буюк хизматлари учун» ордени билан тақдирланган. Абу Райҳон Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти совриндори, Ўзбекистон қаҳрамони эди.

Суйима Ғаниева 2018 йилнинг 1 сентябрь куни вафот этди. У мумтоз Шарқ адабиёти бўйича дунёнинг нуфузли олималаридан эди.

 Оиша Элсафти, мисрлик Элсафти – Кембриж университетининг қашшоқ ва ривожланаётган давлатларда қўлланиладиган симсиз ҳисоблаш тармоқлари технологияси дастурчиси. “Менинг эътиқодим ушбу ишимга рағбатлантиради. Қуръони карим кишига ўзининг фаолияти ва имон-ишончи ҳақида тафаккур юритиш лозимлигини уқтиради. Бундай муносабат ҳар бир олим учун, жумладан, тушунчаларини математик ва мантиқий усулда ифода этадиган информатика соҳаси олимлари учун жуда ҳам муҳимдир”, дейди у.

Самина Шоҳ ҳиндистонлик. У  Нью Йоркдаги Thomson Reutersнинг етакчи илмий ходими. 2009 йилда ҳиндистонлик аёлларнинг техника соҳасидаги  ютуқлари танловида Google мукофотига сазовор бўлган. У сунъий ақл яратиш устида тадқиқот олиб боради. «Информатика билан шуғулланиш жону дилим. Бу менинг нарса ва ҳодисалар мантиғини англашимга ёрдам беради. Чунки бир қарашда тасодифий бўлиб туюлган ишларнинг моҳияти чуқурроқ ўрганилса, улар бир мукаммал тизим асосида юз берганига гувоҳ бўламиз...” дейди олима.

Ануших Ансари эронлик. У ўсмир ёшида АҚШга иммигрант бўлиб борган, Жорж Майсон университетини электроника ва ҳисоблаш машинаси бўйича битирган. Ансари 2006 йил космосдаги биринчи аёл-сайёҳ ва келиб чиқиши эронлик бўлган биринчи астронавт бўлди.

Хадижа Мухаммад Юсуф малайзиялик. Хадижа – микробиолог. У ҳозирги вақтда  Ньюкасла касаллигининг терапевтик ва диагностик реагентлари устида тадқиқот ишлари олиб бораётир. Ўлим билан ниҳоясига етадиган бу касалликка дунёдаги товуқларнинг барча турлари чалинган.

2005 Хадижа микробиология соҳасида Карл Финлай мукофоти билан тақдирланди. Хадижа фан инсониятга фойда келтиришига ишонади.

Амина Ғариб Факим маврикиялик. Ғариб – Маврикия президентлигига сайланган биринчи аёл. У Суррея университетини 1983 йил химия фани бўйича битириб  бакалавр босқичини олди. 1987 йил Эксетера университетида органик химия бўйича докторлик ишини ёқлаганидан сўнг юртига қайтади ва Маврикия университетига ишга жойлашади.

Ҳозирда у Маврикия ўсимликларининг тиббий ва озиқлик хусусиятларини ўрганмоқда. “Тадқиқот ишимдан кўзланган мақсад – диарея, дизентерия ва бошқа юқумли касалликларга ўсимликлардан инсон организми учун хавфсиз бўлган табиий дори-дармонлар яратиш ва маврикиялик, Ҳинд океани минтақаси ва Африка давлатлари болаларига ёрдам кўрсатишдан иборатдир”, дейди у.

Исмахон Элуафи марокколик. У генетика соҳаси бўйича Кордова университетида докторлик ишини ҳимоя қилган.  Исмахон фан ижобий ютуқларни қўлга киритиш ҳамда қашшоқлик ва камситишларнинг олдини олиш борасидаги қарорларга асос бўлиши керак деб ҳисоблайди.

Айни чоқда у сув етишмайдиган ерларда фермерларга ёрдам кўрсатишга ихтисослашган халқаро биотуз қишлоқ хўжалиги марказининг (шўр босган ерларда тузга чидамли дарахтлар ва озуқабоп ўсимликларни етиштириш технологияси) бош директори вазифасида фаолият юритмоқда.

Бина Шаҳин Сиддиқий покистонлик. Профессор Бина Шаҳин докторлик унвонини химия соҳаси бўйича Карачи университетида олган. У маҳаллий гиёҳлардан дори олиш устида тадқиқот олиб борган ва мамлакат тиббиёти ҳамда қишлоқ хўжалиги ривожига катта ҳисса қўшган.

Сиддиқий 250 га яқин илмий мақолалар эълон қилган ва кўплаб нуфузли мукофотлар билан тақдирланган. Улар сирасида химия бўйича ал-Хоразмий мукофоти ҳам бор.

Туркмани – суриялик астрофизик, Дамашқ университетининг электрон инженерлик факультетини тугатган. Шундан сўнг Швецияга келган. Бу ерда атрофизика соҳаси бўйича докторлик ишини ҳимоя қилган. Туркмани қуёш коронаси физикаси ва ҳисоблаш, кузатувлар ҳамда ҳисоблаш моделлари ёрдамида қуёш юзасида энергия чиқимининг динамикасини ўрганади. “Ҳаётимни эътиқодим асосида барпо этганман, инсонларни коинот ҳақида фикр юритишга даъват этган ояти карималар ҳақида кўп ўйлайман.

Ёшлигимда أَمَّنْ هُوَ قَانِتٌ آنَاء اللَّيْلِ سَاجِداً وَقَائِماً يَحْذَرُ الْآخِرَةَ وَيَرْجُو رَحْمَةَ رَبِّهِ قُلْ هَلْ يَسْتَوِي الَّذِينَ يَعْلَمُونَ وَالَّذِينَ لَا يَعْلَمُونَ إِنَّمَا يَتَذَكَّرُ أُوْلُوا الْأَلْبَابِ

Йўқса, у кечалари ибодат қилиб, сажда этган, бедор ҳолида охиратдан қўрқиб, Рабби раҳматидан умидвор бўлган одамга тенгми?! Сен: «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлармиди?! деб айт. Албатта, ақл эгаларигина эсларлар (Зумар, 9) оятини ўқиб ҳайратга тушган эдим. Илм ўрганганим сайин эътиқодим мустаҳкамланиб бормоқда” дейди суриялик астрофизик олима.

Ҳайат ал-Синди – маккалик биотехнолог. Синди Яқин Шарқ аёллари ичида биотехнология соҳасида биринчи бўлиб фан докторлигини қўлга киритган. Синди “Ҳамма учун ташсих” ташкилотининг таъсисчиларидан бири. Бу ташкилот камбағал давлатлар учун бир оз енгилроқ ташхис ускуналарини ишлаб чиқаради.

Олима бу лойиҳага кўплаб сармоядорларни жалб этди. Хусусан, Билл Гейтс 10 миллион доллар сармоя киритди. «Мен Кембрижда ўқишни бошлаган кезларимда бир машҳур олим менга “Сенинг бу ишларингдан ҳеч нарса чиқмайди. Чунки сен аёлсан ва дин фанга қарши туради”, деди. (ундан ҳайиққаним учун қайси дин? деб сўрай олмадим) Мен истардимки, дунёдаги барча аёллар ўзларига ишонсин ва мақсадлари йўлида собит қадам бўлсин”.

Марям ал-Мансурий – Бирлашган Араб Амирликларида илк бора уруш шароитида F-16 қирувчи самолётини бошқарган биринчи учувчи аёл. Марям “Ослом давлати” жангариларига қарши курашувчи аёлларнинг символига айланди ва уни “араб лочини” деб шарафлашдилар.  БАА Ҳарбий ҳаво кучлари майори Марям ал-Мансури оилада саккиз нафар ўғил-қизнинг биридир. У мактабни олий баҳога якунлаб БАА университетини ҳам инглиз тили мутахассислиги бўйича битирган.

Марям Мирзахоний эронлик. У – Стэнфордского университетида  математика фани бўйича профессорлик унвонига ёшлигида эришган олималардан бири саналади. Шунингдек, Марям – математика соҳаси бўйича энг олий мукофот – Филдсов мукофотини қўлга киритган биринчи аёлдир.

Маълумингизки, Нобель мукофоти математика фани олимларига берилмайди. Шунинг учун Филдсов мукофоти “Математикларнинг Нобель мукофоти” деб аталади. Мукофот ташкилий қўмитаси Марямнинг геометрия ва динамика системасига қўшган қимматли ҳиссаси учун уни ушбу олий мукофотга муносиб топди.

Марям Матар – Бирлашган Араб Амирликларида туғилиб тиббиёт мутахассиси бўлиб етишган. Матар врачлик фаолиятини Форс кўрфази давлатларида ўктир муаммолардан бири саналган генетик касалликларни даволашга бағишлаган. 2005 йил у Даун синдиромига қарши курашиш ассоциациясини ташкил этди. Ўша йили у БААдаги қон касалликлар устида олиб борган тадқиқотини якунлади. Дубай вақтли матбуоти Arabian Business Матарни 2012 йилда “БААнинг энг яхши давлат хизматчиси” деб атади. 2015  йилда эса у “Ислом дунёсининг илм-фан соҳасидаги энг нуфузли йигирма аёли”дан бири деб топилди.

Марям Матар асосчиси  ва бош диреткори бўлган “БААда даун синдиромига қарши кураш” ва “БААда генетик касалликларга қарши кураш” ассоциациялари 17 та давлатда ушбу касалликларга чалинган кишиларга ёрдам кўрсатиб келмоқда. 

Дания ал-Жабарий. 14 ёшли фаластинлик қиз Дания ал-Жабарий Сингапурда бўлиб ўтган Халқаро математика танлови ғолиби. Мусобақада 3000 нафар иштирокчи қиёслашга асосланган ҳисоблаш воситаларидан фойдаланган ҳолда миясида мураккаб сонлар ҳисобини амалга ошириши шарт қилиб қўйилган эди. Дания 8 дақиқада 230 та мураккаб математик мисолларни ечиб танлов ғолибига айланди. 14 ёшли фаластинлик қиз ўзининг мамлакатида ўтказилган математика олимпиадаларида бир неча бор ғолиб бўлган эди, деб ёзади Al-Arabiya ахборот агентлиги.

Робия ЖЎРАҚУЛОВА тайёрлади.

500 марта ўқилди

Мақолалар

Top