Версия для печати

Мақолалар

Имомлик айни пешволикдир

Aллоҳ таоло Каломи шарифида илмнинг нақадар улуғлиги, илм олиш фазилати ҳақида кўп оятлар нозил қилган. Жумладан:

 

قُلْ هَلْ يَسْتَوِي الَّذِينَ يَعْلَمُونَ وَالَّذِينَ لَا يَعْلَمُونَ

«Айтинг: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!» мазмунли ояти карима моҳиятини теран тафаккур қилсак, ҳозир жамият ҳаётида имом-хатибларнинг ўрни юқори ва масъулияти оғир экани маълум бўлади.

Дарҳақиқат, Ислом дини имом-хатиблар зиммасига катта вазифалар юклайди. Имом-хатиб Аллоҳ таолонинг марҳамати билан диний ва дунёвий илмлардан баҳраманд бўлиб, улуғ устоз, мударрис ва муаллимлардан етарли ва зарур билимларни олади. Шунингдек, халқимиз ибодатларни тўғри адо этишида, маросимларни рисоладагидек ўтказишида ва динимизнинг эзгу таълимотларини мўмин-мусулмонларга тўғри етказишда имом-хатибларнинг хизматлари жуда каттадир.

«Имом» арабча сўз бўлиб, тўғри йўлга бошловчи, олдинда турувчи, раҳбарлик қилувчи ва пешво каби маъноларни англатади. Шунингдек, фақат савоб ишларни қилувчи инсон маъносини ҳам беради. Бир сўз билан айтсак, имом кишиларни дунё ва охиратда ҳам фойдали эзгу амалларга чақирувчи, ҳидоятга етакловчидир. Қуръони каримда айни шу маънони ифода этувчи бир қанча оятлар бор:

 

وَإِذِ ابْتَلَى إِبْرَاهِيمَ رَبُّهُ بِكَلِمَاتٍ فَأَتَمَّهُنَّ قَالَ إِنِّي جَاعِلُكَ لِلنَّاسِ إِمَاماً

«Эсланг, Иброҳимни бир неча сўзлар билан Рабби имтиҳон қилганида, уларни мукаммал адо этди. Шунда (Аллоҳ): «Албатта, Мен сени одамларга имом (пешво) қиламан», деди...» (Бақара, 124).

 

وَوَهَبْنَا لَهُ إِسْحَاقَ وَيَعْقُوبَ نَافِلَةً وَكُلّاً جَعَلْنَا صَالِحِينَ وَجَعَلْنَاهُمْ أَئِمَّةً يَهْدُونَ بِأَمْرِنَا وَأَوْحَيْنَا إِلَيْهِمْ فِعْلَ الْخَيْرَاتِ وَإِقَامَ الصَّلَاةِ وَإِيتَاء الزَّكَاةِ

«Биз (Иброҳимга) Исҳоқни ҳадя этдик ва Яъқубни ҳам (набира қилиб) қўшиб бердик ҳамда барчаларини солиҳ кишилар қилдик. Яна уларни Бизнинг амримиз билан (одамларни) ҳидоят этадиган пешволар қилдик ва уларга яхши амаллар қилишни, намозни баркамол адо этишни ва закот беришни ваҳий қилдик» (Анбиё, 72–73).

Оятлар мазмунидан шундай хулоса чиқариш мумкин – имомлик вазифаси юқори мартабадир. Иброҳим алайҳиссалом кўп имтиҳонлардан муваффақиятли ўтганларидан кейин Аллоҳ таоло иноят қилиб, имомликни ато этган. Маълум бўладики, ҳар қандай кишига ҳам имом деб эргашиб бўлмайди. У албатта, солиҳ инсон бўлиши лозим. Имом одил, қалби пок, бутун вужуди билан кишиларга хизмат қилиши, илм соҳиби бўлиши, молу дунёга ўч бўлмаслиги, оёғи ердан узилиб қолмаслиги керак. Имомлик мансаб ҳам, лавозим ҳам эмас, балки улкан масъулиятдир.

Қуръони карим оятларида «имом» яхшиликка бошловчи маъносида қўлланганини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим. Шу боис кўп оятларда келтирилган «имом» сўзи расуллар ва пайғамбарларга йўналтирилган. Расуллар ва пайғамбарларнинг табиатида эса фақат ҳидоят, итоат, имон каби фазилатлар бор, холос.

Уламолар тасниф этган китобларда имомлик масалаларига махсус боблар бағишланган. Абул Ҳасан Али ибн Муҳаммад Мовардий шундай дейди: «Барча кишилар имомнинг фикрини қўллаб-қувватлайди. Шу тариқа, имомлик уларга бир пойдевор каби бўладики, элу юрт ва дин қоидалари ўша пойдевор асосида барқарорликка эришади...» Муфассир Фахриддин Розий эса имом жуда кўп кишилар орасидан танланган бир шахс эканини ёзади.

Ибн Халдун имомлар мўмин-мусулмонлар ибодатига раҳбарлик қилиш билан бирга дунёвий ишларида ҳам, маданий ва ижтимоий ҳаёт мазмун-моҳиятини тўла очиб беришда ҳам ўзига хос ўринга эга эканини баён қилади. Аббосийлар даврида ибодатларга махсус диний таълим олган киши бошчилик қилиши белгилаб қўйилган. Шу тариқа, ушбу одат мустаҳкам қоидага айланади.

Юқоридаги келтирилган оятлар ва фикр-мулоҳазалардан хулоса қилиб айтсак, имом – диний ўқув юртларидан бирини битирган, диёнатли, яхши ахлоқли, илмли, адолатли, шариат аҳкомларига оғишмай амал қилувчи ва мамлакатдаги ислоҳотларни тўғри тушунган ҳамда диний соҳа раҳбарияти тавсияси асосида вазифага тайинланган масъул кишидир.

Шуни ҳам таъкидлаш жоиз, жамиятимизда «имом» ва «имомлик» тушунчалари кўп қўлланилади. Биз бу тушунчаларни айнан инсонларни Қуръони карим ва ҳадиси шарифда белгилаб берилган кўрсатмалар мазҳабимизга мос равишда тўғри баён этиб, оғишмай амал қилишга чорловчи, хайрли ишларга ундовчи ва юртда кечаётган ислоҳотларни онгли тушунувчи киши маъноларида ишлатамиз.

Мамлакатимизда имом-хатибларнинг ҳар томонлама малакали, намунали бўлишлари ва улар мўмин-мусулмонлар эҳтиёжларини тўла қондиришларини таъминлаш мақсадида жуда кўп хайрли ишлар қилинмоқда. Аввало, улар диний ўқув юртларида ўқитилади.

Ҳозирги давр имомлари нафақат диний, балки дунёвий билимларга ҳам эга бўлишлари лозим. Улар бундан йигирма, йигирма беш йил аввалги имомлардан тубдан фарқ қилиши керак. Замон талаби шуни тақозо этмоқда. Шунинг учун ҳам имом ўз устида мунтазам ишлаши, касб маҳорати, билим савиясини ошириб бориши зарур. Шунингдек, мамлакатимизда кечаётган турли ислоҳотлар, қўшни мамлакатлар ва узоқ хорижда юз бераётган воқеа ва ҳодисалар, халқаро ҳаётдан доимий равишда хабардор бўлиши ҳамда буларни кенг халқ оммасига тўғри етказиш керак. Шундагина имом ҳақиқий пешво мақомини олади ва халқ ҳурматини қозонади.

Мўмин-мусулмонлар учун имом-хатибнинг ҳар бир сўзи ва иши ибратдир. Шунинг учун имомлар жамоат жойларида, халқ орасида намуна бўлишлари лозим. Ҳаёт шундай, оддий одамда ҳар қанча камчилик бўлса, бошқалар унга катта эътибор бермайди. Аммо элга панду насиҳат қиладиган имом-хатибларда андак нуқсон сезилса, халқ кўнглида, дарров: «Бу имом халқни бир ишга даъват қилар экан-у, ўзи бошқа ишни қиларкан», деган шубҳа пайдо бўлади. Шунинг учун имом-хатиблар барча яхши ишларда намуна, камтарлик, сахийлик каби фазилатларга эга бўлишлари лозим.

Шундай экан, бугунги кун имом-хатиблари зиммаларидаги юксак масъулиятни чуқур ҳис қилган ҳолда асл ва эзгу диний маърифатни, мотуридия таълимоти, ҳанафий мазҳаби ҳукмларини оммага чиройли равишда етказишлари, Ватан равнақи, юрт тинчлигини таъминлаш ва халқ фаровонлигини оширишга муносиб ҳисса қўшишлари зарур.

Хулоса қилиб шуни билмоқ ва идрок этмоқ керакки, имом-хатибларимиз олган билим ва тажрибаларини кун сайин ошириб боришлари лозим. Зеро, биз ҳозир XXI асрда яшамоқдамиз. Дунё халқларининг маданиятлари бир-бирларига яқинлашиб, уйғунлашиб бормоқда. Барча соҳаларда янгилик ва кашфиётлар пайдо бўлмоқда. Илму фан, техника ва ахборот алмашувлари жиддий суръатлар билан кучайиб бормоқда. Мана шундай шароитда имом-хатибларимиз, диний уламоларимиз ўз устиларида ишлаб, илмий савияларини оширишларини замоннинг ўзи тақозо қилмоқда.

Агар ҳозирги аср кишиси бир кун ахборот воситаларидан бехабар қолса, замондан анча орқада қолган бўлади.

Бинобарин, имом-хатибларимиз ҳар куни диний билимларини зиёда қилиш ҳаракатида бўлиш билан бирга дунёда рўй бераётган ҳар қандай воқеа ва ҳодисалардан хабардор бўлишлари масжид қавми билан мулоқат қилганда уларнинг барча диний саволларига асосли жавоб бераолишлари талаб этилади. Мана шундай масъулиятли ва шарафли ишларда барча имом-хатибларимизга Аллоҳ таолодан тавфиқу иноятни сўраб қоламан.

 

 

Шайх Абдулазиз МАНСУР

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

3564 марта ўқилди