Мақолалар

Ҳалол касб – гуноҳга каффорат

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Гуноҳлар ичида шундайлари борки, унга фақат ҳалол ризқ топиш мақсадида қилинган ҳаракат каффорат бўлади”, деб ўгит берганлар (Табароний  ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Шундай замон келадики, одамлар ўзи топган молу-дунёсини ҳалол йўл билан топдими ёки ҳаром йўл билан топдими иши бўлмай қолади”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Буюк аллома Абу Лайс Самарқандий дедилар: “Ким касбининг ҳалол бўлишини хоҳласа беш нарсани маҳкам тутсин:

касби сабабли Аллоҳнинг бирорта фарзини ортга сурмасин ва уларда нуқсонга йўл қўймасин;

касби сабабли Аллоҳнинг махлуқотларига озор бермасин;

касбидан мол жамлашни эмас, балки ўзи ва аҳли-аёлининг иффатини сақлашни ният қилсин;

касб қиламан деб ўзини ортиқча қийнамасин;

ризқ Аллоҳдан деб билсин, касбдан эмас, касб – сабаб, холос. Касб қилувчи ҳар бир мусулмонга ҳалол касб қилиш илмини ўрганиш вожибдир”.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло ҳунарманд бандани яхши кўради”, деб марҳамат қилганлар (Термизий ривояти).

Ойбек МАЪРУПОВ,

 “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси

3080 марта ўқилди

Мақолалар

Top