Мақолалар

Фаросат – ярим каромат

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам комил мўмин кишиларга бериладиган кароматлардан бирини шундай баён қилганлар:

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:  ‘‘Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: ‘‘Мўминнинг фаросатидан эҳтиёт бўлинглар, чунки у Аллоҳнинг нури ила назар солади’’, – дедилар, сўнгра ‘‘Албатта, бу (ходиса) да  фаросатли кишилар учун аломатлар бордир’’ оятини ўқидилар’’ (‘‘Сунани Термизий’’да келган).

Шарҳ:  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам комил ва мухлис банданинг Аллоҳ таоло томонидан иззат-икром қилинишини, унга ҳақ билан ботил орасини ажратиш  форосати берилишини хабар бермоқдалар. У зотнинг: ‘‘Мўминнинг фаросатидан эҳтиёт бўлинглар’’, дея буюришларидан қуйидаги маънолар ирода қилинган: маъсиятларнинг ошкорасидан ҳам, махфийсидан ҳам сақланинглар, эҳтимол, мўмин киши халойиқдан яшираётган нарсаларингизни билиб турар, натижада, унинг олдида шарманда бўласизлар. Чунки комил мўмин киши сизлар яшираётган нарсага Аллоҳ таола чароғон қилган қалб кўзи билан назар солади ва ҳақиқатни ҳис этади. Фаросат луғатда ‘‘фаҳмлаш’’, ‘‘ўткир ақл’’ маъноларини англатади. Шунинг учун ҳам халқимизда ‘‘Фаросат ярим каромат’’ деган ҳикматли сўз бор. ‘‘Туҳфатул аолий’’ китобида фаросат турларга ажратилиб шарҳланган:

Фаросатнинг турлари:

  1. Иймоний фаросат;
  2. Риёзий фаросат;
  3. Холқий фаросат.

Иймоний фаросат – банда қалбига солган Аллоҳ таолонинг нури бўлиб, қалбни чулғаб оладиган идрокдан бўлади. Ушбу фаросат иймон қувватига кўра турлича бўлиб, иймон қанчалик кучли бўлса, фаросат ҳам шунчалик ўткир бўлади.

Риёзий фросат – тўйиб таом емаслик, бедорлик ва ўзини ҳилватга олиб ёлғиз бўлиш каби ишлар билан ҳосил бўлади. Мазкур ишларни қилиш натижасида кишида фаросат ва атрофидаги нарсаларнинг ҳақиқатини англаш тўғрисидаги маълум бир тушунчалар юзага келади. Ушбу фаросат фақатгина мўмин кишига хос эмас, балки мазкур риёзатларни чеккан кофир кишида ҳам ҳосил бўлиши мумкин. Чунки бу фаросат иймонга ҳам валийликка ҳам далолат қилмайди, шунингдек, ҳақиқатни ҳам, доимо тўғри йўлни ҳам кўрсатиб бермайди.

Холқий фаросат – Аллоҳ таолонинг ҳикмати тақазо қилган боғлиқликлардан ҳулоса чиқариш истеъдоди бўлиб, мазкур боғлиқликларни илғай олган кишиларда ҳосил бўлади.

Каромат тушунчасининг ғайриоддий ишларга қўлланилиши ҳақида қуйидаги сўзлар айтилган: ‘‘Кароматнинг ғайриоддий ишларга нисбатан қўлланилиши мажозийдир. Зеро, Аллоҳ таоло ана шундай ғайриоддий ишларни тақводор мўмин учун иззат-икром сифатида зоҳир қилади. Кароматнинг зоҳир бўлиш ҳикмати эса валийнинг дунёда зуҳдга бўлган азму қарорини кучайтириш ҳамда уни нафсу ҳаво чақириқларидан ажратишдир’’.

Ушбу таърифлардан кўриниб турибдики, валийлар Аллоҳ таолонинг дўстлари бўладилар,  улар тарафидан содир бўладиган ғайриоддий ишлар Аллоҳ таолонинг уларга берган инъоми бўлади. Улар бу мукофотларга шариат ҳукмларини яхши биладиган ва уларга қатъий амал қиладиган олим бўлганлари сабабли эришганлар. Чунки шариат аҳкомларини яхши тушунмаслик ва тушунишга жиддий ҳаракат қилмаслик Аллоҳ таолонинг дўстлари шаънига тўғри келмайди. Қолаверса, жаҳолат билан қилинган амалларда шариат кўрсатмаларидан чиқиб кетиш кўп учрайди. Шариат кўрсатмаларига номувофиқ ҳолатда риёзат чекиш эса тоат бўлмайди. Сўфи Оллоёр бобомизни Аллоҳ раҳмат қилсин, бу масалани икки оғиз сўз билан қалбга нақшлаб қўйган

Шариат ҳукмидин ташқи риёзат

Эмас тоат, қабоҳатдур, қабоҳат

Яъни қанчалик машаққат билан қилинган бўлмасин шариатга тўғри келмаган риёзат ибодат саналмайди. Балки бемаъни ҳатти-ҳаракатлар бўлади. Тоат ибодат учун аввало шариат ҳукмларини ўрганиш лозим.

 

‘‘Эътиқод Дурдоналари’’ китоби асосида
Нуриддин Акромов тайёрлади
 

ЎМИ матбуот хизмати

4265 марта ўқилди

Мақолалар

Top