Мақолалар

Зулмдан сақланинглар. Зеро, зулм қиёмат куни зулмат бўлур

«(Эй Муҳаммад), сиз ҳаргиз: «Аллоҳ золим кимсаларнинг қилаётган амалларидан ғофил» деб ўйламанг!»

Биз ҳаётимизда зулмнинг турли кўринишларига дуч келамиз. Баъзида бу ишнинг зулм эканини ҳам унутиб қўямиз. Хўш ўзи зулм нима? Унинг қандай турлари бор? Зулм сўзи араб тилида ظَلَمَ феълидан олинган бўлиб, луғатда “ҳаддан ошиш” , “адолатсизликка йўл қўйиш” деган маъноларни англатади. Истелоҳда эса бирор бир масалада ҳақ устидан ботилга ўтиб кетиш, адолатсизлик қилишга нисбатан айтилади. Мана зулм сўзининг маъносини билиб олдик. Энди эса зулмнинг бир неча турлари бор. Улар билан танишсак:

1) Аллоҳ таоло ҳаром қилган жонларни ўлдириш. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда ва Росулимиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса ҳадиси шарфларда марҳамат қилганларидек, ҳаром қилинган жонни ўлдириш бу зулмдир. Яъни қурбонлик учун, ёхуд бизга зарар етказмаслиги учун қурбонлик қилиб ўлдиргадиган жонзотлардан ташқари жонларни ўлдирош назарда тутилмоқда.

2) Аёл ўз эрининг ҳақларини бузиши. Эр ўз аёлига моли, жони, ва ҳаттоки болаларини ишиниб топширади. Бундан ташқари эрнинг ўз аёли устидаги ҳақлари ҳам мавжуд. Агар аёл ушбу ҳақларни бузса, у ўз эрига зулм қилган бўлади.

3) Етимнинг молини ейиш. Етим фарзанд аслида ўз ота-онасидан айрилиб, мусибатга ботган ҳисобланади. Айни шу ҳолида унинг молини ейиш унга нисбатан жуда ҳам катта зулмдир. Ҳадиси шарфларда марҳамат қилинишича унинг шафоати Росуллар шафоати билан тенг бўлади.

4) Инсон ўзига ўзи зулм қилиши. Дин жиҳатидан қараганда инсон тоат-ибодатлардан узоқлашиб, масиятларга берилиб кетиши, ўзи учун зулмдир. Бундан ташқари инсон ўз соғлигига тўғри келмайдиган, умрининг озайишига олиб келадиган ҳар қандай ишларни қилиши ҳам ўзи учун зулмдир.

5) Гуруҳ бўлиб йиғилган молдан ейиш. Бир гурун инсонлар бирор нарса учун пул йиғсалар-у бошқа бир инсон уларнинг розилигисиз у пулдан олиши, ишлатиши бу бошқалар учун зулмдир.

6) Инсонлар ҳаққини бермаслик. Бу ҳолатга ҳаётимизда жуда ҳам кўп бора дуч келамиз. Бирор инсон билан бир иш устида келишсаг-у унинг ҳаққини ўз вақтида бермасак у инсон учун бу зулмдир. Бунга мисол қилиб бировдан қарз олган инсонни ҳам айтишимиз мумкин. Қарздир ўз қарзини вақтида бермаслиги, қарз берган инсонга қилган зулмидир.

7) Торозидан уриб қолиш. Агар сотувчи ҳаридор айтган миқдорда маҳсулот тортмай, балки озайтириб бериши нафақат ҳаридор ҳаққини ҳаром йўл билан олиши, балки ҳаридорга нисбатан зулм ҳамдир.

8) Савдо-сотиқ жараёнига ўз маҳсулотини сотиш учун ёлғон қасам ичиш. Бу ҳам ҳаридор ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилиб, унга зулм қилишликдир.

Бундан ташқари зулмнинг бир неча турлари бор. Бировнинг ҳақ ҳуқуқларини поймол қилишлик ва уни устидан ҳукмронлик қилиш, уни уриш, ҳақоратлаш ила инсонларга зулм қилиб қўйиш мумкин.

Баъзи инсонлар жуда ҳам кўп зулм қилганларидан қилаётган ишлари зулм эканини билмай ҳам қоладилар. Аллоҳ таоло Шуаро сураси 227- оатда қуйидагича марҳамат қилади: «Золим кимсалар яқинда қандай оқибатга қараб кетаётганларини билиб олурлар». Бундан ташқари Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам золимлар қисмати қандай эканини қуйидагича марҳамат қилади: Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: Абу Мусо розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ золимга узоқ умр беради. Уни ушлаган вақтда эса, қутула олмайди», дедилар ва Ҳуд сурасининг 102-оятини ўқидилар”. Ва яна бир ҳадиси шарифда: «Зулмдан сақланинглар. Зеро, зулм қиёмат куни зулмат бўлур. Зиқналикдан сақланинглар. Зеро, зиқналик сизлардан олдингиларни ҳалок этди – уларни ўзаро қонларини тўкишга ва ҳаром ишларни ҳалол қилишга олиб келди» (Муслим ривояти). Аллоҳ таоло зулмни шу қадар ёмон кўрганидан ҳадиси қудсийда: «Эй бандаларим, Мен Ўзимга зулмни ҳаром қилдим ва уни сизларнинг орангизда ҳам ҳаром қилдим. Бас, бир-бирингизга зулм қилманглар» дея бандаларга хитоб қилган.

Мана зулм нима-ю унинг оқибатлари нимага олиб келиши ҳақида билиб олдик. Агар инсон зулм қилаётганини билиб қолса, энди нима қилиши керак? Албатта аввало Аллоҳ таолога тавба қилиши, ва бу оғир гуноҳга умри давомида қайтмаслигига амин бўлиши, ўзини ўзи тарбиялаб бориши, Аллоҳ таоло буюрган ишларни қилиб қайтарганларидан қайтиш, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларига итоат этиши, золимлар қилаётган ишларга ақлан қараши, мазлумларнинг бечора аҳволларини тушуниб етиши, золимларнинг охиратда оқибатлари нима бўлишини эслаб, тафаккур қилиши лозим. Ана шунда инсон ўз-ўзидан бу ишлари нотўғрилигини ҳис қилиб, унда ачиниш ҳисси пайдо бўлади. Аллоҳга тавба қилади. Албатта Аллоҳ мағфирати кенг зотдир.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим  юртининг 4-курс талабаси

Раҳимжонова Ҳосият

ЎМИ матбуот хизмати

5356 марта ўқилди

Мақолалар

Top