Мақолалар

Инсонлар нима сабаб диёнатдан узоқлашмоқда?!

Бугунги кунда аксар инсонларнинг дину диёнатдан йироқлашиб кетишларининг сабабларини ўрганган олимлар қуйидаги хулосаларини баён қилдилар:

1) Руҳиятга бепарво бўлиб, бор эътиборларини тана гўзаллиги-ю, ташқи кўринишларни сайқаллашга қаратишларидир.

Аллоҳ таоло инсонни тана ва руҳдан иборат қилиб яратди. Айрим инсонлар бизни эзгуликларга ундаб турадиган, Аллоҳга қурбат ҳосил қилишимизга сабаб бўладиган руҳиятни озиқлантириш ўрнига, танани роҳатига қаратдилар. Уларнинг асосий мақсади еб-ичиш, ҳузур-ҳаловатда яшаш, кайфу-сафодан иборат бўлиб қолди. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан олдин айтган васиятларини унутдилар.

«الصلاة الصلاة وما ملكت أيمانكم»

Намозга эҳтиёт бўлинг! Намозга мустаҳкам бўлинг! Қўл остингиздагиларга яхши муносабатда бўлинг!

Ҳолбуки, намоз руҳий озуқаларнинг энг асосийсидир.

Бизнинг руҳимизни озиқлантирадиган намозларимиз қай аҳволда?!

2) Ақида (эътиқоднинг) заифлиги ва шаръий илмларга беэътиборлик.

Асри саодатда яшаб ўтган саҳобаи киромлар билан бизнинг бугунги кундаги аҳволимизни таққосласак, Аллоҳ таолонинг шариатидаги ҳукмларга амал қилиш, амрини бажо келтириш ва қайтарганларидан сақланишда жуда катта фарқни кўрамиз. Бунинг асосий сабаби, уларнинг мустаҳкам эътиқодларидир.

Бизнинг ақидамизнинг аҳволи қандай?!

Шаръий илмга эътиборимиз қандай аҳволда?! Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биз Ислом умматини шариат илмларини пухта эгаллашга чақирмадиларми?! Ул зот ўзларининг муборак ҳадиси шарифларида:

 «مَن يُرِدِ اللهُ به خيرًا يُفَقِّهْهُ في الدِّينِ»

(صحيح البُخاري؛ برقم: 71)

 «Кимгаки Аллоҳ яхшиликни ирода қилса уни динда фақиҳ қилиб қўяди», деганлар (Имом Бухорий “Саҳиҳ” 71-рақам, “Фатҳул Борий”)

3) Ислом дини ҳақида нотўғри тушунчанинг шаклланиши.

Жамиятда айрим кишиларнинг Ислом ҳақидаги хато эътиқодлари шундай шаклланиб қолганки, уларнинг фикрича дин фақат расм-русумлардангина иборат бўлиб, у фақат масжидда, унинг на инсонга, на жамиятга, на борлиққа алоқаси бор, деган ботил эътиқод бутун вужудларига сингиб кетган. Ҳолбуки, Ислом манбаларида, инсонни ҳаётига тегишли юз мингдан ортиқ мавзу ва масалаларни ўз ичига олган фиқҳ қитоблари мавжуддир. Аллоҳ ўзининг динида баён қилмаган бирор нарсанинг ўзи йўқ.

{وَنَزَّلْنَا عَلَيْكَ الْكِتَابَ تِبْيَانًا لِكُلِّ شَيْءٍ}

[النحل:89]

 Сизни эса (Эй Муҳаммад), ана улар (ўз умматингизга) гувоҳ қилиб келтирурмиз. Сизга ҳамма нарсани баён қилиб берувчи ҳидоят, раҳмат ва мусулмонлар учун башорат бўлган Китоб (Қуръон)ни нозил қилдик. (Наҳл сураси 89-оят).

4) Керагидан ортиқ даражада дунё билан машғул бўлиш.

Дунё муҳаббати, мол-мулкка ўчлик, ҳукмронликка интилиш, машҳурлик васвасаси ва ҳоказолар…

Буларнинг барчаси инсонни диёнатдан узоқлашишига сабаб бўладиган омиллардир

5) Кўнгилочар нарсаларнинг кўпайиб кетиши.

Айниқса, ҳозирги техника асрида инсонларни ўзига асир қилиб олган, вақтларини еб битираётган “ўргимчак тўри”, телевизор, телефон, турли ижтимоий тармоқлар. Бу каби умр заволи бўлган “кўнгил овунчоқларини” яна узоқ давом эттириш мумкин…

Буларнинг барчаси охиратни унитишимизга сабаб бўлади.

6) Содир этилган гуноҳ маъсиятлар сабаб Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлиш.

Ҳаққа қайтишда инсонга рўбарў бўладиган хатарлардан бири Шайтоннинг доим аввалги гуноҳлар инсон билан Аллоҳнинг ўртасида ғов бўлади деган гумонни урчитаверишидир.

Аллоҳ таоло ўзининг муборак каломида шундай марҳамат қилади.

{إنَّ اللَّهَ لاَ يَغْفِرُ أَن يُشْرَكَ بِهِ وَيَغْفِرُ مَا دُونَ ذَلِكَ لِمَن يَشَاء وَمَن يُشْرِكْ بِاللَّهِ فَقَدِ افْتَرَى إِثْمًا عَظِيمًا}

[النساء:48].

Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмасУндан бошқани Ўзи хоҳлаган кишидан кечирадир. Ким Аллоҳга ширк келтирса, шубҳасиз, улкан гуноҳни тўқибдир (Нисо сураси 48-оят).

7) Охират кунига бўлган ишончнинг озлиги.

Таассуфки, аксар инсонлар бу ҳақиқатни ҳис қилмайдилар. Агар қайта тирилиш, маҳшар куни, Аллоҳнинг ҳузурида тик туриб ҳисоб бериш ҳақида фикр юритганларида эди, ҳеч қачон Аллоҳнинг чегараларини босиб ўтмаган бўлар эдилар.

8) Шайтонга қарши курашмай қўйиш.

Аллоҳ махлуқотларини яратган кунидан бошлаб шайтон (алайҳил лаъна) Одам ва унинг наслини ҳалокатга дучор қилишни ўзига мақсад қилиб олган.

{إِنَّمَا يَدْعُو حِزْبَهُ لِيَكُونُوا مِنْ أَصْحَابِ السَّعِيرِ}

[فاطر:6]

 Албатта, шайтон сизларга душмандир, бас уни душман тутинглар! У ўз фирқасини (ўзига эргашганларни) дўзах аҳлидан бўлишга даъват қилур (Фотир сураси 6-оят).

Шайтоннинг васвасалари ва у нобакорнинг инсон хаёлига келмаган минг бир ҳийла-найрангларига учиб охиратдаги саодатни қўлдан бой бермаяпмизми?!

Тошкент тумани “Холмуҳаммад ота” жоме масжиди
имом-хатиби Авазхўжа Бахромов манбалар асосида тайёрлади

395 марта ўқилди

Мақолалар

Top