Мақолалар

Сўнаётган юлдуз

Сиз расмда кўриб турган сурат НАСА (Америка аэронавтика ва космик тадқиқотлар агентлиги) томонидан эълон қилинган. Бу расм Ҳаббл телескопининг Wide Field Planetary Camera 2 камераси ёрдамида 2009 йил 4 майда олинган.

Ушбу туманликнинг номи К4-55 бўлиб, у аввал Қуёшга жуда ҳам ўхшаш юлдуз бўлган. Мазкур туманлик Ердан 4600 ёруғлик йили узоқликда жойлашган. Ушбу ҳолат юлдуз ҳаётининг тугаш арафасидир. Юлдуз ўз қобиғига ўралиб, аста-секин нури беркилиш жараёни бошланган. Бу жараён давом этиб, у бутунлай сўниб, қизил гигант фазасига ўтган. Бу фазага ўтганда қобиқлари бузилиб, планетар туманлик ҳосил бўлган. Астроном ва физик олимларнинг айтишича, Қуёш ҳам худди шундай тарзда ниҳоясига етар экан.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган:

إِذَا الشَّمْسُ كُوِّرَتْ

“Вақтики, қуёшни буклаб, ўралса” (Таквир сураси, 1-оят).

Қуръон нозил бўлган пайтларда одамлар бу нарса ҳақида умуман билмас эдилар. Ушбу оят Қуёшнинг ниҳояси борлигига энг катта далилдир. Бугунги кун олимлари ҳам “Қуёш яна 5 миллиард йил нур сочиб туриши мумкин” деяптилар.

Маълумки, Қуёш 73 фоиз водород ва 25 фоиз гелийдан ташкил топган. Ҳар сонияда 600 миллион тонна водород 596 миллион тонна гелийга айланади. Қолган 4 миллион тонна эса турли энергияга айланади. Натижада Қуёш нурлари ҳосил бўлади.

Албатта, Қуръони карим юқоридаги оятда бизга Қуёшнинг нўри сўниб, тугаш ҳолатини ўта нозик услубда васф қилиб берган. Бу васф كُوِّرَتْ (куввирот) “ўралса” калимасида ўз ифодасини топган.

Бошга киядиган саллани ҳаммамиз яхши биламиз. Уни тайёрлаш учун докани дўппининг атрофида айлантириб, охири дўппи ҳам кўринмай қоладиган ҳолатга олиб борилади. Дўппининг фақат устки қисмигина кўриниб туради. Ўралиш деганда шуни тасаввур қиладиган бўлсак, Қуёш ҳам ўз қобиғига ўралиб боради ва нури сўниб, Ер юзида ҳаётнинг барча шакллари тугайди. Бугунги кунда олимлар К4-55 туманлигида кўраётган жараён худди шу ҳолатни эслатади. Субҳаналлоҳ!   

 

Абдуддоим Каҳел мақоласи ва интернет маълумотлари асосида

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

  

342 марта ўқилди

Мақолалар

Top