Мақолалар

Ростгўйлик – инсонийлик фазилати

Ёлғон гапириб бировларни алдаб, қўйнини пуч ёнғоққа тўлдириб кетган инсон хомтама бўлмаслиги керакки, бир марта алдайди, иккинчи марта алдай олмайди.

Биров унинг бебурдлигини, ёлғончилигини сўзлаб беради. Пасткашлиги эл орасида ошкор бўлиб, қиёматда эса азобга дучор бўлади. Ростгўлик эса инсоннинг қадрини оширадиган кўркам ахлоқ қоидаларидандир.

Аллоҳ таъоло имон аҳлини тақводор, ростгўй бўлишга амр этиб, шундай дейди: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва (имонда) содиқ кишилар билан бирга бўлингиз!” (Тавба сураси 119-оят).

Ушбу амрда икки нарса талаб қилинади. Биринчиси – Аллоҳдан қўрқиш, иккинчиси – чин сўзли бўлиш ва ростгўйлар билан бирга бўлиш. Демак, ростгўйлик сўзда, гапда, амалда, тоат-ибодатда, ҳар қандай вазифани адо этишда бўлиши лозим.

Ҳақиқий мўмин мусулмон ростгўйликни маҳкам тутиб, Аллоҳ берадиган улуғ савобларни эслайди.

Аллоҳнинг мукофоти эса Ўз каломида келганидек: “Аллоҳ деди: “Бу кун содиқ (мўмин)ларга содиқлиги фойда берадиган кундир”. Улар учун остидан анҳорлар оқиб турадиган жаннат боғлари бордир. (Улар) у ерда абадий бўлурлар». Улардан Аллоҳ рози ва улар Аллоҳдан рози бўлурлар. Бу буюк ютуқдир” (Моида сураси 119-оят).

Бекобод тумани “Улуғбек” жоме масжиди
имом-хатиби Холбоев Х.

287 марта ўқилди

Мақолалар

Top