Мақолалар

Нега ўнг томон билан ётишга тарғиб этилган?

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам биз учун инсон ҳаётининг барча жабҳаларида гўзал ўрнакдирлар. Биз мўмин-мусулмонлар у зоти бобаракотнинг суннатларига амал қилиб борсак, кўплаб яхшиликларга эришамиз. Ушбу мақолада Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир суннатларидаги ҳикматларни ўрганамиз.

Инсон кун давомида саккиз соат ухлашга эҳтиёж сезади. Чарчаган одам ухлаганда куч йиғади, дам олади, эртанги кун учун қувват ҳосил бўлади. Аммо киши нотўғри ётиб ухлаган бўлса, керакли куч йиғолмайди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга инсон қандай ухлаши кераклигини батафсил тушунтириб берганлар. Бу – ўнг тарафни босиб ётишдир. 

Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади «Набий алайҳиссалом: «Қачон ётоғингдан жой олмоқчи бўлсанг, намозга қиладиганингдек таҳорат қил. Сўнг ўнг томонинг билан ёнбошла ва: «Эй Аллоҳим, Сенга нафсимни таслим қилдим. Сенга ишимни топширдим. Сенга рағбат қилиб, Ўзингдан қўрқиб, ўзимни паноҳингга олдим. Сенинг Ўзингдан ўзга паноҳ ҳам, нажот ҳам йўқ. Нозил қилган китобингга ва юборган набийингга иймон келтирдим», дегин. Агар ўша тунингда ўлсанг, фитрат(Ислом)да ўласан. Бас, уларни охири айтган нарсанг қилгин», дедилар.

«Эслаб олай, юборган Расулинггамиди?» дедим.

«Йўқ. Юборган набийингга», дедилар». Муттафақун алайҳ.

Демак, ётганимизда таҳоратли бўлиб, ҳадисдаги дуони ўқиб, ўнг тарафимиз билан ётсак, шу уйқумизда вафот этадиган бўлсак, Исломда вафот этган бўламиз. Ўқиладиган дуо ишнинг охирида бўлиши, ундан сўнг ҳеч нарса демай, уйқуга кетиш керак экан.

Яна Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши дедилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одати шарифлари агар тўшакларига ётадиган бўлсалар, ўнг томонлари билан ётардилар”.  

Бугунги замонавий илм-фан уйқу ҳодисаси устида кўплаб изланиш ва тадқиқотлар ўтказиб, ўнг тараф билан ётиш, шу тарзда ухлаш афзаллигини, чап тараф билан ётиш эса инсонга зарар эканини аниқлади.

Соҳа мутахассисларининг айтишича, ўнг томон билан ётиш жигарнинг ошқозонга бўладиган босимидан сақлаб, ошқозон атрофидаги аъзоларнинг эркин ҳолда туришига ёрдам беради. Шунингдек, бундай ётиш юрак ишини ҳам енгиллаштиради.

Ўнг томонни босиб ётиш жисмга роҳат ва сокинлик беради.

Чап томондаги ўпка ўнг томондаги ўпкадан кичикроқ бўлади. Киши ўнг томонни босиб ётганда ўпкага босим тушиши пасаяди.  

Мия бошнинг бироз ўнг томонида жойлашган. Ўнг томонни босиб ётиш эса бошга юк тушишини камайтиради.

Тананинг ўнг тарафида жойлашган аъзолар чап тарафдаги аъзолардан кўпроқ ва ҳажми каттароқдир. Шунинг учун ўнг томон билан ётиш жисмга босим тушишини пасайтириб, ўнг тарафдаги аъзоларнинг эркин ва қулай ҳолда ишлашига сабаб бўлади.

Ўнг томон билан ётилганда жигар кўпроқ барқарор ҳолатда бўлади.

Ўнг томонни босиб ётилса ошқозон керакли сокинликка эришади. Ундаги ҳазм бўлган таомларнинг чиқиб кетиши ҳам осон бўлади.

Ўнг томонни босиб ётиш нафас йўллари (трахея)ни шиллиқ қаватлар ишлаб чиқаришига ёрдам беради. Бу шиллиқ муҳит эса енгил нафас олиш учун зарурдир.

Чап томон билан ётишнинг зарарларини биласизми?

Танадаги кўп аъзолар ўнг тарафда жойлашгани боис чап томон билан ётганда тананинг чап тарафига катта босим ва оғирлик тушади.

Чап томон билан ётганда ошқозонга босим тушади. Ўз навбатида ошқозон жигар ва юракни эзади. Натижада нафас олиш қийинлашиб, юрак уриши тезлашади.  Шунингдек, ҳажми кичик бўлган чап ўпкага ҳам оғир юк тушади.

Чап томон билан ётганда жигар осилган ҳолда бўлади. Бу эса жигарнинг ишлашига халал беради.

Чап томон билан ётиш ошқозонга катта босим солгани учун ундаги ҳазм бўлган таомнинг чиқиб кетиши қийинлашади.

 

Қорин билан ётиш ҳам ўпкага салбий таъсир қилади. Нафас олишни қийинлаштиради. Ичаклар эзилади. Ҳадиси шарифда бундай ётишдан қайтарилган.

Тофха ибн Қайс Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ўпка касали туфайли масжидда қорнимни ерга бериб ётган эдим. Биров мени оёғи билан туртиб:

«Бундоқ ётишни Аллоҳ ёмон кўради», деди.

Назар солиб қарасам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эканлар».

Ушбу ҳадиси шарфда васф қилинган ҳолда ётиб бўлмайди. Чунки, бундай ҳолда ётишни Аллоҳ таоло ёмон кўрар экан.

Чалқанча ётиш ҳам зарарли бўлиб, ичаклар диафрагмани тепага кўтаришига сабаб бўлади. Бу ҳолатда кўкрак қафасларга босим тушади. Бундай ҳолда уйқуга ётган одам сиқилишн ва беҳаловатликни ҳис этади. Бундай ҳолда ухлаганлар уйқудан турганда ҳам сиқилган, ланж, ғазабнок ҳолда бўладилар.

Чалқанча ётиш кишининг оғиздан нафас олишига сабаб бўлади.

Чалқанча ётиш хатарли муаммоларга сабаб бўлади. Жумладан, бундай ётадиган кишилар оғиздан нафас олганлари боис шамоллаш, тумов ва милкларнинг яллиғланиши каби касалликларига кўпроқ чалинадилар.

Чалқанча ётиш бурун нафас йўли беркилиб, оғиздан нафас олишга, бу эса хириллаб хуррак отишга сабаб бўлади.  

Чалқанча ётиш оғиздан ёмон ҳид келишига сабаб бўлади.

Чалқанча ётиш умуртқа поғоналарига зарарлидир.

Чалқанча ётиш ёш болаларда бошнинг орқа тарафи яссиланишига сабаб бўлади.

Бу маълумотлардан кейин юқоридаги ҳадиси шарифлардаги илмий ва тиббий ҳикматлар кўриниб турибди.

Севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан ўн тўрт аср олдин тиббиёт ҳали ривожланмаган, ухлаш билан боғлиқ илмий изланиш ўтказиш бировнинг хаёлига келмаган бир пайтда инсон учун энг афзал ётишни тушунтириб, ўзлари унга амал қилиб, биз умматларини ҳам ўнг тараф билан ётишга тарғиб қилганлар.

Бу ҳақиқатни ҳозирги замон олимлари яқин йиллар ичида уйқу ҳодисаси бўйича олиб борилган кўплаб изланиш ва тадқиқотлардан кейингина англаб етдилар. 

 

Интернет маълумотлари асосида

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

8231 марта ўқилди

Мақолалар

Top